Авторы

  • Бунёд Хасанов
    Наманган Давлат Университети таянч докторанти

DOI:

https://doi.org/10.71337/inlibrary.uz.zdif.52365

Ключевые слова:

Наманган вилояти Соғлиқни сақлаш хирург эпидемиолог травматолог қисқа курслар амбулатория фельдшерлик тошмали терлама безгак қизамиқ дифтерия дезинфекцион камералар.

Аннотация

Мақолада Иккинчи жаҳон уруши йилларида Наманган вилоятидаги соғлиқни сақлаш тизимининг фаолияти, республика ва вилоят аҳолиси орасида тошмали терлама, безгак касалликларининг тарқалиши, Ўзбекистон ССРда тиббиёт институтларида кадрлар тайёрлаш масаласи, қисқа курсларда тиббиёт ходимларини тайёрлаш, шунингдек, аҳолини дори-дармонга бўлган эҳтиёжи, вилоят аҳолиси учун қурилган касалхоналар фаолияти бирламчи ҳужжатлар таҳлили асосида ёритилган.


background image

142

ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ ЙИЛЛАРИДА НАМАНГАН ВИЛОЯТ

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ТИЗИМИДАГИ ЎЗГАРИШЛАРИ

Хасанов Бунёд

Наманган Давлат Университети таянч докторанти

https://doi.org/10.5281/zenodo.14236274

Аннотация:

Мақолада Иккинчи жаҳон уруши йилларида Наманган вилоятидаги

соғлиқни сақлаш тизимининг фаолияти, республика ва вилоят аҳолиси орасида
тошмали терлама, безгак касалликларининг тарқалиши, Ўзбекистон ССРда тиббиёт
институтларида кадрлар тайёрлаш масаласи, қисқа курсларда тиббиёт ходимларини
тайёрлаш, шунингдек, аҳолини дори-дармонга бўлган эҳтиёжи, вилоят аҳолиси учун
қурилган касалхоналар фаолияти бирламчи ҳужжатлар таҳлили асосида ёритилган.

Таянч сўз ва иборалар:

Наманган вилояти, Соғлиқни сақлаш, хирург,

эпидемиолог, травматолог, қисқа курслар, амбулатория, фельдшерлик, тошмали
терлама, безгак, қизамиқ, дифтерия, дезинфекцион камералар.

Аннотация:

В статье рассмотрено функционирование системы здравоохранения

Наманганской области в годы Второй мировой войны, распространение сыпи и малярии
среди населения республики и области, вопрос подготовки кадров в медицинских
учреждениях Узбекской ССР, подготовка медицинских кадров на краткосрочных курсах,
а также потребность населения в лекарствах, для населения региона освещается
деятельность построенных больниц на основе анализа первичных документов.

Основные слова и фразы:

Наманганская область, Здравоохранение, хирург,

эпидемиолог, травматолог, краткосрочные курсы, амбулатория, фельдшер, сыпь,
потливость, малярия, корь, дифтерия, дезкамеры.

Annotation:

The article examines the functioning of the healthcare system of the

Namangan region during the Second World War, the spread of rashes and malaria among the
population of the republic and the region, the issue of training personnel in medical institutions
of the Uzbek SSR, training of medical personnel in short-term courses, as well as the
population's need for medicines, for the population of the region the activities of the built
hospitals are covered based on the analysis of primary documents.

Key words and phrases:

Namangan region, health care, surgeon, epidemiologist,

traumatologist, short-term courses, outpatient clinic, paramedic, rash, sweating, malaria,
measles, diphtheria, disinfection chambers.


Урушнинг илк кунларидан бошлаб, соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишда

фронт эҳтиёжлари биринчи ўринга қўйилди. Тиббиёт ходимларига бўлган эҳтиёжнинг
ортиши туфайли зудлик билан соҳа мутахассисларини тайёрлашга ҳаракат қилинди.
СССР Соғлиқни сақлаш комиссарлиги буйруғи билан, тиббиёт олий ўқув юртларида
ўқиш муддати 5 йилдан уч ярим йилга, фармацевтика ўқув юртларида 4 йилдан икки
ярим йилга камайтирилди. Шунингдек, Шифокорлар малакасини ошириш институтида
умумий мутахассисликдаги шифокорларни хирург, эпидемиолог, травматолог ва
рентгенолог каби мутахассисликларга қайта тайёрлаш ишлари ҳам амалга
оширилди[1].

Ўқиш муддатини камайтириш ўрта тиббиёт мактабларига ҳам жорий эттирилиб,

фельдшерлик ва фармацевтика мактаблари 3 йилдан бир ярим йилга, фельдшер-акушер


background image

143

мактаблари 3 йилдан 2 йилга, стоматология мактаблари 3 йилдан бир йилу саккиз ойга,
ҳамширалар тайёрлаш эса 2 йилдан бир йилга қисқартирилди. Қисқартиришлар ўқув
таътиллари ва ўқув юкламасининг ортиши ҳисобига ўтказилган бўлса-да, кадрлар
тайёрлаш сифатининг пасайишига ҳам сабаб бўлди. Тиббиёт ходимларининг ўқув
фанларига ҳам ўзгартиришлар киритилиб, фронт учун зарур бўлган хирургия,
эпидемиология ва токсикология каби фанлар биринчи навбатда ўқитила бошланди[2].
Ўзбекистон ССРда тиббиёт институтларини 3044 нафар шифокор битириб, 5600 нафар
шифокор қайта ўқитиш курсларида янги мутахассисликларга эга бўлди[3].

Ўзбекистон КП(б) Марказий комитетининг бюроси ва Халқ комиссарлар

советининг 1941 йил 8 июлдаги қарорига кўра кичик медицина ходимларини тайёрлаш
тўғрисидаги вазифа қўйилди. Яъни ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда муддати 3
ойдан 6 ойгача бўлган медицина ходимларини тайёрлаш қисқа курслари очиш зарур
эди. Бу масала 1941 йил 8 августда Наманган вилоят партия комитети бюросида ҳам
муҳокама қилинди. Қарор асосида вилоятда қисқа курсларда (август ойида) 75 нафар
медицина ҳамшираси, 148 санитар-дружинник, 131 радист қизлар ўқитилди. 1941 йил
августида вилоятда 3148 киши санитария мудофаасига тайёр (ГСО) деган значокка
норма топширди ва 13 минг 500 киши кимёвий ҳужумга қарши мудофаа курсларида
таълим олди[4].

Бу даврда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш учун, тиббий пунктлар тармоғи ҳам

кенгайиб борди. 1941 йилда 210 ўринли Наманган шаҳар касалхонаси вилоят
касалхонасига айлантирилди ва Наманган шаҳри ҳамда 9 та туманга хизмат кўрсата
бошлади. Касалхонада даволаниш ўринлари 1942 йилда 250 тага етказилди[5]. 1944
йилга келиб эса вилоят соғлиқни сақлаш тизимида 35 та қишлоқ шифокорлик
участкалари, 90 та фельдшерлик ва акушерлик участкалари ва 28 та касалхона фаолият
юритган[6].

Аҳолининг дори-дармонга бўлган эҳтиёжи вилоятдаги 58 та дорихоналар орқали

таъминланди. Тиббий хизматни аҳолига янада яқинлаштириш мақсадида, 1944 йилда 3
та янги касалхона ва туберкулез санаторийси ташкил этилди ва 11 та аёллар ва болалар
маслаҳатхоналарида беморлар қабули кўпайтирилди. Ўз навбатида, соғлиқни сақлаш
тизимига ажратилаётган маблағлар ҳам кўпайиб борди. Жумладан, 1941 йилда тизимга
10320000 сўм ажратилган бўлса, 1944 йилда 80 фоизга кўпайиб 18542000 сўм га
етказилди. Вилоят тиббиёт ходимларининг сони ҳам аста-секин кўпайиб борди. 1941
йилда вилоятда 203 нафар шифокор, 570 нафар ўрта тиббиёт ходимлари фаолият олиб
борган бўлса, 1944 йилга келиб шифокорлар сони 204 нафарга, ўрта тиббиёт ходимлари
сони эса 897 нафарга етди. 1945 йилда вилоятда 916 ўринли 4 та шаҳар ва 22 та қишлоқ
касалхоналари, 3 та бюджет ва 15 та колхоз туғруқхоналари, 57 та амбулатория, 78 та
фельдшерлик амбулаториялари, 5 та безгак станциялари, 14 та санитар-эпидемиологик
станциялар ва 16000 ўринли 33 та бюджет болалар яслилари мавжуд эди[7].

Шу ўринда қайд этиш жоизки, вилоятда соғлиқни сақлаш тизимининг ўсиши билан

биргаликда бир қатор муаммолар ҳам тўпланиб қолган. Жумладан, аксарият ҳолларда
касалхоналар совуқ бўлиб, иситиш учун етарли ёқилғи захирасига эга эмасди,
касалхоналар бинолари капитал таъмирга муҳтож ҳолатга келиб қолган, беморларни
овқатлантириш ҳам талаб даражасида бўлмаган.

Ўзбекистон учун эндемик касалликлар – грипп, қизамиқ, безгак ва бошқалар


background image

144

қаторида турли юқумли касалликлар ҳам тарқалди. Айниқса, одатда уруш ва очарчилик
даврида кенг тарқаладиган ҳамда “уруш ёки очарчилик терламаси” деб номланадиган
тошмали терлама эпидемияси хавфли тус олди. Наманган вилоятида тошмали
терламадан биринчи касалланиш ҳолати 1941 йил октябрь ойида қайд этилди ва 14
октябрда Наманган шаҳрига Сталинграддан кўчириб келтирилган оиланинг бир нафар
аъзосида тошмали терлама аниқланди. 19 октябрда оиланинг яна уч нафар аъзоси
касалланди. Касаллик вилоят бўйича тарқалиб, 1941 йил ноябрда 82 ҳолатда тошмали
терлама қайд этилиб, улардан 78 нафари (45 нафари кўчиб келганлар) Наманган шаҳри
ҳиссасига тўғри келган[8].

Ушбу кўрсаткич 1942 йил январь ойида 953 нафарга етди. Касалланганларнинг

асосий қисми, яъни 470 нафари Наманган шаҳри ҳиссасига тўғри келган эди. Бунга
умумий яшаш жойларининг санитария ва хўжалик талабларига жавоб бермаганлиги
ҳам сабаб бўлган. Тошмали терламадан касалланиш ҳолати 1942 йил январь ойида ҳар
10000 нафар аҳолига нисбатан Наманган шаҳрида 45 кишини, Косонсойда 25,
Учқўрғонда 15, Тўрақўрғонда 14, Попда 12, Чустда 10, Уйчида 8, Янгиқўрғонда 7,
Наманганда 4,5 ва Норин туманида эса 4 кишига тўғри келган эди[9]. 1942 йилда
вилоятда аниқланган инфекцион касалликлари таҳлилига кўра, аҳоли орасида энг кўп
тарқалган касаллик тошмали терлама (3241 ҳолат) ҳиссасига тўғри келади. Кейинги
ўринда эса дезинтерия 1147 ҳолатда ва учинчи ўринда ичтерлама 770 ҳолатда
аниқланган. Болалар орасида эса кўкйўтал (523 ҳолатда), заҳарли диспепция (387),
қизамиқ (405), дифтерия (103), менингит (20) ва бошқа касалликлар тарқалган[10].
Тиббиёт ходимлари мураккаб шароитда эвакуация қилинган аскарларни даволаш
билан биргаликда вилоятда тарқалган турли хил касалликларга ҳам қарши
курашишларига тўғри келган. Аммо соҳада мутахассисларнинг камлиги, дори
воситаларининг етишмаслиги эса ушбу муаммоларни янада мураккаблаштирган.

1942 йил февраль ойида тошмали терламадан касалланиш ҳолати кўпайиб 1101

нафарга етди. Касалликка қарши курашиш ҳаммом, вошебойка[11] ва дезинфекцион
камераларни қуришга катта эътибор кучайтирилди. Хусусан, 1942 йил 10 январда
Наманган вилояти бўйлаб 69 та ҳаммом, 8 та вошебойка, 28 та дезинфекцион камералар
бўлган бўлса, 1942 йил 1 мартга келиб, ҳаммомлар сони 214 тага, вошебойкалар сони эса
86 тага, дезинфекцион камералар сони 34 тага етди. 1943 йил 1 январда эса 352 та
ҳаммом, 278 та дезинфекция камералари, 1944 йил 1 январда 219 та ҳаммом, 143 та
дезинфекция камералари, 1945 йил 1 январда 301 та ҳаммом, 239 та дезинфекция
камералари фаолият кўрсатган[12].

1942 йилда эпидемияларга қарши курашиш учун кучли бригадалар тузилди ва у

Қўқон ҳамда Андижон оралиғида темирйўл бўйлаб ҳаракатланиб, касалликка қарши
кураш олиб борган. Аҳоли орасида касаллик тарқалишини эрта аниқлашда фаоллар ва
мактаб ўқитувчилар жамоаси самарали меҳнат қилган. Беморларни даволашда эса,
қайта ўқитилган тиббиёт ходимлари жонбозлик кўрсатди. Натижада, республикада
биринчи бўлиб Наманган вилоятида (1942 йилда) тошмали терлама касаллиги
бартараф этилди[13]. Аммо 1943 йил бошларида касаллик тарқалиши яна қайтадан авж
ола бошлаб 1943 йил январь ҳолатига вилоятда тошмали терламадан касалланишнинг
224 ҳолати қайд этилган бўлиб, унинг 90 таси Наманган шаҳар ҳиссасига тўғри
келган[14].


background image

145

Ўзбекистон ССРда энг кўп тарқалган касаллик безгак бўлиб, ҳатто безгак энг кам

аниқланган йилларда ҳам у билан аҳолининг 3 фоизи зарарланган. Безгакка
чалинганлар сони 1940 йилда 203768 нафарни, 1941 йилда 252808 нафарни, 1942 йилда
428681 нафарни, 1943 йилда эса 560696 нафарни ташкил этган. Самарқанд ва Тошкент
вилоятларида аҳолининг 10 фоизи безгакка чалинган[15].

Касалланиш айниқса, Наманган шаҳрида кўпайиб, 1940 йилда ҳар 10 минг аҳолига

75 нафар касалланганлар тўғри келган бўлса, 1944 йилда бу кўрсатгич 507 нафарга
ортиб кетган. 1944 йилда Наманган вилоятида 27151 кишида қон ташҳислари
текширилиб, уларнинг 4180 нафарида безгак аниқланган[16].

Уруш йилларида тропик касалликларга қарши кураш ҳам кучайтирилди. 1941

йилда тропик касалликларга қарши курашиш бўлимлари 3 та тропик станциялар ва 14
та тропик пунктлар, шунингдек 2 нафар шифокор ва 18 нафар ўрта тиббиёт
ходимларидан иборат эди. 1944 йилга келиб, республикада тропик станциялар сони 5
тага етиб, Наманган шаҳрида ҳам ташкил этилди. Вилоят тропик станцияларда 1944
йилга келиб, 1941 йилга нисбатан кадрлар сони кўпайган бўлса-да, эҳтиёжга нисбатан
анча кам эди. Шунингдек, 1944 йилда тропик касалликларга қарши курашиш
бўлимларида 14 нафар шифокор ўрнига 11 нафар, 45 нафар ўрта тиббиёт ходимлари
ўрнига 32 нафар, 187 нафар ишчи-ходимлар ўрнига 147 нафари фаолият олиб борган.
Уруш йилларида ҳар 10 минг нафар аҳолига нисбатан безгак билан касалланиш
даражаси қуйидагича эди: 1941 йилда – 451, 1942 йилда – 855, 1943 йилда – 593, 1944
йилда – 550 нафар. Соғлиқни сақлаш бўлимларининг асосий вазифаларидан бири
безгакка қарши курашиш ташкил этган. Вилоятда, айниқса қишлоқ ҳудудларида безгак
энг кўп тарқалган касаллик бўлиб, август ва сентябрь ойларида безгак тарқалиши
кучайган. 1942 йилда 42167 нафар безгакдан касалланиш ҳолатлари қайд этилган бўлса,
1945 йилда 2 мартага камайиб 23819 та ҳолат қайд этилган. Айниқса, Чуст туманида
касалланиш кўп қайд этилиб, вилоят бўйича жами касалланиш ҳолатларининг 30
фоизини ташкил этган[17]. 1942 йил 25 август ҳолатига кўра, Чуст туманида безгак
касаллиги 6850 кишида аниқланди. Жумладан, Ақча қишлоғида 180 нафар, Ғовада 180,
Каркидонда 360, Янгиободда 450, Варзикда 640, Олмосда 840 кишида касалланиш
ҳолати аниқланди. Шифокорлар етишмаслиги туфайли ҳар бир колхоздан 2 нафардан
жами 98 киши чақирилиб, касалликка қарши кураш ҳақида дастлабки тушунчалар
берилган[18]. Касалланганларни аксарияти мактаб ўқувчиларининг ҳиссасига тўғри
келган. Масалан, туманда 1941-1942 ўқув йилида 238 та синфда 9267 нафар ўқувчи
бўлиши керак эди, лекин, 8100 нафар ўқувчи жалб этилган холос. Яъни 1167 ўқувчи
мактабга келмаган. Бунинг асосий сабабларидан бири ўқувчилар орасида безгак ва
иситма касаллиги тарқалган эди[19]. Вилоят бўйича энг кўп касалланиш Чуст туман
Олмос қишлоғи ҳиссасига тўғри келган. Безгак касаллигининг пассив кўринишини
аниқлаш учун вилоят аҳолиси орасида ҳар йили ўртача 50 мингдан ортиқ қон
текширувлари ўтказилган эди[20].

Хулоса қилиб айтганда, уруш йилларида Наманган вилояти соғлиқни сақлаш

тизимида бир қатор ўзгаришлар амалга оширилиб, госпиталлар эвакуация қилинди.
Вилоятдаги тиббиёт ходимлари яраланган жангчиларни фронтга қайта сафарбар этиш
ва меҳнатга қайтаришда фаоллик кўрсатиши баробарида, бу даврдаги ижтимоий
муаммолар негизида вужудга келган ҳолат, қишлоқ хўжалик ходимларининг ёзги ва


background image

146

кузги ишлар вақтида далада ойлаб юриши, оддийгина санитария-гигийена қоидаларига
риоя қилинмаслиги, далада ҳаммомларнинг йўқлиги, ювиниб келиш учун уйига
жўнатмаслик натижасида колхозчилар орасида турли юқумли касалликлар тарқала
бошлади.

References:

1.

Ўзбекистон илмий-техникавий ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архиви (кейинги

ўринларда – Ўз ИТТҲМА), 1-фонд, 1-рўйхат, 3296-йиғма жилд, 1-варақ.
2.

Ўз ИТТҲМА, 1-фонд, 1-рўйхат, 3296-йиғма жилд, 4-варақ орқаси.

3.

Бакиев А. История и современное состояние подготовки врачебных кадров в

Узбекской ССР. Автореф. дисс. канд. мед. наук. – Фрунзе, 1968. – С. 9.
4.

Пўлатов И. Улуғ ватан уруши ғалабасига Ўзбекистон меҳнаткашларнинг қўшган

ҳиссаси. – Тошкент: Ўзбекистон, 1967. – Б. 47.
5.

Наманган ВДА, 796-фонд, 1-рўйхат, 49-йиғма жилд, 8-варақ.

6.

Наманган ВДА, 111-фонд, 1-рўйхат, 17a-йиғма жилд, 301-варақ.

7.

Наманган, 111-фонд, 1-рўйхат, 17a-йиғма жилд, 302-варақ.

8.

Ўз ИТТҲМА, 1-фнд, 1-рўйхат, 3570-йиғма жилд, 35-36-варақлар.

9.

Наманган ВДА, 111-фонд, 1-рўйхат, 65-йиғма жилд, 3-5-варақлар.

10.

Наманган ВДА, 111-фонд, 1-рўйхат, 64-йиғма жилд, 14-варақ.

11.

Битларни йўқ қилиш учун мўлжалланган дезинфекцион камера // LIRL:

https://dic.academic.ru/dic.nsf/ushakov/765298

.

12.

Наманган ВДА, 111-фонд, 1-рўйхат, 65-йиғма жилд, 18-варақ.

13.

Наманган ВДА, 111-фонд, 1-рўйхат, 17a-йиғма жилд, 304-варақ.

14.

Ўз ИТТҲМА, 1-фонд, 1-рўйхат, 3570-йиғма жилд, 16-варақ.

15.

Ўз MA, Р 837-фонд, 32-рўйхат, 5016-йиғма жилд, 94-варақ.

16.

Ўз ИТТҲМА, 1-фонд, 1-рўйхат, 3675-йиғма жилд, 10-варақ.

17.

Наманган ВДА, 111-фонд, 1-рўйхат, 17a-йиғма жилд, 340-341-варақлар.

18.

Наманган ВДА, Чуст тумани филиали 339-фонд, 1-рўйхат, 38-йиғма жилд, 125-

варақ.
19.

Наманган ВДА, Чуст тумани филиали 339-фонд, 1-рўйхат, 35-йиғма жилд, 217-

варақ.
20.

Наманган ВДА, 111-фонд, 1-рўйхат, 17a-йиғма жилд, 340-341-варақлар.

Библиографические ссылки

Ўзбекистон илмий-техникавий ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архиви (кейинги ўринларда – Ўз ИТТҲМА), 1-фонд, 1-рўйхат, 3296-йиғма жилд, 1-варақ.

Ўз ИТТҲМА, 1-фонд, 1-рўйхат, 3296-йиғма жилд, 4-варақ орқаси.

Бакиев А. История и современное состояние подготовки врачебных кадров в Узбекской ССР. Автореф. дисс. канд. мед. наук. – Фрунзе, 1968. – С. 9.

Пўлатов И. Улуғ ватан уруши ғалабасига Ўзбекистон меҳнаткашларнинг қўшган ҳиссаси. – Тошкент: Ўзбекистон, 1967. – Б. 47.

Наманган ВДА, 796-фонд, 1-рўйхат, 49-йиғма жилд, 8-варақ.

Наманган ВДА, 111-фонд, 1-рўйхат, 17a-йиғма жилд, 301-варақ.

Наманган, 111-фонд, 1-рўйхат, 17a-йиғма жилд, 302-варақ.

Ўз ИТТҲМА, 1-фнд, 1-рўйхат, 3570-йиғма жилд, 35-36-варақлар.

Наманган ВДА, 111-фонд, 1-рўйхат, 65-йиғма жилд, 3-5-варақлар.

Наманган ВДА, 111-фонд, 1-рўйхат, 64-йиғма жилд, 14-варақ.

Битларни йўқ қилиш учун мўлжалланган дезинфекцион камера // LIRL: https://dic.academic.ru/dic.nsf/ushakov/765298.

Наманган ВДА, 111-фонд, 1-рўйхат, 65-йиғма жилд, 18-варақ.

Наманган ВДА, 111-фонд, 1-рўйхат, 17a-йиғма жилд, 304-варақ.

Ўз ИТТҲМА, 1-фонд, 1-рўйхат, 3570-йиғма жилд, 16-варақ.

Ўз MA, Р 837-фонд, 32-рўйхат, 5016-йиғма жилд, 94-варақ.

Ўз ИТТҲМА, 1-фонд, 1-рўйхат, 3675-йиғма жилд, 10-варақ.

Наманган ВДА, 111-фонд, 1-рўйхат, 17a-йиғма жилд, 340-341-варақлар.

Наманган ВДА, Чуст тумани филиали 339-фонд, 1-рўйхат, 38-йиғма жилд, 125-варақ.

Наманган ВДА, Чуст тумани филиали 339-фонд, 1-рўйхат, 35-йиғма жилд, 217-варақ.

Наманган ВДА, 111-фонд, 1-рўйхат, 17a-йиғма жилд, 340-341-варақлар.