39
ЎҚИШ, БИЛИМ ВА БАҲО МОТИВЛАРИНИНГ ШАКЛЛАНИШ
ХУСУСИЯТЛАРИ
Есназарова Миригул Парахатдиновна
Нукус шаҳри 48-ИДУМ психологи
https://doi.org/10.5281/zenodo.15624611
Ўқув мотивларини шакллантириш жараёнида шахсга йўналтирилган дидактик
тамойилининг моҳияти шундаки, ўқувчи таълимнинг шахсий моделини, яъни борлиқни
ўрганишнинг фақат ўзи учунгина маҳсулдор бўлган усулларини намоён қила оладиган
шароитдагина юксак маҳсулдорликка эришиши мумкин. Ўқувчи ўқув фаолиятининг
омилкор усулларини танлай олмаган тақдирда, унга бу муаммони ҳал қилишга катталар
ёрдамини жалб этиш мақсадга мувофиқ. Катталар томонидан ўқувчига тавсия этилаётган
таълим моделида ўқув фаолиятининг шахсий усулини танлаш имконияти пайдо бўлишига
улар жавобгардирлар.
Шундай қилиб, анъанавий ўқув-интизомий моделидан фарқли ўлароқ шахсга
йўналтирилган дидактикага биноан ўқитувчилар ҳар хил ўқувчилар билан ишлашда
таълимнинг турлича моделидан фойдаланишга муваффақ бўладилар. В.А.Петровский
буни таълим моделларининг вариативлик тамойили деб атайди. Бу воқелик эса таълим
шакллари, усуллари ва мазмунининг турлича эканлиги билан бирга, мактаб муҳитининг
ҳам хилма-хиллигини ўз ичига қамраб олади.
Тадқиқот предметини аниқлаш ҳам методологиянинг муҳим вазифаларидан
биридир. Тадқиқот предмети аниқланмагунча уни тадқиқ қилиш учун аниқ методикалар
тизимини ишлаб чиқиш имконияти бўлмайди. Психологияда предмет сифатида қабул
қилинаётган ҳолат, ҳодиса ёки жараён кўп қиррали бўлганлиги боис, тадқиқот олдига
қўйилган мақсад ва фаразлардан келиб чиқадиган, унинг алоҳида битта психологик
жиҳатини танлаш энг мураккаб масалалар сирасига киради. Масалан, тадқиқотимизнинг
предмети қилиб “ўқиш мотивлари” олинган бўлса, унинг қирралари жуда кўп. “Ўқиш
мотивлари” психологиянинг турли йўналишлари – умумий психологик, ижтимоий
психологик, ёш даврлари психологияси, педагогик психологик ва ҳ.к. нуқтаи назарлардан
таҳлил қилиниши мумкин. Зотан, “ўқиш мотивлари” тушунчасининг ўрганилиш жиҳати
кўп қиррали бўлиб, мазкур қирралардан бирининг танлаб олиниши алоҳида
методикаларни танлаш заруриятини пайдо қилади.
Тадқиқот предметини аниқлаш пайтида юзага келадиган яна бир муаммо
психологияда “мотив” тушунчасига турли хил олимлар томонидан турлича қарашлар
мавжудлигидир.
С.Л.Рубинштейннинг таъкидлашича, мотив - бу эҳтиёжнинг ҳис қилиниши ва
қондирилишидир.
А.Н.Леонтьевнинг фикрича, мотив - инсон фаолиятига йўналган аниқ эҳтиёжлар ва
уни юзага келтирадиган объективликдир.
Л.И.Божович томонидан олиб борилган тадқиқотларда мотив нафақат ташқи
объектив омиллар, балки тасаввурлар, ғоялар, ҳис-туйғулар, барча ички субъектив
омиллар кўринишида ҳам талқин қилинган.
С.Л Рубинштейн: “Мотивация – бу психика орқали амалга ошувчи детерминантадир”
деса, К.В. Мадсен: “Мотивация - бу хулққа йўналтирилган қўллаб-қувватловчи
омилларнинг йиғиндисидир”,- дейди.
40
Бизнингча, мотив - шахсни фаолиятга ундовчи куч, деб таърифлаган
А.Н.Леонтъевнинг варианти энг мақбул бўлиб, тадқиқотимизда биз ушбу таърифга
бевосита суянамиз. Шундай қилиб, тадқиқотимизнинг методологик асосини шахсга
комплекс ёндашув, тизимли ёндашув, субъектли ёндашув, шахсга йўналтирилган
дидактика тамойили ва тараққиёт тамойили ташкил этади.
Тадқиқотимизда қуйидаги мезонларга асосланган ҳолда тажрибалар ўтказиш
режалаштирилди.
а) кичик мактаб ёшидаги ўқувчиларда пайдо бўлган турли-туман мотивларни ўқиш
фаолияти жараёнида англаб етилганлик даражасини ўрганиш;
б) ўқиш фаолиятида юзага келадиган муаммоларга ечим топишларида мотивларнинг
ўрни ва қиймати, қандай аҳамиятга эга эканини ўрганиш;
в) мактабда ҳам, мактабдан ташқари вазиятда ҳам мотивларнинг ўзига хос
фазилатларидан мақсадга мувофиқ фойдаланиш.
Бизнинг изланишларимизда кичик мактаб ёшидаги ўқувчиларнинг ўқиш
фаолиятида ўқиш, билим ва баҳо олишга интилиш мотивларига, ўйин орқали ўқиш
фаолиятидаги ижобий мотивларни шакллантириш хусусиятларига алоҳида эътибор
қаратилган.
Тадқиқот методлари ўйинга, ўқишга, баҳо ҳамда билим олишга интилиш, ижобий ва
салбий мотивларни ўрганишга қаратилади.
Тадқиқот предметини ўрганишга киришишдан олдин устувор тушунчаларнинг
таърифига тўхталиб ўтсак.
“Ўқиш – ўқувчининг ўз билими, кўникмаси, малака ва қобилиятларини
ривожлантиришга қаратилган хусусий ҳаракатларидир”.
“Ўйин – фақат болаларга хос оламни англаш ва ўз малакаларини такомиллаштириш
усулидир”.
“Баҳо деб баҳолашнинг балл шаклида берилган сонлар орқали кўрсатилган ўлчамга
айтилади”.
“Баҳолаш деганда билим, кўникма ва малакаларни ўқиш дастурида кўрсатилган
эталон (кўрсаткич, қолип, ўлчагич)лар билан солиштиришни тушунамиз”.
“Билим – бу ўқувчилар онгида муайян тартибда мустаҳкамланган, уларнинг шахсий
мулкини ташкил этадиган ва бундан улар заруриятга кўра фойдалана оладиган фактлар,
маълумотлар, илмий назариялар, қонунлар ва тушунчалардир”.
Болада ўйин ёки ўқиш мотивининг устуворлигини аниқлаш методикасидан (бу
методикадан фойдаланиб, 1-2 - синфларда икки марта: аниқловчи тажриба ва назорат
тажрибалари ўтказилди) фойдаланишимиздан асосий мақсад 1-2 - синфларда ўйин ёки
ўқиш мотивларидан қай бирининг аниқловчи ва назорат тажрибаларида устунлик
қилишини, улардаги ўзгаришлар динамикасини аниқлаш эди. Бу мотивлар шаҳар ёки
қишлоқ ўқувчиларида қандай намоён бўлиши мумкин деган саволга жавоб топиш учун ҳам
зарур эди.
References:
Используемая литература:
Foydalanilgan adabiyotlar:
41
1.
Божович Л.И. Проблема развития мотивационной сферы ребёнка / Изучение
мотивации поведения детей и подростков. – М., 1972. - С.41-42.
2.
Леонтьев А.Н. Деятельность. Сознание. Личность. 2-е изд. М.: Политиздат, 1977. – 304
с.
3.
Рубинштейн С.Л. Основы общей психологии. – СПб.: Питер, 2005. –713 с.