Алишер Навоий ҳақида икки романнинг қиёсий таҳлили

  • Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклор институти етакчи илмий ходими
11
25
Ulashish
Қўчқорова, М. (2022). Алишер Навоий ҳақида икки романнинг қиёсий таҳлили. Globallashuv Davrida Tilshunoslik Va Adabiyotshunoslik Taraqqiyoti Hamda ta’lim Texnologiyalari, 1(1), 202–205. Retrieved from https://inlibrary.uz/index.php/dllseteg/article/view/5533
0
Iqtibos
Crossref
Сrossref
Scopus
Scopus

Annotasiya

Бугунги ХХI асрда ҳам башарият Алишер Навоийга қараб интиляпти, бутун дунё Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш ва кенг тарғиб этишига бош-қош қўшмоқда. Негаки, Алишер Навоий ҳаёти ва адабий мероси, халқ учун астойдил чин юракдан қилинган жамоатчилик ободончилик ишлари, давлат бошқарувидаги ақлли тадбирлари инсоният учун кундан-кунга Катта маънодаги Катта шахс, буюк эстетик идеал эканини исботламоқда.


background image

Respublika ilmiy-amaliy konferensiya

202

АЛИШЕР НАВОИЙ ҲАҚИДА ИККИ РОМАННИНГ ҚИЁСИЙ ТАҲЛИЛИ

Қўчқорова Марҳабо Қўчқорова

– ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклор

институти етакчи илмий ходими

Бугунги ХХI асрда ҳам башарият Алишер Навоийга қараб интиляпти,

бутун дунё Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш ва кенг тарғиб этишига бош-қош
қўшмоқда. Негаки, Алишер Навоий ҳаёти ва адабий мероси, халқ учун
астойдил чин юракдан қилинган жамоатчилик ободончилик ишлари, давлат
бошқарувидаги ақлли тадбирлари инсоният учун кундан-кунга Катта
маънодаги Катта шахс, буюк эстетик идеал эканини исботламоқда.

Алишер Навоий образи ўзбек адабиётида турли тур ва жанрларда жуда кўп

бора қаламга олинди. Навоий ҳақида шеърлар, достонлар, драма, қисса, роман
яратилди. Роман анчайин мураккаб жанр. Албатта, буюк адабий шахсият ва
улкан жамоат арбоби, туркий тилнинг гўзаллигини дунёга кўз-кўз этиб, бу
тилда минглаб байтлар тизган, 5 та достон ва бошқа кўплаб дидактик, мемуар
ва илмий асарлар яратган улкан ижодкор Алишер Навоийнинг серқирра,
маъноли, мазмунли ҳаёти битта роман учун эмас, ўнлаб романларга бемалол
малзама бўла олади.

Ўтган асрда Улуғ Ватан уруши кечаётган паллада янги ўзбек насрининг

забардаст ижодкорларидан бири Ойбек “Навоий” романини яратди. Романнинг
яратилиш жараёни ҳақида адибнинг турмуш ўртоғи Зарифа Саидносирова
“Ойбегим менинг” номли хотирасида бу ҳақда маълумотлар берган. Бу
хотираларни деярли ҳар биримиз биламиз. Яъни Ойбек уруш даврида, оч-наҳор
ўтириб, бор-йўғи бир, ярим қошиқ майдаланган гуручни қовуртириб, еб шу
романни охиригача етказади. Ойбекнинг “Навоий” романи узоқ йиллар
давомида халқимизга хизмат қилди. Асар асосида серияли видеофильмлар
қилинди. Бу китоб ва кино ҳар бир ўзбекнинг уйида ўқилган ва тамоша
қилинган десак муболаға бўлмайди. Ойбекнинг “Навоий” романи ўтган асрнинг
40 йилларида яратилиб, шўро даври ҳукуматининг социологик идеалларини
қандайдир даражада ўзида ташиди. Тарихий фактлар социалистик ижодий
метод асосида шўровий мафкурага мосланди. Шунинг учун ҳам Алишер
Навоий ҳаёти ва ижоди, қолаверса, Навоий яшаган мураккаб бир давр, яъни
шоҳ ва шоир Султон Ҳусайн Бойқаро даврини янги мустақиллик мафкураси
асосида қайтадан бадиийлаштириш зарурати бор эди. Ана шу вазият пишиб
етилиб келди.

ХХI аср ўзбек романчилигида “Алишер Навоий” номли янги роман

яратилди. Бу романнинг муаллифи бугунги янги ўзбек насрида жуда кўп
янгиланишлар қилган, хусусан, модернизм ва постмодернизм услубида “Озод”,
“Боқий дарбадар” номли романлар, “Қисмат”, “Шамолли кеча”, “ТОДД”,
“Пуштиранг махлуқча”, “Ўрмондаги кулба” каби ўнлаб ҳикоя, қатор қиссалар
муаллифи Исажон Султондир.

Исажон Султон ижодининг илк босқичида ноанъанавий асарлари билан

адабий жамоатчилик эътиборини тортди. Адиб асарларидаги кутилмаган

воқеалар, тасвирлар, образлар, матн ичида матн (интертекстуаллик) ҳолати


background image

Globallashuv davrida tilshunoslik va adabiyotshunoslik taraqqiyoti hamda ta’lim texnologiyalari

203

кўпчилик адабиётшуносларни ҳайрон қолдирди. Баъзилар ёзувчи ижодини

тушуниб-тушунмасдан таҳлил қилди. Мана энди Исажон Султон соф

анъанавий реалистик услубга қайтиб, яна устига устак тарихий роман жанрида

гўзал бир асар битди. Исажон Султоннинг “Алишер Навоий” романи фақат

янги мафкуравий қараш асосида эмас, балки, глобаллашув даври замонида

тобора инсоният учун идеаллашиб бораётган, адибнинг ўз ибораси айтганда,

“ОЛИЙ АХЛОҚ ИДЕАЛИ – НАВОИЙ” шахсиятини қайтадан кенг кўламда

кўриш, таҳлил этиш, ҳис этиш учун ҳам ёзилди. Аслида, ҳар икки ёзувчи Ойбек

ва Исажон Султон ўз романларида Алишер Навоийни туркий тилнинг илк

асосчиси, шу тилда илк бор гўзал асарлар яратиб, бу тилнинг бойлиги ва

латофати форс-тожик тилидан асло кам эмаслигини асарда асосий фокусга

олади.

Ойбек “Навоий” романини жами 37 бобга бўлиб ёзган бўлса, Исажон

Султон роман қисмларини Алишер Навоийнинг “Хазойинул маоний” (“Чор

девон”) номи билан атайди. Яъни романнинг тўртта қисми Алишер Навоийнинг

“Чор девони” номлари билан “Ғаройибу-с-сиғар” (биринчи қисм), “Наводир-ш-

шабоб” (иккинчи қисм), “Бадоеу-л-васат” (учинчи қисм), “Фавойиду-л-кибар”

(тўртинчи қисм) деб номланган. Назаримизда, Исажон Султон роман бадиий

композициясини Ойбекдан фарқли равишда, ноанъанавий услубда шоир

асарларининг номлари билан атар экан, бу қисмлардаги воқеаларни ҳам

Алишер Навоий ҳаёти ва умрининг ўша дақиқалари, кечган йиллари, даври

билан ҳисоб-китоб қилган.

Қолаверса, Исажон Султон романининг “Муқадимма” қисми мумтоз

адабиётимиздаги “ҳамд” ва “наътлар” каби Оллоҳнинг яратувчанлигига мадҳия

битиш билан бошланган. Янги ўзбек романчилигида бу ҳали кузатилмаган

ҳолат эди. Исажон Султон неча юз йиллардан бери унутилган ана шу анъанани

қайтадан романда акс эттириши биз учун янгилик бўлди. Шу ўринда қуйидаги

ҳамдга, аниқроғи Оллоҳга мурожаат билан ёзилган қуйидаги сатрларга эътибор

қаратамиз: “...Парвардигорим? У пояга ғижим шойи бўлиб япроқ ёзишини

буюрдинг, япроғини ёйгач, уни текисладинг, беқиёс рангу тус ва ифор ато

этдинг. Кунлар ўтиб, қуёшнинг тиғиз ҳароратию кеча мулойимлиги аро унга

шундай ажойиб ҳаётни ҳадя қилдинг; сўнг унга “Сўзла ва менга ҳамду сано

айт!” десанг, уларнинг бари сўз айтиш ўрнига чаман-чаман гул очиб юборишди.

Гиёҳга, майсага, япроғу гулга, қурту қушга шундай бахтиёрлик бердинг,

Гўзаллигига, бетакрорлигига, турфа ифорига, борлиғига беқиёс санъатинг

жойладинг. У санъат шунчалар мукаммалки, ҳар шаклида сенинг улуғлигинг ва

азизлигинг намоён бўлиб туради.

Инсон боласига ҳам ўхшаши йўқ бахтлар ато этдинг, ҳайвон жасад ичра

тўлғин қалб яратдинг, уни завқу ҳайратларга, дарду изтиробларга, ўйлару

ҳикматларга ошно қилиб қўйдинг, кўз устига яна бир кўз, қулоқ устига яна бир

қулоқ, тил устига яна бир тил, юрак устига яна бир юрак бердинг ва унга

“Сўзла!” дединг. Буларнинг барини бир “Бўл” деган ҳукминг билан қилдинг,

қудратимдан қўрқишинг, ҳайратланишинг, завқланишинг ҳам мақтовингдир

дединг, уларга чексиз қудратингдан санъаткорликни ҳам ҳадя қилдинг. Сон-

саноғи йўқ сўзларни ўргатдинг, ҳар бир сўзга бир тилсим жо айлаб, бағрига ўз

даргоҳингдан қудрат жо айладинг. Неъматларинг беқиёс эди, шу неъматни ҳам

бердинг, буни нечун қилдинг, Парвардигорим?..”

151

.

151

Султон И. Алишер Навоий. – Тошкент: Адабиёт, 2021. – Б. 4-5.


background image

Respublika ilmiy-amaliy konferensiya

204

Кузатаётганимиздек, Исажон Султон Навоий шахсияти ва шоир ижодини

тўлақонли очиш мақсадида “Қуръон карим” ва исломий таълимотни ҳам чуқур
ўрганиб, сўнгра, мутафаккирнинг улкан бадиий тафаккури ва эзгу ишларини
теран очиб бера олган. Зеро, шўро даври адабиётшунослигида Навоий ижодини
ўрганиш ва Навоий шахсиятини адабиётда тўлақонли очиб беришда исломий
диний билим билан қараш ва талқин, тадқиқ этиш таъқиқланган давр эди. Шу
маънода, Ойбек ва Исажон Султоннинг Навоий образини яратишдаги босим ва
мустақил ижодий эркинлик даври бир-биридан фарқланади.

Аммо Ойбек шўро даврининг кучли босими остида яшасада, Навоий

шахсияти, ҳаёти ва ижодини имкон қадар тарихий фактларга мос равишда
бадиий талқин этиб берди. Аммо, Ойбек учун шўро даврининг цензуралари
қатъий чегаралар қўйди. Шу маънода, маҳоратли адиб Ойбек Темурийлар
салтанати, хусусан, Султон Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий
муносабатларини очиб беришда ана шундай социал талабларга мос равишда
роман яратди. Жумладан, Ойбекнинг “Навоий” романи саҳифаларида Султон
Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий муносабатларини очиб беришда, икки
образни бир-бирига қаршилантириш тенденцияси жуда кучли. Икки шахсни
бир-бирига зидлаш орқали Ойбек Навоий шахсиятини улуғлаштириш ва улкан
қилиб кўрсатиш йўлидан боради. Навоий роман саҳифаларида ақлли, доно,
буюк ижодкор, давлат арбоби, халқ раҳнамоси, ёш ижодкорлар ва талабалар
ҳомийси сифатида акс эттирилади. Ҳусайн Бойқаро эса роман саҳифаларида
ичкиликка берилган, ширакайф, ҳарамдаги ёш қизлар билан ишрат қилувчи
салбий одам сифатида қуюқ бўёқларда бадиий ифодаланган. Аммо бири оқ, яна
бир қора, ёки бири ўта ижобий, иккинчиси ўта салбий бўлган икки қаҳрамон
Алишер Навоий ва Султон Ҳусайн Бойқаронинг давлат бошқаруви ва дўстлиги
ўзига хос тарзда тасвирланган.

Исажон Султон муҳтарам Ойбек домладан фарқли равишда Султон

Ҳусайн Бойқарога қора тамға сифатида ёпиштирилган ана шундай салбий,
ҳадди аълосидан ошиб кетган бундай тасвирларни ўзининг “Алишер Навоий”
романида олиб ташлаган. Исажон Султоннинг қалами билан чизилган икки
образ яъни шоир ва вазир Алишер Навоий ҳамда шоҳ ва шоир Султон Ҳусайн
Бойқаронинг ўзаро дўстлик алоқалари, бир-бирини нақадар ҳурмат қилиши,
бир-бирини авайлаб-асраши, ҳамкорликда, ҳамфикрлилик асосида давлатни
бошқариши ёрқин тарихий ва ҳаётий мисолларда чиройли очиб берилган.

Ҳар икки ёзувчи “Навоий” романини ва Навоий образини яратишда

тарихий фактларга, хусусан, Навоий яшаган давр акс этган тарихий манбалар,
мемуарлар, айниқса, Навоий ижодини чуқур ўрганиб, тарихий романга тадбиқ
этган. Хусусан, романда Абдураҳмон Жомий, Лутфий, Шарафиддин Али
Яздий, Султон Ҳусайн Бойқаро, Низомулмулк, Маждиддин, Паҳлавон
Муҳамамад, Сайид Ҳасан Ардашер, Шайх Баҳлул, Биноий каби юзлаб тарихий
шахслар романга олиб кирилган.

Ойбек ва Исажон Султон романида яна бир фарқли жиҳати, ҳарам

тасвирининг акс этиши ва акс этмаслигида кўринади, назаримизда. Хусусан,
Ҳазрат Ойбек, “Навоий” романида Дилдор ва Арслонқул муҳаббат мотиви ва
уларнинг тўқима образини яратар экан, Дилдорнинг хон ҳарамида яшаши,


background image

Globallashuv davrida tilshunoslik va adabiyotshunoslik taraqqiyoti hamda ta’lim texnologiyalari

205

малика Хадича бегим хизматида канизак сифатида яшаши воқеаларини, хусусан,
канизакларнинг фожиаларини ниҳоятда таъсирчан акс эттирган. Исажон Султон
“Алишер Навоий” романида бундай тўқима образларга мутлақо йўл бермаган.
Асосан, тарихий ва бадиий материаллар асосида Навоий шахсияти ва ҳаётини очиб
беришга уринган. Романнинг баъзи саҳифларида публицистик талқинлар кучайиб
кетган ўринлар ҳам бор.

Бизнингча, Исажон Султон хонлик давридаги аёлларнинг фожиасини, ҳарам

қизларининг чуқур драматизмини беришни ўз олдига мақсад қилиб қўймаган.
Хусусан, хон саройидаги ҳарам қизларининг фожиавий драматизми Абдулла
Қодирий, Ойбек, Садриддин Айний асарларида ниҳоятда юқори пафос билан
тасвирланган. “Меҳробдан чаён”, “Навоий”, “Эсдаликлар” асарларида хонга тортиқ
қилинган қизларнинг шум қисмати, ҳарамдаги қизларнинг сирли ҳаёти қизиқарли
ва таъсирчан ифодаланган. Бу уч ёзувчи озми-кўпми даражада хонлик тузуми
даврида кечган аёллар фожиасидан хабардор ва етарли маълумотга эга эди. Исажон
Султон ХХI асрнинг янги ёш ижодкори сифатида узоқ ўтмишдаги бу каби қора
фондаги аёллар билан боғлиқ тасвирларни романга олиб кирмаган. Эҳтимол, бу
тўғри ҳам бўлгандир. Чунки, ҳарам воқеаларини ҳамда Дилдор ва Арслон
муҳаббати каби севги чизиғини Исажон Султоннинг ўз романига олиб кириши,
назаримизда айнан Ойбекни такрорлаш бўлиб қолар эди. Шу маънода, Исажон
Султон ўзи тўғри деб билган ва ўрганган тарихий фактлар асосида Алишер Навоий
образи ва Навоий яшаган тарихий давр колоритини ниҳоятда теран акс эттирган.

Ҳар икки ёзувчи романда тарихий давр ва тарихий шароитни чуқур ўрганиб,

давр воқелигини теран акс эттиришга уринган. Исажон Султон ҳам Ойбек каби
тарихий колоритни тўлақонли ва ишонарли бериш мақсадида роман матнида ХV
асрга хос китобий адабий тил услубидан, форс-тожикча, архаик, тарихий сўзлардан
унумли фойдаланган.

Исажон Султон роман матнида ўша даврга хос Хон саройи ва хонлик

тузумидаги юзлаб тарихий истилоҳлар, ҳарбий, миллий кийим-кечаклар, шаҳарлар
ва кентлар номи, тарихий шахслар номи, миллий таомлар ва ичкиликлар номи,
ўсимликлар ва ҳайвонлар номига алоҳида эътибор билан қараганини англаш
мумкин. Албатта, Исажон Султон мазкур янги “Алишер Навоий” романини
яратишда асл тарихий манбаларга (“Ҳабиб ус сияр” каби) жиддий суянган ҳолда
бугунги ўзбек романчилигида Ойбек панжасига панжа уриб, янги мустақиллик
мезонлари асосида Навоий шахсияти, хусусан, Навоий ва Султон Ҳусан Бойқаро
муносабатларини адолатли ёритган.

Албатта, ҳар икки асар халқимиз тарихида ўзига хос ўринга эга бўлиб қолади.

Ойбек ва Исажон Султоннинг бадиий маҳорати билан яратилган “Навоий” ва
“Алишер Навоий” романлари келажак адабий авлодга хизмат этади. Ойбекнинг
“Навоий” романи ўз вақтида ўндан зиёд қардош туркий тилларга ҳамда рус-европа
тилларига таржима қилинган эди. Ўйлаймизки, Навоий ва Ҳусайн Бойқаро
дўстлигини, Навоийнинг буюк иқтидорини, идеал ахлоқини тараннум этган
Исажон Султон романи ҳам Ойбек роман каби кўплаб хорижий тилларга яқин
йиллар ичида мамнуният билан таржима этилади. Икки романда бадиий талқин
этилган Алишер Навоий образининг қиёсий таҳлили, асар контекстидаги тарихий
фактларни беришдаги икки ижодкорнинг ўзига хос ижодий услуби ва бадиий
маҳорати масалалари алоҳида йирик илмий изланишларни талаб қилади.

Hepagreen - восстановление нормальной работы печени Androgard — препарат для настоящих мужчин Androgard — препарат для настоящих мужчин Byutivit - Натуральный продукт для женщин любого возраста Byutivit - Натуральный продукт для женщин любого возраста Byutivit - Натуральный продукт для женщин любого возраста Maksimus - Натуральный продукт, для бодрости и энергии Lactovita - Номер один в естественном улучшении иммунитета Lactovita - Номер один в естественном улучшении иммунитета Avicenna’s Lab inLibrary — это научная электронная библиотека UACD - Антикоррупционный дайджест Узбекистана inConference - научно-практические конференции inScience - Журнал Общество и инновации Gulyamov - Гулямов Саид Саидахрарович MUVI24 - Смотрите фильмы онлайн, большая коллекция, новинки кинопроката Megatorg - Доска объявлений Megatorg.net: сайт бесплатных частных объявлений Skinormil - Космецевтика активного действия Pils - Интернет-аптека >METAMED - Фармацевтическая компания с полным спектром услуг All.Tube - Смотрите онлайн видео бесплатно в хорошем качестве Dexaflu - от симптомов гриппа и простуды UMAR PROEKT - Комплексное проектирование UZDA - Ассоциации стоматологов Узбекистана