Автомобил прокати: миллий қонунчиликдаги бўшлиқлар, халқаро тажриба ва ҳуқуқий ечимлар
Мазкур мақолада вояга етмаган шахсларга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини топшириш билан боғлиқ масалаларнинг ҳуқуқий ва амалий жиҳатлари чуқур таҳлил етилган. Ўзбекистонда бундай ҳолатларнинг кўпайиб бораётгани жамият хавфсизлигига, хусусан, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солаётгани таъкидланади. Амалдаги қонунчиликда бу каби ҳуқуқбузарликлар учун махсус норма мавжуд емаслиги, ҳолатнинг умумий нормалар асосида баҳоланиши ва бу еса ҳуқуқни қўллаш амалиётида ноаниқликлар юзага келишига олиб келаётгани очиб берилади.
Мақолада Россия, Беларусь, Германия, Франция ва Полша каби мамлакатларнинг тажрибаси асосида қиёсий-ҳуқуқий таҳлил келтирилиб, ушбу соҳада норматив бўшлиқларни тўлдиришга оид таклифлар ишлаб чиқилган. Хусусан, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган вояга етмаган шахсларга уни топширган шахслар учун бевосита маъмурий ёки жиноий жавобгарлик белгилаш зарурлиги асослаб берилади. Шу билан бирга, "йўл қўйиш", "топшириш" ва "тақдим этиш" атамалари ўртасидаги ҳуқуқий тафовутлар аниқлаштирилади.
Шунингдек, автомобилни ижара асосида бериш фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатларнинг такомиллаштирилиши, тадбиркорлик субъектларига нисбатан лицензиялаш талабларини жорий этиш, шартнома тузишнинг мажбурийлиги ва ҳайдовчилик тажрибаси бўйича талаблар киритиш зарурлиги асослаб берилади.
Мақола якунида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий ва Жиноят кодексларига тегишли ўзгартишлар киритиш бўйича аниқ таклифлар берилган.