97
ЖАМИЯТДАН АЖРАТИШ БИЛАН БОҒЛИҚ БЎЛМАГАН ЖИНОИЙ
ЖАЗОЛАРНИ ҚЎЛЛАШ САМАРАДОРЛИГИГА ТАЪСИР КЎРСАТУВЧИ
ОМИЛЛАР
Маъмуров Санжарбек Илхомович
Наманган вилоят прокурорининг ёрдамчиси,
адлия кичик маслаҳатчиси
E-mail: Mamurovsanjarbek586@gmail.com
https://doi.org/10.5281/zenodo.15518926
Aннотация:
Ушбу мақолада олимларнинг жамиятдан ажратиш билан боғлиқ
бўлмаган жиноий жазолар борасидаги илмий қарашлари муҳокама қилинган ва бу
борадади айрим муаммолар таҳлил етилган.
Калит сўзлар:
жазо, ахлоқ тузатиш ишлари, қилмиш, жиноят, жавобгарлик.
Замонавий жиноят-ҳуқуқий сиёсатнинг энг долзарб масалаларидан бири —
жиноятлар учун жавобгарликни амалга оширишда қўлланиладиган шакл ва
механизмларнинг қай даражада самарали эканлигини таъминлашдан иборат. Такрорий,
рецидив ва профессионал жиноятчиликнинг ўсиб бориши мазкур усулларнинг
амалиётда қанчалик самара бериши масаласини янада долзарблаштирмоқда ва жазо
воситаларини қайта баҳолаш заруратини туғдирмоқда.
Ҳеч шубҳасиз, ҳар қандай давлатда ҳуқуқий барқарорликни таъминлаш, фуқаролар
хавфсизлигини кафолатлаш ва шахс ҳамда жамиятни жиноий таҳдидлардан муҳофаза
қилишга эришиш кўплаб омилларга боғлиқ. Булар қаторига миллий қадриятлар,
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолияти, жорий қонунлар самарадорлиги
ҳамда қўлланилаётган жазоларнинг амалда ўз мақсадига қанчалик етаётгани киради.
Шу нуқтаи назардан, жазонинг самарадорлиги ва уни ошириш масаласи бугунги
кунда алоҳида эътибор талаб қиладиган йўналишга айланмоқда. Жазонинг
самарадорлиги деганда, унинг фуқаролар онги ва айбдор шахснинг хулқига ижобий
таъсир кўрсата олиш қобилияти ҳамда белгилаб қўйилган тарбиявий ва тузатиш
мақсадларига қанчалик амалий равишда етаётгани тушунилади.
[1]
Жиноят, жиноят-
процессуал ва жиноят-ижроия қонунчилигининг мазмунан жамиятдаги ижтимоий
муносабатлар ва ривожланиш тенденцияларига мос келиши — жазо тизимининг юқори
самарадорликка эришишида ҳал қилувчи омил сифатида қаралади.
[2]
Шу билан бирга, жазонинг қай даражада самарали эканлиги, уни тўғри ва аниқ
белгилашга бевосита боғлиқ. Жазонинг ҳуқуқий-ижтимоий моҳияти аниқ тушуниб
етилиб, жиноят содир этган шахсга нисбатан самарали таъсир этиш воситаси сифатида
тўғри шакл ва услуб танланса, жазонинг мақсадли натижасига эришиш эҳтимоли кескин
ортади.
“Самарадорлик” тушунчаси одатда муайян фаолиятнинг натижавийлиги, яъни
бажарилган ҳаракатлар орқали кутилаётган мақсадларга қандай даражада
эришилганини англатади. Самарали бўлиш – демак, режалаштирилган натижага
етакловчи натижадор ҳаракат демакдир. Бу атама, жазога нисбатан қўлланилганда,
жазо қандай даражада ўз вазифаларини амалга ошираётганини, яъни белгиланган
мақсадларга хизмат қилаётганини англатади. Жиноят кодексининг 42-моддасида қайд
этилганидек, жазо жиноят содир этган шахсни ахлоқан тузатиш, унинг келгусида
98
жиноий хатти-ҳаракат содир этишининг олдини олиш, шунингдек жамиятнинг бошқа
аъзоларини ҳам жиноят содир этишдан тийилишга ундаш мақсадида қўлланилади.
Шундай экан, жазонинг самарадорлиги унинг фақатгина одилона белгиланганлиги
билан эмас, балки унинг амалда жамиятга қай даражада ижобий таъсир кўрсата олиш
қобилияти билан ҳам баҳоланади.
Шунинг учун ҳам жазо самарадорлигини таҳлил қилиш жараёни унинг одиллик
тамойилини чуқурроқ англаш ва унга нисбатан комплекс ёндашувни ишлаб чиқишга
замин яратади. Самарадорлик бу – кутилган натижаларнинг амалда қай даражада ҳаётга
татбиқ этилганини баҳолаш мезонидир. У жазонинг мақсади билан чамбарчас боғлиқ
бўлиб, биз жазони қуйидаги икки асосий омилга қараб баҳолашимиз мумкин:
биринчидан, жамият ушбу жазодан нима кутмоқда; иккинчидан, ушбу жазо амалда
қандай ижобий ижтимоий натижа бера олади.
Жазонинг қанчалик самарали эканлиги унинг белгиланган мақсадларига етишига
қараб, Жиноят кодексининг 42-моддаси доирасида баҳоланиши лозим. Аммо, шунга
қарамасдан, самарадорликни кенгроқ ижтимоий нуқтаи назардан таҳлил этиш зарур.
А.В. Андреев фикрига кўра, жазони қўллаш самарадорлиги – қўйилган мақсадлар билан
амалда эришилган ижобий натижалар ўртасидаги фарқни, белгиланган тартибда ва
оқилона сарфланган маблағлар ҳисобида баҳолаш орқали аниқланиши мумкин.
[3]
Бундай таҳлилда, одатда, қонунчиликда белгиланган параметрлар доирасида фикр
юритилади. Бироқ, жазони ижтимоий самарадорлик нуқтаи назаридан ўрганиш унинг
мақсадларига кенг қамровли ёндашувни талаб этади. Бу фақатгина айбдор шахсни
жазолаш ёки тарбиялаш билан чекланмасдан, балки ижтимоий барқарорликни
таъминлаш, давлат нуфузини мустаҳкамлаш ва аҳолининг ҳуқуқий ишончини ошириш
каби вазифаларни ҳам ўз ичига олиши лозим.
Бизнинг фикримизча, жазонинг асосий ижтимоий мақсади – фуқароларда
хавфсизлик ҳиссини шакллантириш, етказилган зиённинг бартараф этилишига ишонч
уйғотиш ва жамиятда вужудга келган зиддиятни адолат мезони асосида ҳал қилиш
орқали ҳуқуқий мувозанатни тиклашдир. Баъзи олимлар фикрига кўра, аҳолининг
муайян ижтимоий хавфли қилмишлар учун белгиланган жиноят-ҳуқуқий таъсир
чораларига бўлган муносабатига жиноят-ҳуқуқий воситалар билан муҳофаза
қилинадиган ижтимоий неъматларнинг қиммати ҳам, жиноий тажовузлар натижасида
уларга таҳдид солиши мумкин бўлган хавфнинг аниқ-равшанлиги ҳам кучли таъсир
кўрсатади.
[4]
Айни вақтда, жазонинг ижтимоий мақбуллигини ҳам ҳисобга олиш муҳимдир.
Бунда шундай бир ўзига хос ижтимоий шартнома назарда тутиладики, бир томондан,
жазонинг муқаррарлиги ва содир этилган ижтимоий хавфли қилмишга мувофиқлиги,
бошқа томондан эса – жазо имкониятларининг давлат ва фуқароларни ўзаро рақибларга
айлантирмайдиган даражаси унинг шартлари сифатида амал қилади. Бошқача айтганда,
ҳар бир фуқаро ижтимоий қадриятлар тизими, шу жумладан, унинг ўзи ҳам, агар у
жиноят содир этса, ўзига нисбатан қўлланилишини ўринли деб ҳисоблайдиган
воситалар билан қўриқланишини яхши тушуниши лозим.
Бундан хулоса шуки, жазога ижтимоий восита сифатида ёндашадиган бўлсак,
унинг самарадорлиги икки нуқтаи назардан:
1) жазо ўз олдига қўйилган мақсадларга қай даражада эришиши;
99
2) бу мақсадлар, воситалар ва уларга эришиш даражаси ижтимоий онг учун қай
даражада ўринли эканлиги нуқтаи назаридан баҳоланиши лозим.
Сўнгги зикр этилган нуқтаи назар шунинг учун ҳам муҳимки, агар давлат жазо
билан нафақат содир этилган жиноят учун жазо тайинлашга, балки келажакда бундай
қилмишлар содир этилишига йўл қўймаслик ёки ҳеч бўлмаса жиноятчиликнинг
ўсишига тўсқинлик қилишгани ҳолда, у жамиятга жиноий тажовуз билан ҳам, жиноят
содир этган бўлса-да, лекин жамият аъзоси бўлишда давом этаётган индивиднинг
ҳуқуқларини чекловчи жавоб чораси – жазо билан ҳам жамиятнинг аксиологик
тизимига етказилган зиённи қоплаш имкониятини таклиф қилиши лозим. Бундай
қоплаш жабрланувчига нисбатан етказилган зиённи тўлашда, жиноятчига ва жамият
аъзоларига эса – жазонинг одилоналиги ва содир этилган қилмишга мувофиқлигида
намоён бўлиши даркор.
Шундай қилиб, жазонинг самарадорлиги соф юридик эмас, балки ижтимоий
мазмун касб этади, яъни у, жазони қўллаш натижаларининг жамият мақсадларига
мувофиқлигини ҳам акс эттириши лозим.
Демак, озодликдан маҳрум қилишга муқобил жазоларни қўллаш самарадорлигига
таъсир кўрсатувчи омилларни қуйидагилар билан изоҳлаш мумкин.
Биринчидан, жиноят қонунини қўллашда, хусусан, жазо тайинлашда ёки унинг
самарадорлигини ошириш мақсадида қонун нормаларини такомиллаштиришда
эътибор марказида жазонинг оғирлиги ёки қаттиқлиги эмас, балки фуқаро томонидан
жиноят содир этганлик учун жазо муқаррарлигига бўлган онгли муносабатини
шакллантириш бўлиши лозим. Бошқача айтганда, жиноятга жавобгарликнинг
муқаррарлиги фуқаролар онгида аниқ ва тушунарли тарзда намоён бўлиши керак, бу эса
ҳуқуқий тарбиянинг самарадорлигини оширади.
Иккинчидан, жиноят қонуни ва унда назарда тутилган жазо турлари жамиятнинг
яшаш тарзи, давлатнинг иқтисодий ва молиявий имкониятлари, шунингдек, халқнинг
тарихий шаклланган ҳуқуқий қадриятлари, маданий-этник хусусиятлари билан
уйғунликда ишлаб чиқилиши зарур. Жиноий сиёсатнинг таъсирчанлиги ҳам, аввало,
унинг жамиятнинг реал шароити ва талаблари билан қанчалик мослашганига
боғлиқ.
[5]
Мазкур фикрга тасдиқ сифатида 1959 йилда амалда бўлган Жиноят кодексида
жиноий жазо турлари сифатида сургун, бадарға, лавозимдан озод этиш, етказилган
зарарни қоплаш мажбурияти, жамоат олдида шармандалик каби турли жазо чоралари
мавжуд бўлган. Аммо, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, жамиятнинг сиёсий-
иқтисодий асослари ўзгариб, ҳуқуқий-демократик давлат сари йўналиш бошланди. Шу
сабабли 1994 йилда қабул қилинган янги Жиноят кодексида юқоридаги мажбурлов
чораларига жазо сифатида ўрин берилмади. Янги шароитда бундай жазолар нафақат
самарасиз, балки салбий ижтимоий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги эътироф
этилди.
[6]
Учинчидан, жазони қўллаш жараёни жиноят ишлари юзасидан адолатли судлов
тизимининг ажралмас таркибий қисми ҳисобланади. Агар судлов фаолиятини яхлит,
тизимли жараён сифатида қабул қилсак, у ҳолда суд қарорларининг тўлиқ амалга
оширилишига хизмат қилувчи ижро механизмини алоҳида эътироф этиш зарур.
Бинобарин, жазонинг самарадорлиги — бу нафақат суд фаолияти самарадорлигининг
100
шартларидан бири, балки унинг амалий ифодасидир. Чунки жазо тайинлаш, тергов
жараёни, далилларни баҳолаш ва ижро жараёнлари судлов тизимининг бир-бирига
боғлиқ ва узвий қисмлари сифатида намоён бўлади.
Жазо тайинлаш судья учун мустақил равишда амалга ошириладиган якка қарор
эмас, балки бир нечта омиллар ва элементлар ўртасидаги мураккаб ўзаро таъсирнинг
натижасидир. Суд ҳукмининг асосида ётган ички ишонч ҳисси — нафақат судьянинг
шахсий таҳлили, балки процессда қатнашувчи барча субъектларнинг фаоллиги ва
таъсири орқали шаклланади.
Айниқса, судьянинг жазо турини танлашдаги ишончли ёндашувига процессда
иштирок этувчи томонларнинг — яъни прокурор, ҳимоячи, айбланувчи ва
бошқаларнинг қонуний ва процессуал манфаатлар доирасидаги ҳаракатлари сезиларли
таъсир кўрсатади. Шу билан бирга, гувоҳлар, экспертлар, жабрланувчилар, суд
томонидан талаб этилган ҳужжатларни тақдим этувчилар ҳамда судга техник ёрдам
кўрсатувчи шахслар — масалан, суд мажлиси котиби, таржимон ёки мутахассислар
фаолияти ҳам судья қарорининг шаклланишига бевосита таъсир қилади.
Шунингдек, суд ишининг умумий сифатига илк тергов жараёни қандай ташкил
этилгани, юқори суд инстанцияларининг амалиёти, амалдаги жиноят-ҳуқуқий сиёсат ва
суд маъмурий тизимининг ҳолати каби омиллар ҳам таъсир ўтказади.
[7]
Тўртинчидан, шартли ҳукм тайинлаш институтини ривожлантириш масаласи
кўриб чиқилиши зарур. Шартли жазо бериш ва унинг синов муддатидаги
механизмларини такомиллаштириш озодликдан маҳрум қилишга нисбатан муқобил
жазоларни самарали қўллаш имкониятини кенгайтирувчи муҳим йўналишлардан бири
сифатида қаралиши мумкин.
Юқорида келтирилганлардан хулоса қилиш мумкинки, жазо тайинлаш жараёни
судьянинг шахсий қарашига эмас, балки суд иштирокчилари, далиллар ва суд
жараёнидаги бир неча омиллар ўртасидаги ўзаро таъсирга асосланади. Суд ҳукмининг
самарадорлигига дастлабки тергов сифати, юқори судлар амалиёти ва суд маъмурий
тизимининг ҳолати муҳим таъсир кўрсатади. Шартли жазо ва синов муддати
институтларини ривожлантириш озодликдан маҳрум қилишга муқобил жазоларни
татбиқ этишда самарадорликни оширишга хизмат қилади.
References:
Используемая литература:
Foydalanilgan adabiyotlar:
1.
Рустамбаев М.Ҳ. Ўзбекистон Республикаси жиноят ҳуқуқи курси. Т.2. Умумий қисм.
Жазо тўғрисида таълимот. Дарслик. – Тошкент: ILM ZIYO, 2016. – Б. 6.
2.
Жиноят ҳуқуқи. Умумий қисм: Дарслик. / А.Б. Якубов. Р. Кабулов ва б. – Тошкент:
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси, 2015. – Б. 384.
3.
Андреев А.В. Критерии, показатели и условия эффективности применения санкций
// Проблемы совершенствования исполнения уголовных наказаний. – Рязань, 1993. – С.
169.
4.
Носкова Н.А. Общественное мнение и эффективность мер воздействия,
предусмотренных уголовным законодательством // Актуальные проблемы уголовного
права. – М., 2018. – С. 125.
101
5.
Карцеп И.И. Наказание. Социальные правовые и криминологические проблемы. –
М., Юридическая литература, 2013. – С. 11.
6.
Усмоналиев М. Ҳозирги замон жиноят ҳуқуқи муаммолари. / Ўқув қўлланма. –
Тошкент: ТДЮИ, 2006. – Б. 131.
7.
Петрухин И.Л., Батуров Г.П., Моршакова Т.Г. Теоретические основы эффективности
правосудия. – М., 2019. – С. 224.