29
ҚАДИМГИ ПОЙКЕНТ ТАРИХИ МУЗЕЙИ ФАОЛИЯТИ
Хуррамов Аброр Рустам ўғли
Денов тадбиркорлик ва педагогика институти мустақил
тадқиқотчиси
https://doi.org/10.5281/zenodo.15222327
Топилган 5000 дан зиёд нодир музей экспонатлари нафақат Қадимги Пойкент
шаҳри тарихи, балки ўзбек давлатчилигининг баъзи ривожланиш жиҳатлари тарихини,
қадимги ўзбек шаҳарсозлиги, маданияти, санъати, сиёсий-иқтисодий ривожланиши,
савдо-сотиқ алоақалари тарихини ҳам ўзида акс эттирган. Шуларни ҳисобга олиб,
Ўзбекистон Республикаси Ф.А. олимлари ва Бухоро илмий жамоатчилиги вакиллари
таклифлари асосида, Бухоро вилоят ҳокимининг 2001 йил 1майда № 73 – ф сонли
фармойиши асосида Қадимги Пойкент шаҳри яқинида «Қадимги Пойкент тарихи»
музейи ташкил этилди.
Музей кириш зали, тўртта асосий зал ва диорамма залидан иборат бўлиб, 1200 дан
ортиқ экпонатларни намойиш қилмоқда.
Музейнинг асосий катта зали, IX-XI асрлар пул муомаласи, ёзуви, маданият ва
санъати намуналарини намойиш қилади. шаҳардан шимолий шарқ томонда жойлашган
қадимий некрополь (хилхона) қолдиқлари топиб ўрганилди.
Музей катта зали экзпозицияси X асрга оид сопол бўлагига ёзиб қолдирилган ёзув
билан бошланади. Сопол бўлагида: “Бисмиллаҳур ал Роҳманир Роҳийм”, яъни “Дунёда
ҳам охиратда ҳам раҳмат қилувчи Оллоҳу таъолонинг номи билан бошлайман бу ишни”,
дейиладиган Қуръони Каримнинг биринчи сураси бошланиши, қора тушда ёзилган.
Витринада қўйилган сопол парчаларида ўша даврдан бизгача етиб келган арабча
ёзувлар намойиш қилинган. Витринадан ўша давр давлатчилигига хос бўлган пул
муомаласини ифодаловчи Сомоний ва Қорахонийлар ҳукмдорлиги даврида зарб
қилинган танга пуллар жой олган.
Бу давр пул муомаласига эътибор қаратадиган бўлсак, илгариги муомаладаги
танга пуллар ўрнига арабча намунадаги филслар зарб қилина бошлаган. Бу жараён VIII
асрнинг биринчи ярми охири – иккинчи ярми бошидан бошланиб Мовароуннаҳрнинг
қатор шаҳарларида фелслар (мис танга) мунтазам чиқарила бошланган. Булар – араб
афсоналари, диний ифодалар, ҳукмдорлик қилиб турган амирлар – бирон-бир шаҳар
ноибининг номи ва ҳатто маҳаллий ҳукмдолар номи билан зарб қилинган.
Иккинчи витринадан жой олган сиркор сопол идишлар ва улардаги безаклар
юқоридагиларни тасдиқлаб турибди.
VIII аср охири – IX аср бошидан Мовароуннахр шахарларида сиркор сопол буюмлар
пайдо бўлди ва кейинчалик кенг расм бўла бошлади. IX-XII асрлар давомида сиркор
сопол буюмлар тайёрлаш бадиий камолига етди ҳамда юксак техникавий сифатига
эришди. Мовароуннаҳрнинг кулолчилик санъати марказлари айни шу даврда
шаклланди. Бу марказларнинг асосийси Афросиёб эди. Ўша махалда Шош, Фарғона,
Чағониён каби марказлар қаторида ҳақли равишда Пойкент шаҳри ҳам турганлиги бир
қатор иккиланишлардан сунг, 2003 йилда ўтказилган археологик қазишларда ўзининг
якуний исботини топди. Топилган махсус хумдон ва унда сиркор идишларни
пиширишда фойдаланилган сепоядаги буёклар ва сиркор қолдиқлар бундан далолат
бериб турибди.
30
Учинчи витринада шакл ва расмлари бадиий камолга етган, сополи сиркорлиги ва
буёғининг юқори сифати билан такрорланмас бўлган идишлар ва уларнинг бизгача
етиб келган парчалари қўйилган. Улардаги юксак дид билан солинган ўсимликсимон,
ҳандасавий, эпиграфик ва зооморф тасвирлар бугун ҳам ўз жилосини йўқотмаган. Бу
даврдаги буюмлар тасвир юқори маҳорат билан чизилгани, нафис уйғунликда
берилгани билан ажралиб туради. Бу ҳол моҳир кулоллар билан бир қаторда махсус
мусаввирлар ҳам бўлганидан далолат беради.
Мовароуннаҳр кулоллари сополга сир бериш технологиясини ўзлаштиргач,
рангларнинг безаклардаги имкониятларини кўрсатишда катта ютукларни қўлга
киритишди. IX-XII асрларда сиркор сопол буюмларни кўк рангларда безатиш услуби
кириб келиши билан минтақада кулолчилик санъати янада ривожланди.
Сир бериш технологияси сопол буюмлар бадиийлигини кучайтиришда катта рол
ўйнайди. Даставвал ишқорий сирдан фойдаланилган. Кейинчалик эса сирлашда қалайи
ва қўрғошин ишлатила бошланган.
Ишқорий ва қалайи сир шаффоф бўлмай, улардан асосан ўйиб нақш туширилган,
сидирға ранг берилган буюмларни безашда фойдаланилган. Буюмлар сиртининг
ялтироқлигини оширадиган қўрғошин сири ишлатиш урф бўлгач сопол безовчи
рассомларнинг маҳорати тўлароқ очила бошланган. Қўрғошин сири берилганда унинг
остида қоладиган нақшлар ва ёзувлар уйғунлиги сақланди ва яна кучайди.
Асосий катта залга киришдаги қисмда ўрнатилган витринага қўйилган X-XI асрга
оид идиш худди шу юқоридаги услубда ишланган бўлиб, ундаги насх хатидаги ёзув жуда
тиниқ чиққан. Бу идиш X-XI асрга оид сирланган идишларнинг ноёб намунаси бўлиши
билан бирга ўша давр эпиграфикасининг ҳам нодир намуналаридан биридир.
Мовароуннаҳрнинг йирик кулолчилик марказлари орасида Пойкент IX-XII
асрларда сирсиз сопол буюмлар ишлаб чиқариш соҳасида хам етакчи мавқега эга бўлган.
Аҳоли маиший турмушида сопол буюмларлан кенгрок фойдаланиш эҳтиёжининг юзага
келиши, кулолчилик технологиясининг ривожланиши, ҳамда ишлаб чикаришни
кенгайтириш зарурати туфайли қолипдаги бўртма нақшлар, сопол буюмлар ишлаб
чиқаришда кенг тус олди.
Асосий зал экспозицияси тўртинчи ва бешинчи витриналарда сопол буюмлар
тайёрлашда ишлатиладиган турли ҳажмдаги қолиплар ва буюмларга безак беришда
фойдаланиладиган мосламалар, буюмлар сиртига тушириладиган тамғалар
намуналари намойиш қилинади. Бу яхлит коллекция X аср охири XI аср бошларига
мансуб бўлиб, 2000 йил қазишлари чоғида Шахристон II мавзеига дахлдор №8
хонадонидан топилди. Хонадон соҳиби кулол уста ёки шу соҳага дахлдор киши бўлган. У
алоҳида бир хонага махсус сандиқда, тайёр қолиплар ва бошка кулолчилик
анжомларини яшириб қолдирган.
Пойкентдан қолипда ясалган сопол буюмлар камдан-кам топилган. Бунинг
сабабини икки ҳолат билан изоҳлаш мумкин. Биринчидан Пойкентда сопол буюмлар
ишлаб чиқариш соҳасининг кам ўрганилганлиги бўлса, иккинчидан қолипда ясалган
сопол буюмларга талаб жуда кўплиги ва унинг халқаро савдо предметига айланганлиги
эҳтимолидир.
Шундай бўлсада, Бешинчи витринада 2000 йил қазишлари даврида топилган
ҳажми 60 мл бўлган қолипда ясалган кичик кўзача, қолипда ясалган сопол буюмларнинг
31
ягона намунаси сифатида қўйилган. Бу идиш кам миқдордаги суюқликларга
мўлжалланган бўлиб, эҳтимол унда атир, гул суви ва бошқа баъзи суюқликлар
сақланган. Идиш ўзининг формаси билан Миср ва Византия ампулаларига ўхшаб кетади.
Пойкент қолипларидан кўзачалар, хумчалар, хурмача товоқлар, сувдонлар ва
турли ўлчамдаги қопқоқлар тайёрлашда фойдаланилган. Қолиплардаги фойдаланиш
жараёнида юзага келадиган турли хилдаги асоратлар, бундан далолат бериб турибди.
Асосий зал юқори қисмининг ўнг бурчагида X-XI асрларга хос амалий санъатнинг
яна бир нодир намунаси осиб қўйилган. Бу экспонат ҳам ганч ўймакорлиги санъати
маҳсули бўлиб қисман сақланиб қолган. Панел чап томони ўрта ва қуйи қисми бордюри
(ҳошия), марказий қисми ён томонларга қараганда бир мунча ичкарига кирган ҳолатда,
ўсимликсимон нақшлари қизил охра бўёғи билан бўялган. Сақланиш ҳолатига кўра бу
ганч панно ҳам меҳробни эслатиб туради.
Катта зал чап томон кичик витринасида заргарлик буюмлари намойишга
қўйилган. IX-XI асрларда бадиий ҳунармандчиликнинг бошқа турлари сингари
заргарлик санъати ҳам ривожланиб, бир катор янгича услубий ўзгаришларга учраган.
Паррандалар, ҳайвонларнинг ўйма ва чекма тасвири туширилган кўплаб бронза
буюмлар безагида ислимий-гириҳ нақшлар устун кела бошлаганини кўриш мумкин. Бу
даврда қуйма кумуш, бронза, мис буюмлар-тугмалар, камар қопламалари, билагузуклар,
узук ва исирғалар кенг расм бўлган.
Музейнинг иккинчи кичик зали ҳам IX-XII асрларга оид бўлиб, ўша давр умум
минтақа ва Пойкент шаҳрига хос баъзи жиҳатлар масалан металга ишлов бериш, сиркор
сопол ишлаб чиқариш техникаси IX-XII асрларга хос уй-рузғорда фойдаланилган сопол
идишлар, болалар учун ишлаб чиқарилган, уларнинг дунёқараш, эстетик дидини
шакллантиришда кўмаклаша оладиган ўйинчоклар ва бошқаларни ёритишга ҳаракат
қилади. Ушбу залга кираверишдаги чап томондаги витринада 2000 йил дала сезони
даврида археологлар томонидан II Шаҳристон, Б-8-9 объекти №7 уйдан топилган
металга ишлов берувчи устанинг иш қуроллари ва ясаган маҳсулотлар намуналари
қўйилган.
Залга эшикдан киравериш рўпарасидаги витринада сопол буюмлар пиширувчи
хумдон макети қўйилган, махсус коромисло (илгич) лар, илгичларга уста томонидан
ясалган чироқлар, кўзачалар, шақилдоқлар осиб қўйиладиган бўлган. Бу хумдонда кўк
ранг сир бериб ишланган маҳсулотлар пиширилган.
Залнинг учинчи ва бешинчи витриналаридан IX-XII асрларга оид уй-рўзғорда
фойдаланилган сопол идишлар намойиш қилинган. Булар сирасига хурмача, товоқлар,
хўқача, қозонлар идиш қопқоқлари, стакан, кружкалар, мустахара, дастурхон
тагликлари ва бошқалар киради.
Тўртинчи витрина марказидан қазишлар натижасида топилган X-XI асрларга оид
шиша буюмлар қолдиқлари ўрин олган. Бу даврда Пойкент шаҳри қуйи Зарафшон
минтақасида шиша маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи йирик марказга айланган.
Пойкентдан шишадан санъат асари даражасидаги ноёб буюмлар ишлаб
чиқарилган.1984 йилдаги қазишлар чоғида шиша буюмлар ишлаб чиқарилган бир
қанча ўчоқлар ва мосламалар қолдиқлари очиб ўрганилган. Шиша идиш-товоқлар,
кимёвий идишлар, атир шишалар, бошқа уй рўзғор идишларини ишлаб чикариш урф
32
бўлган. Уларда тасвирий мотивлар кам учрайди, мавжудлари унча мураккаб бўлмай
пуфлаш ёки қолипда босиш йўли билан тайёрланган.
Пойкент шишаларининг химиявий таркиби катта илмий қизиқишларга сабаб
бўлган. Пойкент шишалари 6 хил химиявий компонентлардан ташкил топган.
Пойкентда ишлаб чиқарилган шиша буюмлар халкаро транзит савдо орқали
Мовароуннаҳр ҳудудларидан ҳам ташқарига олиб чиқилган.
Витринада алембиклар деб аталувчи шишадан ясалган химиявий идишлар
намуналари ҳам қўйилган бўлиб, 1980 йиллар бошларида Пойкентда очилган «Пойкент
дорихонаси»дан топилган 12 дона шу хилдаги идиш намуналаридандир. Кўк рангли
шишадан тайёрланган, 6-9см ли найча бириктирилган бу идишлар аксарият ҳолларда
тиббий ва химиявий мақсадларда фойдаланилган бўлса ажаб эмас.
Музейнинг учинчи зали Пойкент шаҳридан топилган қадимги ва илк ўрта асрлар
даври ёдгорликларини ёритади,будда ҳайкалчаси, Анахита ҳайкалчаси, ўзида сўғдийлар
уй- рўзғор ҳомийси бўлган худони тасвирлаган, лойдан ишланган фриз,
Пойкентликларнинг диний эътиқодларини ёритувчи остадон қолдиқлари, Сўғд
рангтасвир санъатининг намунаси сифатида тасвирланган деворий расм қолдиқлари, V-
VIII асрларга оид сопол буюмлар қўйилган бўлиб, улар орасида сичқонқопқон алоҳида
ўрин тутган. Сичқон қопқон цилиндрсимон кўринишга эга бўлиб, икки қисмдан ташкил
топган. Биринчи кисм резервуар ичига қўйилган хўракни олишганда қопқоқ беркилади
ва сичқон тирик қамалиб қолади. Кейинчалик сичқон узоқроқ масофага олиб борилиб
қўйиб юборилган. Бу ҳолат зардуштийлик эътиқоди билан боғлиқ бўлиб, жонли
нарсани ўлдириш гуноҳ ҳисобланган. Ҳатто «Авесто»да итни ўлдирган одам ўлим
жазосига ҳукм қилиниши эслатилади.
Туртинчи витринада сўғд давридаги бой хонадонлар уйларига ишланган безак
намунаси қўйилган. Хонадон безаклари оддий лойдан қуйилган фризлар бўлган.
Улардан колонналар, капитель, карнизлар ва деворларга махсус ҳошиялар солишган.
Уларда ўсимлик орнаментлари, қушлар, айниқса товус тасвирлари ифодаланган.
Тўртинчи зал Пойкент микровоҳасининг қадимги ва антик даврлардаги тарихини
очиб беради.Бу ерда Қадимги Пойкент шаҳри атрофларидан топилган,ибтидоий жамоа
қуйи босқичларида яшаган одамларнинг жанг ва меҳнат қуролларини, бронза даврига
оид камон учлари,воҳада ибтидоий тўқимачилик мавжуд бўлганини илмий
тасдиқловчи урчуқ бўлаги алоҳида осма витринада намойиш қилинади.
Foydalanilgan adabiyotlar/Используемая литература/References:
1.
Очилов
А.Т.
Пойкантда
олиб
борилган
археологик
тадқиқодлар
тарихидан//Бухоро
тарихи
масалалари
(энг
қадимги
замонлардан
ҳозиргача).Бухоро,2019. Бухоро. Б.129-134.
2.
Альмеев Р.В. Древний Пойкент резиденция правителей Бухары. –Тошкент,2002.
3.
Зимин Л. А. Развалины старого Пайкенда/ПТКЛА. Год 17. Ташкент, 1913; Зимин
Л. А. Развалины старого Пайкенда в их современном состоянии// ПТКЛА. Год 18.
Вып. 2. Ташкент, 1914.
4.
Зимин Л. А. Отчет о летних раскопках в развалинах старого Пайкенда// ПТКЛА.
Год 19. Ташкент, 1915.
5.
Мухамеджанов А.Р., Г. Л. Семенов. Исследование городских стен Пайкенда
33
(результаты работ 1981 г. на шахристане П). История материальной культуры
Узбекистана. Вып.19. Изд. «ФАН». Ташкент. 1990. с.130.
6.
Материалы Бухарской Археологической Экспедиции (МБАЭ) // Вып. II. Раскопки
в Пайкенде в 2000 г. -СПб., 2001.