Barcha maqolalar
Ҳозирги Ўмон насри араб адабиёти контекстида
Ушбу мақолада Кўрфаз (Халиж) араб мамлакатлари адабиёти ривожига таъсир қилган омиллар, шунингдек, мазкур омилларнинг Ўмон адабиётининг ўзига хос шаклланишидаги роли ўрганилган. Шунингдек, Ўмон насри тараққиётига ҳисса қўшган ёзувчилар ва уларнинг асарлари тадқиқ этилган.
Ҳозирги замон эрон ҳикоянавислигида эрон-ироқ уруши мавзуси
Ҳозирги босқичда Япония энергетика стратегиясининг халқаро жиҳатлари
Мазкур мақолада замонавий босқичда Япониянинг энергетика дипломатияси, мамлакатнинг ёқилғи-энергетикаси етказиб берувчи давлатлар билан икки ва кўптомонлама ҳамкорлиги, энергия ресурслари манбаларини диверсификациялаш масалалари, Япониянинг халқаро ва минтақавий тузилмалар билан энергетика соҳасидаги ҳамкорлиги, бугунги кунда япон энергетика дипломатияси олдида турган долзарб масалалар ёритилган.
Ҳозирги араб тилида янги сўзларнинг ясалиши
Араб тилида янги маъноли сўзларнинг ҳосил бўлиш жараёнига “ат-тавлийд ад-дилаалий” атамаси қўлланиб, бу бирикма “сўзларнинг маъно жиҳатдан қайтадан шаклланиши”, деган маънони билдиради. Араб тилида янги маъноли сўзлар икки хил йўл - иштиқоқ ҳамда ажнабий сўзларнинг араб тилига кириб келиши орқали ҳосил қилинади. Янги маъноли сўзларнинг иштиқоқ орқали ҳосил бўлиши ҳақида тўхталсак, бунда иштиқоқнинг ички гуруҳ ва турларига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Иштиқоқнинг ички турларига иштиқоқ кабийр, иштиқоқ соғийр, иштиқоқ куббар, наҳт ва итбаъунлар кириб, ал-иштиқоқ ад-дилаалий (“маъновий иштиқоқ”), ал-иштиқоқ ассовтий (“товушли иштиқоқ”), ал-иштиқоқ ал-лафзий (“шаклий иштиқоқ”)ҳамда ал-иштиқоқ аш-шаъбий (“халқона иштиқоқ”)лар унинг гуруҳларини ташкил қилади. Иштиқоқнинг ички турларида сўз шакл жиҳатдан ўзгаришларга учрайди- унинг таркибидаги ҳарфларнинг ўрни ўзаро алмаштирилади, ҳаракатлар ўзгартирилади, баъзи ҳаракатлар олиб ташланади ёки қўшилади. Бундай ҳолатда баъзи бир сўзлар маъно жиҳатдан қисман ўзгарса, баъзилари эса мутлақо янги маънони касб этади. Юқорида номлари зикр этилган иштиқоқ кабийр, иштиқоқ соғийр, иштиқоқ куббар кабилар иштиқоқнинг “ал-иштиқоқ ал-лафзий” гуруҳига киради. Яъни бир сўз билан айтганда, сўз шаклининг “синдирилиши” натижасида маъноларнинг ўзгариши “ал-иштиқоқ ал-лафзий”да намоён бўлади.Оҳанг, товуш билан боғлиқ янги сўзларнинг ясалиши “ал-иштиқоқ ас-совтий”да намоён бўлади. “Ал-иштиқоқ аш-шаъбий”да кўпинча халқ томонидан ажнабий ҳисобланган сўзлар ўзлаштирилади ҳамда уларнинг шакли ўзгартирилиб, янги маъно-мазмун касб этган бошқа бир сўз ҳосил бўлади.“Ал-иштиқоқ ад-дилаалий”да сўз шакл жиҳатдан эмас, балки маъно жиҳатдан ўзгаришга учрайди. Бунда сўз маъноси кенгайиши, торайиши ёки, умуман, бошқа мазмунни касб этиши мумкин. Бу жараённи араб тилшунослари “ат-тавлий ад-дилаалий” номи билан атайдилар ҳамда унга омонимлик, метонимия, ад-дод ва “ал-иқтирад” кабиларни киритадилар. Араб тилида мавжуд бўлган омоним сўзлар шаклан бир хил бўлсада, аммо маъноси бир-биридан фарқланади. Аммо бундай сўзлар ўртасида икки предметнинг ўхшашлигига асосланган ҳолда улардан бирининг номини иккинчисига кўчириш муносабатлари намоён бўлади. Ад-дод хусусида гап кетганда, араб тилшунослари уни “тазод” санъатининг асоси сифатида кўрсатадилар. Ад-дод, бир сўз ўз замирида бир-бирига қарама-қарши икки маънони акс эттириши билан характерланади. Шуниси қизиқки, араб тилшунослари ад-додга бўлган ёндашувда икки қутбга бўлинадилар. Улардан бири бундай сўзлар мавжудлигини инкор этсалар, бошқаси эса унинг мавжудлигини таъкидлайдилар ҳамда бундай сўзлар араб шеъриятида, Қуръони Каримда ҳамда ҳадисларда учрашини алоҳида қайд этадилар. Араб тилида янги маъноли сўзларнинг ҳосил бўлишида “ал-иқтирад” (араб тилидан таржима қилганда “қарз олмоқ”, “ўзлаштирмоқ”, деган маъноларни билдиради) ҳам ўзига хос аҳамиятга эга. Бундай усулда сўзнинг мавжуд маъносига яна бир янги маъно қўшилади. “Ал-иқтирад” усулида ясалган сўзларнинг маъносида баъзи ҳолларда маълум бир узвийлик акс этса, айрим ҳолатларда эса бу алоқа умуман кузатилмайди.
Ҳожи Халифанинг “Кашф аз-зуннун” асарида Марказий Осиёлик файласуфлар тавсифи
Ҳожи Халифанинг “Кашф аз-зунун” асари биобиблиографик манба бўлиб, унда Марказий Осиё минтақаси фани ва маданияти тарихини ёритувчи материаллар жамланган. Мазкур мақолада “Кашф аз-зунун”га таянган ҳолда айрим Марказий осиёлик файласуфларнинг илмий фаолиятлари ёритилади. “Кашф аз-зунун”даги маълумотлар бошқа манбалар билан қиёслаган ва тўлдирган ҳолда келтирилади.
Ҳиндистонлик абдусаттор лоҳурийнинг “мажолиси жаҳонгирий” асари – бобурийлар маданиятига оид манба
Абдусаттор бин Қосим Лоҳурийнинг Жаҳонгир подшоҳга бағишлаб ёзилган “Мажолиси Жаҳонгирий” асари ҳақида қисқа маълумот берилган. Мақола орқали Жаҳонгир томонидан ташкил этилган кўнгилочар йиғинлар тафсилоти ва бу тафсилотлар мазмунида акс этган Жағонгиршоҳнинг дунёқараши, шоҳ сифатидаги фаолияти, унинг қизиқишлари ва унинг Моварауннахр ҳақидаги қарашлари билан боғлиқ қизиқарли фикрлар билан танишиши мумкин.
Ҳиндистон адабиётида кичик насрий жанрлар ривожи
Мақолада ХХ асрда кичик насрий жанр — “рекхачитр” (эскиз) жанрининг ривожи, хусусиятлари ва тутган ўрни илк бор кузатилмоқда ҳамда ҳиндий ва панжоб адабиёти вакиллари мисолида ўрганилган. “Рекхачитр” (эскиз) жанри деярли ўрганилмаган мавзу, бу ҳақда айрим адабиётшунос олимларнинг фикрлари мавжуд, бироқ у илмий тадқиқот объекти сифатида ҳали кенг миқёсда ўрганилмаган. Ушбу мақолада ҳинд адабиётшунос олимлари, “рекхачитр” (эскиз) жанрида ижод қилган адибларнинг асарлари мисолида масалага бироз ойдинлик киритишга ҳаракат қилинган. “Рекхачитр” (эскиз) жанри ХХ аср кичик насрий жанри сифатида бир қанча адиблар ижодидан ўрин олган. Ушбу масалани ўрганишда рус ҳиндшуносларидан, хусусан, Челышев Е.П. , Сенкевич А.П., Утехин Н.П., шунингдек, ҳинд адабиётшуносларидан Махендра Кумар Дхингра., Лакшмисагар Варшайя, Нагендра ва В. Трипатхилар тадқиқотларида баён этилган фикрларга таянилди. Бадиий ҳужжатли турнинг туғилиши ҳақида гапирганда, унинг ҳиндий тилидаги оммавий ахборот воситаларининг тараққиёти билан бевосита боғлиқ эканлигини таъкидлаш жоиз. Айнан уларда турли жанрларда ёзилган бу типдаги илк асарлар пайдо бўлди ва улардан энг саралари кейинчалик унинг «олтин заҳираси»ни ташкил этди. Эскиз жанри мустақил жанр сифатида шакллангунга қадар жуда узоқ йўлнн босиб ўтди. Бугунги кунда у ҳикоя ҳам, очерк ҳам эмас, балки ўз қонуниятлари асосида ва, албатта, ўзгариб бораётган замон, жамоатчилик ҳаётига монанд ривожланаётган қисқа ҳикоя, эссе ва бошқа жанрларга яқин алоҳида жанрдир. Ушбу мақолада айни шу масала юзасидан мулоҳазалар билдирилган.
Ҳиндий тилидаги фразеологизмларни эквивалент ва муқобил иборалар воситасида таржима қилиш
Мазкур мақолада ҳиндий тилидаги фразеологизмларни эквивалент ва муқобил иборалар воситасида таржима қилиш масаласи тадқиқ этилган. Асл нусха ва таржима тилларидаги фразеологизмларнинг ўзига хос хусусиятлари қиёсий ўрганилиб, улар орасидаги мазмуний-услубий мувофиқлик ҳолатлари аниқланган.
Ҳиндий тилидаги сон компонентли фразеологик бирликларнинг семантик-структур таснифи (бирликларга оид сонлар мисолида)
Мазкур мақолада ҳиндий тилидаги сон компонентли фразеологик бирликлар атрофлича ўрганилган. Мақолада бирликларга оид сонлар иштирок этган фразеологик бирликларгина таҳлилга тортилган. Уларнинг ўзига хос жиҳатлари тадқиқ этилган. Таҳлилга тортилган мисоллар фразеологик бутунлик, фразеологик қўшилма ва фразеологик чатишма каби гуруҳларга тақсимланган ва турли хил моделлар ишлаб чиқилган. Мақолада бирликларга оид сонлар иштирокида ҳосил бўлган фразеологик бирликлар таркибида асосан “бир” саноқ сони фаол иштирок этиши, бошқа сонлар эса фразеологик бирликлар таркибида нисбатан кам қўлланилиши аниқланган. “Бир”, “икки”, “тўрт” ва “етти” саноқ сонлари иштирок этган фразеологизмлар қолган сонлардан фарқли равишда учала гуруҳда ҳам ўз ифодасини топганлиги кўрсатиб берилган. Сон компонентли фразеологик бирликлар ҳиндий тилидан ўзбек тилига таржима қилинганида сонларга хос лексемалар ўз маъносини йўқотиши ва аксарият ҳолларда уларнинг ўрнини маъно кучайтирувчи бошқа сўзлар эгаллаши каби хусусиятлар ҳам ўрганилган ва уларнинг ўзига хос жиҳатлари мисоллар талқинида очиб берилган. Ҳиндий тилидаги сон компонентли фразеологик бирликлар таҳлил қилиниши натижасида улар орасида сўз бирикма шаклига хос иборалар нисбатан кам учраши, шунингдек, фразеологик бирликлар таркибида соматик отлар нисбатан кўп қўлланилиши ҳам аниқланган. Таҳлилга тортилган бошқа фразеологик бирликлар гуруҳидаги мисоллардан фарқли ўлароқ фразеологик чатишма гуруҳига оид мисоллар таркибида фақатгина сонларга хос лексемалар иштирок этганлиги ҳам маълум бўлган.
Ҳиндий тилидаги нумеративларга хос лексемаларнинг этимологик таҳлилига доир
Мазкур мақолада ҳинд-орий тилларига хос бўлган ҳиндий тилидаги нумеративларга оид лексемалар этимологик жиҳатдан таҳлил қилинган. Таҳлилга тортилган барча мисоллар ҳинд тилшунослигида тан олинган тадбҳава, татсама ва видеши каби типларга бўлиб ўрганилган ва уларнинг ўзига хос маъно хусусиятлари кўрсатиб берилган. Баъзи нумеративларнинг бошқа нумератив сўзларга тенг бўлган жиҳатлари ҳам аниқланган. Аксарият нумеративларга оид лексемалар ўз маъносидан ташқари бошқа маъно хусусиятларига ҳам эга эканлиги, яъни уларда омонимия ҳодисаси ҳам мавжуд эканлиги тадқиқ этилган. Таҳлилга тортилган барча мисоллар 3 та гуруҳга, яъни оғирлик, узунлик, ер майдони сатҳи ўлчов бирликларига оид деб топилиб, уларнинг ўзига хос ифодаланиш жиҳатлари ҳам ўрганилган. Нумеративларга хос бўлган лексемалар этимологик жиҳатдан ўрганилиши натижасида фақатгина битта гуруҳ, яъни узунлик ўлчов бирлигига оид нумератив сўзлар ҳам тадбҳава, ҳам татсама, ҳам видеши типида ҳам мавжуд эканлиги аниқланган. Татсама ҳамда видеши типига оид мисоллардан фарқли ўлароқ фақатгина тадбҳава типида уччала гуруҳга оид мисоллар мавжудлиги кузатилган ва уларнинг ўзига хосликлари мисоллар талқинида очиб берилган. Баъзи нумеративларга оид мисолларнинг бир неча шакллари мавжуд эканлиги ва уларнинг қўлланилишида турлича фарқлар борлиги ҳам аниқланган. Айниқса, татсама ва тадбҳава типига оид бўлган кўпгина нумератив сўзлар қадимда кенг қўлланилганлиги ва уларнинг ҳозирги кунда ҳам кенг қўлланилишига алоҳида урғу берилган. Шунингдек, баъзи нумеративларга хос лексемаларнинг қўлланилишидаги фарқли жиҳатлар кўрсатиб берилган.
Ҳиндий тилида соматик фразеологизмларнинг семантик таҳлили
Тилдаги фразеологик бирликлар ҳар бир ҳалқнинг ўзига хос психологияси, турмуш тарзи, менталитети, урф-одатлари кабилар билан боғлиқдир. Фразеология бўлими – хорижий тилнинг фразеологиясини ўрганиш – бу нафақат сўз бойлигини ўрганиш самарадорлигини оширади, балки у тилнинг луғатшунослик соҳаси хусусиятлари билан яқиндан танишишга имконият беради. Чет тилининг фразеологик қатламига мансуб ФБларнинг турли лисоний жиҳатларини ҳиндий тили мисолида кўриб чиқиш ҳиндий тилидаги фразеологизмларни чуқур ўрганиш, фразеологизмларни бадиий матнларда ўқиб таҳлил қила олишда ҳам катта аҳамият касб этади. Ушбу мақолани ёзишдан кўзланган асосий мақсад ҳиндий тилида соматик отлардан ясалган фразеологизмларни семантик таҳлил этишдан иборат. Мақсадни амалга оширишда қуйидаги вазифалар белгилаб олинди: - даставвал асосий манба В.М. Бескровныйнинг «Хинди-русский словарь» луғатининг биринчи томида берилган барча соматик отларни белгилаб чиқиш ва қўшимча луғатлардан соматик фразеологизмларни йиғиш; - жамланган мисолларни семантик жиҳатдан ўрганиб чиқиш; - дунё тилшунослигида соматик фразеологизмлар қай даражада тадқиқ қилинганлиги; - уларнинг ўзига хос ифодаланиш жиҳатларини мисоллар талқинида очиб бериш; Соматик сўзлардан янги лексемалар ҳам ясалади ва ҳиндий тили лексик системасини бойитади. Бундаги натижалар эса ҳиндий тили лексикологиясида, этнолингвистика, ҳиндий тили дарсликларда, ўқув қўлланмаларда, ҳиндий тили фразеологик луғат тузишда бериладиган тартибга солинган янги маълумотлар сифатида қўлланилиши мумкин. Асосий масала ҳиндий тилидаги соматик фразеологизмларни турли хил гуруҳларга семантик жиҳатдан ажратиш. Фразеологик бирликларнинг аксариятини соматик фразеологизмлар ташкил этади ва шу ўринда кўпгина олимлар ушбу таснифни турлича ўрганиб кўпгина хулосаларга келишган. Йиғилган мисоллар семантик жиҳатдан таҳлилга тортилди ва кўзланган мақсадга борилди.
Ҳиндий ва ўзбек тилларидаги соматик фразеологизмларнинг қиёсий таҳлили
Ҳар бир тилнинг ўзига хос хусусиятлари ундаги муҳим қатлам ҳисобланган турғун иборалар – фразеологизмларда намоён бўлади. Иборалар шахслар ўртасидаги турли муносабатларни қисқа ва лўнда шу билан бирга тушунарли ва маъноли қилиб ифодалайди. Мақолада фразеология соҳасига тегишли соматик сўзлардан таркиб топган бирикмалар қиёсий таҳлилга тортилган. Улар фразеологияга оид назарий материаллар, илмий адабиётлар ва таржима тўпламлари асосида бериб ўтилди. Шунингдек, мақолада бадиий асарлардаги қаҳрамонлар нутқидан олинган фразеологизмларнинг қиёсий таржимаси ҳам таҳлил қилинди. Фразеологик бирликларни ҳиндий тилидан ўзбек тилига таржима қилишда, даставвал, уларнинг эквивалент ёки муқобилини танлай билишда ва ҳиндий тилидаги иборанинг эквиваленти ёки муқобил вариантларини қўллай билиш керак. Ушбу мақолани ёзишдан кўзланган асосий мақсад ¬¬ ҳиндий тилида соматик отлардан ясалган фразеологизмларни қиёсий таҳлил этишдан иборат. Мақолада қиёсий таҳлил қилишда 3 семантик гуруҳга ажратиб маънолари кўриб чиқилди. Яъни: а) тўла мослик; б) қисман мослик; в) умуман ўхшамайдиган; Фразеологик бирликлар асосан В.М. Бескровныйнинг II томли «Хинди-русский словарь» луғатининг биринчи томи юзасидан таркибида энг фаол ва нофаол соматик сўзлари иштирок этганларидан жамланди. Мақолада асосан ўзбек олимларидан Ш. Раҳматуллаевнинг “Ўзбек тилининг изоҳли фразеологик луғати” китобидан ўзбекча муқобил вариантларини бериш учун фойдаланилди. Фразеологик бирликлар 3 хил усулда таржима қилинди: сўзма-сўз таржима; адабий таржима; маъноси; Хулоса ўрнида ҳиндий тилидаги фразеологик бирликлар қиёсий таҳлилга тортилганда ўзбекча вариантлари билан берилганлиги якуний қилиб берилди.
Ҳинд фалсафасида билиш ва ҳақиқат муаммоларининг эволюцияси
Ушбу мақола билим ва ҳақиқат муаммолари эволюциясининг ўзига хос томонларини аниқлаш билан ҳинд фалсафий фикрини кўриб чиқиш ва таҳлил қилишга бағишланган. Фалсафадан олдинги даврда назарий ва когнитив муаммоларга алоҳида қизиқиш пайдо бўлиб, замонавий даврда сусайиб қолмаган ҳолда, билиш назарияси ва амалиёти барча ҳинд фалсафий таълимоти учун муҳим таркибий қисм эканлиги кўрсатилган. XIX-асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, эпистемологик муаммолар ҳаётда, фан ва маданиятда юз берадиган характерли ўзгаришлар туфайли янги маъноларга эга бўлмоқдалар. Қайд этилишича, ҳинд фалсафий таълимотида билиш жараёни ҳеч қачон дунёни забт этишга, одамни унга қулай тарзда жойлаштиришга эмас, балки ҳар доим ҳақиқий ҳақиқатни англашга, ҳаётда ҳақиқий мақсадни эгаллашга қаратилган. Муаллиф тақдим этилган тадқиқот ҳақиқатни билиш ва излаш усулларининг ривожланиши тўғрисида ҳинд фалсафасида шаклланган махсус қарашлар ҳақида мулоҳаза юритишнинг муҳим истиқболини очишига умид қилмоқд
Ҳинд адабий жараёнлари ва бҳакти адабиёти масалалари
Ушбу мақола Бобурийлар даврида мавжуд бўлган етти турдаги адабиёт ва шу адабиётлар ичида етакчи ўринни эгаллаган ва энг катта адабий меросни ташкил этган бҳакти адабиёти ва бхакт шоирлар ижодига бағишланган.
Ҳаракат услуби ҳолатларининг семантик таҳлили
Мақола ҳаракатнинг ҳолатини, ҳаракат сифатини, ҳаракат ёки хусусиятнинг намоён бўлиш даражасини белгилайдиган ҳаракат туридаги ҳолатларнинг турларини семантик таҳлил қилишга бағишланган. Ҳаракат ҳолатларининг семантик хусусиятларига кўра, у ҳар доим гапда эргаш гап эканлигини таъкидлаш лозим. Масалан, вақт, жой, даража ёки ҳаракат услубининг ҳолатлари. Пашту тилида вазият семантикасига кўра қуйидаги ифода усулларига бўлинади: ҳаракат сифатини белгиловчи ҳолатлар, ҳаракат ёки белгининг намоён бўлиш даражаси, ҳаракат ҳолатини кўрсатадиган ҳолатлар, ҳолатлар ҳаракатни бажариш сифатини, шунингдек ҳаракатни бажариш усулини кўрсатадиган ҳаракат ҳолатларини кўрсатадиган ҳаракат.
Ҳаракат жараёнининг ҳолатларини тизимли таҳлил қилиш
Мақола ҳаракат тарзидаги ҳолатларнинг турларини ўрганишга бағишланган бўлиб, қўшимчалар билан ифодаланган: содда, мураккаб, охирги олдинги турларда қўшимчали ва префиксли, ҳаракатнинг ушбу ҳолатлари қандай шаклланганлиги қайд этилган. Қўшимчаларнинг функционал хусусиятлари нуқтаи назаридан шуни таъкидлаш керакки, эргаш гап ҳар доим гап таркибидаги ҳолат вазифасини бажаради. Масалан, вақт, жой, даража ёки ҳаракат услубининг ҳолатлари. Пашту тили қўшимчаларига хос бўлган адвербиализация хусусида шуни таъкидлаш мумкинки, ушбу параграф эргаш гапларнинг бошқа нутқ қисмларига ўтиш жараёни билан боғлиқ. Пашту тилида бир ҳолат оддий, мураккаб, қўшимчали ва префиксли гуруҳларга бўлинади.
Ҳалдун танер драматургияси
Ушбу мақола ХХ аср турк драматургиясиинг ёрқин намояндаларидан бири бўлган Ҳалдун Танернинг саҳна асарларини ўрганишга бағишланган. Туркия, Германия, Австрия давлатларида адабиётшунослик, журналистика, санъат ва театр тарихи соҳаларида изланиш ва тадқиқот ишларини олиб борган ёзувчи ўзидан жуда бой адабий мерос қолдириш билан бирга, турк драматургиясида улкан бурилиш ясаган. У машҳур немис драматурги Бертольд Брехт таъсири остида турк адраматургиясига “эпик театр” тушунчасини олиб кирган ва шу жанрда ёзган саҳна асарлари билан шуҳрат қозонган драматургдир. Ўз асарларида турк миллий анъанавий театри ва ғарб театрини уйғунлаштира олган моҳир ёзувчи Ҳалдун Танер турк драматургиясини дунёга танитган адиб ҳисобланади. Хусусан, замонавий турк драмаси деганда, дунё томошабинининг кўзи олдига келадиган “Кешанлик Али достони” драмаси йигирмага яқин давлатларда саҳна юзини кўриб, Туркиянинг ўзида 1425 марта саҳнада қўйилган асар ҳисобланади. Ўзининг драматик асарлари билан бир қанча халқаро мукофотлар совриндори бўлган Ҳалдун Танернинг саҳна асарлари ўзбек адабиётшунослари томонидан деярли ўрганилмаган ва ўзбек тилига таржима қилинмаган. Ёзувчининг бир қанча ҳикояларигина адабиётшунос олим П.У.Кенжаева томонидан таржима қилинган. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, муаллиф Ҳалдун Танер драмаларини ўрганишни ўз олдига мақсад қилиб олди.
Ҳалдун Танер асарларининг таржимасида руҳий яқинлик ва услубий муштараклик масалалари
Ҳалдун Танер ХХ аср турк адабиётининг таниқли намояндаларидан бири бўлиб, у замонавий турк драматургиясининг ривожига улкан ҳисса қўшган ва дунёга танитган ёрқин сиймолардан бири ҳисобланади. Ёзувчининг асарлари ўзбек, рус, инглиз, немис, чех, серб, қозоқ, озарбайжон ва грузин тилларига таржима қилинган. Мақолада драматург асарлари таржимасининг умумий таҳлили ўрин олган. “Изниклик лайлак”, “Катердаги тўрт киши” номли ҳикояларининг рус ва ўзбек
тилидаги таржимаси оригинал матн билан тадқиқ этилиб, бадиий таржимадаги руҳий яқинлик ва услубий муштаракликка алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, асарларидаги фразеологизмларнинг рус ва ўзбек тилига қилинган таржимаси мисоллар асосида таҳлил қилинган. Ҳалдун Танернинг ижоддаги ютуғи ғайритабиий вазиятларни, воқеаларни ва
инсонларни тасвирлашда эмас, балки кичик инсонлар ҳаётини акс эттиришдадир. У ҳикоя қилмоқчи бўлган мавзуни инсонга аҳамият қаратмагандек ҳолатда ҳикоя жараёнида шундай ўзгариш ясайдики, худди китобхон ёзувчи шахсиятини унутиб воқеалар ичига шўнғиб кетади. Ёзувчи бермоқчи бўлган истагини, фикрини, қарорини, танқидини ҳикоя қаҳрамонларига юклайди. Шу тарзда ҳикоя қаҳрамонлари ёзувчининг сўзловчиси вазифасини бажаради. Асарга баъзан жониворлар, баъзан рамз, баъзан эса ашёлар ғоя беради ва улар ёзувчи шахсиятини акс эттиради. Унинг асарларини таржима қилган таржимонлар ҳам ёзувчи услубидаги ана шундай жиҳатларни эътиборга олган ҳолда таржимага қўл уришган. Таржимонлар аслиятдаги бадиийликни қайта кашф этиб асар руҳи ва миллийлигини ўзида сақлашга ҳаракат
қилганлиги ҳам тадқиқ этилган. Умуман олганда, “Изниклик лайлак” асари ўзбек
тилига П.Кенжаева, рус тилига Н.Пирвердян томонидан улкан маҳорат билан таржима қилинган бўлиб, таржималарда Танерга хос бадиий жозиба, таъсирчанлик каби хусусиятлар тўла сақланган ҳолда ўзбек ва рус китобхонига етказиб берилган. “Катердаги тўрт киши” ҳикояси ҳам Н.Голубева томонидан рус тилига усталик билан таржима қилинган.
Ҳаким Термизий Мисрда
Ушбу мақолада Ҳаким Термизий илмий меросининг Миср Араб Республикасида ўрганилиши баён қилинган бўлиб, мисрлик олимлар томонидан яратилган барча илмий ишлар жалб қилинган ҳамда кўплаб янги илмий хулосалар келтирилган.
Қўқон ҳукмдори Умархоннинг (1810–1822) шахсий уч муҳри
Мақолада Умархонга тегишли уч муҳр тавсифланади. Бу муҳрлар қўйилган қўлёзмалар Шарқ қўлёзмалари маркази фондида мавжуд. Уч муҳр марказида бир хил исм ёзилган – Амир ул-муслимин Саййид Муҳаммад Умар ибн Норбўтахон. Муҳрлардан бири санага эга эмас. Қолган икки муҳрда сана келтирилган. Булар – 1226/1811–12 йил ҳамда 1231/1815–16 йил. Мазкур саналар Умархон фаолияти билан боғлиқ тарихий маълумотларни аниқлаштиришга ёрдам бериши мумкин.
Қўқон хонлигининг Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги билан савдо-иқтисодий алоқалари тарихидан
Ушбу мақолада Қўқон хонлигининг қўшни Бухоро амирлиги ва Хива хонликлари билан ўзаро олиб борган савдо алоқалари хусусида сўз боради. Ҳар бир хонлик ҳудудида савдогарларга яратиб берилган шарт-шароитлар ва харидоргир маҳсулот турлари тўлиқ таҳлил қилинган. Россия, Хитой ва Эрон каби мамлакат бозорларидан келадиган товарлар ҳамда унга хонликлардаги ички эҳтиёж мисоллар асосида аниқ фактлар билан берилган.
Қўқон хонлиги тарихини ўрганишда манжур тилидаги манбаларнинг тутган ўрни
Ушбу мақолада ўзбек давлатчилиги тарихида ўз ўрнига эга бўлган Қўқон хонлиги тарихини ўрганишда манжур тилидаги манбалардан фойдаланиш тўғрисидаги масала ёритилган. Хитой Халқ Республикасининг Биринчи ижтимоий фанлар архивида сақланаётган 180 мингдан ортиқ манжур тилидаги хужжатлар тўпламида Қўқон хонлигининг Цин империяси билан муносабатларига оид муҳим маълумотлар мавжудлиги таъкидланган. Ушбу масалани ўрганиш Ўзбекистон тарихи учун муҳим аҳамиятга эга хисобланади.
Қуръон ва ҳадис тилининг араб ҳуқуқий терминологиясининг шаклланишига таъсир кўрсатган омил сифатида
Маълумки, Ўзбекистон шарқшунослари томонидан араб тили лексикологияси араб тилшунослигининг бошқа соҳаларига нисбатан кам ўрганилган. Шу боис, мақолада бунги кунда ушбу соҳанинг муҳим лексик қатлами саналган ҳуқуқий терминлар, хусусан араб тилидаги жиноят-ҳуқуқи терминлари тадқиқ қилинди. Тадқиқот ишида термин тушунчаси, ҳуқуқий терминлар, жиноят-ҳуқуқи терминлари, шунингдек асрлар давомида маълум бир тарихий босқичларни босиб ўтган араб давлатларининг қонун тили тарихи ҳамда фикҳ методологиясининг асосий устунларидан ҳисобланган Қуръон ва ҳадислардан келтирилган мисоллар илмий адабиётлар таҳлили асосида ёритиб берилган. Қуръони карим сураларининг оятларида ҳуқуқнинг турли соҳалари, жумладан, жиноят ҳуқуқига тегишли бир қатор қонун-қоидалар мавжуд бўлиб, улар диний ҳуқуқ тушунчалари билан суғорилгандир. Қуръони каримда бир неча оғир жиноят турлари ҳақида сўз юритилган. Жумладан, ўғрилик, босқинчилик, қасддан одам ўлдириш, тан жароҳатини етказиш, порахўрлик, зино, туҳмат, жосуслик, исён, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, ота-онанинг қасддан ўз фарзандини ўлдириши, судхўрлик ва бошқалар. Шу сабабли мақолада Қуръон ҳамда ҳадислар араб ҳуқуқий тилининг шаклланишига таъсир кўрсатган омил сифатида таҳлил қилинган. Исломнинг иккинчи манбаи ҳисобланмиш суннатларда ҳам қатор жиноят ҳуқуқига оид терминлар келтирилган бўлиб, Имом ал-Бухорийнинг «Ал- жомеъ ас-саҳиҳ» ҳадислар тўпламидаги жиноят ҳуқуқига оид жиноят ва жазо масалаларини ўзида акс эттирган саҳиҳ – ишончли ҳадислар тадқиқот манбаи сифатида ўрганилган. “Олтин силсиласи: Саҳиҳул Бухорий” номли ҳадис тўпламларининг 3, 4 ва 8-жузларида жиноят турлари ва уларда кўзда тутилган жазо масалалари ифодаланган ҳадислар ҳам ўрин олган. Мақолада “Ҳаддлар китоби (боб)” дан келтирилган хамр ичиш ва ўғирлик қилишда пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) томонидан қўлланган жазолар тўғрисидаги ҳадислар, “Гувоҳликлар китоби” дан эса яширинган кишининг гувоҳлиги, бирор нарсага бир ёки бир нечта гувоҳ гувоҳлик бериши, адолатли гувоҳлар, ноҳақ гувоҳликка гувоҳ қилиниш ҳақидаги ҳадислар, “Диялар китоби” деб номланган бўлимдан эса ўша давр амалиётида мавжуд бўлган аниқ жиноят ишлари тафсилотини баён қилган ҳолда қасддан одам ўлдириш ва тан жароҳати етказиш ва шу каби бошқа жиноий қилмишларни ўз ичига олган ҳадислар ўрин олган. Қуръон оятлари, ҳадис ҳамда суннатларда келтирилган фиқҳий-ҳуқуқий масала ҳамда терминлар ҳозирги араб тилидаги жиноят ҳуқуқи терминларининг пайдо бўлиши ва шаклланишида асос бўлиб хизмат қилгани қатор мисоллар орқали исботланган.
Қўлёзмалар фондида сақланаётган “арбаъин ан-нававий” асари хусусида
Дунё шарқшунослигида жаҳоннинг барча қўлёзма фондларида сақланаётган ирфоний адабиёт намояндалари меросини матншунослик ва манбашунослик нуқтаи назаридан ўрганиш, улар яратган асарларнинг маъно-моҳияти, поэтикаси масалаларига қизиқиш тобора ошиб бормоқда. Замонавий адабиётшунослик, шарқшунослик ва исломшуносликда исломий йўналишдаги адабиётни ўрганиш, хусусан, улардаги комил инсон концепцияси, фалсафий-ирфоний қарашлар, ижтимоий ва одоб-ахлоққа оид масалаларга бағишланган илмий тадқиқотлар кундан-кунга кўпайиб ва теранлашиб бормоқда. Ўзбекистоннинг бир неча минг йиллик бой тарихи ва маданиятини ўрганишда хорижий тадқиқотлар ҳамда манбалар муҳим ўрин тутади. Айниқса, бетакрор илмий меросимизнинг таркибий қисми бўлмиш Шарқ мумтоз адабиёти намояндаларининг диниймаънавий асарларини, хусусан, “Арбаъин” – “Чиҳил ҳадис” асарларини ўрганиш, шу хусусдаги илгари илмий истеъмолга жалб этилмаган манбаларни аниқлаш, таржима қилиш, уларни маҳаллий манбалар билан қиёсий таҳлил қилиш муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон ФАнинг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фонди картотекаларини кўздан кечирганимизда 80 га яқин арбаъин асарлари қўлёзмалари ва уларнинг бир неча нусхалари мавжудлиги маълум бўлди. Республикамизда мавжуд қўлёзма фондларида сақланаётган араб, форс-тожик ва туркий тилларда ёзилган кўплаб арбаъин асарлари адабий манбашунослик ва матншунослик нуқтаи назаридан ўрганилмаган. Ўзбекистон ФАШИ қўлёзмалар фондидаги Арбаъин асарлари орасида Нававийнинг “Арбаъин” نيعبرلاا يوونلا ининг 12 та қўлёзма нусхаси мавжудлиги ва бу қўлёзма нусхалар “Шамоили ан-Набий”–ىبنلا ليامش, “Ҳошия” - ةيشاح, “Ал-Ҳисн ул-ҳасийн мин калам саййид ал-мурсалийн” – ملا ك نم نيصحلا نصحلا لا ديس نيلسرم , “Васияти Имоми Аъзам”, “Шарҳу одоби ал-мунозара”, “Қасидат ул-бурда” – “ ةديصق ةدربلا” каби машҳур асарлар билан китобот қилинганлиги унинг халқ орасида анча машҳур бўлганлигини билдиради. Бу эса “Арбаъин” асарининг манбашунослик нуқтаи назаридан илмий қийматини янада оширади. Нававий “Арбаъин” асарининг ёзилган йили номаълум, асар араб тилида ёзилган бўлиб, ўз ичига 42 та ҳадисни жамлаган. Қўлёзма нусхаларда “Арбаъин” даги 42 та ҳадис рақамлаб борилган. Анъанага кўра, айтилаётган ҳадисдан аввал албатта унинг исноди келтирилган. Ҳар бир ҳадис батафсил шарҳланган. Асар турли даврларда, турли хаттотлар томонидан кўчириб келинган. Мазкур қўлёзмалар фондида сақланаётган арбаъинларнинг бир қанча қўлёзма нусхалари хаттотлик ва китобат санъатининг нодир намуналаридан ҳисобланади.
Қўлёзмалар фондида сақланаётган Хоразм адабий муҳитига тегишли айрим манбалар хусусида
Ушбу мақолада Хоразм адабий муҳитида яратилган қўлёзма манбалар ҳақида сўз боради. Бу маълумотлар орқали ана шу муҳитда фаолият олиб борган ижодкорлар, манбаларнинг бугунги аҳволи ва ўрганилиши ҳақида ҳам хабардор бўлиш мумкин.