126
ФАРЗАНД ТАРБИЯСИДА ОИЛАВИЙ ҚАДРИЯТЛАРНИНГ РОЛИ
РаҳмоноваЗ.Н.
“Alfraganus University”
Педагогика ва психология кафедраси в.б.доценти
zarifarahmonova5@gmail.comТел: 90 979-07-50
https://doi.org/10.5281/zenodo.14908729
Аннотация:
Мазкур мақолада оиланинг жамият хаётида тутган ўрни ва роли,
мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшларнинг оилавий ҳаётга тайёрлаш, ўз қадрият
йўналишлари, оила аъзоларининг хулқ атворлаври, оила ва жамият ҳаётида ижтимоий
тасаввурлар, ижтимоий муносабат, установкалар, оилада соглом мухит ва соглом
дунёкарашни, субъектив муносабатларни шакллантириш, таълим-тарбия, ёш авлодни
жамият-давлат хамда оилага муносиб баркамол инсон қилиб тарбиялаш каби масалалар
урин олган.
Калит сўзлар:
никоҳ, оила, оилавий муносабатлар, оилавий қадрият, хулқ-атвор,
эътиқод, установка, ижтимоий муҳит, ижтимоий тасаввур, ижтимоийлашув, онг, болалик,
тарбия, баркамол инсон, ислоҳот, соғлом муҳит, соғлом дунёқараш, ижтимоий тасаввур,
субъектив муносабат.
Оила инсоннинг онгида илк болалигидан бошлаб шаклланадиган барча инсоний
фазилатлар, эзгу ниятлар қадриятлар ва ижтимоий тасаввурлар таркиб топадиган
даргоҳдир. Ушбу даргоҳда маънавий-аҳлоқий муҳитни вужудга келтириш ва шу орқа
шахсни оқилона дунёқараш эгаси, янгича фикрловчи, баркамол инсон қилиб
шакллантириш хозирги ислоҳотлар даврида Ўзбекистон учун давлат аҳамиятига молик
муаммодир.Зеро ёшларда миллий қадриятларга , жумладан оилавий қадриятларга,
анъаналар ноёб расм-русмларга нисбатан холисона тасаввурларни шакллантириш орқали
уларни оилавий турмушга тайёрлаш, оилапарварлик хусусиятларини таркиб топтириш
юртимизда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширувчи таъсирчан
воситадир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек: “Энг катта бахт, мен буни
минг марта қайтаришдан чарчамайман, оиламиз тинч бўлсин! Оила кичик ватан, оила тинч
бўлса, бахтли бўлса, ватан тинч бўлади. Ўша бахтли кунларни ватанимизнинг,
ёшларимизнинг камолини ҳозир ният қилаётганимиз каби кўриш ҳаммамизга насиб
этсин!” [1].
Шуни таъкидлаш жоизки, президентимизнинг фикрларида оиланинг энг аввало,
соғлом дунёқараш таркиб топтиришдаги беназир ролига алохида эътибор берилганки,
мазкур дунёқараш ижтимоий психология фани тадқиқ қиладиган тасаввурлар тизими
ёрдамида инсон ижтимоийлашувининг илк маскани бўлмиш оилада, ундаги ўзаро
муносабатлар тизимида шаклланади. Худди шу боис, оилада боланинг ижтимоийлашуви
билан боғлиқ тарбиявий таъсир воситаларининг негизида халқ анъаналарининг, хусусан
оилавий ўзаро муносабатларда сақланиб қолган оилавий қадриятлар моҳиятининг
қонуниятларини ўрганиш вазифаси турибдики, уларнинг ижтимоий-психологик шарт-
шароитларини тадқиқ этиш, натижаларини эса амалиётга тадбиқ қилиш давр
тақазосидир.
Булардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ижтимоийлашув жараёнида шахснинг оила
ва унинг қадриятларига нисбатан муносабати, установкалари инсоннинг ўзига хос хулқ
127
мезонлари ва сифати бўлиб, унда оилавий ўзаро муносабатларда одам учун аҳамият касб
этувчи қадриятлар, яъни муомала маромлари, баҳолаш тизими ва яхлит фаолиятнинг
умумий йўналишини белгиловчи мезонларда ўз аксини топади. Бу жараёнда шахснинг ўз
хатти-ҳаракатлари ва оилага нисбатан субъектив муносабати унинг ижтимоий
тасаввурларида ифодаланади. Шу маънода ижтимоий тасаввурлар асосида шаклланадиган
оилавий қадриятларга нисбатан установкалар англанган эҳтиёжлар, маслаклар ва
ижтимоий меъёрларни белгилайди, у реал турмушга шунчалик қоришиб кетадики,
натижада шахснинг барча ҳаракатлари ва хулқ-атвори тўлиғича уларга бўйсунади.
Оилавий қадриятлар инсоннинг ҳаётий тажрибаси ва жамиятга нисбатан
муносабатларига боғлиқ тарзда шаклланади. Шунинг учун ҳам қадриятлар инсоннинг
дунёқарашини, одамларга, оиласига муносабатини ташкил этувчи жараёнлар билан
чамбарчас боғлиқдир.
Маълумки оила-шундай бир ижтимоий муҳитки, ундаги барча қадриятлар,
анъаналар, ота-оналарнинг ўзаро ҳамда уларнинг фарзандлари орасидаги муомала
маромлари, барча хатти-ҳаракатлар унинг ҳар бир аъзоси онгига ва хулқ меъёрларига
таъсир кўрсатади. Бу таъсирлар, энг аввало, таъсирни қабул қилувчининг ижтимоий
тасаввурларида, билимлари ва баҳолаш тизимида, анъанавий-оилавий қадриятларга
нисбатан муносабатларида, эътиқоди ва ишончида ўз аксини топади. Оилавий турмуш ва
унинг қадриятлари никоҳ ва оила муносабатлари тўғрисидаги илк тасаввурлар ҳамда
ижтимоий установкалар ҳам айнан ота-онанинг мавжудлиги ва уларнинг тарбиявий
таъсири туфайли рўй беради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга
Муражаатномасида сўзлаган нутқидақуйидагилар келтирилган. “Биз ўз олдимизга
мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган
эканмиз бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва
Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак” [2].
Оилавий қадриятларнинг шахс томонидан ўзлаштирилишига туртки бўлувчи
сифатий мезонлардан бири-маъсулият ёки инсондаги маъсулиятлилик хислатидир. Бу
инсон томонидан бажариладиган ҳар бир амаллари, фаолияти маҳсулини тасаввур қилган
ҳолда, унинг ўзива ўзгалар учун қандай наф келтиришини англай олиш қобилиятидир.
Масъулиятни ҳис қилган инсон доимо ишни пухта режалаштириб, унинг оқибатларини
олдиндан тасаввур қила олади ва натижага эришиш учун бутун кучи ва салоҳиятини
сафаобар этишга қодир бўлади [4; 94]. Оилада бу фазилат фарзанд онгига энг аввало, ота-
онанинг оила, унинг қадриятларигаамал қилиш, шахс камолоти масъулияти орқали
сингдирилади. Шу боис оилавий қадриятларга ҳурмат, уларга нисбатан масъулият билан
боғлиқдир.
Оила унинг асрлар мобайнида сақланиб келаётган муқаддас анъаналари орқали
ёшларда оилага нисбатан туғри муносабатни шакллантиришда унинг таъсир
йўналишларини белгилаб олиш керак. “Бу иш асосан ҳар бир ўзбек оиласидаги тарбия
анъаналари ва уларни такомиллаштириш, миллий қадриятларни турмуш тарзининг
ажралмас бўлагига айлантириш, мулоқот маданиятининг Шарқона кўринишлари билан
замонавий шаклларини уйғунлаштириш, меҳнат тарбияси, унинг фарзандлар фаровон
турмуш кечиришининг муҳим тамойили сифатида қадрланишига эришиш орқали амалга
ошириш мумкин” [6].
128
Асрлар мобайнида шаклланган, авлоддан-авлодга бебаҳо мерос сифатида
ўтибкелаётган оилавий урф-одат, маросим ва байрамлар ҳам фарзандларни оила муҳитида
камол топтиришда муҳим омил бўлиб ҳисобланади. Ҳар бир оила риоя қилиши лозим
бўлган анъаналар ва расм-русмларнинг мавжудлиги, уларнинг жамият ва маҳалла
анъаналари билан уйғунлиги ҳам фарзандда оилага нисбатан ижобий устсновкаларни
шакллантиришнинг муҳим йўналиши бўлиб саналади [3].
Бу ўринда яна бир омилни ажратиб кўрсатиш мумкин, бу оилавий муомаладир. Оила
муҳитида амалга ошириладиган мулоқот, оила аъзолари ўртасида кундалик, маиший
муаммолар юзасидан амалга ошириладиган муомала ҳисобланади. Чунки инсон хулқ-
атворида намоён бўладиган установкаларнинг шаклланишида радио, телевидение, газета,
журналлар, бадиий ҳамда илмий адабиётларнинг қийматини эътироф этган ҳолда шуни
айтиш мумкинки, юзма-юз кечадиган таъсир, инсон юзи ва кўзига қараб туриб
айтиладиган баъмани сўз ва ҳис-туйғуларнинг ўрни беқиёс. Шунинг учун ҳам зарур бир
фикрни тушунтириш лозим бўлса, ота-она ҳам фарзандининг юзини ўзига қаратиб олиб,
юз қиёфаси ва кўздаги самимият билан, психологик жиҳатдан таҳлил этилганда,
экстралингивистик ҳамда паралингвистик воситалар ёрдамида фикрни уқтира бошлайди
ва айнан шундай мулоқот самаралидир. Бундай таъсир кўпроқ эмоционал-психологик
жиҳатдан таъсирчан оналар ва момолар муомаласида яққол кўзга ташланади [5].
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, оила ва уни бевосита ўраб турган ижтимоий муҳит
таъсирида ёшлар онги, ижтимоий тасавурлари тизимига таъсир етказувчи омиллар кўп ва
серқирра бўлиб, уларнинг йўналишларини, ўзига хос хусусиятларини ҳар бир алоҳида
ижтимоий шарт-шароитда, бирламчи гуруҳ муҳитида тадқиқ қилиш илмий изланишлар
учун катта аҳамиятга эгадир.
Foydalanilgan adabiyotlar/Используемая литература/References:
1.
Президент Ш.Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши,
амалга оширилаётган бунёдкорлик ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 2018-
йилнинг 19-январь куни халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашиниг навбатдан
ташқари сессиясида сўзлаган нутқи.
2.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга
Муражаатномаси 2020-йил 29-декабрь. https://president.uz lists view
3.
Каримова В.М. Оилада мафкуравий тарбиянинг таъсир йўналишлари. /“Фарзанд азиз,
она – мўтабар” тўпламидан. – Т.: Ўзбекистон, 2001. –Б. 137 – 150.
4.
Оила психологияси. /Академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари учун
ўқув қўлланма. Психол. фан. докт. проф. Ғ.Б.Шоумаров таҳрири остида. –Т.: Ўзбекистон,
2004. -340 б.
5.
Раҳмонова З.Н. Оилавий қадриятларнинг шахс камолотига таъсири. /Замонавий
психология: муаммолар ва истиқболлар. Ҳалқаро илмий-амалий конференция
материаллари. - Тошкент 2021. –Б. 251-253.
6.
Умарова М.М. Ўсмирларда оилавий ва қадриятлар тўғрисидаги тасаввурлар
шаклланишининг ижтимоий- психологик шарт шароитлири. – Т., 2004. - Б. 94-97.