JOURNAL OF IQRO – ЖУРНАЛ ИҚРО – IQRO JURNALI – volume 15, issue 02, 2025
ISSN: 2181-4341, IMPACT FACTOR ( RESEARCH BIB ) – 7,245, SJIF – 5,431
ILMIY METODIK JURNAL
Н.Х. Талипов
Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети, Тасвирий санъат
кафедраси доценти, п.ф.н.
И.Х. Мирзакулов
Гулистон давлат университети ўқитувчиси
РАНГТАСВИРДА ҚАЛАМТАСВИР ЎРНИ МУҲИММИ ?
Калит сўзлар:
тасвирий санъат, тур ва жанр, қаламтасвир, рангтасвир, композиция,
фазовий перспектива, бўёқ, ранг ва тус, штрих, нисбат, ҳажм, жойлаштириш, уйғунлик,
суртма, ёруғ ва ранг муносабатлари.
Ключевые слова:
изобразительное искусство, вид и жанр, рисунок, живопись,
композиция, воздушная перспектива, краска, цвет и тон, штрих, пропорция, объем,
компоновка, гармония, мазок, световое и цветовое отношение.
Keywords:
art, look and genre, drawing, painting, composition, aerial perspective, paint, color
and tone, stroke, proportion, volume, layout, harmony, brushstroke, light and color ratio.
Республиканинг турли олий ўқув юртлари ва илмий текшириш институтларида
талабаларга миллий санъат намуналарини ўқитишнинг илмий асосланган янги шакли,
методлари ишлаб чиқилмоқда. Талабаларни бадиий жиҳатдан баркамол, Ватанга ва
миллий санъатга садоқат руҳида тарбиялаб вояга етказишда тасвирий санъат хусусан,
қаламтасвир, рангтасвир, композиция фанларининг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Бу
эса ўз навбатида олий ўқув юрти факультетларида, ихтисослаштирилган мактабларда
ўқитиладиган махсус фанларнинг чуқур ва асосли бўлишини тақозо этиб, педагоглар
зиммасига юксак вазифаларни белгилайди.
Тасвирий санъатда рангтасвир фани ихтисослаштирилган мактабларда ўқитиладиган
барча фанлар қатори муҳим ҳисобланади ва улар орасидаги бевосита боғлиқликни
таъминлайди
.
Рангтасвирдан етарли билим ва малакаларни эгалламай туриб, талаба
ҳайкалтарошлик, халқ амалий санъати ва бошқа фанларни юқори даражада ўзлаштира
олмайди.
Тасвирий фаолиятнинг назариясини мунтазам ўрганиш, тасвирий санъат таълимини
муваффақиятли ўзлаштиришнинг асосий шартларидандир. Рангтасвир қонун-қоидаларини
пухта эгаллаган талабагина амалий ижодда самарали шуғулланиши мумкин. «Кимда-ким
илмни амалиётсиз тасаввур этса, - у бамисоли сузишга эшкаксиз чиқаётган қайиқ
ҳайдовчисидир ва у ҳеч қачон қаерга кетаётганлигига тўла ишонч ҳосил қила олмайди дея
таъкидлаган буюк рассом Леонардо да Винчи. Айниқса рангтасвир соҳасида амалиёт
ҳамиша кучли назариёт билан боғлиқ ҳолда амалга оширилиши зарур ва буларсиз ҳеч
нарсага эришиб бўлмайди» [2, 124].
Тасвирда қаламсурат мукаммал бўлиши лозим, акс ҳолда турли бўёқлар ҳам оддийгина
нарса ва буюмнинг қурилиши, ҳажмини саводли ифодалаб бермайди. Ҳаво
перспективасига боғлиқ ҳолда рангларнинг нозик ўзгаришини ифодаловчи, матога
берилган ранг-баранг суртмалар ҳам, ўз-ўзидан фазовий кенгликни ифода эта олмайди.
Фақат перспектива қоидаларига тўғри амал қилиб тасвирланган қаламтасвиргина
рангларни янада ҳам жозибали кўрсатади.
JOURNAL OF IQRO – ЖУРНАЛ ИҚРО – IQRO JURNALI – volume 15, issue 02, 2025
ISSN: 2181-4341, IMPACT FACTOR ( RESEARCH BIB ) – 7,245, SJIF – 5,431
ILMIY METODIK JURNAL
Агар табиат манзараси перспектива қонун-қоидаларига амал қилинмай тасвирланса,
кенгликни ифодаловчи рангнинг ўрни аҳамиятсиз бўлиб қолади. Рангтасвирни рассомлар
шундай таърифлайдилар: «Бу юз фоиз қаламтасвир ва юз фоиз рангтасвирнинг бир-бирига
чамбарчас боғлиқлигидир».
Рангтасвирнинг жозибали чиқишида қаламтасвирнинг ўрни беқиёсдир. Аммо, моҳир
рассом, қаламдан фойдаланмасдан ишни бўёқлар билан тасвирлаши ҳам мумкин. Ижодкор
изланиш жараёнида рангтасвирни қаламтасвир билан бевосита боғлиқлигини ҳис этади.
Яъни буюмларнинг фазовий жойлашуви, нисбатларнинг аниқлиги, рангларнинг тўғри
қўйилиши ишни бир бутунликда якунланиши кўп жиҳатдан ижодкорга боғлиқдир. Рассом
қаламтасвирни пухта ўзлаштириб олгандагина (қоғозга тўғри жойлаштириш, нарса ва
буюмларнинг фазовий жойлашуви, перспектива қоидаларига амал қилиш, нисбатларни
тўғри топиш, методик кетма- кетликда ишни туслаш ва ҳ.к) рангтасвирда кўзланган
мақсадга эришиш мумкин, акс ҳолда ноаниқ ечилган қаламтасвир ишини таҳлил этсак,
ранглар қанчалик жозибали бўлмасин, барибир бу ишни сифатли деб бўлмайди. Шунинг
учун турли рассомлик мактабларининг тарихий тажрибалари шундан гувоҳлик берадики,
таълимнинг дастлабки босқичларида қаламтасвирни мукаммал ўзлаштириш, кейинги
ўрганиш машқ жараёнлари учун замин яратади. Ёш рассом Эдуардо Фиолетти Венецияга
ўқишга келганида «рангтасвирни мукаммал эгаллаш учун нима қилиш керак», деган
саволига устоз рассом Тинторетто: «Расм чизиш!» деб жавоб берган. Рассом бўлиш учун
яна қўшимча нималарни маслаҳат берар эдингиз деган Фиолеттининг қайта саволига
Тинторетто: «Расм чизиш ва яна расм чизиш!» деб жавоб қилган, у расм чизиш
рангтасвирга нафислик ва мукаммаллик ато этишини хақ, деб билган [3, 6].
Буюк ҳайкалтарош Микеланжело қаламтасвирда (рангтасвир, ҳайкалтарошлик,
меъморчиликда) «ҳар қандай илмнинг илдизи ва негизини кўрган». «Қаламтасвир доимо
бизга йўл кўрсатиб турувчи қутб ва компас бўлиб, турли бўёқлар уммонларида
чўкаётганларга нажот бериш омилидир,- дея таъкидлаган Шарль Лебрен.
Энгр ўз устахонасининг эшикларига қуйидаги сўзларни ёзган. «Бу ерга келган
шогирдларга қаламтасвирни ўргатаман, кетаётганда эса улар рангтасвирни устаси бўлиб
етишади».
«Шундай нарса мавжудки у ҳамма санъат турларининг асоси ҳисобланади, бу-
қаламтасвир. Кимки қаламтасвир санъатини мукаммал эгалласа, у рангтасвирни ҳам
ҳайкалтарошликни ҳам ўзлаштира олади»,- деб айтган рассом Караччи. «Ҳар қандай
шаклни ажойиб нафис қилувчи ранглар эмас балки аниқ чизилган қаламтасвирдир»- деган
Тициан. У қариган чоғларида ҳам, кўмир ёки бўр билан нималарнидир тасвир этмаган
куни бўлмаган. «Қаламтасвирга асосланмаган рангтасвир, санъат эмас, балки рангли
доғларнинг тартибсиз йиғиндисидир»,-дея доим такрорлаган таниқли ижодкор
В.Е.Маковский. «Қаламтасвирни пухта билмаган ижод ҳам қила олмайди»,- деб таълим
берган рассом-педагог П.П.Чистяков. И.Е.Репин кунора 2-3 соат қаламтасвир билан
шуғулланган, ва уни «рангтасвирни асоси», деб ҳисоблаган.
Таниқли ижодкор А.В.Васнецов, П.П.Чистяковнинг таълим бериш тизимини ёдга олиб,
«унинг севимли машғулоти қаламтасвир эди», деб эслайди. А.Ашбенинг Мюнхендаги
рассом-педагог мактабида, ҳаттоки санъат Академиясини тамомлаганлар ҳам таълим олар,
таълим бериш фақат қаламтасвир бўйича бўлиб (шаклнинг конструктив тузилиши,тус-
соя,ёруғ муносабатлари акс этган тасвир, гризайль), у узоқ вақт ўтказилган, шунинг
натижасидагина шаклни конструктив қуриш ва тус муносабатларини пухта эгаллаб
олиниб- сўнг ранглар билан тасвирлашга ўтилган.
JOURNAL OF IQRO – ЖУРНАЛ ИҚРО – IQRO JURNALI – volume 15, issue 02, 2025
ISSN: 2181-4341, IMPACT FACTOR ( RESEARCH BIB ) – 7,245, SJIF – 5,431
ILMIY METODIK JURNAL
Етук рассомларнинг яратган асарлари шуниси билан диққатга сазоворки, улар
композициянинг моҳирона топилганлиги, мавзунинг долзарблиги, иссиқ ва совуқ
рангларнинг ўзаро ҳамоханглиги билан кишини ҳайратга солади.
Машҳур рассомларнинг кўпчилиги авваламбор етук қаламтасвир усталаридир. Булар
қаторига К.П.Брюллов, И.И.Шишкин, В.Е.Маковский, В.А.Поленов, И.Е.Репин,
М.А.Врубель, В.А.Серов, К.А.Коровин, М.Набиев, Р.Аҳмедов, Б.Жалолов, А.Мирзаев,
А.Икромжонов каби моҳир мўйқалам соҳиблари киради.
Д.Н.Кардовскийнинг фикрича, агар биз рангтасвир бу қаламтасвирнинг рангда давом
этиши деб айтсак, шаклнинг рангда талқин этилиши қаламтасвирдан бошланади ва ижод
жараёнида у бир неча маротаба тўғриланади, ранглар билан сайқалланади. Қаламтасвир
маҳоратини пухта эгаллаш, бетакрор рангтасвир асарлари яратиш гаровидир.
П.П.Кончаловский рангтасвирда қаламтасвирнинг моҳиятини кўриб шундай ёзган:
«Рангтасвирнинг ҳақиқий усули-бу шаклни мутлақо аниқ етказиб бериш йўли билан
бериладиган бўёқ суртмадир» [ 4, 56].
Хаққоний санъатда асосий бадиий қиёфа, бу қаламтасвирдир. У жисм шаклини қайта
ишлаб чиқади, воқеа ва инсонлар ҳақида маълумот беради. Қаламтасвирда тасаввур,
композиция ғоялари мужассамлашган бўлади. Композициянинг ғояси, аввало қаламтасвир
кўринишида пайдо бўлади ва ифода этилади. Ҳаттоки ҳайкалтарош ва меъморларнинг
дастлабки ғоялари қаламтасвирдаги қораламалардан бошланади.
Рассомларда эса пластика ҳақидаги фикр, композиция тўғрисидаги умумий ўйлар доимо
қаламтасвирда пайдо бўлади.
Қаламтасвир санъатининг ҳақиқий устаси бўлиш ва уни тўғри тушуниш турли
йўналишдаги рассомларга: график рассом, меъморга, саҳна безакчисига, монументалчи
рассомга ва бошқаларга жуда муҳимдир. Агар кино ёки театр рассоми қаламтасвир сир-
асрорларини мукаммал эгалламаган бўлса, уни ҳақиқий ижодкор деб бўлмайди.
Ҳаттоки, ҳаққоний қаламтасвир чизиш мактабларида тарбияланган рассомлар ҳам
тасвирий санъатнинг ҳар қайси тури бўйича яратилган ижодий ишнинг қийматига қараб
баҳоланади ва қадрланади.
Агар безатувчи, рассом, педагог ёки монументалчи каби ихтисосликлардаги рассом
ҳақиқий қаламтасвир асосларини пухта ўрганмай туриб асар яратишни бошласа, у
дастгоҳли санъат асарини тўла яратилишига тасвирда сохта манзаранинг пайдо бўлишига,
ҳақиқий инсон қиёфасини тўлақонли акс этмаслигига сабабчи бўлиб, тасвирланаётган
воқеа ва ҳодисаларни асл моҳиятини тўлиқ очиб бера олмайди. Шунинг учун талабалар
рангтасвирда моҳирона ижод қилишлари учун қуйидаги билим ва малакаларни пухта
ўзлаштирмоғи лозим:
1.Кузатув перспектива (уфқ чизиғи, ясси жисмлар ва уфқ чизиғи перспективаси)
элементлари. Текисликлар билан чегараланган жисмларни конструктив ва перспектив
қурилиши (куб, призма, интерьер ва экстерьер).
2.Цилиндр шаклидаги жисмларнинг перспектив қурилиши.
3.Геометрик шаклларда соя-ёруғ муносабатлари (куб, цилиндр ва шардаги соя-
ёруғликнинг тақсимланиши, ҳаво перспективасининг элементлари).
JOURNAL OF IQRO – ЖУРНАЛ ИҚРО – IQRO JURNALI – volume 15, issue 02, 2025
ISSN: 2181-4341, IMPACT FACTOR ( RESEARCH BIB ) – 7,245, SJIF – 5,431
ILMIY METODIK JURNAL
4.Қаламтасвирда ҳажм, фазо ва материалликни тасвирлаш усуллари (турли материалларни
соя-ёруғ хусусияти, тус муносабатлари, ҳажмни кўрсатишда чизиқ ва «штрих»ни ўрни
фазо ва моддийлик).
Талабалар қаламтасвирда фақат назарий билимларни мустаҳкамлаб қолмай, балки амалий
жиҳатдан ҳам катта тажрибага эга бўлмоғи лозим: қўйилмадаги нисбатларни аниқ топиш,
нозик перспектив ўзгаришларни сеза билиш, тасвирни қоғоз юзасида асосли-конструктив
қуриш ва жойлаштириш шакл ҳажмини тушаётган соя-ёруғ орқали моҳирона ифода этиш
ҳамда ишни тус жиҳатидан яхлит бир бутунликда якунлаши зарур. Қўйилмани турли
рангларда бажариш ҳам масъулиятли вазифадир, чунки рангтасвирда ранг ва тус
муносабатлари яхлит бир бутунликка асосланади. Шакл ҳажмини тасвирлашда тус ўрнини
моҳиятини тўғри тушунмаслик турли чалкашликларга олиб келади. Демак энг муҳими
талабаларнинг қаламтасвирда ишни тус жиҳатдан яхлит бир бутунликка эришиб
якунлаши ҳисобланади. Бу эса ўз навбатида талабаларни рангтасвирда самарали ижод
қилишларига қулай имкон яратади [5,49].
Талабаларнинг узлуксиз машқлари натижасида ранглардаги нозик ўзгаришларни
фарқлашга, кузатувчанликни ривожланишига ранг-барангликни сезишга, ҳамда тасвирий
воситаларни моҳирона эгаллашларига замин яратилади. Тажрибали рассомларнинг
ранглавҳаларини кузатганларида уларнинг ниҳоятда нафис ва жозибали тасвирланганига
ҳавас билан қарайдилар. Шунинг учун талабалар моҳирона тасвирлаш малакасига эга
бўлишлари учун тинмай машқ қилишлари натижасида кўзланган мақсадга эришадилар.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
1. Мирзиёев Ш.М. Буюк келажагимизни мард ва олий жаноб халқ билан бирга қурамиз –
Т., “Ўзбекистон”, 2017 й.
2. Мастера искусства об искусстве М.,1986, т 1, 124-бет.
3.
Абдирасилов С., Толипов Н., Орипова Н., «Рангтасвир». -Т., Ўзбекистон, 2006, 6-бет.
4. Абдирасилов С., Толипов Н. «Рангтасвир». Дарслик -Т., Инновация-Зиё, 2019, 56-бет.
5. Байметов Б. Қаламтасвир. Дарслик. -Т., Мусиқа, 2006, 49-бет.
