81
КОРРУПЦИЯНИНГ ГЕНДЕР ЖИҲАТЛАРИ: ИЛМИЙ-НАЗАРИЙ ТАҲЛИЛ
Жалилов Мўминжон Солижон ўғли
Наманган вилоят прокуратураси
Иқтисодий қонунчилик ижроси устидан
назорат бўлими бошлиғи ўринбосари,
1-даражали юрист
https://doi.org/10.5281/zenodo.14011506
Аннотация:
Мазкур тезисда коррупциянинг гендер жиҳатлари илмий-назарий
таҳлил қилинган. Коррупция аёлларга ва эркакларга турлича таъсир кўрсатиши ва
гендер тенгсизлигини кучайтириши кўрсатилган. Таҳлилларда коррупциянинг аёллар
ва қизларга нисбатан кучлироқ таъсир қилувчи соҳалари, коррупциядан келиб
чиқадиган ижтимоий оқибатлар ҳамда гендер сиёсатининг аҳамияти алоҳида қайд
этилган. Давлат бошқарувида аёлларнинг иштироки ва коррупция даражаси
ўртасидаги алоқа таҳлил қилинган.
Калит сўзлар:
коррупция, гендер тенглик, коррупцияга қарши кураш, ижтимоий
хизматлар, аёллар ҳуқуқлари, норасмий сектор.
Аннотация:
В данной тезисе проведён научно-теоретический анализ гендерных
аспектов коррупции. Показано, что коррупция по-разному влияет на мужчин и
женщин, усиливая гендерное неравенство. Особое внимание уделено отраслям, в
которых женщины и девочки наиболее уязвимы к коррупции, а также социальным
последствиям коррупции и важности гендерной политики. Рассмотрена взаимосвязь
между участием женщин в государственном управлении и уровнем коррупции.
Ключевые слова:
коррупция, гендерное равенство, борьба с коррупцией,
социальные услуги, права женщин, неформальный сектор.
Annotation:
This thesis provides a scientific-theoretical analysis of the gender aspects
of corruption. It highlights how corruption affects men and women differently, exacerbating
gender inequality. Special attention is given to areas where women and girls are most
vulnerable to corruption, the social consequences of corruption, and the importance of gender
policy. The connection between women's participation in public administration and
corruption levels is also analyzed.
Keywords:
corruption, gender equality, anti-corruption efforts, social services, women’s
rights, informal sector.
Коррупция – бу нафақат қонунбузарлик ёки иқтисодий жиноят, балки жамият
тараққиёти ва давлат барқарорлигига жиддий тўсиқ бўладиган ҳодиса ҳисобланади. У
давлат даромадларини қисқартириб, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя каби
хизматларга ажратиладиган ресурслар камайишига сабаб бўлади. Бундан энг кўп жабр
кўрувчилар, айниқса, аёллар ва болалар бўлиб, улар давлат хизматларига кўпроқ
эҳтиёж сезади. Шу боис коррупция ва гендер тенгсизлиги ўртасидаги муносабатларни
ўрганиш бугунги кунда долзарб ҳисобланади.
Коррупция ва гендер масалалари бир-бири билан узвий боғлиқ. Эркаклар ва
аёллар коррупциядан турли шаклларда таъсирланиб, ҳар хил ролларни бажариши
мумкин. Бироқ аёллар кўп ҳолларда жамиятдаги заиф гуруҳ сифатида, коррупциянинг
манфий таъсирига нисбатан кўпроқ дуч келади. Шу сабабли гендер нуқтаи назаридан
82
коррупцияга қарши самарали курашиш стратегияларини ишлаб чиқиш муҳим
аҳамиятга эга.
Ушбу тадқиқотнинг мақсади – коррупциянинг гендер жиҳатларини таҳлил
қилиш, унинг аёллар ва эркакларга бўлган таъсирини ўрганиш ва гендер тенгликни
таъминлаш орқали коррупцияга қарши курашишда самарали ечимларни таклиф
этишдан иборат. Шунингдек, давлат бошқарувида аёллар иштироки ва уларнинг
ҳокимиятдаги ўрни коррупция даражасини пасайтиришга хизмат қилишини илмий
таҳлил қилиш режалаштирилган.
Тадқиқот давомида халқаро тажриба, шунингдек, Жаҳон банки ва бошқа халқаро
ташкилотларнинг маълумотлари асосида коррупция ва гендер муносабатларининг
чуқур таҳлили амалга оширилади. Коррупцияга қарши курашда гендер тенглигини
таъминлаш механизмлари, давлат хизматларини шаффоф ва самарали йўлга
қўйишнинг аҳамияти ўрганилади.
Мазкур тадқиқот нафақат назарий аҳамиятга эга, балки амалий тавсияларни ҳам
ўз ичига олади. Давлат ва жамият учун муҳим бўлган ушбу мавзуда аниқ таклифлар
берилади, улар гендер тенглигини таъминлашга қаратилган сиёсатларни
такомиллаштиришда, коррупцияга қарши кураш самарадорлигини оширишда
фойдаланилиши мумкин.
Маълумки, коррупция давлат даромадларини қисқартиради, кўп ҳолларда
таълим, соғликни сақлаш, оилавий нафақалар ва бошқа ижтимоий хизматларга
ажратиладиган харажатларни қисқартиради. Бу эса, давлат томонидан кўрсатилаётган
бундай турдаги хизматларга кўпроқ эҳтиёжмадб бўлган аёллар ва болалар
фаровонлигига жиддий путур этказади.
Коррупция ва гендер тенгсизлик тушунчалари кўп жиҳатдан чамбарчас боғлиқ
бўлган категориялардир. Эркаклар ва аёллар коррупциядан турли йўллар билан
таъсирланади ва турли коррупция амалиётлари ва хатти-ҳаракатларининг
субъектлари ва объектлари ҳисобланади.
Гендер тенгсизлиги коррупцияни келтириб чиқаради ва аксинча: коррупция
гендер тенгсизликни кучайтиради. Коррупцияга қарши курашиш ва барқарор
ривожланишга эришиш учун самарали стратегияларни топиш учун гендер нуқтаи
назар зарур.
Швеция халқаро ҳамкорликни ривожлантириш агентлиги (SIDA, The Swedish
International Development Cooperation Agency) коррупция тушунчасига ноқонуний
даромад орттириш мақсадида ишончни, ҳокимиятни ёки мансабни суъиистемол
қилишдир, дея таъриф беради. Коррупцияга, пора бериш ва олиш, шу жумладан
хорижий давлат мансабдор шахсларига пора бериш – ўзлаштириш (рострата),
манфаатлар тўқнашуви ва таниш-билишчилик (непотизм) киради
1
.
Коррупция қашшоқликда яшовчи ва саводсиз, ўз ҳуқуқларидан бехабар одамларга
номутаносиб равишда таъсир кўрсатади. Коррупциянинг кўплаб шакллари аёлларга
ҳам, эркакларга ҳам таъсир қилади, аммо жамиятдаги тенгсиз гендер муносабатларини
ҳисобга олсак, аёллар коррупция ва унинг оқибатларига нисбатан кўпроқ дучор
1
Gender and Corruption / March 2015, SIDA // Электрон манба: https://cdn.sida.se/publications/files/-gender-and-
corruption.pdf (мурожаат вақти: 24.10.2024).
83
бўлади
2
.
Коррупция гендер тенглигига эришиш учун тўсиқ бўлади ва шунинг учун мазкур
масала гендер сиёсатида ҳал этилиши лозим. Коррупцияга қарши курашиш сиёсатида
гендер масалаларини ҳисобга олиш иқтисодий ривожланиш нуқтаи назаридан ҳам
муҳимдир.
Аксарият ҳолларда расмий ва норасмий сектордаги аёллар иш излаш ёки ўз
бизнесини юритиш чоғида коррупцияга дуч келишади, бу эса уларнинг даромад олиш
ёки бизнесини давом эттириш имкониятларига беихтиёр тўсиқ қўяди. Аёлларнинг
катта қисмини норасмий секторда фаолият олиб борувчилар ташкил этади. Коррупция
ҳолатлари натижасида улар доимий босим остида бўлиши ва шу тариқа ўзларининг
машаққатли даромадларини ёки ҳатто тирикчиликларини йўқотиши мумкин.
Халқаро ташкилотларнинг маълумотларига кўра, аёллар коррупцияга учраган
тўртта асосий соҳа мавжуд: 1) хизмат кўрсатиш, маркетинг ва кредитлардан
фойдаланиш; 2) сиёсий фаолият; 3) аёллар ҳуқуқларининг бузилиши (одам савдоси ва
жинсий товламачилик); 4) мансаб совуққонлиги ва/ёки нотўғри бошқарув
3
.
Давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги коррупция аёлларга эркакларга
қараганда номутаносиб равишда таъсир кўрсатади, чунки қийин моддий аҳволдаги
аёлларнинг заифлиги, болалар ва қарияларга нисбатан ғамхўрлик қилиш зарурати
бунга сабаб бўлади. Репродуктив ёшдаги аёллар соғликни сақлаш борасидаги
эҳтиёжларини қондириш босқичларида (туғруққача ёки туғруқдан кейин) тиббий
хизмат кўрсатувчи провайдерлар томонидан порахўрлик шаклидаги коррупцияга
дучор бўлиш эҳтимоли юқори ҳисобланади.
Аёллар ва қизлар асосий хизматлардан (таълим, соғлиқни сақлаш, сув, санитария
ва электр энергияси), ҳужжатлардан (лицензиялар, яшаш жойи ва шахсни тасдиқловчи
ҳужжатлар) ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари хизматидан фойдаланишлари учун
улар нафақат пора беришга, балки товламачилик ва жинсий алоқа қилишга ҳам дучор
бўлишлари мумкин. Ушбу хатти-ҳаракатлар жинсий жиноятлар билан боғлиқ стигма
ва уят туфайли кўп ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар қилинмайди.
Бу эса, бундай коррупция ҳолатларининг табиати ва тенденциясини кузатиб боришни
қийинлаштиради.
Коррупция аёлларнинг бошқа соҳаларда қарор қабул қилиш ва ваколатларини
кенгайтиришга ҳам таъсир қилади. Расмий ва норасмий сектордаги аёллар ишга
жойлашиш ёки ўз бизнесини юритиш чоғида коррупцияга дуч келишади, бу эса,
уларнинг даромад олиш ёки бизнесини давом эттириш имкониятларига беихтиёр
тўсиқ қўяди. Аёллар коррупция авж олган норасмий секторнинг катта қисмини ташкил
қилар экан, улар коррупцияга берилиш учун доимий босим остида бўлишлари ва шу
тариқа ўзларининг машаққатли даромадлари ёки ҳатто тирикчилик воситаларини
йўқотишлари эҳтимоли кўпроқ.
Таҳлиллар аёллар кўп жиҳатдан эркаклар билан бир хил коррупция шаклларига
дучор бўлишини кўрсатади. Бироқ бу коррупциянинг жинсга хос шакллари ҳам
мавжудлигини инкор этмайди.
2
Transparency International (2014) Gender, Equality and Corruption: What are the Linkages? Policy Brief No 1/2014.
3
UNDP and Huairou Commission. 2012. Seeing beyond the State: Grass-roots women’s perspectives on corruption and
anti-corruption. New York: UNDP.
84
Масалан, порахўрликда жинсий алоқадан норасмий валюта сифатида
фойдаланилиши, аёллар ва қизлардан товламачилик йўли билан жинсий эҳтиёжни
қондириш ва ҳ.к. Бундай ҳаракатлар кўп ҳолларда жабрланувчининг иффати ва ор-
номуси сабабли латент ҳолда қолиб кетади ҳамда жазо муқаррарлиги масаласи очиқ
қолади.
Аксарият тадқиқотлар натижаларининг кўрсатишича, аёллар умуман олганда
коррупция ҳолатини ёмон иллат деб ҳисоблашади ва унга жазо муқаррарлигини
таъминлаш тарафдори бўлишади. Масалан, Молдовада ўтказилган тадқиқотларга кўра,
аёллар коррупсияни эркакларга нисбатан ўткирроқ муаммо деб ҳисоблашади.
Шунингдек, тадқиқотларда қатнашган аёлларнинг аксарият қисми ўзларининг
порадан нафратланишини ҳамда хўрланганликларини маълум қилишган
4
. Шунингдек,
олиб борилган бир қанча тадқиқотлар аёлларнинг коррупцион операцияларга
нисбатан камроқ мойиллигини кўрсатиб берган
5
.
Жаҳон банкининг ҳисоботида келтирилишича, ҳозирда Европа, Африка ва
Осиёнинг 150 та давлатида аёлларнинг коррупцияга нисбатан камроқ мойиллиги
ҳамда эркакларга нисбатан кўпроқ ишончга лойиқ эканлиги бўйича хулосага
келинган
6
.
Жаҳон банкининг 2001 йилдаги “Тараққиётни ривожлантириш” ҳисоботида
айтилишича, аёлларнинг сиёсий ва иқтисодий фаоллигининг юқори даражаси
мамлакатнинг очиқ эканлигини, бошқарув шаффофлиги ва демократик ёндашувга эга
эканлигини кўрсатиши мумкин
7
. Мазкур ҳолат катта эҳтимол билан коррупцияни
юзага келтирувчи имкониятларни тўхтатиши ёки камайтириши мумкин.
Ривожланаётган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, парламент ва ҳукумат
бошқарувида аёллар кўпчилик ўринни эгаллаган мамлакатларда коррупция даражаси
нисбатан пастроқ бўлиб қолмоқда.
Ўрганишлар ва олиб борилган тадқиқотлар натижаларига таяниб, умумий хулоса
қилиш мумкинки, қуйидагилар коррупцияга қарши курашиш сиёсати ва амалиётидаги
гендер жиҳатлар ҳисобланади:
1)
коррупцияга қарши курашишда гендер тенглигини таъминлаш, гендер
жиҳатларни ҳисобга олиш. Бу айниқса турли соҳаларда салоҳиятни ривожлантириш
орқали амалга оширилиши мумкин. Масалан, ҳукуматда, фуқаролик жамияти ва
оммавий ахборот воситаларида;
2)
қонун ижодкорлари ва ҳукумат мансабдорларининг эътиборини коррупциянинг
гендер-дифференциал таъсирига қаратиш, аёллар ва эркакларнинг ўзига хос
ташвишлари ва тажрибалари мавжудлигини асослаб бериш;
3)
гендер таҳлилини амалга ошириш ва коррупция ҳолатлари юзасидан жинс бўйича
маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва ҳисобини юритиш тизимини йўлга қўйиш;
4)
коррупцияга қарши курашиш борасидаги мақсадли сиёсатни аёлларнинг
4
Carasciuc, Lilia. (2000) “Corruption and quality of governance: the case of Moldova” In: Limpangog, Cirila P. N.D.
Struggling through corruption: a gendered perspective – A background paper presentation.
5
Agerberg, Mattias (2014) “Perspectives on Gender and Corruption” in The Quality of Governance Working Paper
Series 2014:14. University of Gothenburg.
6
Dollar, David et al (1999) “Are Women Really the Fairer Sex? Corruption and Women in Government” World Bank
Working Series No 4.
7
Goetz, Anne Marie. 2007. Political Cleaners: Women as the New Anti-Corruption Force? Development and Change,
38 (1).
85
бошқарувдаги
имкониятларини
кенгайтириш
саъй-ҳаракатлари
билан
уйғунлаштириш;
5)
давлат хизматларини кўрсатишнинг барча босқичларида аёлларнинг сиёсий
иштирокини ва давлат секторидаги вакиллигини рағбатлантириш ва қўллаб-
қувватлаш орқали давлат органларида аёллар сонини кўпайтириш.
Коррупциянинг гендер жиҳатларини таҳлил қилиш натижасида аниқландики,
коррупция жамиятнинг барча қатламларига таъсир кўрсатадиган мураккаб ижтимоий
ҳодисадир. У, айниқса, аёллар ва болалар каби заиф гуруҳларга кучли таъсир қилиб,
уларнинг ҳуқуқларини поймол қилади ва турли ижтимоий хизматларга кириш
имкониятларини чеклайди. Аёллар норасмий сектордаги фаолияти давомида ва давлат
хизматларидан фойдаланишда коррупциянинг турли шаклларига дуч келишади, бу эса
уларнинг иқтисодий ва ижтимоий имкониятларини қисқартиришга олиб келади.
Хуллас, коррупция ва гендер тенгсизлиги ўртасидаги боғлиқлик таҳлили шундан
далолат берадики, гендер тенгсизлиги коррупцияни кучайтиришга олиб келиши,
коррупция эса гендер тенгсизликни янада чуқурлаштириши мумкин. Шундай экан,
коррупцияга қарши самарали курашиш учун гендер тенглигини таъминлаш бўйича
комплекс сиёсат ва чора-тадбирларни амалга ошириш зарур. Давлат бошқарувида
аёлларнинг иштироки ва ваколатлари кенгайиши, давлат хизматлари ва бошқарув
тизимида шаффофликни таъминлашда муҳим омил бўлиши мумкин.
Коррупцияга қарши курашишда гендер масалаларига эътибор қаратиш нафақат
аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, балки жамият тараққиёти ва барқарорлигига
хизмат қилади. Ушбу тадқиқотда берилган хулосалардан келиб чиқиб, қуйидаги
тавсиялар ишлаб чиқилди:
- давлат бошқарувида аёллар сонини ошириш ва уларнинг сиёсий ҳамда иқтисодий
фаоллигини қўллаб-қувватлаш;
- гендер нуқтаи назаридан коррупцияга қарши кураш бўйича махсус дастурлар ва
стратегияларни ишлаб чиқиш;
- давлат ва жамоат ташкилотларида гендер таҳлилини амалга ошириш ҳамда
коррупция ҳолатлари бўйича маълумотларни жинс бўйича тизимли равишда тўплаш
ва таҳлил қилиш;
- аёлларнинг норасмий сектордаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни
коррупциядан ҳимоя қилишга қаратилган механизмларни жорий этиш.
Демак, жаҳон тажрибаси кўрсатганидек, давлат бошқарувида шаффофликни
таъминлаш ва аёлларнинг ролига алоҳида эътибор қаратиш коррупция даражасини
камайтиришда муҳим омиллардан биридир. Шу сабабли, Ўзбекистонда ҳам гендер
тенглигини таъминлаш ва коррупцияга қарши курашишда янада самарали
механизмларни жорий этиш зарур.