Авторы

  • Маруфжон Абдусодиқов
    Ориентал университети, Тарих кафедраси ўқитувчиси
  • Муҳаммадқодир Муродов
    Ориентал университети 3-курс талабаси

DOI:

https://doi.org/10.71337/inlibrary.uz.mmms.113164

Ключевые слова:

Иккинчи жаҳон уруши Фанлар академияси эвакуация этногенез этнос фронт фашизм компонент ирқчилик археология антропология экспедиция

Аннотация

Ушбу мақолада Иккинчи жаҳон уруши даврида маҳаллий ва юртимизга кўчиб келган олимлар билан биргаликда олиб борилган тарихий тадқиқотлар, уларнинг натижалари, топиб ўрганилган археологик ёдгорликлар ҳақида маълумотлар берилади.


background image

MODELS AND METHODS IN MODERN SCIENCE

International scientific-online conference

24

ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ ДАВРИДА ЎЗБЕКИСТОН ССРДА

ОЛИБ БОРИЛГАН ТАРИХИЙ ТАДҚИҚОТЛАР

Абдусодиқов Маруфжон

Ориентал университети, Тарих кафедраси ўқитувчиси

Муродов Муҳаммадқодир

Ориентал университети 3-курс талабаси

https://doi.org/10.5281/zenodo.15746024

Аннотация

Ушбу мақолада Иккинчи жаҳон уруши даврида маҳаллий ва

юртимизга кўчиб келган олимлар билан биргаликда олиб борилган
тарихий тадқиқотлар, уларнинг натижалари, топиб ўрганилган
археологик ёдгорликлар ҳақида маълумотлар берилади.

Калит сўзлар:

Иккинчи жаҳон уруши, Фанлар академияси, эвакуация,

этногенез, этнос, фронт, фашизм, компонент, ирқчилик, археология,
антропология, экспедиция

Аннотация

В данной статье представлены сведения об исторических

исследованиях, их результатах и археологических памятниках, изучанных
отечественными и зарубежными учеными в годы Второй мировой войны.

Ключевые слова:

Вторая мировая война, Академия наук, эвакуация,

этногенез, этнос, фронт, фашизм, компонент, расизм, археология,
антропология, экспедиция

Abstract

This article provides information about the historical researches conducted

by local and immigrant scientists during the World War II as well as it includes
data concerning archaeological monuments which were found and studied
during that period.

Keywords:

World War II, Academy of Sciences, evacuation, ethnogenesis,

ethnos, front, fascism, component, racism, archeology, anthropology, expedition

1939 йилда бошланган бутун инсоният тарихида энг кўп давлатларни

қамраб олган, энг фожеали, энг кўп қурбонлар берилган II жаҳон уруши
инсоният бошига катта кулфат ва кўплаб йўқотишларни олиб келди. Уруш
бошлангандан сўнг Ўзбекистонда истиқомат қилаётган барча халқлар ўз
мақсадларини Ватан мудофасига қаратди. Барча куч-ҳаракат, ишлаб
чиқариш, фан ва технология ютуқлари фронт учун хизмат қилиши
белгиланди. Бироқ, вазиятнинг ўта оғир бўлишига қарамасдан бу даврда,
Ўзбекистонда ижтимоий фанлар қаторида тарих ва археология фанларида
ҳам тадқиқот ишлари давом эттирилиб бир қатор ютуқларга эришилган.


background image

MODELS AND METHODS IN MODERN SCIENCE

International scientific-online conference

25

Бу муваффаққиятларга эришишда маҳаллий олимлар билан

биргаликда босиб олинган ҳудудлардан мамлакатимизга эвакуация
қилинган институтлар ва бу илмий даргоҳлар билан бирга, бир қатор
тарихчи ва археолог олимларнинг республикамизга келиши ҳам, тарих
фани ривожига катта ҳисса қўшган.

Уруш туфайли Москва, Ленинград, Киев, Минск ва бошқа шаҳарлардан

кўчиб келган олимлар Ўзбекистон олимлари билан биргаликда иш олиб
борди. Уларнинг биргаликдаги саъйи-ҳаракатлари, илм-фан тараққиётига
қўшган ҳиссаларини ўрганиш долзарб мавзулардан саналади.

Таҳлил ва натижалар

Урушнинг дастлабки йилларида Ўзбекистонда илмий фаолиятнинг

ривожланишига 1940 йил 9 январда Ўзбекистон ХКС (ҳукумати)
ҳузуридаги Фан қўмитаси негизида СССР ФАнинг Ўзбекистон филиали
(ЎзФАН) таъсис этилгани катта туртки бўлди [ЎзР ФАМА 4-6 б.]. Ўша
вақтда унинг таркибида 75 та илмий-тадқиқот институтлари ва
муассасалари мавжуд бўлиб, уларда 3024 нафар илмий ходим фаолият
олиб бориб, уларнинг 109 нафари фан докторлари, 510 нафари фан
номзодларидан иборат бўлган. 1943 йил 4 ноябрда ЎзФАН базасида
Ўзбекистон Фанлар академияси очилиб унинг биринчи президенти этиб
таниқли олим Т.Н.Қори-Ниёзий сайланган. Академия қошида дастлаб
Тарих институти, СССР ФА Ўзбекистон филиали Тил, адабиёт ва тарих
институти негизида ташкил этилди. Кейинчалик кўплаб кадрлар
тайёрланиб, Ўзбекистон тарихини ўрганиш борасида кенг кўламли ишлар
олиб бориш мақсадида дастлаб, Тошкентда Фалсафа ва ҳуқуқ институти
кейинроқ, Самарқандда, Археология институтлари алоҳида ажралиб
чиққан.

Тарихчи олимлар ўз зиммаларидаги масъулиятни англаган ҳолда,

гитлерчи

босқинчиларнинг

урушга

сабаб

қилиб

кўрсатган

баҳоналарининг илмий асоси пуч эканлигини кўрсатишга ҳаракат
қилишди. Шунинг билан биргаликда тарихчи олимлар халқимиз тарихини
ёритувчи икки жилдли “Ўзбекистон халқлари тарихи” китобини ёзишга
киришдилар. Бу асарни ёзишда олимлардан Я.Ғ.Ғуломов, Т.Н.Қори-Ниёзий,
С.П.Толстов, М.Э.Воронец, Э.Ш.Ражабов, А.Ю.Якубовский, В.И.Зоҳидов,
В.А.Шишкин, К.Б.Тревер ва бошқалар қатнашган [Садиков А.С. 1975. С 124.].
Китоб 1947 йилда якунланиб икки жилдли “Ўзбекистон халқлари тарихи”
номи остида нашр этилган.


background image

MODELS AND METHODS IN MODERN SCIENCE

International scientific-online conference

26

Бу даврда салмоқли илмий ишлардан бири шубҳасиз таниқли

шарқшунос ва археолог олим, профессор А.Ю.Якубовскийнинг (1886-1953)
ўзбек халқи этногенези масаласига бағишланган “Ўзбек халқининг юзага
келиши масаласи ҳақида” махсус рисоласидир. А.Ю.Якубовский мазкур
рисолани ёзишда узоқ йиллик Ўрта Осиё, Олтин Ўрда, Кавказ ва Яқин
Шарқдаги араб халқларининг ўрта асрлар даври тарихи бўйича илмий
тадқиқотлари ва Ўрта Осиё халқларининг моддий маданияти тарихи,
ўзбеклар ва тожиклар этногенези, ўрта асрнинг буюк алломаси Ибн Сино
ҳаёти ва унинг даврига оид тадқиқотларидаги хулосаларига асосланиб
ёзган. Бу асарнинг асосий хулосаси кўра, Дашти Қипчоқнинг 92 бовли
кўчманчи ўзбеклари Шайбонийхон бошлиқ Ўрта Осиёга кириб
келганларида, бу ерда қадимдан яшаб келаётган туркий аҳолини
учратадилар. Бу турғун туркий аҳоли Ўрта Осиёнинг икки азим дарёлари
(Амударё ва Сирдарё) оралиғида энг қадимдан бошлаб яшаб келаётган
эроний тилли халқлар билан аралашиб, қоришиши натижасида
Қорахонийлар даврига келганда бу қоришмадан янги этнос, яъни ўзбек
халқи шаклланган. Дашти Қипчоқдан бу заминга кўчиб келган кўчманчи
туркий қабилалар эса, уларнинг келишидан роса V аср бурун шаклланган
янги этнос таркибига қўшилган компонентлар бўлиб, тарих тақозосига
кўра, улар ўзбек халқига ўз номини берган [Якубовский А. Ю. 1941.C.14,18].

А.Ю.Якубовскийнинг фикр-мулоҳазаларига кўра, ўзбек халқи (этноси)
ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида Дашти Қипчоқ ўзбеклари кўчиб келмасдан
анча олдин ташкил топган. Олим “Бу янги илмий назариянинг концептуал
асоси, Ўрта Осиёнинг ҳар бир халқи ҳозирда яшаб турган ҳудудлари билан
азалдан боғлиқдир” дейди [Асқаров А. 2015. 11 б.]. Бу хулоса орқали олим,
ўша вақтларда фанда мавжуд бўлган – ўзбек халқи XV-XVI асрларда
ташкил топган, деган қарашлар ғайриилмий эканлигини аниқ тарихий
маълумотлар билан исботлаб берган.

Бу китоб рус ва ўзбек тилларида чоп этилганидан сўнг, 1942 йил 21-29

август кунларида Иккинчи жаҳон уруши жадал бораётган бир вақтда,
собиқ СССР ФА Тарих ва фалсафа бўлимининг ташаббуси билан Тошкент
шаҳрида Ўрта Осиё халқларининг этногенезига бағишланган илмий сессия
ўтказилади. Сессияда таниқли олимлар: С.П.Толстов “Ўрта Осиё
этногенезининг асосий муаммолари” ва “Орол этногенетик жараёнлар
майдони”, Л.В.Ошанин “Антропология маълумотлари Ўрта Осиё халқлари
этногенези ҳақида”, К.В.Тревер “Милоддан аввалги VI-V асрларда Ўрта
Осиё аҳолисининг этник таркиби”, А.Н.Бернштам “Ўрта Осиё этногенезида


background image

MODELS AND METHODS IN MODERN SCIENCE

International scientific-online conference

27

қадимги туркий элементлар”, В.В.Гинзбург “Антропология маълумотлари
тожиклар этногенези ҳақида”, А.Ю.Якубовский “Туркман халқининг VIII-X
асрлардаги

этногенези

тарихидан”,

А.Д.Удалцев

“Этногенетик

тадқиқотларнинг назарий асослари”, И.И.Умняков “Тоҳарлар муаммоси”,
Н.А.Кисляков

“Тожикларнинг

юзага

келиши

масаласи

ҳақида”,

мавзуларидаги маърузалари билан қатнашиб, Ўрта Осиё халқлари
этногенези ва этник тарихининг асосий йўналиши ва илмий-методологик
асосларини белгиланишига катта ҳисса қўшишган [Советская Этнография.
1947. C. 301.]

Сессиянинг асосий ютуғи шундан иборатки, урушдан олдинги

йилларда ва уруш арафасида Ғарбнинг айрим олимлари, хусусан,
Германияда фашизм мафкурачилари томонидан ирқчилик назарияси кенг
оммалашган эди. Бу назария тарафдорларининг таъкидлашича, баъзи
халқлар (масалан, немис халқи) қадимдан аниқ бир халқдан бошқа бирон
халққа аралашмасдан, хеч қандай ассимиляция жараёнини бошидан
кечирмай, бир ўқдан илдиз олиб, ирқий жиҳатдан тозалигини сақлаб, олий
ирқ бўлиб келган деб даъво қилишган. Уларнинг тушунчасида олий ирқли
халқ бошқа иккинчи даражали халқлардан устун бўлиб, улар устидан
ҳукмронлик қилиши керак эди. Тошкент анжуманида йиғилган
олимларнинг маърузалари ўша даврда кенг ривож топган шовинистик ва
миллатчилик назарияларининг асоссиз эканлигини фош қилиб, масалага
тўғри илмий йўналиш беришга қаратилган эди. Маърузачиларнинг
барчаси якдиллик билан халқлар (этнослар) бир эмас, бир неча этник
гуруҳларни ўзаро яқинлашишлари, қоришиб боришлари натижасида
вужудга келишини таъкидлашган.

Аслида ирқчилик назарияси илк бор ХIХ асрнинг ўрталарида француз

олими Ж.А.Гобино томонидан кўтарилиб, у орийларни “олий ирқ”
вакиллари деб фикр билдирган. Кейинчалик ирқчилик фашизмнинг
расмий мафкурасига айланди. Бунга сабаблардан бири, 1856 йилда
Германиянинг Дюссельдорф шаҳри яқинида Неандерталь водийсидаги
Фелшгофэр ғоридан қадимги одамнинг бош мияси, қовурғаси, елка ва сон
суяклари синиқлари топилиб, бу кашфиёт фанда “Неандерталь одами”
номи билан кирган эди. Бу топилма вақтлар ўтганидан сўнг Германия
ҳукумати тепасига келган фашистларнинг ғоявий қуролига айланиб,
кўзининг юқори қисми ва қоши бўртиб чиққан, қирра бурунли немис
орийсининг замонавий кўриниши қолипини берди. Немис ҳалқининг олий
ирқ вакиллари эканлиги ғояси мамлакатда ирқий сегрегация, апартеид ва


background image

MODELS AND METHODS IN MODERN SCIENCE

International scientific-online conference

28

сионистик ҳаракатларнинг кенг авж олишига сабаб бўлди. Бунинг ортидан
Германияда 1938 йил 9 ноябрда “Холокост”, яҳудий миллатига мансуб
аҳолини оммавий равишда қириш режаси ишлаб чиқилди. Иккинчи жаҳон
уруши якунигача Освенциум, Бухенвальд ва Дахау лагерларида 6,5
миллионга яқин яҳудий миллатига мансуб одамлар газ крематорийларида
ўлдирилди.

Бу ғояга 1938 йил академик А.П.Окладниковнинг Сурхондарёда

жойлашган Тешиктош ғоридан топган неандерталь бола суяклари катта
зарба бўлди. Чунки немислар наздидаги олий ирқ вакилларининг аждоди
бўлган неандерталь одами қолдиқлари СССРнинг жанубий ҳудудидан ҳам
топилган эди. Бежизга А.П.Окладниковга Тешиктошдаги тадқиқотларини
Москвада

“Исследование

мустъэрской

стоянки

и

погребения

неандертальца в грoте Тешик-Таш, Южный Узбекистан” номи билан чоп
этганидан сўнг, СССР давлат мукофоти берилмаган.

II жаҳон уруши йилларида қатор археологик тадқиқотлар олиб борган

олимлардан бири бу С.П.Толстов ҳисобланади. С.П.Толстов (1907-1976)
этнограф, тарихчи ва археолог ҳисобланиб, 1937-йилдан, 1969-йилгача
Хоразм археология этнография экспедициясини ташкил этган ва
раҳбарлик қилган. С.П.Толстовнинг археологик қазишма ишлари иккинчи
жаҳон уруши йилларида ҳам жадал давом этиб, Я.Ғуломов
таъкидлаганидек, “Профессор С.П.Толстов

раҳбарлик қилган Хоразм

археологик экспедициясининг узоқ вақт давомида ва кенг кўламда олиб
борган ишлари натижасида бизнинг Хоразм тарихи бўйича бўлган
билимимиз кўпдан-кўп фактик маълумотлар билан тўлғазилди, бошқача
қилиб айтганда, биз учун Хоразм тарихининг “мусулмонларгача бўлган
даври” ўз ҳикоясини бошлади. Қадимги канал бўйларидаги Қизилқум ва
Қорақумнинг бостириб келган қумлари остида кўмилиб қолган беҳисоб
харобалар ўз ҳикояларини гапириб бера бошлади” [Гулямов Я. Г. 1957. C.
17.].

С.П.Толстовнинг Амударёнинг қуйи оқимида Хоразм воҳасида олиб

борган археологик қазишмалари натижасида бир қатор муҳим
кашфиётлар амалга оширилган. Жумладан; милоддан аввалги IX-VIII
асрларга тегишли қадимги Хоразмнинг сўнгги бронза даврига доир
“Амиробод маданияти”ни топиб текширган. Бу маданият Қорақалпоғистон
Республикасидаги Амиробод канали атрофидан топилиб 1937-1941
йилларда текширилган. Амиробод маданияти Сувёрган маданияти ва
Тозабоғёб маданияти уйғунлашуви асосида шаклланган. Бу маданиятни


background image

MODELS AND METHODS IN MODERN SCIENCE

International scientific-online conference

29

яратган халқлар уруғ жамоаларига бирлашиб, обикор деҳқончилик ва
чорвачилик билан шуғулланган. Қишда ёғоч ва қамишдан қурилиб, усти
лой билан сувалган кулба ҳамда ярим ертўлаларда, ёзда енгил
бостирмаларда яшаган. Шундай кулба ва ярим ертўлаларнинг 15-20 таси
битта қишлоқни ташкил қилган. Ҳар бир турар жой саҳни 75-110 кв. м
бўлиб, унинг ўртасидаги 3х1 м. ли катта ўчоқда доим олов ёниб турган.
Таом тайёрлаш учун кичик ўчоқлардан фойдаланилган.

1938 йилда С.П.Толстов Хоразмда бронза даврига тегишли, милоддан

аввалги II минг йилликларга оид Тозабоғёб канали атрофидан
манзилгоҳлар топади. Бу манзилгоҳлар канал номи билан “Тозабоғёб
маданияти” деб номланган. Тозабоғёб маданияти Жанубий Оролбўйи
ҳудудида маҳаллий Сувёрган маданияти аҳолиси ва Жанубий
Уралолдидан келган Ёғочбанд маданияти ва Андроново маданияти
аҳолиси қабилалар аралашувидан шаклланган. Бу ҳолат Тозабоғёб
маданияти вакилларининг антропологик типига ҳам ўз таъсирини
ўтказган. С.П.Толстов 1942 йилда чоп этган “Древности верхнeго Хорезма”
мақоласида

Тозабоғёб

маданиятининг

тарқалган

жойлари

ва

характеристикаси тўғрисида батафсил маълумот беради [Толстов С. П.
1942.].

1939 йил ёзида С.П.Толстов раҳбарлиги остида ишлаган археологик

экспедиция антик шаҳар – Жонбосқалъа шаҳри ичида қазиш ишлари олиб
борган. Шу билан бир вақтда бу шаҳар атрофидаги ҳудудларда дастлабки
текшириш ишлари ўтказилган ва шу ерда тақир остидан биринчи марта
ибтидоий одамнинг макони топилган. Бу жойда одамларнинг меҳнат
фаолияти, ёқилган гулханнинг кули, ретуш қилинган тош қуроллар, жуда
содда қилиб ясалган сопол идиш бўлаклари ва бошқа нарсалар топилган.

Бунгача Жонбосқалъа туманида анча кейинги даврларга илк темир

асрига оид одам яшаган учта макон излари топилган эди. 1940 йилнинг ёз
мавсумидан ибтидоий одам яшаган бу маконда қазиш ишлари бошланиб,
1945 йилда тамомланган [Гулямов Я. Г. 1957. C. 44,45].

Иккинчи жаҳон уруши йилларида С.П.Толстов раҳбарлигида топилган

яна бир археологик объект бу, милоддан аввалги II минг йилликнинг
биринчи ярмига тегишли Сувёрган маданияти ҳисобланади. Сувёрган
маданияти 1945-1946 йилларда С.П. Толстов, Я.Ғ. Ғуломов ва М.А.
Итиналар томонидан тадқиқ этилган. С.П. Толстовнинг фикрича, бу
маданият вакиллари, Ўрта Осиёнинг Жануби-Ғарбий ҳудудларидан
Хоразмга келган янги этник гуруҳ бўлиб, уларнинг моддий маданияти


background image

MODELS AND METHODS IN MODERN SCIENCE

International scientific-online conference

30

Жанубий ҳудуд вакилларининг ўтроқ деҳқончилик маданиятига жуда
ўхшашдир. Сувёрган маданияти ўз эволюциясига кўра, 3 босқични ўз
бошидан кечирган. Булар 1. Қамишли, 2. Бозорқалъа, 3. Қовунчи
маданиятлари тарихий босқичларидир. Сувёрган маданиятига оид сопол
идишлар яхши пиширилиб, сирти қизил ангобга бўялган, сиртига тўқ
қизил ранг гул солинган сопол парчалари, тош ёрғучоқлар ва деҳқончилик
қуроллари ҳам учрайди. Аммо сополларнинг сирти Жанубнинг қадимги
деҳқончилик қабилаларининг сопол буюмларидан фарқ қилиб, асосан,
тўрсимон чизма нақш ва схематик бошоқ тасвири билан безатилган. Бу
топилмалар милоддан аввалги II минг йилликнинг ўрталарида Ўрта Осиё
қабилаларининг йирик кўчишларидан далолат беради. Жануб ва Жануби-
Шарқий йўналишлардаги 2-йирик кўчиш милоддан аввалги II минг
йилликнинг охири – I минг йилликнинг бошларига тўғри келади. Бу
босқичда Сувёрган маданияти жамоалари бўлган қабилалар ҳам фаол
иштирок этган. Археологик топилмалар ушбу шимолий чорвадор
қабилаларнинг Ўзбой, Атрек, Тажан, Мурғоб, Амударё ва Сирдарё
ирмоқлари бўйлаб ҳаракат қилганликларини кўрсатади. Милоддан
аввалги I минг йилликнинг бошларига келиб, Сувёрган маданияти ўрнига
Амиробод маданияти пайдо бўлган.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистонда тарих ва археология

фанининг ривожига улкан ҳисса қўшган олимлардан бири Яҳё Ғуломович
Ғуломов (1908-1977) эди. Я.Ғуломовнинг ёшлигиданоқ араб, форс тили ва
ёзувини мукаммал даражада билиши кейинчалик археология фанига
кириб келганида катта муваффаққиятларнинг калити бўлди. Чунки
саноқли археологларгина қадимги араб имлосида ёзилган қадимги арабча
қўлёзмаларни ўқиб таҳлил қила олар эди. Ана шундай архелоглардан бири
Я.Ғуломов бўлиб, у Амударёнинг ўрта ва қуйи оқими, Хоразм воҳаси, Орол
денгизи атрофидаги қадимги археологик ёдгорликлар, қалъа ва қум
барxанлари остида қолган турар жойлар ўрнини аниқлашда археологик
артефактлар

билан

биргаликда

қўлёзмаларда

келтирилган

маълумотларни анализ қилиб, кўплаб археологик ёдгорликларни ўрнини
тўғри аниқлаган олимдир. Я.Ғуломов 1943 йилда “Хива ва унинг
обидалари” мавзусида тарих фанлари номзоди диссертациясини ҳимоя
қилган. Бу ўзбеклардан биринчи археолог олим етишиб чиқди дегани эди.
Шу билан биргаликда Я.Ғуломов 1940-1943 йилларда СССР ФА Ўзбекистон
филиали, Тарих, тил ва адабиёт институти археология бўлими мудири
лавозимида ишлаган. 1943 йилдан Ўзбекистон ФА Тарих ва археология


background image

MODELS AND METHODS IN MODERN SCIENCE

International scientific-online conference

31

институти қадимги ва ўрта асрлар тарихи бўлими мудири, айни вақтда
институт директори вазифасини бажарувчиси сифатида фаолият олиб
борган. Я.Ғуломов 1943-1977 йилларда, яъни умрининг охиригача
Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих ва археология институтининг
“Қадимги ва ўрта аср тарихи” бўлимига ҳам бошчилик қилган [Академик
Яҳё Ғуломов замондошлари ва шогирдлари хотирасида. 2009. 51 б].

Раҳбарлик фаолияти билан биргаликда олим, 1937 йилда С.П.Толстов

томонидан ташкил этилган Хоразм археология экспедициясида раҳбар
ўринбосари сифатида узоқ йиллар Хоразмда Амиробод, Сувёрган,
Тозабоғёб ва Калтаминор маданиятларининг топилиши ва тадқиқ
этилишида, ўрта асрлар ва янги тарих даврида Хива тарихини ўрганишда
жонбозлик кўрсатган.

Хоразм воҳасида бронза даврига оид бўлган биринчи ёдгорлик Бургут

қалъа атрофидан топилди. Бу воҳа орқали қадимги замонларда Пахтаарна
тизимига кирувчи Тозабоғёб канали ўтганлиги сабабли. Бу маданият
“Тозабоғёб маданияти” деб юритилади. Тозабоғёб маданияти техниканинг
аста секин соддаланиши ва микролит қуроллар миқдорининг камайиши,
ясси тубли, қўпол ва ишланиш жиҳатидан бир хил бўлган кулолчиликнинг
пайдо бўлиши билан характерланади. Бу макон № 4а макон № 4 ёнида
жойлашган. Макон № 4, 1939 йилда ҳали очилмаган эди, 1940 йил ёзида
эса нураш натижасида бу ерда қизил ғишт рангли тақирсимон пўстлоқ
қисм очилиб қолади ва археологик жиҳатдан қазиб ўрганилади.

1942 йили, мамлакатдаги барча ёшлар фронтга сафарбар этилган,

иккинчи жаҳон уруши шароитида қорақалпоқ халқи ўз ташаббуси билан
Қирққиз каналини қисқа муддатда қазиб фойдаланишга топширган.
Бунда Тозабоғёб каналининг этаклари кенгайтирилган. У ўз эски ўзани
бўйлаб ўтказилган ва Қирққиз қалъаси вайроналари ёқасигача
етказилган.

1940 йилгача Я.Ғуломов экспедицияси туяларда сув келтириб

археологик текширишлар олиб борган жойларда 1945 йилдан бошлаб
машҳур Хоразм қовунларининг полизлари билан қопланган, боғлар барпо
этилган ва кўчиб келган деҳқонларнинг янгидан қурган уйлари, тикка
ўсган тераклар соялаб турган эди [Гулямов Я. Г. 1957. C. 288.].

Я.Ғуломов экспедиция билан биргаликда 1945 йилда ўтказилган

археологик қазиш ишлари вақтида “Қўрғонча” ёки “Қубландиқалъа” номи
билан маълум бўлган шаҳар харобаларини ҳам текширган. Аниқланишича


background image

MODELS AND METHODS IN MODERN SCIENCE

International scientific-online conference

32

шаҳар милодий II асрда пайдо бўлиб, VII асрда у ерда ҳаёт бутунлай
тўхтаган.

Академик Я. Ғуломовни жаҳон илм-фан намояндалари ҳам тан

олишган эди. Масалан, дунёга машҳур россиялик олим (Санкт-Петербург),
академик Б.Б. Пиотровский қуйидагича ёзади: “Яҳё Ғуломовнинг Ўрта
Осиё хўжалик ҳаётининг асоси ҳисобланган суғориш соҳасидаги
тадқиқотлари ҳақиқатан ҳам ниҳоятда буюкдир” [Муҳаммаджонов А.Р.
1998. 5-6 б.].

Иккинчи жаҳон уруши йилларида мамлакатимизда олиб борилган

йирик археологик тадқиқотлардан бири бу Самарқандда Алишер
Навоийнинг 500 йиллик юбилейи муносабати билан Гўри Амир
мақбарасининг очилишидир. Мақбарани очишдан мақсад А.Навоийнинг
яшаган ва ижод қилган даврини тубдан ўрганишга киришиш ниқоби
остида Гўри Амир мақбарасидаги Темурийлар хилхонасини очиб
текшириб кўришдан иборат бўлган.

Бу мақсад учун алоҳида илмий экспедиция ташкил этилиб, раҳбар

Қори Ниёзий этиб белгиланган. Экспедициянинг қолган ходимлари ўз
соҳасининг йирик мутахассислари бўлиб жумладан, СССР Фанлар
академиясининг моддий маданият институтининг илмий ходими,
антрополог М.М.Герасимов, антрополог ҳайкалтарош Л.В.Ошанин,
шарқшунос, профессор А.А.Семёнов, Давлат Эрмитажининг кимёгар
таъмирчиси, археолог, профессор В.А.Шишкин ва юбилей қўмитасининг
илмий ходими Х.Зарипов ва машҳур ёзувчи Садриддин Айнийлар бор эди
[Сомон йўли. 1992. 143 б.].

Илмий экспедиция аъзолари Гўри Амирдаги дахмаларни очишдан

олдин Самарқанддаги Шоҳи Зинда, Бибихоним, Регистон, Ишратхона ва
Хўжа Аҳрор каби бир қатор қадимги меъморий ёдгорликларни ўрганиб
чиқишган. Бир қатор техник тайёргарликдан сўнг, Шоҳруҳ, Мироншоҳ,
Улуғбек ва Муҳаммад Султонларнинг қабрлари очилиб, охирида Амир
Темурнинг қабри очилган. Амир Темурнинг қабри очилганда - “Даҳма
устидан тоштахта олинганда ичида узунлиги икки метру беш сантиметр
келадиган, бош томонининг эни олтмиш бир сантиметр, оёқ томони қирқ
сантиметр, оёқ томонининг баландлиги ўттиз сантиметрга яқин,
қопқоқсиз, тўрт томонидан пояга ўйиб киритилган икки-икки ярим
сантиметр қалинликдаги девор ҳосил қилувчи тахтадан иборат тўрт
оёқли тобут борлигини кўрдик” [Сомон йўли. 1992. 143 б.].


background image

MODELS AND METHODS IN MODERN SCIENCE

International scientific-online conference

33

Гўри Амир очилганда Амир Темур билан бирга ўғиллари Мироншоҳ ва

Шоҳрух, набиралари Улуғбек ва Муҳаммад Султонларнинг ҳам қабрлари
очилиб, бошчаноқларидан юз қиёфасини тиклаш антрополог Герасимовга
топширилади. Аммо, 22 июнь эрта тонгда фашистлар Германиясининг
СССРга хужуми экспедиция ишини эрта якунланишига, Герасимовга
топширилган бу вазифани бажарилишини номаълум муддатга ортга суриб
юборди. М. Герасимов Самарқандда махсус лаборатория йўқлигини
билдириб, барча бошчаноқ суякларини Москвага олиб кетади. Темурийлар
юз соҳаси тикланганидан сўнг, 1942 йил 20 декабрда Амир Темурнинг
жасади қайта дафн этилди. Бу вақтда немис қўшинларини Сталинград
остоналарида тор-мор этиш операцияси бошланган эди.

Қабри Афғонистонда бўлган Алишер Навоий таваллудининг 500

йиллиги муносабати баҳонаси билан яширин мақсад ва манфаатлар
йўлида Самарқанддаги Темурийлар хилхонаси очиб ўрганилди (ана
шундай тафтиш қилинди).

Хулоса

Иккинчи жаҳон уруши инсоният бошига қанча кулфат келтирмасин,

қанча қурбонлар берилмасин, қанчалик иқтисодий қийинчиликлар
келтирмасин, урушдаги оғир шарт-шароитга қарамасдан Ўзбекистонда
тарих ва археология фанида тадқиқот ишлари давом эттирилди ва кўплаб
ютуқларга эришилди. Бу даврда мамлакатимизнинг турли минтақаларида
ҳали инсониятга маълум бўлмаган, қадимдан яшаб келган аждодларимиз
томонидан яратилган моддий ва маданий ёдгорликлар маҳаллий ва кўчиб
келган олимлар билан ҳамжиҳатликда ўрганилиб, тадқиқ қилинди.

Шуни алоҳида айтиб ўтиш керакки, ҳатто уруш ҳам илм-фанни

бутунлай ривожланишидан тўхтатиб қола олмади, шундай экан бугунги
Янги Ўзбекистонда илм-фанни ривожлантиришга яратилган барча шарт-
шароитлардан унумли ва оқилона фойдаланган ҳолда Учинчи Ренессанс
асосларини яратишда ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим.

Адабиётлар рўйхати:

1.

Асқаров А. Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи. – Т.: Ўзбекистон,

2015. 690 б.
2.

Академик Яҳё Ғуломов замондошлари ва шогирдлари хотирасида. –

Т.: ФАН. 2009. 119 б.
3.

Гулямов Я. Г. История орошения хорезма с древнейших времен до

наших дней. – Т.: ФАН. 1957. 313 c.
4.

Муҳаммаджонов А.Р. Яҳё Ғуломов илмий фаолиятининг асосий

йўналишлари // Ўзбекистонда ижтимоий фанлар. – Т.: 1998. – № 4-5. 5-6 б.


background image

MODELS AND METHODS IN MODERN SCIENCE

International scientific-online conference

34

5.

Садиков А.С. Рождения в войну // «Звезда Востока». – Т.: 1975. – №12.

124 c.
6.

Советская Этнография. – М., 1947. вып. VI-VII. 349 c.

7.

Сомон йўли. Амир Темур ҳаётига бағишланган адабий тарихий

мажмуа. – Т.: Камалак. 1992. 143-146 б.
8.

Толстов С. П. Древности верхнeго Хорезма. ВДИ // 1942. – № 1.

9.

ЎзР Фанлар академияси Марказий архиви (ЎзР ФАМА), 1-фонд, 1-

рўйхат, 76-йиғма жилд, 4-6 б.
10.

Якубовский А. Ю. “К вопросу об этногенезе узбекского народа”. – Т.:

“УзФан”. 1941. 18 c.

Библиографические ссылки

Асқаров А. Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи. – Т.: Ўзбекистон, 2015. 690 б.

Академик Яҳё Ғуломов замондошлари ва шогирдлари хотирасида. – Т.: ФАН. 2009. 119 б.

Гулямов Я. Г. История орошения хорезма с древнейших времен до наших дней. – Т.: ФАН. 1957. 313 c.

Муҳаммаджонов А.Р. Яҳё Ғуломов илмий фаолиятининг асосий йўналишлари // Ўзбекистонда ижтимоий фанлар. – Т.: 1998. – № 4-5. 5-6 б.

Садиков А.С. Рождения в войну // «Звезда Востока». – Т.: 1975. – №12. 124 c.

Советская Этнография. – М., 1947. вып. VI-VII. 349 c.

Сомон йўли. Амир Темур ҳаётига бағишланган адабий тарихий мажмуа. – Т.: Камалак. 1992. 143-146 б.

Толстов С. П. Древности верхнeго Хорезма. ВДИ // 1942. – № 1.

ЎзР Фанлар академияси Марказий архиви (ЎзР ФАМА), 1-фонд, 1-рўйхат, 76-йиғма жилд, 4-6 б.

Якубовский А. Ю. “К вопросу об этногенезе узбекского народа”. – Т.: “УзФан”. 1941. 18 c.