JOURNAL OF IQRO – ЖУРНАЛ ИҚРО – IQRO JURNALI – volume 14, issue 02, 2025
ISSN: 2181-4341, IMPACT FACTOR ( RESEARCH BIB ) – 7,245, SJIF – 5,431
ILMIY METODIK JURNAL
Абдурахим Абдувахидович Мавлянов
ИИВ Академияси Ўзбекистон тарихи кафедраси доценти,
фалсафа фанлари номзоди, доцент
(Телеграмм – +99894-653-58-20)
ОЛИЙ ТАЪЛИМДА МАНТИҚ ФАНИНИ ЎҚИТИЛИШНИНГ ДОЛЗАРБ
МАСАЛАЛАРИ
Аннотация:
Мақолада мантиқий тафаккур маданиятига эга бўлган мустақил
фикрлайдиган юқори малакали кадрларни тайёрлашнинг асос шартларидан бири сифатида
олий таълимда мантиқ фани ўқитилиши зарурлиги масаласи ёритилган.
Таянч сўзлар:
олий таълим, мантиқий тафаккур, тушунча шаклланишининг мантиқий
усуллари, таққослаш, таҳлил, синтез, мавҳумлаштириш, умумлаштириш, ҳуқуқий норма,
мантиқий норма.
Аннотация:
В статье рассматривается необходимость обучения логике в высшей школе
как
одно
из
основных
условий
подготовки
самостоятельно
мыслящих
высококвалифицированных кадров, владеющих культурой логического мышления.
Ключевые слова:
высшее образование, логическое мышление, логический приём,
образование понятия, сравнение, анализ, синтез, абстракция, обобщение, правовая норма,
логическая норма.
Annotation:
The article deals with the need for teaching of logics in higher school as one of the
fundamental conditions for training independently thinking highly qualified personnel possessing
a culture of logical thinking.
Кеуwогds:
higher education, logical thinking, logical technique, concept of education,
comparison, analysis, synthesis, abstraction, generalization, legal norm, logical norm.
Азалдан мантиқ маънавий маданиятнинг ажралмас қисми сифатида жамият ҳаётида доимо
муҳим аҳамият касб этиб келган. Бой илмий меросга эга энг қадимий фундаментал
фанлардан бири ҳисобланган “Мантиқ” ўзининг шаклланиш ва ривожланиш даврида кўп
инқилобий сакрашларни амалга ошириш билан бирга инқирозий ҳолатларни ҳам бошидан
кечирган.
Дастлаб, мантиқ ўз моҳиятига кўра қадимги дунё ижтимоий сиёсий ҳаётида турли кучлар
баҳсларида қўлланиладиган бадиий ифодали нутқнинг ишончлилик кучини ошириш,
ўринсиз ёлғонларни тан олдириш, томонларни бир муқимга келтириш вазифаларини
уддалай олувчи ўзига хос усул ва воситалари сифатида пайдо бўла борган.
Мантиқнинг фан сифатида шаклланиши Аристотель номи билан боғлиқ бўлиб, унда
тафаккур шакллари, қонунлари, силлогистик хулосалар ҳамда далиллаш каби назариялар
тизимлаштирилишга эришилган бўлса-да, лекин
мантиқ илмининг дунёга кенг тарғибот қилинишида Яқин ва Ўрта Шарқ ҳамда Ўрта Осиё
мутафаккирларининг ҳизматлари алоҳида аҳамиятга эгадир. Хусусан, Аристотелнинг
мантиққа оид асарларини араб тилига таржима қилган ва уни ўз илмлари билан ижодий
JOURNAL OF IQRO – ЖУРНАЛ ИҚРО – IQRO JURNALI – volume 14, issue 02, 2025
ISSN: 2181-4341, IMPACT FACTOR ( RESEARCH BIB ) – 7,245, SJIF – 5,431
ILMIY METODIK JURNAL
бойитиб, тарихда «араб мантиғи» деб ном қолдирган илмий йўналишнинг Хунайн ибн
Исхоқ (808–877), Абу Юсуф ал Киндий (801– 867), Абу Башар Матто (туғилган йили
маълум эмас – 939-йилда вафот этган), Исо ибн Зурро (1000 – йй.), Абу Бакр ар-Розий (865
– 925), Форобий (873 – 950), Ибн Сино (980 – 1037), Ибн Рушд (1126 –1198) каби бир
қатор мутафаккирларининг ўрни беқиёсдир[1].
Шу тариқа мантиқни мустақил фан сифатидаги нуфузининг ошиб бориши, халқлар
маънавий маданияти юксалишининг мезоний кўзгусига айланишга қадамба-қадам эришиб
борилди. XIX аср охири ва XX асрнинг иккинчи ярмига қадар
мантиқ фанининг жамият
ҳаёти учун муҳим аҳамиятга эгалигига ҳеч ким шубҳа қилмас эди. Лекин фан
тараққиётининг эҳтиёжи билан анъанавий формал мантиқ негизида “
мулоҳазалар
мантиғи”, “предикатлар мантиғи”, “интуиционистик мантиқ”, “конструктив мантиқ”,
“модал мантиқ” каби турли хил мантиқий тизимларни ўзида бирлаштирувчи ноанъанавий
мантиқнинг янги йўналишлари шаклланиб бориши билан математик мантиқда ўз аксини
топган мантиқнинг формаллашган тили лингвистика, информатика, кибернетика,
нейропсихология, психофизиология, дифференциал психология, эмбриология, молекуляр
биохимия, нейрогенетика, сунъий интелект назарияси каби фанлар ва тез суръатлар билан
ривожланиб келаётган соҳа – компьютерлаштиришнинг муҳим ўзагига айланиб бўлди. Бу
эса илмий жамоатчиликнинг айрим вакиллари орасида Аристотель асос солган мантиқ
илмининг турли фанлар кесишмалари орасида қолиб кетиб, ўз моҳиятидан узоқлашиб
бораётганлигига ишончни шакллантира борди.
Бундан ташқари XX асрнинг охири XXI асрнинг дастлабки ўн йилликларида постсовет
мамлакатларида
Европа таълим майдонига интеграллашуви жараёнлари кучайиши
муносабати билан олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари таълим дастурларини
(ўқув режа, фан дастурлари) жаҳон миқёсидаги талаблар доирасида қайта ишлаб чиқишга
киришиш бошланиб кетилди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг 26.07.2023 й. 327-сон "O`z DSt 3557:2021
"Олий таълимнинг Давлат таълим стандарти. Олий таълим йўналишлари ва
мутахассисликлари классификатори" Ўзбекистон Республикасининг давлат стандартига
ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Буйруғига асосан
барча олий таълим
муассасаларига таълим дастурларини (ўқув режа, фан дастурлари) мустақил ишлаб чиқиш
ва тасдиқлаш ваколати берила бошланди. Шу муносабат билан
кўп асрлик тарихига эга
бўлган “Мантиқ” фани
бакалавриат таълим йўналиши муассасалари ўқув жараёнидан
олиб ташлана борилди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, биз интилаётган ғарб таълим тизимнинг ўзида ҳам мантиқ
фанининг ўқитилишига муайян чекловлар қўйилмаган. Аксинча Европа мамлакатларида,
жумладан Германиянинг бошланғич таълим муассасаларида элементар мантиқ
қоидаларида сабоқ беришади. Бундан ташқари олий таълим тизимида ҳам унинг
йўналишларига ихтисослашган мантиқнинг муйян курслари ўқитилади. Бу анъана уларда
XVIII- асрлардан бошлаб буюк немис мутафаккирлари Кант ва Гегель мантиғи билан
кириб келган.
Шунингдек, яқин қўшниларимиз бўлмиш Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги
мамлакатларида, хусусан Россиянинг М.В. Ломоносов номидаги Москва давлат
университети, Олий Иқтисодиёт мактаби, Санкт-Петербург давлат университети, Санкт-
Петербург давлат иқтисодиёт университети каби етакчи олий таълим муассасаларида ҳам
мантиқ фани ўқитилади. Ўзбекистонда эса “Мантиқ” фани Мирзо Улуғбек номли Миллий
университети,
Жамоат хавфсизлиги университети каби чекланган миқдордаги бир неча
олий ўқув юртлари ҳисобга олинмаса, аксарият қисмида ўқитилмайди.
JOURNAL OF IQRO – ЖУРНАЛ ИҚРО – IQRO JURNALI – volume 14, issue 02, 2025
ISSN: 2181-4341, IMPACT FACTOR ( RESEARCH BIB ) – 7,245, SJIF – 5,431
ILMIY METODIK JURNAL
Бу эса бизнинг фикримизча, олий таълимни битирган мутахассисларнинг кейинги икки-уч
авлодида мантиқан тўғри фикрлаш маданияти шаклланишида муаммолар пайдо бўлишига,
ҳаттоки бир вақтлар барча олий ўқув юртларида мутахассисларнинг касбий фаолият
кўникмасини шакллантиришга йўналтирилган “мантиқ” фанининг ўқитилганлиги
ҳақидаги тасаввурлар ҳам йўқолиб кетишига олиб келиши мумкин.
Олий таълимда бундай инқирозий ҳолатга йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон
Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси олий таълими тизимини 2030
йилгача
ривожлантириш концепциясини
тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-5847-
сон Фармонида олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг стратегик йўналишлари
сифатида билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган
юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш,
илғор таълим технологиялари асосида модернизация қилиш каби вазифалар белгилаб
берилган[2].
Олий таълим олдида қўйилган вазифалардан келиб чиқадики, олий мактаб ўз
битирувчиларида фақат тайёр маълумотларни ўзлаштиришни эмас, балки энг аввало
фикрлашга, янгича ёндашувга, билимларни мустақил янгилашга ва доимий тўлдириб
боришга, турли амалий вазифаларни ҳал этишда улардан онгли равишда фойдаланишга
олиб борувчи мантиқий фикрлаш кўникмасини шакллантириши лозим.
Мантиқий тафаккур инсонинг туғма қобилияти эмас, унга фақат ўрганиш мумкин; у
таълимда фойдаланиладиган махсус мантиқий воситалар асосида тизимли равишда
ривожлантирилади. Мантиқ фанини ўрганиш давомида олий талимда таҳсил олувчи
ёшлар мантиқий фикрлаш кўникмаларини изчил эгаллашга ва тақдим этилган
маълумотларни таҳлил қилишга кўпроқ эътибор беришни, мавжуд маълумотларни фаол
тинглашни ва танқидий тушунишни ўргана боришади. Мантиқий фикрлаш керакли
маълумотларни излаш, тўплаш, ўрганиш ва тизимлаштириш, фактларни тахминлардан
ажратиш, бошқа нуқтаи назар ва билимларни таҳлил қилиш, хатолардан ўрганиш, мавжуд
маълумотлардан қандай ва нима учун фойдаланиш мумкинлигини тушуниш, асосли
хулосалар чиқариш, юзага келадиган муаммоларга тўғри ечимларни топиш имконини
беради.
Мантиқий фикрлаш кўникмасини ривожлантириш учун энг аввало тайёр материалларни
беришга асосланган маърузалардан қочиш ва ўйлашга, мустақил изланишга ўргатувчи
методикани йўлга қўйиш; семинар машғулотларида ҳуқуқ амалиётида кўп учрайдиган
муаммоли ҳолатлар(
казус
)ларнинг ечимини топишда баҳс мунозаралар ўтказиш; мавзуга
оид турли хил ребуслар, кроссвордлар ва жумбоқларни ҳал қилиш; муаммоли вазиятларни
моделлаштириш, уларни таҳлил қилиш; қўшимча материалларни ўрганиш; муқобил
ечимларни излаш; баҳс ва мунозараларда иштирок этишни фаоллаштириш каби
амалиётларни йўлга қўйиш лозим.
Мантиқ фанини ўрганишнинг ижтимоий фаолият барча соҳа эгалари учун аҳамияти
муҳим эканлигини биргина ҳуқуқшунослик назарияси ва амалиёти мисолида қуйидагича
кўрсатишимиз мумкин. Жумладан, ҳуқуқшуносликда учрайдиган тушунчалар, хулосалар,
қонунлар, шартномалар, хуллас, барча амалий-ҳуқуқий жараёнларни тўғри англаб етиш
заминида энг авалло ёш мутахассисда мантиқий муҳокама юритиш кўникмасининг
шаклланганлик даражаси ётади.
Мантиқий фикрлашниннг негизий асоси бўлмиш “тушунча”нинг
шаклланишида
таққослаш, анализ, синтез, мавҳумлаштириш ва умумлаштириш каби мантиқий
усуллардан фойдаланилади.
JOURNAL OF IQRO – ЖУРНАЛ ИҚРО – IQRO JURNALI – volume 14, issue 02, 2025
ISSN: 2181-4341, IMPACT FACTOR ( RESEARCH BIB ) – 7,245, SJIF – 5,431
ILMIY METODIK JURNAL
Муайян нарса, ҳодиса ва жараёнлар ҳақида тушунча ҳосил қилиш учун дастлаб, уларнинг
бошқалар билан ўхшашлиги ёки фарқини аниқлаш лозим. Айнан шу вазифани бажарувчи
мантиқий усул «таққослаш» ҳисобланади.
Тушунчани ҳосил қилишда фойдаланиладиган яна бир муҳим мантиқий усул – бу анализ
ва синтездир. Мантиқий анализ – ҳодиса, жараён ва нарсаларни таркибий қисмлар,
элементлар ҳамда бўлакларга фикран ажратиш демкдир. Масалан, терговчи ҳодиса
сифатида олинган жиноятнинг моҳиятига
етиб бориш учун уни турли хил
версия(тусмол)лар асосида таҳлил қилиб кўради. Жиноят содир этилган жойни кўздан
кечиради, гувоҳлар билан ишлайди, ҳар бир ҳаракатни ўз фикрларида қайтадан тиклайди.
Бу ҳолда фикрий таҳлил амалий таҳлил билан боғлиқ бўлади. Лекин анализ фикрлаш
жараёнида алоҳида учрамайди, у ҳар доим синтез билан биргаликда, у билан боғлиқ ҳолда
келади[3].
Синтез – бу анализ ёрдамида бутуннинг бўлакларга ажратилган қисмлари, элементларини
яна фикран тўплаб, яхлит ҳолда ўрганишдир. Масалан, терговчи жиноят содир бўлган
жойни кўздан кечираётганда, дастлаб турли хил далилларни гуруҳларига қараб
ажратади(таҳлил қилади), сўнг бу маълумотларни йиғади, синтез қилади.
Синтезлаштириш жараёнида фикр яккадан – умумийга, қисмдан – бутунга,
муайян(аниқлик)дан – абстрактга боради. Ундан кейинги мавҳумлаштириш усулида
объектив реалликдаги предмет, ҳодисаларнинг иккинчи даражали, муҳим бўлмаган
алоҳида хусусиятларидан узоқлашиб, мавҳумлаштириш ёрдамида уларнинг энг муҳим ва
асосий умумий томонларини аниқлашдир. Мавҳумлаштириш усули фикрни
умумлаштириш билан узвий боғлиқ бўлиб, унда нарса ва ҳодисаларнинг ўхшаш ҳамда
муҳим белги ёки хусусиятларининг боғланишларини фикрда муайян тушунчага
бирлаштириш жараёни ва унинг натижасидир. Мантиқ илми нуқтаи назаридан фикр
умумлаштиришда хусусийликдан умумийликка, турдан жинсга қараб ҳаракат қилади
ҳамда умумийлик нарса-ҳодисаларнинг муқаррар ўхшаш ва муҳим белгилари сифатида
олиб қаралади. Демак, ҳуқуққа оид илмий тушунчаларни шакллантиришда таққослаш,
анализ-синтез, мавҳумлаштириш ва умумлаштириш каби мантиқий усулларни билиш ва
уларни амалий қўллай олиш катта аҳамият касб этар экан[4].
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ҳуқуқшуносликка ихтисослашган бакалавриат таълим
йўналишида таҳсил олувчи талабалар “Давлат ва ҳуқуқ назарияси ва тарихи” фанида
“давлат”, “ҳуқуқ”, “ҳуқуқий муносабатлар”, “жиноят”, “жазо” каби ҳуқуқшуносликнинг
умумилмий категорияларини ўрганишда аввало уларнинг методологик асосини ташкил
қилувчи мантиқ фанининг “тушунча” таърифи, “таъриф турлари”, “таърифнинг таркиби”,
“таърифни тузиш босқичлари” каби қоидаларини ўзлаштирган бўлишлари мақсадга
мувофиқ бўлади. Чунки ҳар қандай тушунчада даставвал нарса ва ҳодисаларнинг энг
умумий ва муҳим белгилари акс эттирилиши қоидасини билган талаба ҳуқуққа оид
тушунчаларни ўзлаштиришнинг ўзи учун оддий ва тушунарли бўладиган усулларини
ишлаб чиқиш қобилиятига эга бўла боради. Бундай билимлар эса талабанинг келажак
мутахассислик фаолиятида вазиятга тўғри баҳо бериш, таҳлил қилинаётган
тушунчаларнинг моҳият негизини тезда ва зукколик билан аниқлаб олиш, муаммо
ечимининг тўғри йўлини топиш каби кўникмаларини шаклланишига фундаментал асос
яратиб беради.
Маълумки, ҳар қандай ҳуқуқий ҳужжат энг аввало тугалланган фикр сифатида албатта
тафаккур шакли бўлмиш ҳукмда намоён бўлади. Демакки, ҳуқуқий ҳужжатларни тўғри
тузишда нафақат грамматика, балки мантиқ қоидаларига ҳам амал қилиш зараурдир. Агар
ҳуқуқий ҳужжатларни умумлашган холда ҳуқуқий норма ва мантиқий қоида, талаблар
мажмуасини мантиқий нормалар деб шартлашиб олсак, унда ўз-ўзидан маълум бўладики,
JOURNAL OF IQRO – ЖУРНАЛ ИҚРО – IQRO JURNALI – volume 14, issue 02, 2025
ISSN: 2181-4341, IMPACT FACTOR ( RESEARCH BIB ) – 7,245, SJIF – 5,431
ILMIY METODIK JURNAL
биз бундан кейинги таҳлилларимизни мантиқий ва ҳуқуқий нормаларнинг ўзаро
алоқадорлик масалалари доирасида олиб борамиз.
“Ҳуқуқ нормаси” ва “ҳукм” дунёни акс эттирилишига кўра бири ижтимоий онг ва
иккинчиси тафаккур шакли сифатида намоён бўлади. Бошқача қилиб айтганда, ҳуқуқ
нормасида ҳулқ-атворнинг меъёрий баҳоланиши акс эттирилса, ҳукмда эса фикрнинг акс
эттирилган воқеликка адекватлилик даражаси белгиланади.
Агар ҳуқуқий норманинг ҳуқуқшуносликда энг умумунирверсал деб топилган тузилмавий
таркиби гипотеза, диспозиция ва санкцияларнинг изчилликда ва муайян кетма-кетликда
келишини тақоза қилса, ҳуқуқий норма тузулишининг айнан шу энг умумунирверсал
тартибини бевосита мантиқ қонун ва қоидалари доирасида тавсифланиши ҳуқуқий
норманинг том маънодаги мантиқий тузулишини англатади ва ўз навбатида унинг, яъни
ҳуқуқий норманинг “Агар... бўлса, унда..., акс ҳолда эса... бўлади” шаклидаги формулада
ифодаланишини таъминлайди.
Маълумки, Ҳуқуқ нормасининг уч элементли тузилмавий таркиби (гипотеза, диспозиция
ва санкция) – унинг ажралмас атрибутикаси (хусусияти) ва идеал намунаси ҳисобланади.
Лекин амалиётда ҳар қандай ҳуқуқий нормада ҳам бу учлик бир бутунликда намоён бўла
олмайди, алохида муайян бир холатларни ҳисобга олмаганда албатта. Чунки, ҳуқуқий
нормаларда ҳуқуқ субъектларининг муайян вазиятларда ўзларини қонун нуқтаи назаридан
қандай тутишлари ва уларнинг оқибатлари тўғрисида қисқа ва аниқ кўрсатмалар сифатида
қонунчиликнинг турли шаклларида фармойиш ва моддалар тарзида ёпиқ ҳолда қайд
этилган бўлиб, уларда бу гипотеза, диспозиция ва санкция каби учликни доимий бир
бутунлик ситфатида кузатиб бўлмайди. Кўпинча қонунчиликнинг у ёки бу моддаларида
ҳуқуқий нормаларнинг “гипотеза ва диспозиция” ёки “диспозиция ва санкция” каби фақат
икки, айрим ҳолларда эса бу элементларнинг ҳар бири ҳатто алоҳида – алоҳида тарзда
келиши ҳам мумкин. Айнан шу ҳолларда бу норматив ҳужжатларнинг яхлит бир
бутунлигини фақат мантиқий нормалар асосида қилинган таҳлиллар ҳисобигагина
мақсадга кўра тиклаш ва тизимга айлантириш мумкин[5].
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида гипотеза асосан кўрсатилмайди,
уни фақат умумий қисмга оид моддаларда келтирилган нормалардан англаб олиш мумкин.
Масалан, Жиноят Кодексининг “Жиноят учун жавобгарлик ва унинг асослари” деб
номланувчи 16 модасида назарда тутилган жиноят таркибининг барча аломатлари мавжуд
бўлган қилмишни содир этиш жавобгарликка тортиш учун асос бўлади[6]. Бошқача қилиб
айтганда, фуқаро ҳаракатларида кодексда жиноят асоси деб белгиланган аломатларнинг
бор бўлишлигининг ўзи, уни айбдор сифатида жавобгарликка тортилиш учун етарли
ҳисобланади. Демакки, бу қоида жиноят кодексининг махсус қисмида белгиланган
моддалар учун асос вазифасини бажариб, уларда гипотеза ўрнида келиши мумкин.
Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, мазкур мақола доирасида биз “Мантиқ” фанини
мантиқий тафаккур шаклланишининг асос негизи бўлиб ҳизмат қилишини ҳуқуқий
тушунчаларни англашда тушунчани шаклланишининг методологиясини ташкил қилувчи
мантиқий қоидалари ҳамда ҳуқу нормаси ва мантиқий норманинг ўзаро алоқадорлик
мисолларида кўрсатишга ҳаракат қилдик.
Шу келтирилган қисқа таҳлилларнинг ўзи ҳам
ҳуқуқшунослик амалиётининг манфаатларига хизмат қила оладиган, унинг методологик
асосини яратиб беришга қодир бўлган, кераксиз “абстракциялардан” ҳоли бўлган замон
талабларига жавоб берадиган мантиқ фанини олий таълим ўқув жараёнига киритилиши
мақсадга мувофиқ деб билишимизга асос бўлади деб ўйлаймиз.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР
JOURNAL OF IQRO – ЖУРНАЛ ИҚРО – IQRO JURNALI – volume 14, issue 02, 2025
ISSN: 2181-4341, IMPACT FACTOR ( RESEARCH BIB ) – 7,245, SJIF – 5,431
ILMIY METODIK JURNAL
1.
Маковельский А.О. История логики. – М.: Кучково поле, 2004. – С.235-267.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрь йилдаги “Ўзбекистон
Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини
тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5847-сонли Фармони https://lex.uz/docs/4545884.
3. Mavlyanov A.A. Mantiq: O‘quv qo‘llanma. – T.: Jahon iqtisodiyoti va diplomatiya
universiteti, 2013. –B – 63.
4.Mavlyanov A.A. Mantiq: O‘quv qo‘llanma. – T.: Jahon iqtisodiyoti va diplomatiya universiteti,
2013. –B – 64-65.
5. Falsafa: O‘zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Akademiyasi tinglovchi va kursantlari
uchun darslik / Sh.O. Mamadaliyev, A.Q. Qodirov, J.S. Ramatov va boshq. – T.: O‘zbekiston
Respublikasi IIV Akademiyasi, 2022. – B.-130.
6.
Ўзбекистон
Республикасининг
Жиноят
Кодекси.
Умумий
қисм.
/ https://www.lex.uz/acts/111453.
