Замонавий энергетика тизими асосан қазиб олинадиган ёқилғилардан фойдаланишга асосланган, бу жаҳон энергия истеъмоли тузилмасида деярли 90% ни ташкил этади. Хомашёнинг жадал суръатларда ишлаб чиқарилиши атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Бу ўз навбатида экологик муаммоларни вужудга келтиради. Асосий энергия ресурслари – нефть, газ, кўмир, маъданлар ва бошқа фойдали қазилмаларнинг мавжуд бўлган захираларининг тугаб бориши энергетика муносабатларини глобал миқёсда кескинлаштиради. Бугунги кунда кўпгина мамлакатларнинг импорт қилинадиган энергия ресурсларига бўлган қарамлигининг ортиши, иқлим ўзгариши ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш муаммолари, жадал иқтисодий ривожланиш ва аҳоли сонининг ортиши туфайли энергия ресурсларига бўлган талабнинг тобора ўсиб бориши қайта тикланадиган энергия манбаларига қизиқиш уйғотмоқда. Қайта тикланадиган энергия манбаларидан кенгроқ фойдаланиш ижтимоий ва экологик жиҳатдан мақбул энергия тузилмаларига эришиш имконини беради. Шу боисдан ҳам, ҳозирги кунда муқобил энергия технологиялари – гибрид автомобиллар ва электр транспорт воситалари, қуёш, шамол, геотермик энергия, биоэнергия юқори даражаларда ривожланмоқда. Мазкур мақолада бугунги кунда қайта тикланадиган энергия манбалари ривожланишининг замонавий тенденциялари, Японияда муқобил энергетика соҳаси ҳамда қуёш энергиясининг ривожланиш босқичлари, қуёш энергияси ривожланишининг ўзига хос жиҳатлари, қайта тикланадиган энергия манбалари замонавий технологияларини ишлаб чиқаришдаги ютуқлар, шунингдек, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш олдида турган муаммолар ўрганилган. Шунингдек, Япониянинг янги энергетика сиёсати ҳамда стратегияси, мамлакат энергетика хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатлари, дастур ҳамда стратегик режалар, мамлакат энергетика сиёсатидаги ўзгаришлар, энергия ресурслари манбаларини диверсификациялаш масалалари, бугунги кунда энергетика хавфсизлиги олдида турган долзарб масалалар таҳлил қилинган. Японияда қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш истиқболлари, Қуёш энергиясининг янги лойиҳалари ва уларни амалга ошириш механизмлари ёритилган. Японияда қайта тикланадиган энергия манбалари ривожланишининг замонавий тенденциялари таҳлили юзасидан илмий хулосаларга келинган.