9
АҲМАД ДОНИШНИНГ "НАВОДИРУЛ ВАҚОЕ" АСАРИДА ОТА-ОНАГА
ҲУРМАТ ВА ФАРЗАНДЛАР ТАРБИЯСИ МАСАЛАСИ
Фаридун Юлдашов
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети
докторанти(PhD)
Тел: (93) 430-33-33.
faridun.yuldashov.1989@mail.ru
https://orcid.org/0009-0007-4511-0480
https://doi.org/10.5281/zenodo.15880213
XIX аср фан ва маданиятининг кўзга кўринган намояндаларидан бири, буюк
мутафаккир, ёзувчи, шоир, машҳур сиёсатчи, муҳандис, мусаввир ва моҳир хаттот
Аҳмади Дониш, Аҳмад-махдуми Дониш ва Аҳмади калла исм ва лақаблари билан машҳур
бўлган Аҳмад ибн Носир Сиддиқий Бухороий машҳур маърифатпарварлардан бўлиб, бир
қатор қимматли асарлар ижод қилган. Ёзувчининг асарлари орасида “Наводирул вақое”
жамиятнинг асосий муаммолари, ҳамда муҳим фалсафий, ижтимоий-сиёсий, ахлоқий ва
маданий масалаларни қамраб олиши билан юксак аҳамиятга эга.
Аҳмад Дониш бу асарида ҳаёт, ота-онага ҳурмат, фарзанд тарбияси, оила
масалалари, турмуш одоби, эр-хотин муносабатлари ва шу каби масалалар бўйича ўз
фикр-мулоҳазаларини баён этган.
Таъкидлаш жоизки, Шарқ адабиёти ва маданияти тарихида таълим ва тарбия, ота-
онани эъзозлаш, инсоний қадриятларни тарғиб этиш масалалари буюк мутафаккир ва
шоирларимизнинг ижодининг диққат марказида бўлиб келган. Аҳмад Дониш аждодлар
анъанасини давом этган ҳолда “Наводирул вақое” нинг бир қатор бобларида, жумладан,
“Ота-она ҳуқуқлари ва уларнинг ҳуқуқлари чегараларини ўрганиш ҳақида”,
“Фарзандларларга васият ваваскб ва ҳунарнинг фойдалари ҳақида”ги ва бошқа
бобларда ота-онага ҳурмат, уларни фарзанд тарбиясидаги масъулиятига ҳам эътибор
қаратган.
Аҳмад Дониш “Наводирул вақое”нинг “Никоҳ одобларининг баёни , уйланишнинг
шартлари ҳамда қайнона ва келин ҳақида”ги бобида шундай дейди: “Ва у ота-онанинг
ҳаққи чегараланганлигини ва бир неча муқаддималарга бўйсунишини билмайди ва
қисса ва ривоятларнинг барчаси уларнинг нафс ҳавосидан чиқган. Ва уларнинг
кўпчилигини унга ўхшаган ёмонликлари туфайли фарзандларидан наф кўрмаган ота ва
оналар кўриб, билиб ва эшитиб ясашган, тўқиб чиқарганлар ва ҳадисларни битиб, яхши
ҳикоятларни ўйлаб топишган. Ва аниқ бир матн пайдо бўлишига асосланиб,
фарзандларини кофир қилиб, ўзларини муртад кўрсатиб, ҳар нафасда дейдиларким:
Жаннатни хоҳласанг, ай азиз кўнгил,
Оналар оёғи остидадир, бил.
Билмайдиларки, агар жаннат мавжуд бўлса, бу Марям (розияллоҳу анҳу)дек
онанинг розилигидадир. Ва агар ризвонга эришилса, Робия раҳимаҳуллоҳ каби
бувининг оёғи остида бўлади, на ул аёлларким, ўғлини раққоса айласаю қизи
енгилтакликга берилган бўлса ва яна эҳсону яхшиликдан умидвор бўлсаким:
Ваъбудуллоҳа ва ло тушрику биҳи шай-ав ва би-л-волидайни иҳсона.. (Ва Аллоҳга ибодат
қилинглар ва ота-онага... яхшилик қилинглар. Нисо сураси, 36-оят)” [1:264].
Аксарият мутафаккир ва уламолар ўз асарларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу
алайҳи васалламдан мисол ва ҳикматлар келтириш орқали жаннат ота-оналарнинг оёғи
10
остида эканлигини, Аллоҳ таоло наздида уларнинг амр ва кўрсатмаларини бажаришдан
афзалроқ ва муҳимроқ нарса йўқлигини таъкидлайдилар. Яъни, таъкидлайдиларки,
болалар доимо ота-онасининг розилигини олишлари керак.
Бироқ Аҳмад Дониш бу борадаги фикрини бошқача ифодалаб, ота-она ҳуқуқлари
чекланган ва бир қатор шартларга боғлиқлигини таъкидлайди. Ўша ҳикоят ва
ривоятларнинг барчаси нафс ва истакларга асосланган бўлиб, кўпчилиги
фарзандларига яхши тарбия бермаган, уларнинг бахту саодатига интилмаган ота-
оналар томонидан уйдирилган ва яна улар фарзандининг ғамхорлик қилиши ва
эҳсонидан умид қилишади. Аҳмад Дониш нуқтаи назаридан жаннат агар бор бўлса, у
ўғиллари раққоса, қизлари енгилтак бўлганларнинг оёғи остида эмас, балки Марям
[разия-л-Лоҳу анҳо] ва Робия буви [раҳмату-л-Лоҳи алайҳо] каби оналарнинг оёғи
остидадир.
Дониш бу борада “Агар ота ва оналар солиҳ бўлсалар ва фарзандларига яхшилик
тилаб, уларнинг фаровонлиги учун ҳаракат қилсаларгина, меҳр ва миннатдорчиликка
лойиқдирлар, лекин агар улар ёвуз бўлсалар ва фарзандларига яхшилик тиламасалар ва
уларнинг фаровонлигини истамасалар, балки ўз манфаатини кўзласалар, улар оятларда
қайд этилган ҳуқуқларга эга эмаслар”, деб ҳисоблайди[1: 33].
Дарҳақиқат, ахлоқ масаласига бағишланган кўплаб асарларда ота-онанинг ҳуқуқ ва
бурчлари ҳақида сўз боради. Бироқ уларнинг асосий қисмида бу мавзу кенг диопазон
асосида муҳокама қилинмайди, фақат шариат асослари, Қуръони Карим талаблари ва
ҳадислар асосида зикр этилади. Аҳмад Дониш эса ўз асарида бу мавзуни ҳар томонлама
тадқиқ қилиб, шариат, дин ва ҳадис талаб ва меъёрлари билан бирга, ўз фикрларини
ахлоқий меъёрлар асосида баён этган, ҳаётий мисоллар келтириб, уларга риоя қилишни
ҳар бир ота-она учун фарз деб ҳисоблайди.
Аҳмад Дониш ““Ота-она ҳуқуқлари ва уларнинг ҳуқуқлари чегараларини ўрганиш
ҳақида”ги бобида шундай ёзади: “Бўлмаса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи
васалламнинг: “Дигар,
қавлуҳу алайҳи-с-салому фӣ ҷавоби ман саала: Ё расулаллоҳ,
мо ҳаққу-л-волидайни? Қола: ҳумо ҷаннатука ва норука” (
«Бир киши келиб: “Эй
Расулуллоҳ, ота-онанинг фарзанди зиммасида қандай ҳақи бор?” – деб сўради. Шунда
Сарвари олам: “Улар сенинг жаннатинг ва дўзахингдир”, деб жавоб бердилар»).
Ҳа, агар ота-она омонат ва дин аҳлидан бўлса, фарзандга доимо омонат ва диёнатни
сингдириб, фарзанднинг жаннати бўлади, у ҳам аҳли вароъдин бўлиб, жаннатга боради
ва агар улар шикоят ва хиёнат аҳлидан бўлсалар, боланинг дўзахи бўлиб, уларнинг
суҳбати ёмонлиғидан у ҳам шикоятчи ва хоин бўлиб, дўзахга тушади. Ва бу ҳадиснинг
фойдаси бошқа бир ҳадиснинг фойдаси билан баробардир, яъни “
куллу мавлудин
[юладу] ала-л-фитрати, илло абавоҳу юмаҷҷисониҳи ва юнассирониҳи ва
юҳаввидониҳи”
(
“Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади.
Бас, ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади
”) [1: 54-55].
Яъни, бу мутафаккирнинг баён этишича, агар ота-она тўғрисўз ва виждонли бўлиб,
фарзандларини доимо шу йўлга бошласа, уларнинг дилбандлари ҳам тақводор ва
иймонли бўлиб, жаннатга кирадилар. Агар улар золим ва хиёнаткор бўлса, фарзандлари
ҳам бахтсиз ва ёлғончи бўлиб қоладилар ва уларнинг жойи дўзахдадир. Аҳмад Дониш бу
борадаги фикрларини ҳадислар билан янада мустаҳкамлаган. Бошида у ота-онани “улар
сенинг жаннатинг ва дўзахингдир” дейди ва кейин шу маънода ҳамма дунёга заиф
11
туғилишини таъкидлаб, “ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади”
дейди. Яъни, уларнинг қандай камол топиши, қайси динни танлаши муайян даражада
ота-онасига боғлиқ.
Хулоса, Аҳмад Дониш “Наводирул вақое”да муҳим ижтимоий, ахлоқий ва
тарбиявий масалаларни муҳокама қилиб, уларга дунёвий нуқтаи назардан ёндашган.
Буюк олим турли масалаларни юксак инсонпарварлик ғоялари руҳида, дунёвий
маданият нуқтаи назаридан ижтимоий конструктив йўллар орқали ҳал этишга ҳаракат
қилган. Қолаверса, мулоҳазаларини асослаш, уларни таъсирли бўлиши, вазиятни янада
реалроқ тасвирлаш мақсадида Қуръони Карим ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу
алайҳи васаллам оятларининг муқаддас ҳадислари, ривоят ва қиссалари, диний
китоблардан кўплаб далил ва маълумотлар келтирган.
Айтиш жоизки, Аҳмад Дониш бу йўналишда, яъни масалани бунақа тарзда
муӯокама қилишда ўзига хос тарзда ёндашган. Бу буюк мутафаккир кўплаб шоирлар,
ёзувчилар, файласуфлар ва мутафаккирлар томонидан баён этилган ушбу масалаларни
ифодалашга янгича нуқтаи назар билан қараган, яъни уларнинг мазмун-моҳиятини
амалда, яъни реал воқеалар билан ҳам ифода этган ва бу ўз навбатида ўқувчи
эътиборини ҳам кўпроқ тортади.
Шунингдек, Аҳмад Дониш асарларида ота-онани эъзозлаш, фарзанд тарбияси
масаласи ўз замони билан ҳамоҳанг ҳолда танқидий муҳокама қилиниб, муаллиф
муаммони ҳал этиш чора-тадбирларини ҳам ўртага ташлаган.
References:
Используемая литература:
Foydalanilgan adabiyotlar:
1.
Дониш А. Наводиру-л-вақоеъ (мунтахаб). – Душанбе: “Адиб”, 2020 й.
2.
Дониш А. “Наводирул вақое”. Форс-тожикчадан А. Ҳамроев ва А. Шокиров
таржимаси. - Тошкент: “Фан”, 1964 й.
3.
“Энсиколпедияи миллии тоҷик", 7 жилд, “Тожик миллий энциклопедияси” Бош
илмий таҳририяти давлат муассасаси, Душанбе, 2018 й.
4.
Becka J. Soviet studies on Ahmad Donish. Archiv Orientalni. Praha, 1963. 31/3. -pp.483 –
487.;
5.
Хўжақулов С. Тожик миллий уйғониш даври адабиёти (XIX асрнинг иккинчи ярми
ва ХХ аср бошлари). – Тошкент: “Миллий энциклопедия”, 2014 й.
6.
Ҳодизода Р. Аҳмад Дониш. Таржимаи ҳоли ва адабий ва илмий мероси. Душанбе:
"Ирфон", 1976 йил.
7.
Маъсумий Н. Аҳмад Дониш тили ва услуби. Душанбе: "Дониш", 1976.