Авторы

  • ИСЛОМЖОН ЁҚУБОВ
    Алишер Навоий номидаги ТошДЎТАУ профессори, филология фанлари доктори
  • Вазирахон АХМЕДОВА
    Филология фнлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

DOI:

https://doi.org/10.71337/inlibrary.uz.ijrs.71009

Ключевые слова:

киноқисса бадиий деталь ҳиссий идрок полифункционаллик бадиий реалия гипотетик хулоса психоаналитик талқин диалог ремарка нопластик образ модус трансформация

Аннотация

Ушбу мақолада Эркин Аъзамнинг “Сув ёқалаб” киноқиссаси мисолида мустақиллик даври ўзбек адабиёти ва санъатида қаҳрамонлик модусининг трансформацияга учраш жараёнлари такдқиқ қилинган.


background image





6

Қ

АҲРАМОНЛИК МОДУСИНИНГ ЭЪТИҚОДИЙ ТАЯНЧИ

(

Э.Аъзамнинг “Сув ёқалаб” киноқиссаси мисолида

)

Исломжон ЁҚУБОВ,

Алишер

Навоий

номидаги

ТошДЎТАУ

профессори, филология фанлари доктори
E-mail:

islamxoja_yakubov@mail.ru

Вазирахон АХМЕДОВА,

Филология фнлари бўйича фалсафа доктори
(PhD)
E-mail: vaziraahmedova1112@gmail.com


Аннотация:

Ушбу мақолада Эркин Аъзамнинг “Сув ёқалаб” киноқиссаси мисолида

мустақиллик даври ўзбек адабиёти ва санъатида қаҳрамонлик модусининг
трансформацияга учраш жараёнлари такдқиқ қилинган.

Калит сўзлар:

киноқисса, бадиий деталь, ҳиссий идрок, полифункционаллик, бадиий

реалия, гипотетик хулоса, психоаналитик талқин, диалог, ремарка, нопластик образ,
модус, трансформация.

Аннотация:

В данной статье на примере киноповеста Эркина Азама «Хождение

по воде» исследуются процессы трансформации героического модуса в узбекской
литературе и искусстве периода независимости

Ключовые слова

: киноповесть, художественная деталь, эмоциональное

восприятие, полифункциональность, художественная реальность, гипотетический
вывод, психоаналитическая интерпретация, диалог, ремарка, непластический образ,
модус, трансформация

Abstract:

In this article, on the example of Erkin Azam's film story "Walking on Water",

the processes of transformation of the heroic modus in Uzbek literature and art of the period of
independence are studied.

Keywords:

film story, artistic detail, emotional perception, polyfunctionality, artistic

reality, hypothetical conclusion, psychoanalytic interpretation, dialogue, remark, non-plastic
image, modus, transformation

Э.Аъзамнинг аксарият киноқиссаларида инсоннинг сувга бўлган

муносабати у ёхуд бу даражада ўз аксини топган. Жумладан, “Сув ёқалаб”

1

асарида Болта Мардоннинг кўнгил ҳоллари бевосита ташналикни қондириш
истаги йўлидаги ўй-мулоҳазалар, хатти-ҳаракатлар фонида очилади.
“Забаржад” асарида эса, бош қаҳрамон отасидан айрилиб қолишидан тортиб,
шўрлик қизнинг бутун ғурбатли ҳаётию кутилмаганда чорбоғида шифобахш
булоқ пайдо бўлишигача бўлган барча жараёнлар айнан сув бадиий деталига

1

Эркин Аъзам. Сув ёқалаб

// Эркин Аъзам. Танҳо қайиқ. Киноқиссалар. Шарқ НМАК Бош таҳририяти, – Т.

2017. – Б. 9-42.


background image





7

боғланишини кузатиш мумкин. Бинобарин, зоҳиран унчалик аҳамиятсиздай
туюлган сув деталига дахлдор барча тафсилотлар ўзига хос ғоявий-бадиий
юк ташийди. Ҳиссий идрок қилиш мумкин бўлган даражада предметлашиб,
характерларнинг узвий бўлагига айланади. Демак, бадиий воқелик яратиш
воситаси сифатида намоён бўлади.

Дарҳақиқат, “Сув ёқалаб” асарида ифодаланган сув боғ-роғларнинг

ташналигини қондирувчи жўн деталь бўлмай, полифункционал табиатга эга
экани билан эътиборимизни тортади. Унинг ортида замондошимиз маиший
турмуш тарзи – бадиий реалия мавжуд. Ёзувчи детални биринчидан, бадиий
ҳаракат, портрет, пейзаж тасвири, ҳаётий вазият-ҳолатларни жонлантириш,
руҳий ҳолатларни ишончли далиллаш мақсадида қўллайди. Бу ўринда бадиий
деталнинг психологик функцияси ёрқин намоён бўлади. Иккинчидан, деталь
воқеликни тўлақонли тасвирлаш, фикр-туйғуни тўлдириш, экспрессивликни
кучайтиришга хизмат қилдирилган ўринларда унинг умумлаштирувчилик
функциясидан фойдаланилади. Учинчидан, адиб китобхон диққтини сув
деталига йўналтириш орқали унинг рецептив установка бериш функциясига
мурожаат қилади ва асарнинг ишонтириш кучини янада орттиради.

“Сув ёқалаб” асарида зоҳир кўзи ожиз, юзлари чечак касали

асоратидан бужир тортган, аммо кўнгил нигоҳи тийран мўйсафид образи
эътиборимизни тортади. Чунки мазкур қаҳрамон асардан-асарга кўчиб
юради. Жумладан, биз уни “Эркак” фильмида ҳам учратамиз. Кекса
донишманд, эътиқоди бутун, эътиборли зот – Ҳамро бобо Болта Мардоннинг
ота қадрдони. Уни асарнинг икки ўрнидагина учратамиз. Биринчисида, Болта
Мардон ўғиллари билан сув ёқалаб қулоқбошига бораркан, унинг йўли
муроқаба ҳолатида ўтирган Ҳамро бобонинг супаси ёнидан ўтади. Чунки
тунда нохуш туш кўрган ва марҳумлар руҳини шод этиш истагида бўлган
раисни ички симтомлар шу манзил томон бошлаб келади. Раис кенжа ўғли
орқали Ҳамро бобога пул берганида унинг юзларида жилмайишга ўхшаш
беписанд ва истеҳзоли ифода зоҳир бўлади. Албатта, раис бу юз
ифодасининг маъносини илғамай қолмайди. Икки ўртада шундай суҳбат
бўлиб ўтади:

Ҳамро бобо:

– Буни нима қилай, раис?

Болта Мардон:

Хўрозқанд олиб ейсиз, Ҳамро бобо! Кеча денг,

раҳматли отам, ошнангиз, тушимга кирибди. Бир тиловат қилиб қўярсиз.
Ирими-да.


background image





8

Ҳамро бобо:

Тиловат иримига эмас, чин ихлос билан қилинади,

раис!

Болта Мардон:

– Биламан, биламан. Биз сизга ишонамиз-да, Ҳамро

бобо.

2

Биз образларга бўлиб келтирган юқоридаги диалогда неча йиллар

қишлоқда довруқ солиб, даврон сурган, ёши олтмиш бешга етганига қарамай,
ҳамон она замин ва ташналикдан ўртанаётган дов-дарахтлар билан тиллашиб,
Худонинг шу яратиқларига жони ачиганидан сув ёқалашни ўзига ор билмай,
йўлга чиққан Болта Мардон ва Ҳамро бобо эътиқод даражаси қиёслангандай
бўлади. Англашиладики, у раислик ва фирқалик нуқси ургани учун чолнинг
кесатиқларига “Хўрозқанд олиб ейсиз”

дея бир оз зарда билан жавоб беради.

Унинг сиз ҳам юзимга соляпсизми? қабилидаги бу нолиши Ҳамро бобонинг
кўнглини юмшатмайди. Шунинг учун ҳам у ихлоснинг самимий ва дилдан
бўлишидан сўз очади.

Болта Мардон имконсизликда кечган умридан озурда. Одамлар уни

тушунишларидан, Худо билиб-билмай қилган саҳв-хатоларини кечиришидан
умидвор. Демак, у ўз ўтган умрини сарҳисоб қилароқ, имкон қадар савоб
амаллар қилишга интилаётган амалиёт одами. Шу боис, умр шомида унинг
руҳий ҳаёти латифлаша боради. Собиқ раиснинг одоб доирасидаги шижоати
Аллоҳнинг улуғлиги, ажру савобнинг муқаррарлигини ҳис қилгани, яхшилик
сари интилганидан дарак беради.

Болта Мардоннинг Ҳамро бобога ихлоси эса бир жиҳатдан,

авлиёсифат бу мўйсафиднинг ота қадрдон экани, қолаверса чолнинг кўнгли,
сўзи ва амали ўзаро уйғунлиги ҳавас қилиши билан изоҳланади. Бу ҳол, айни
муаммонинг ижтимоий-маънавий илдизларини тафтиш этиш, хусусан
шўронинг ишига аралашмаганида, унинг худосизлик сиёсати залвари остида
муттасил таҳлика билан яшамаганида Болта Мардон ҳам эҳтимол Ҳамро
бобо сингари тақводор одам бўлиши мумкин эди, -деган гипотетик тўхтамга
келишга имкон беради.

Албатта, бу эҳтимолий талқинга эргашиш киноқисса бадиий матнига

зуғум ўтказиш бўларди. Чунки Болта Мардон ўзи тўғри деб билганларини
ҳамиша ҳам очиқ-ойдин айтолмади. Шўронинг ғазабидан қўрқиб, буюрилган
ишларни сўзсиз бажарди. Гарчи унинг қалбидаги нур сўнмаган, ҳеч қачон

2

Эркин Аъзам. Сув ёқалаб

// Эркин Аъзам. Танҳо қайиқ. Киноқиссалар. Шарқ НМАК Бош таҳририяти, – Т.

2017. – Б. 12-13.


background image





9

виждонига қарши бормаган бўлса ҳам, пировардида айрим кишиларнинг
маломатларидан ҳам қочиб қутула олмади. Аммо бир мўмин сифатида
ҳамиша ўз хатоларини тан олди. Мағфиратли ва раҳмли зотни эслаб надомат
чекди, истиғфор айтди – умидини зинҳор сўндирмади.

Демак, киноқиссада психоаналитик талқин унсурлари кузатилади. Бу

ҳол Болта Мардоннинг ўз руҳи ва виждони ўртасидаги курашдан келадиган
руҳий мусаффоликни ҳис қилишида бўй кўрсатади. Э.Аъзам асарда Ҳамро
бобо ва Болта Мардоннинг қуйидаги мулоқотини келтиради:

Ҳамро бобо:

“ – Хизр алайҳиссалом билан Мусо алайҳиссалом бир

ёққа кетаётиб эдилар. Хизр алайҳиссаломнинг қўлларида қорни ёриб
тозаланган, тузланган бир балиқ бор экан. Шу нимарса ариқдаги сувга
тушиб кетибди-ю балиқ жонланиб, кўзлари шартта очилибди! Хўш,
бунисига нима дейсиз?

Болта Мардон:

– Худонинг қудрати-да.

Ҳамро бобо:

– Шундай, шундай. Сув келтиргану сувни кўрганнинг

йўли ойдин бўлади, раис. Сув – ёруғлик. Ҳув нақлдаги “Яхшилик қилгину сувга
от – балиқ билар, балиқ билмаса – холиқ билар” деган гаплар қофияси
учунгина айтилмаган!

Болта Мардон:

– Бўлди, бўлди, энди тушундим, -

дейди Болта Мардон.

Чол қўлидаги қоғозни беписандгина ёнбошига ташлаб, дуога қўл очади:

Ҳамро бобо:

– Умрингизга барака берсин, Болтабой, омин!”

3

Ривоят ва нақллар билан зийнатланган самимий суҳбат-мулоқтнинг

лирик ҳарорати, донишмандона руҳи, илоҳий мазмуни киноқиссанинг таъсир
кучини оширган. Айни пайтда, ундан дунё молига зинҳор меҳр бермаган
Ҳамро бобо (ремаркадаги:

“Чол

қўлидаги қоғозни беписандгина ёнбошига

ташлаб, дуога қўл очади”

деган изоҳни эсланг. В.А

.

) ички бир туйғу билан

кечаги нохуш тушнинг ишорвий мазмунидан ташвишда эканини ҳам илғаш
мумкин. Унинг фотиҳа асносида Болта Мардонга: “

Умрингизга барака

берсин, Болтабой, омин!”

тарзида

узоқ умр тилаши бежиз бўлмай, мўйсафид

инсон умрининг елдай келиб, селдай кетиши, фоний дунёнинг барча ғавғоси
ўткинчи эканини яхши билади.

Сув ёқалаб қайтишда Болта Мардоннинг йўли яна ўша мўйсафид

супасининг ёнидан ўтади. Икки ўртада шундай суҳбат бўлиб ўтади:

3

Эркин Аъзам. Сув ёқалаб

// Эркин Аъзам. Танҳо қайиқ. Киноқиссалар. Шарқ НМАК Бош таҳририяти, – Т.

2017. – Б. 13.


background image





10

Ҳамро бобо:

– Бахайр, Болтабой! Мурод ҳосилми ишқилиб?

Болта Мардон:

– Бир нави, Ҳамро бобо!

Ҳамро бобо:

– Хотиржам бўлинг, бўтам, ўқилди. Худо хоҳласа,

ижобат бўлгай!

Болта Мардон:

– Қуллуқ, қуллуқ.

Ҳамро бобо:

– Бу дейман, сувлар ҳам энди бир-бирига қўшилиб-

аралашиб кетгандир-а Болтабой?

Болта Мардон:

– Нима деганингиз, бобо, тушунмадик-ку?

Ҳамро бобо:

– Баҳри уммонга қуйилганда ҳам аралашмайдиган

жаннат сувини айтаман-да. Орада ҳарирдек бир нимарса бўлармиш –
қўшилмоққа, айнимоққа қўймасмиш шу. Агар аралашса, билингки, рўзи
қиёмат яқин! Эски китобларда шундай ёзилган, тағин ким билсин!

Болта Мардон:

– Бўлса бордир, ким билсин!”

4

Кўринадики, Ҳамро бобо ваъдасида собит, ҳамма нарса Худонинг

хоҳиши билан содир бўлишига ишончи мустаҳкам. Шу боис, Болта
Мардонни руҳий хотиржамликка ундаб, мутлоқ қодир куч марҳаматидан
умидворликка даъват этади. Борлиқнинг яралиш жараёни ва Аллоҳнинг буюк
қудрати, яъни инсоннинг куч-қудрати етмайдиган мўъжизаю далиллар,
ҳикмату сирларга эътиборини қаратади. Ажойиботларнинг барчаси яратувчи
хоҳиш-иродасига биноан тузилган режа ва қатъий низом орқали амалга
ошишига алоҳида урғу бериб, Болта Мардон бир умр эргашган
моддиюнчилик қарашлари асоссиз эканини уқтиради.

Кўринадики, мустақиллик даври ўзбек адабиёти, хусуан драматургия

ва киноқиссачилиги эришган ютуқлардан бири, шўро даври адабиёти табиий
илмларгагина таяниб, материалистик нуқтаи назардан хурофот ва афсона деб
қараган исломий ақийдаларга қайтиб иш кўра бошлагани, иймонни таянч
нуқта деб билганида намоён бўлади. Зотан, материалистлар ўлимдан сўнгги
ҳаётнинг йўқлиги ҳақида кишилар қалбига сочган заҳарли ғоялар ҳавойи
нафс ва шаҳват учун кенг йўл очган, мислсиз ижтимоий иллатлар ва бедаво
дардга айланиб, инсониятни йўлсизликка гирифтор қилган, маънавий
тубанлик чоҳига бошлаган эди.

Дарҳақиқат, моддиюнчилик фалсафаси инсониятнинг қалбидаги одоб,

ахлоқ, иймон, эътиқод, қадрият сингари пок тушунчаларни ифлослантирди.

4

Эркин Аъзам. Сув ёқалаб

// Эркин Аъзам. Танҳо қайиқ. Киноқиссалар. Шарқ НМАК Бош таҳририяти, – Т.

2017. – Б. 37.


background image





11

Бутун эътиборнинг моддий дунёга қаратилиши, фақат зоҳирий оламни
мақсад деб билиш замин ва замонни ҳалокат ёқасига келтириб қўйди. Ўз
эътиқод-маслагига эга шахслик туйғусининг қайта тирилиши миллат
руҳининг маънан уйғониши эди. Чунки:

“Руҳ инсондаги энг олий нарсадир ва

ўзининг олий манбаси билан боғлиқ эканини доимо сезиб туради. Руҳ инсонда
ахлоқ қонунини вужудга келтиради... Руҳ инсонни инсоний заифликдан олий
бир даражаларга кўтара олиши билан ўзининг борлигини билдириб туради...
Моддани ҳаракатга келтирувчи нарса ҳам руҳдир.”

5

Англашиладики, Э.Аъзам жамият тарихининг яқин етмиш уч йиллик

даврига назар солар экан, йўл қўйилган энг катта иллатлардан бири бу хилма-
хил кўринишдаги шахсга сиғиниш ва унга мутъелик одати

бутун-бутун

халқларни темир исканжасида тутиб, умумтараққиётни издан чиқарган улкан
тўғаноқ бўлганини кўрсатишга интилган. Адиб Ҳамро бобонинг Қуръони
карим оят-белгиларида келувчи ҳаёт сирлари ҳақидаги илоҳий ҳақиқатларни
унутган, тафаккур кўзи ожиз қавм кўпайиб бораётганидан озурда бўлаётган
кўнглини очиши бежиз эмас. Киноқиссада нафс бандаси бўлиш ҳам Аллоҳга
ширк келтириш турларидан бири экани, мансаб ва мол-дунёга меҳр қўйиб,
Аллоҳнинг зикридан чалғиган Самар раис, Болта Мардоннинг тўнғич ўғли
Амирбой ва унинг хўжайини Алишер каби гумроҳлар мисолида очилади.

Ҳамро бобо ўз суҳбатдоши Болта Мардоннинг ишонч ва иймонини

мустаҳкамлашда исломдаги ақл ва нақлни ишга солиш услубини қўллайди.
Дунёвий ҳаётдан қониқмаган иймонли мўйсафид қалбида табиий равишда
қиёмат кунининг ҳақлиги, қайта тирилиш ҳамда ҳисоб-китоб муқаррарлиги
ҳақидаги нақлий ва ақлий далиллар бўй кўрсатади. Фоний дунёда қилинган
эзгу амаллари самарасидан баҳрамандликни англаши натижасида, ундаги
қониқмаслик ҳисси теран қониқиш туйғуси билан алмашинади. Хуллас,
юқоридаги нутқий мулоқотлар тарозига солинадиган бўлса, шайн Ҳамро
бобо палласи томон оғиши, бу қарамон қарашлари ортида эса, нопластик
образ

Э.Аъзам турганини эътироф этишга тўғри келади.

Биз Болта Мардонни асарнинг бошидаёқ девқомат ва важоҳатли, аммо

эгнида узун оқ яктак ва қўлида мис обдаста тутган қиёфада учратамиз.
Киноқиссани ўқишга киришар эканмиз, бош қаҳрамон тушида ота руҳи
билан юзлашиши ва фарзанди қилмишларидан норизо қиёфада намоён

5

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Иймон. Шарқ НМАК Бош таҳририяти, – Т.2006. – Б.176-177.


background image





12

бўлган отанинг Болта Мардонни инсофсизликда айблаши қандайдир
нохушликка ишора эканини илғагандай бўламиз. Қизиғи, бу танбеҳ бош
қаҳрамоннинг йигитлик даврига қаратилади. Шунга қарамасдан, ота руҳи
гинахонлик қилишига арзийдиган жўяли далилни дабдурустдан топа
олмаймиз. Лекин, атрофида исми жисмига монанд Мусаллам ая мудом
парвона, ўзи эса таҳорат олишу намоз ўқишни одат қилган иймон-эътиқодли,
саранжом-саришта киши қандай ноинсофлик содир этганини билишга бўлган
қизиқишимиз ортади.

Айни пайтда, Мусаллам аянинг туш таъбиридан юраги орқага тортиб,

қўлидаги обдастани тушириб юбориши, идишнинг қопқоғи шарақлаб очилиб,
ичидаги сўнгги томчилар тўкилиши, сувсизликдан ўртанган ернинг тарс-тарс
ёрилиши, боғдаги айрим дарахтлар хусусан, ўз умрини яшаб қариган
баҳайбат тут барг ташлаб, тепа шохлари қувраб-қовжираб қолгани сингари
инсоний хатти-ҳаракат ва пейзаж манзаралари ишора қилувчи нохуш
белгилар ҳам китобхонни анча сергак торттиради. Боз устига, Тошкентда
аспирантурада ўқийдиган кенжа ўғил Ботир ҳам аммаси Майрам беванинг
қизига уйлантириш ниятида чақиртирилган. Тўнғич ўғил Амир замон
тақозосига кўра врачлик касбини ташлаб бензинфурушликка ўтиб кетган.
Қишлоқ одамларини турмуш ташвишлари ва ишсизлик қийнайди. Аксарият
ёшу қари бекорчиликдан чорпояда ҳагамалашиб ўтиради, болалар эса копток
тепиш билан оввора.

Ичимлик сув ҳам гузардаги ягона қувурдан ташиб келинади. Э.Аъзам

таъкидлаганидай: “Бундай манзил ҳар қишлоқ, ҳар гузарда топилади” (14-б.)
Англашиладики, сув танқислиги қишлоқ одамлари моддий-маиший турмуши
ва иқтисодий аҳволига сезиларли таъсир этган. Улар сув ундириш
масаласида амалдаги раис ва унинг уч марта қамалиб чиққан тоғаси
тақсимотчи-мироб Ўрин Жагадан қўрқишади. Хуллас, қишлоқда фуқаро арзу
додини эшитадиган қулоқ ҳам, арбоб ҳам йўқ. Болта Мардоннинг эса “даври
ўтган”.

Хўш, у ўз даврида қандай эзгу ишлар қилишга улгурган? Бу саволнинг

жавоби йўл хронотопи орқали очилади. Жумладан, қулоқбошининг
хўжайини сув учун ўзгалар билан отишиб-чопишишга ҳозир турган Ўрин
Жаггадай одам Болта Мардонга сув бермасликни кўрнамаклик деб билади.

“Ўрин Жагга кутилмаганда белкуракни бир ёнга улоқтиради-да, Болта

Мардонни қучоқлаб олади:


background image





13

Сизга йўқ деб бўладими, раис бобожон! Кўр бўламан-а! Охирги сафар

сиз орага тушмаганингизда, турмада чириб кетардим.”

(17-б.)

Ўринбой бу ишни Болта Мардон

ҳадялари учун эмас, балки Самар

раиснинг иш тутимини маъқулламаслиги, инсоний файздан мосуво жияни
ҳурмат қилишга муносиб эмаслиги учун ҳам қилади. Чунки Самар раис
бутун сувни адир этагидаги ўғринча экинзорига оқизиб қўйгани, бинобарин
давлатни ҳам, халқни ҳам алдаётган ўғри

“мишиқи”, “жипириқ” эканини

яхши билади. Болта Мардоннинг ўртанча ўғли Қодир ва ширакайф Ўрин
Жагга ўртасидаги диалог фикримизни далиллайди:

Ўринбой:

– Қолган сувниям ағдариб берайми? –

дейди Ўрин Жагга

мардликдан жўшиб.

Қодир:

– Йўғ-э, раис кепқолса!... Макказорга кетаётган экан ўзи...

Ўринбой:

– Макка эмиш! Давлат эмиш! Ўзининг ҳув адир этагидаги

ўғринча экинзорига оқиб ётибди, билдинг! Бобойларнинг даври бошқача эди,
братан, бошқача! Сенлар билмайсан – салагасанлар-да. Болта Мардон деб
қўйибдилар. Болта Мардон! Дамида ош пишарди-я! Сув-ку сув, керак бўлса,
жонимни ҳам беришга тайёрман мен бу одамга!...”

(20-б.)

Кўринадики, Ўринбой ноҳақлик, хиёнат ва ўғирликни зинҳор ҳазм

қила олмайди. Бундай нохуш ҳолни кўрганида қўлига эрк беради ва шунга
яраша жазосини олади. Болта Мардон раислик қилган кезлари уни мардона
ҳимоя қилган, муаммони ижобий ҳал қилишга ҳаракат қилган экан, аслида
ҳақиқат ва адолатни барқарор этган, инсофли ва диёнатли инсон экан -деган
хулосага келиш мумкин. Сувнинг ўзигача етиб борадиган миқдорига
кўнганидаёқ бу фазилатининг бир учи кўринган эди. Собиқ раис ҳовли-
томорқа, боғ-боғот оралаб, сув ёқалаб бориши асносида бу фикр янада
қувватланади. Жумладан, Болта Мардон сувни эгатига сўроқсиз бурган
гуноҳкор йигитни кечирибгина қолмай, қақраб ётган ерига сув бермасликни
ҳам гуноҳ деб билади.

Бинобарин, ўзи эҳтиёжманд бўлишига қарамасдан, Аллоҳ ато этган бу

неъматни имкон қадар инсоф билан тақсимлайди. Эски ўғри

Бозорбой

сариқ каби тайёрга айёр, ялқов ва доғули кимсаларга эса, бир қатра сув
беришни ҳам хайф деб билади. Ёшига қараб сув тақсимлаб, овсинларни
муросага келтиради. Омонбойнинг таъзиясини босиб ўтолмайди.
Марҳумнинг ўғли ўн беш йил олдин отасини машинада Термизга обориб,
ўлимдан олиб қолганини эслатганида буни элас-элас хотирласа ҳам, бир


background image





14

замонлар қилган ўша хайрли иши билан мақтанмайди. Ҳатто ўзини ўша
воқеани эслай олмагандай тутади. Чунки раис элга бош эканида бундай эзгу
ишларни ҳар қадамда қилганки, қайбири билан мағрурлансин. Зотан, Болта
Мардон эҳтиёжманд бир мўминни беғараз қўллагани билан зинҳор
ғурурланмайдиган одам.

Таъзиягирлардан бири раис “отда юрган” кезларида сув муаммосини

ҳал қилолмаганини юзага солганида ҳам, Болта Мардон индамай секин уҳ
тортиб қўяди. Шубҳасиз, кенгфеъллик билан ичга ютилган ўша дард наинки
Болта Мардон, балки шу типдаги собиқ раҳбарларни изтиробга солувчи
улкан армон эди. Зотан, ўша кезлари юқоридан бесўроқ ҳеч иш
қилолмаслиги, ўзича бирор юмушнинг этагидан тутган раҳбар ходим
кечирилмаслигини ҳар бир касга бирма-бир изоҳлаб, ўзини оқлашни Болта
Мардоннинг виждони қабул қилмайди. Шунинг учун бу хусусда сўз
кетганида оғир хўрсиниб, вазмингина бош ирғаб қўяди. Болта Мардон юзида
акс этган синиқ кулгу ва бефаросат суҳбатдошига қарата: “

– Халқ қийналсин,

халққа ёмон бўлсин, кейин бир куни бизни лаънатласин деганмиз шекилли-да

тарзидаги захарханда ва кесатиғи маъносини таъзиядаги ҳамма ҳам англаб
етолмайди. (26-б.) Ваҳоланки, ўша маломат ва таъна тошлари Болта Мардон
учун айни дамда ўлимдан-да оғир эди. Чунки ўрни келганида ўғлини
аямайдиган раис, халқ ичида ўз ўтмиши ҳақида шундай норасо гаплар
юрганидан хижолатда, қисмат савдосига чора тополмаганидан ожиз ва
бетадбир эди. Бинобарин, турли томондан бемаврид отилган таъна, афсус,
надомат пайконлари унинг шаштини сусайтирибгина қолмай, қазосини ҳам
яқинлаштиради.

Болта Мардон руҳан ва жисмонан беҳад чарчаган бўлишига қарамай,

қизи Зулфиянинг ҳовлисини четлаб ўтолмайди. Чунки отанинг безовта
кўнгли уни шу манзилга бошлаб боради. Гарчи қизи ўз турмушидан заррача
нолимаса ҳам, уни кўнгли тиламаган кишига узатиб, бебахт қилган ота
қалбини оғир айбдорлик ҳисси эзаверади. Шунинг учун Зулфия таъбири
билан айтганда: “муртини болта кесмас ака-укалар” эмас, жигарбандини
соғинган меҳрибон ва ғамхўр ота унинг ҳолидан хабар олади, рўзғорининг
кам-кўстини бутлайди. Ота-боланинг бир-бирига меҳр-шафқат назари билан
қарашлари, Зулфиянинг аччиқ қисматига кўниб, шукрона билан яшашию, ота
безовта қалбининг изтироблари наинки миллий бўёқлари, балки


background image





15

умуминсоний моҳияти билан ҳам китобхонда чуқур ҳамдардлик уйғотади.
Юрагини ҳаприқтириб, ўпкасини тўлиқтиради.

Профессор Ҳамидулла Болтабоев:

”Структурал поэтикада модель

тушунчаси бор. Модел ёзувчининг ҳаёт ҳақидаги тахайюли, тасаввури, у
катта ҳаёт моҳиятини кичик парчада кўради, кўрсатади. Ёзувчи
талқинидаги ҳаётнинг бир парчаси бизга катта ҳаёт ҳақида тасаввур
беради, уни англатишга хизмат қилади,”-

деб ёзади.

6

“Сув ёқалаб” киноқиссасида кичик-кичик манзиллар бўйлаб кечувчи

йўл хронотопи ҳам тириклик синоати ва макон ҳақидаги тасаввурларимизни
тўлдиради. Композицияда давр ва шахс фожиасининг кўламини кенгайтириб,
моҳиятини янада чуқурлаштиради. Болта Мардон руҳияти поэтик таҳлили
жараёнида унинг кўнгли тубидаги армонлар бирин-кетин бўй кўрсатади.
Уларнинг ботинга чўктирилиши туғдирган асоратлар эса, қаҳрамон руҳий ва
жисмоний ҳаётини интиҳо сари етаклайди.

Одатда, ёшлар истиқбол умидлари билан олға интилсалар, кексалар

ҳаётий тажрибаларига таяниб, хотиралар уммонига шўнғиб, ўз-ўзини тафтиш
этиб, абадий макон сафарига ҳозирланиб, тазарру оғушида яшашади. Ана шу
мотивлар йўл хронотопини ҳам хусусий, ҳам умумий жиҳатдан фарқлашни
тақозо этади. Бу эса, алоҳида одам қисмати билан боғлиқ мини, инсоният
тарихи ҳамда тамаддунига дахлдор мега тасвирларни юзага келтиради. Айни
масалага муносабат юбилдирган адабиётшунос олима Умида Расулова:

“Киши зоҳиридаги йўл, тутум, маслак, қарорни ҳис қилмоғи, англамоғи асар
таъсир қувватини мустаҳкамлайди. Қисмлар жамланиб бутунни ҳосил
қилар экан, йўл хронотопи бақодан фанога қадар идрок этиладиган адабий
тушунча бўлиб қолаверади

7

,-деб ёзади.

Бинобарин, йўл хронотопи Болта Мардон интеллектуал салоҳияти,

иймон-эътиқоди, сабр-қаноати, тавба-тазарруси, тафаккурини банд этган
фикр-ўйлари ва ҳаётий маслагини ягона фокусга жамлайди. Киноқиссанинг
маҳзун ва сокин ритми эса, бизни ғоят мураккаб даврда яшаган бир
инсоннинг ҳаёт сабоқлари мисолида ижтимоий муҳит, янада кенгроқ
маънода, фано ва бақо ҳақидаги фалсафий мушоҳадалар сари етаклайди.
Чунки Э.Аъзам Болта Мардоннинг умр йўли тасвирига диний ҳукмлар ва

6

Болтабоев Ҳ. Теранлик. Адабиётимиз фахри. –Т.: Ўзбекистон, 2007. – Б.212.

7

Расулова У. ХХ аср ўзбек қиссачилиги (поэтик изланишлар ва тараққиёт тамойиллари)

Филол.фан.доктори..дисс. – Т.:2020. – Б. 182.


background image





16

дунёвий тасаввурларни сингдириб юборган. Шунинг учун, йўл хронотопи
ишоравий, рамзий-мажозий мазмун, фалсафий-эстетик маъно ташиб
асарнинг

миллий

ва

умуминсоний

даражасини

юксалтиради.

Персонажлараро муносабатлар ва бош қаҳрамон зоҳирий ҳамда ботиний
ҳаракатларининг динамикасини таъминлайди.

Болта Мардон сувда оқиб келган мактуб ўртанча ўғли Ботирга

тегишли эканини ички туйғу билан илғаса ҳам, рашкчи хотинни тинчитиш ва
бир оила тинчлигини сақлаш учун: “Мен ёзганман буни!” -дея “айби”га
иқрор бўлади:

– Иби, раис бобо, ростданми?-

дейди бадрашк хотин бирдан

бўшашиб.

– Сиз?... Уят бўлмайдими?

Яхши кўриш уят эканми? Нима, мен одам эмасманми?

”-дейди

собиқ раис. Шу тариқа қаҳрамон – ОДАМнинг ички, ўта шахсий дунёсига
кўз ташлаш учун ҳам йўл очилади. Э.Аъзам Болта Мардон қалбининг
муҳаббат туйғуси билан боғлиқ баланд-пастликлари, орзу-армонларини
тафтиш қилиб, одам боласининг бу қадар мураккаб яратиқ экани, олам эса
шунчалар гўзал ва ҳаётий ҳикматларга тўла эканини кашф этади. Муҳими,
асар муқаддимасида Болта Мардон кўрган тушнинг моҳияти ҳам худди шу
нуқтада очилади. Зотан, сценарист бадиий-эстетик концепциясига кўра инсон
нуқул ижтимоий-сиёсий жараёнларга боғлиқ ҳодиса эмас. Аниқроқ айтганда,
ижтимоий мавжудот бўлмиш одамнинг қалби муҳаббат туфайли тозаради ва
маънан юксалади.

Аслида, воқеабанд сюжет тугунидаёқ туш мотиви воситасида

муҳаббат линияси учун уруғ қадалган, сюжет ички ҳаракат динамикасига
асослангани учун унчалик бўртиб кўринмаётган эди. Албатта, Болта Мардон
кўнгли интим муҳаббат билан лиммо-лим тўлган эди, дейиш қийин. Лекин
одам ва олам муаммоларини тафтиш этаётган қалб бу нафис ва боқий
туйғудан бегона ҳам эмасди. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун ёши
ўтинқираганига қарамай, ҳануз навжувондай хипчабел Шарофат аянинг
деворлари емирилиб нурай бошлаган ғариб ҳовлисига бир қур назар ташлаш
кифоя. Болта Мардон букри беҳига отини боғлаб, ҳовли-чорбоққа эшикдан
эмас, балки ёшига ярашмаган бир чаққонлик билан девор кемтигидан ошиб
ўтади. Бева аёл уни кўрганида ўзини йўқотиб қўяди. Унинг қўлидаги кўзаси
тушиб кетгани етмагандай, бутун жисми-жони сесканиб, анча шошиб қолади.
Шунга қарамасдан, бегона эркак олдида рўмолининг учи билан оғзини тўсиб


background image





17

олишни унутмайди. Киноқиссада нарса-ҳодисалар бежизга емирилиш,
нураш, ғариблик, букрлик, кемтиклик, ёлғизлик каби белги-сифатлари билан
таърифланмамаган. Зотан юқоридаги анъанавий эпитетларнинг аксарияти
замирида икки ўртадаги муносабатларга аниқлик киритувчи метафорик
ишоралар, тасвир жонли, эстетик таъсирчан бўлишини таяминловчи ментал
характердаги изоҳлар мужассам.

Дарҳақиқат, хароб аҳволдаги боғ мажозий моҳиятда бефарзанд ва

бенаво беванинг қалбини тамсил қилиб келади. Мўмин-қобилгина эридан
ажралганига деярли беш йил бўлган Шарофат ая ҳам, Болта Мардон ҳам умр
сувдай тез оқиб ўтиб, вақт аллақачон бой берилганини яхши билишади.
Лекин ўртада икки кўнгил тубига чўккан улуғ армонлар бор. Э.Аъзам тақдир
бир-бирининг дийдоридан айирган икки қалб армонли умри ва кўнгил
ҳолларини лойсупанинг қоқ ўртасида униб-ўсиб, кўкка бўй чўзган баҳайбат
тут ва унинг ғор оғзидай очиқ каваги, иккига айрилган танаси мисолида
рамзлар ёрдамида ифода этади. Ёш санъатшунос Шоҳрух Абдурасулов
айтганидек:

“... рамзлар, тагматндаги фалсафа фикрловчи инсонни руҳан

юксалтиради, ҳаётнинг кўз илғамас ҳақиқатлари, теран моҳиятини
англашга, тафаккур қилишга чорлайди.”

8

Болта Мардон эътиқодий тийиқлик, ахлоқий саришталик, маънавий

улуғлик сабаб бир умр қисматидан қочиб, кўнгил истакларини жиловлаб
яшаган ва бу ҳовлига мутлақо қадам қўймаган эди. Лекин қисматдан қочиб,
ҳам, кўнгилга қарши бориб ҳам бўлмас эканки, гарчи умр шомида бўлса ҳам,
улар яна учрашиши, бир умр изҳор этилмаган тилаклар айтилиши керак эди.
Зотан кўнгилда армон билан яшаш мумкин бўлгани ҳолда, бу юк билан
зинҳор ўлиб бўлмаслиги ҳам қисмат дафтарига битилган:

“ – Шу қишлоқда мен кирмаган, мен кўрмаган ҳовли-жой йўқ деб

юрардим. Ажабки, бу уйга бирор марта бўлсин қадам босмаган эканман.
Худди балоси бордай, қочиб ўтардим-а...

Жанозасига келди деб эшитиб эдим-ку?

Келганман, келганман. Дарвозахонадан қайтиб кетиб эдим.

Бунинг устига, худойим бизни тирноқдан ҳам қисди денг. Эл-

улусга бундай бир тўй-маърака ҳам қилолмадик... –

ҳасратлари эскиб

битганми, аёл бирдан чеҳраси ёришиб, орзумандлик билан сўрайди:

8

Абдурасулов Ш. “Танҳо қайиқ” ҳайратлари. –

http://notiq.uz/ru


background image





18

– Кенжангизни уйлантирдингизми, ака? Боя кўриб эдим, сув ёқалаб

юрган экан. Бир йигит бўптики!...

Болта Мардон унга ўқдек тикилади:

Шу бола сеники бўларди, Шарофат...

Аёл титрагудек бўлиб ўрнидан туради.

Гапирманг, ака, гапирманг!

Тузингга рози бўл, Шарофат. Мана энди армоним қолмади.”

9

Ажабки, шунча йил элга бош бўлган, учта навқирон ўғил ва битта қиз

фарзанд кўрган, вақтида тўйлар тўйлаган, кексайганида ҳам бировдан кам
жойи йўқ Болта Мардондай одамнинг ҳам қалби кемтик экан. Шарофат ая
эса, худо тирноқдан қисганига қарамай, мўмин-қобил бир эркак билан аҳил-
иноқ умргузаронлик қилган. Раҳматлининг муқаддас руҳини чирқиллатмай,
ҳануз шу табаррук хонадон чироғини ёқиб келяпти. Лекин, кўнгил тубига
чўккан ҳасратлар шу қадар чуқурки, у ақлга бўсунмас даражадаги
саркашликлар сари етаклашга қодир. Акс ҳолда, беш йил муқаддам Болта
Мардон раҳматлининг таъзиясига келганидан тортиб, айни кунларда
кенжасини уйлаш тараддудида юрганию Ботир кўзни қувнонтирадиган йигит
бўлиб улғайганигача Шарофат аянинг кўз остида, кўнгил ардоғида бўлмас
эди.

“Сув ёқалаб” асарини синчковлик билан кузатган профессор Умарали

Норматов тўғри таъкидлаганидек киноқиссада:

“Болта Мардоннинг тушда

ва ўнгда Шарофат билан мулоқотларига оид лавҳалар латиф бир лирик
тарзда таъсирчан ифодаланган... У дунёдан армон билан ўтаётир.
Умрининг поёнида шу армонини, кўнгил асрорини энг яқин кишиси – ўз
зурриётига очади, зурриёти, қолаверса, авлодлар учун бу чигал қисмат бир
сабоқ бўлишини истайди... “

10

Бизнингча, Болта Мардоннинг тушида, ота

руҳи айнан Шарофат ая хонадонидаги тут дарахтига ишора қилиб, уни
“ноинсоф”ликда айблаши бежиз эмас. Чунки ота руҳи ўғлининг кўнглига
қарамай уни уйлаб қўйганидан безовта, Болта Мардон эса, йигитлик
кезларида отасига кўнгли тилаган қиз борлигини айтмагани, айтолмаганидан
озурда кўринади. Буни чуқур англаган Болта Мардон шу хатони
такрорламаслик, демак бақо оламида руҳи хотиржам бўлишини истайди:

9

Эркин Аъзам. Сув ёқалаб

// Эркин Аъзам. Танҳо қайиқ. Киноқиссалар. Шарқ НМАК Бош таҳририяти, – Т.

2017. – Б. 34-35.

10

kh-davron.uz/kutubxona/uzbek/erkin-azam-ijodi.html


background image





19

“ – Ботир, гап бундай: шу аммангнинг қизига кўнглинг бўлмаса, очиқ

айтавер, тўй қолади! Бирон карми, кўрми топилар унгаям.Кўнглигга қара,
болам! Лекин уйлансанг, шундай бировини топиб хотин қилгинки, сира-сира
жонигга тегмасин! Неча йил ўтса ҳам! Буниси энди ҳар кимгаям насиб
этавермайди, албатта. Бўлмаса, бу савдо – бир умрлик азоб. Шу гапим
эсингдан чиқмасин, Ботирбой!

Кенжа Ботир таажжубда қолган. Ота хомуш, сўзида давом этади:

Тағин бир гап, ўғлим. Эртага бир кун орқамда қолмасин-да. Сен

энди ёш бола эмассан, билиб қўйганинг маъқул. Нолиган – ношукур дейдилар.
Энангни айтаман-да, яхши хотин. Ювош. Мана, сенларни туғиб берди,
катта қилди. Ўзим ҳам ундан бирор ёмонлик кўрмадим. Лекин кўнгил қурғур
ҳе-еч... Билмадим – нимага...”

11

Англашиладики, Болта Мардоннинг қалби ношукурликдан холи.

Айни пайтда, у ҳаёт тажрибасидан шуни англайдики: қовушадиган
жуфтликнинг кўнгли бир бирига эш бўлишида ҳикмат кўп. Агар хотин киши
ақлли, ювош, мулойим, серфарзанд, итоаткор ва бошқа аллақанча
фазилатларга эга бўлса, албатта, бу яхши ҳол. Аммо у руҳинг қаноат ҳиссини
туйадиган ёр бўлмас экан, кўнгил хотиржам бўлолмайди. Э.Аъзам Болта
Мардонни сўнгги дамда қоронғида боғ оралаган, мункиб кетиб, қўллари
ҳавода муаллақ қолган, титраб жон таслим қилган аянчли бир ҳолда
тасвирлайди. Бу ҳол адашган банданинг умр шомида ўзини беҳад ёлғиз
сезгани, истаганини тополмаганига ишорадир.

Аслида, Болта Мардон рисоладагидай ўғиллар тарбиялаш, уларга

ўрнак бўлишни ҳам уддалай олмади. Тўнғичини дунё молига харисликдан
асрай олмаганидек, ўртанчасининг кўнгил талпинишлари билан қизиқмади.
Уни ўз билганича уйлаб қўяди. Шунинг учун катта умид тиккан кенжаси –
Ботир қисматида бу хатони такрорламасликка интилди. Бироқ унга ҳам гуноҳ
ва савоб амалларидан етарли сабоқ беролмади. Гап уқмас ўғил отасини дафн
этибоқ, унинг ўгитларини унутди. Умрнинг ўйнаб-кулиш, ҳаётдан завқ олиш
лозим бўлган палласида иқтисодий ночорлик сабаб ёлғиз қолдирилган, ўз
жисмининг инстинктив истакларини қондириш учун навқирон бир эркак
қучоғига талпина туриб, ҳатто зино йўлига кирганини тузукроқ англамаган

11

Эркин Аъзам. Сув ёқалаб

// Эркин Аъзам. Танҳо қайиқ. Киноқиссалар. Шарқ НМАК Бош таҳририяти, – Т.

2017. – Б. 35.


background image





20

бесабр жувон кулбасига йўл олди. Бинобарин, бўлғуси умр йўлдоши
Нигоранинг самимий муҳаббатига муносиб эмаслигини исботлади.

Болта Мардон вафотини фалсафий идрок этган санъатшунос Шоҳрух

Абдурасулов:

“Шу куни қишлоқнинг виждони ерга қўйилади”

12

,

- деб ёзади.

Бу ҳақиқатни тобуткашлар ичида ҳаммадан кўпроқ куюнган бир киши

Ўрин Жагга англайди. Чунки у турмуш муштларини еб, ҳаёт чиғириғидан
омон чиққан, яхшиликни қадрлайдиган киши эди.

Улкан йўқотишни юрак-юракдан ҳис қиладиган иккинчи бир вужуд

ҳам бор эдики, у кўк кийиб, аза очади. Жамиятда мутлақо ўзига тегишли
бўлмаган эркак учун аза очишни Шарофат аянинг ичида бир умр ниҳон
бўлган муҳаббат ва ардоқ ҳисларига хос кенглик ва баландлик асосидагина
тушуниш мумкин. Бахти қаро кампирнинг шижоатини ижтимоий-маиший
меъёрлар, жамиятнинг ахлоқ нормалари билан изоҳлаб бўлмайди. Чунки
жисман эришилмаган, аммо руҳан беҳад ардоқли зот хотирасига
билдирилган чуқур эҳтиром мотамсаро аёл армонлари ва қиёмат кунида
дийдорлашмоқ умидига лиммо-лим исломий мужда эди.

Зоҳиран хато ва айб иш, ҳатто марҳум эрининг хотирасига хиёнатдай

бўлиб туюлувчи бу ҳолни тушуниш учун киноқиссада трагик қаҳрамонга хос
“мен - оламда” концепцияси амал қилиши, Шарофат аянинг жамият белгилаб
берган чегараларга сиғмаслигига иқрор бўлиши, бартараф қилиб
бўлмайдиган иккиланишлар оғушида унга зид бориб, мавжудлигини ҳам ўзи,
ҳам ташқи олам учун тасдиқлатиб олишига эътибор қаратиш лозим. Трагик
қаҳрамон Шарофат ая ўз “мен”лигидан кечолмагани, мавжуд чегараларни
кенгайтириш истагини намоён этолгани учун индивидул характердир. У олам
тартиботига итоат этиб, бирор мардумнинг кўзига ташланмай яшаган
ижтимоий-ахлоқий менлигини инкор этади. Моҳиятан асл менлигини
тасдиқлайди.

Жаҳон адабиётида яратилган трагик қаҳрамонлар табиатида исён:

ўзини шафқатсиз жазолаш ёхуд жонидан кечиш каби ҳоллар кузатилади.
Шарофат ая эса, ўз кўнгил тилакларини қурбон қилган бу фоний дунёга
қарши исён қилмайди. Шу маънода, наинки замонавий ўзбек драматургияси,
балки жаҳон саҳна асарлари силсиласида ҳам Шарофат ая каби қалби умидга

12

Абдурасулов Ш. “Танҳо қайиқ” ҳайратлари.

http://notiq.uz/ru


background image





21

тўла трагик қаҳрамонни учратиш қийин. Бизнингча, бу ҳол ўқ илдизи билан
миллий заминга, истиқлол даври берган эътиқодий таянч – ислом
фалсафасига қайтиш билан чамбарчас туташади.

Наиболее читаемые статьи этого автора (авторов)

ИСЛОМЖОН ЁҚУБОВ, УМР МАЗМУНИ ВА ҲАЁТ ЗИЙНАТИ , Международный журнал теории новейших научных исследований: Том 1 № 1 (2025): INTERNATIONAL JOURNAL OF RECENTLY SCIENTIFIC RESEARCHER'S THEORY

ИСЛОМЖОН ЁҚУБОВ, Вазирахон АХМЕДОВА, ҚАҲРАМОНЛИК МОДУСИНИНГ ЭЪТИҚОДИЙ ТАЯНЧИ , Международный журнал теории новейших научных исследований: Том 1 № 1 (2025): INTERNATIONAL JOURNAL OF RECENTLY SCIENTIFIC RESEARCHER'S THEORY

Исломжон ЁҚУБОВ, Вазирахон АХМЕДОВА, ЭРКИН АЪЗАМ ИЖОДИЙ-ЭСТЕТИК КОНЦЕПЦИЯСИ , Международный журнал теории новейших научных исследований: Том 1 № 1 (2025): INTERNATIONAL JOURNAL OF RECENTLY SCIENTIFIC RESEARCHER'S THEORY

ИСЛОМЖОН ЁҚУБОВ, УМР МАЗМУНИ ВА ҲАЁТ ЗИЙНАТИ , Международный журнал теории новейших научных исследований: Том 1 № 1 (2025): INTERNATIONAL JOURNAL OF RECENTLY SCIENTIFIC RESEARCHER'S THEORY

Исломжон ЁҚУБОВ, Вазирахон АХМЕДОВА, ЭРКИН АЪЗАМ ИЖОДИЙ-ЭСТЕТИК КОНЦЕПЦИЯСИ , Международный журнал теории новейших научных исследований: Том 1 № 1 (2025): INTERNATIONAL JOURNAL OF RECENTLY SCIENTIFIC RESEARCHER'S THEORY