24
ЎЗБЕКИСТОН-АҚШ СТРАТЕГИИ ҲАМКОРЛИК МУЛОҚОТИНИ
КЕНГАЙТИРИШДА АФҒОН ОМИЛИНИНГ ТУТГАН ЎРНИ
Имомова Юлдузхон Джумабой қизи
ЖИДУ докторанти E-mail:
yulduzimom@gmail.com
Аннотация.
Ушбу тадқиқот Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги
стратегии ҳамкорлик мулоқотини шакллантириш ва кенгайтиришда
афғон омилининг ҳал қилувчи ролини ўрганади. Тарихий, дипломатик ва
хавфсизлик ўлчовларини синчковлик билан ўрганиб, тадқиқот икки
томонлама муносабатларга таъсир кўрсатган мураккаб динамикани
ёритишга қаратилган. Таҳлил ўзаро муносабатларнинг тарихий
эволюциясини,
Афғонистондан
келиб
чиқадиган
хавфсизлик
муаммоларининг иккала давлатга таъсирини ва минтақадаги
мураккабликларни
ҳал
қилишда
қўлланиладиган
дипломатик
стратегияларни ўз ичига олади.
Калит сўзлар:
Ўзбекистон, АҚШ, Афғонистон, Толибон
ҳаракати.
Глобаллашув жараёнларида дунё куч марказлари ўртасида
геосиёсий рақобатнинг кучайиши, танг вазиятларни куч ишлатиб
бартараф этишга уринишларнинг ортиб боришихалқаро, минтақавий ва
миллий хавфсизликка хавф-хатарлар кўламининг ортишига олиб келди.
Бундай шароитларда Ўзбекистон бугун ҳам куч марказлари геосиёсий
рақобат майдони бўлиб қолаётган Афғонистон омилини ҳисобга олган
ҳолда ўз ташқи сиёсатини амалга ошириши муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Ўзбекистон халқаро
муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти сифатида ташқи сиёсатда
давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан
таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл
билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик
қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган бошқа
қоидалари
ва
нормаларига
асосланиши
белгиланган.[1]Ўзбекистоннинг минтақадаги миллий манфаатларини
таъминлашга қаратилган ҳозирги ташқи сиёсати сўнгги йилларда эълон
қилинган қатор расмий ҳужжатларда ўз ифодасини топган.
Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолияти
концепциясини
тасдиқлаш
тўғрисида”ги,
“Ўзбекистон
Республикасининг мудофаа доктринаси тўғрисида”ги Қонунлари,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Афғонистон Ислом
Республикаси билан иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва
мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори, “2022-2026
йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси
тўғрисида”ги Фармони ва мазкур мавзуга оид бошқа норматив-ҳуқуқий
ҳужжатлар шулар жумласидандир.
Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида минтақада тинчлик ва
барқарорликни таъминлаш, минтақавий хавфсизликнинг энг муҳим
муаммоларини ҳал этиш, шу жумладан, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш
жараёнларига фаол кўмаклашишни устувор вазифалардан бири деб
ҳисоблайди.
Шунингдек,
миллий
қонунчиликда
Ўзбекистон
Республикаси
миллий
хавфсизлигининг
узоқ
муддатли
манфаатларидан келиб чиққан ҳолда манфаатдор давлатлар билан
стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш ва сақлаб туриши ҳамда
давлатлараро ўзаро манфаатли, мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйиши
мумкинлиги белгиланган.[2]
Бугунги кунда Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни
ўрнатишга қаратилган Ўзбекистон ташқи сиёсатини амалга оширишда
Америка Қўшма Штатлари билан халқаро ҳамкорлик стратегик шериклик
асосида ривожланиб
келмоқда.2022-2026 йилларга
25
мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида хорижий
давлатлар, минтақавий ва халқаро ташкилотлар билан Афғонистонда
тинчлик ва барқарорликни таъминлаш юзасидан ҳамкорликни
кенгайтириш, АҚШ билан “Стратегик ҳамкорлик мулоқоти” ва “С5+1”
форматлари доирасида музокараларни изчил давом эттириш устувор
вазифалардан бири этиб белгиланган. [3]
Мустақилликнинг илк йиллариданоқ, Марказий Осиёнинг барча
беш мамлакати билан чегарадош, асосий транспорт йўллари
кесишмасида жойлашган, энг йирик ҳарбий ва инсоний салоҳиятга эга
ҳамда ўзининг мустақил ташқи сиёсатини (аввало Россиядан) фаол
намойиш этишга ҳаракат қилаётган Ўзбекистонга АҚШ ҳукумати
минтақанинг табиий маркази сифатида таяниб, унинг Марказий Осиё
интеграциясида фаол ролни ўйнаш истагини қатъий қўллаб-қувватлай
бошлаган.[4]
1992 йилдан 2001 йилгача стратегик кучлар баланси учун
минтақада ўз иштирокини таъминлаб келган ва Марказий Осиёга
нисбатан узоқ муддатли стратегия ишлаб чиқишга шошилмаётган
АҚШнинг Афғонистонга нисбатан ташқи сиёсатидаги ноаниқликлар,
Ўзбекистон учун афғон муаммосига оид ўз позициясини ишлаб чиқишда
асосий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда эди. Мутахассисларнинг
фикрича, АҚШнинг Афғонистонда фуқаролар урушини тугатиш, халқаро
меъёрларни ҳурмат қилувчи ҳукуматни шакллантириш ва мамлакат
ишларига ташқи аралашувни тўхтатиш бўйича расмий позицияси ҳамда
Афғонистон йўналишида олиб бораётган стратегияси ўртасида
сезиларли фарқлар мавжуд эди.[5]
Ўз навбатида, ХХ асрнинг 90-йиллари ўрталарида Шимолий
альянс ва Толибон ҳаракати ўртасида тобора кучайиб бораётган
Афғонистондаги фуқаролар уруши билан
боғлиқ кескин вазият
туфайли терроризм, диний экстремизм, наркотрафик ҳамда ноқонуний
қурол савдоси каби минтақа хавфсизлигига таҳдидларнинг ортиб
26
бориши, Ўзбекистон ҳукуматини жанубий чегараларида вазиятнинг
беқарорлашувига йўл қўймаслик борасида чоралар излашга мажбур
қилмоқда эди.
1996 йилнинг кузида Афғонистонда юзага келган вазият халқаро
жамоатчилик диққат марказида бўлди, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг
мамлакатдаги вазиятга бағишланган бир нечта махсус йиғилишлари
ўтказилди.
Толибон
томонидан
Қобулнинг
эгалланишини
ўз
хавфсизлигига
таҳдид
сифатида
баҳолаган
Ўзбекистон
Республикаси,республика Миллий Хавфсизлик Кенгашининг навбатдан
ташқари махсус йиғилишида ушбу муаммони муҳокама қилди. [6]
Президент И.Каримов мураккаб тус олаётган афғон муаммосини ҳал
этишга қаратилган бир қатор ташаббусларни илгари сурди.
Жумладан, Эрон, Хитой, Покистон, Тожикистон, Туркманистон,
Ўзбекистон, шунингдек, АҚШ ҳамда Россия иштирок этган БМТ
шафелигидаги Афғонистоннинг “Қўшнилари ва дўстлари” номли “6+2”
мулоқот ва келишув гуруҳи тузилди. 1998 йил 21 сентябрда Нью- Йоркда
“6+2” формати иштирокчи давлатлари ташқи ишлар
вазирларининг учрашуви уюштирилиб, томонларнинг Афғонистон
масаласида ўзаро англашуви жиҳатлари келишиб олинди. 1999 йил 19-
20 июль кунлари БМТ кўмагида “6+2” гуруҳининг Тошкент олий
даражадаги учрашуви бўлиб ўтди. Унда томонлар афғон можаросини
тинч йўл билан ҳал этишнинг асосий тамойиллари ҳақидаги Тошкент
декларациясини имзоладилар. Мазкур декларация ҳали-ҳамон ушбу
мамлакатнинг барча ички сиёсий кучлари томонидан қабул қилинган
ҳамда БМТ томонидан тасдиқланган ягона расмий ҳужжати бўлиб
қолмоқда.[7] 2008 йилда Ўзбекистон Президенти И.Каримов Бухарестда
бўлиб ўтган НАТО-Европа Иттифоқи Ҳамкорлик Кенгаши саммитида
сўзга чиқиб, “6+2” алоқа гуруҳига НАТОни қўшиш орқали “6+3”
форматига айлантиришни таклиф қилди. [8] Ушбу таклиф
27
28
америкалик айрим мутахассислар [9] томонидан қўллаб-қувватланган
бўлса-да, манфаатдор минтақавий ва ташқи акторлар томонидан алоқа
гуруҳини қайта тузишга унчалик ҳам қизиқиш билдирилмади.[10]
2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан сўнг АҚШнинг Афғонистонга
кириб келиши минтақада кечаётган сиёсий жараёнларда кескин
ўзгаришларни келтириб чиқарди. Қўшма Штатлар ва унинг
иттифоқчилари билан кўп томонлама шериклик Марказий Осиё
давлатларига, жумладан, Ўзбекистонга кўп векторли ўзига хос ташқи
сиёсат юритиш имконини берди. Ташқи сиёсатда АҚШ, Хитой ва Россия
ўртасида пухта мувозанатни сақлашга интилган Ўзбекистон ҳукумати, бу
орқали ташқи кўмак олиш мақсадида ўзаро рақобатлашаётган буюк
давлатларнинг потенциал таъсирига таянишга ҳаракат қилди. Бу
даврда Афғонистон қўшнилари АҚШ, Хитой ва РФнинг зиддиятли
талаблари ҳамда муносабатларидан усталик билан фойдаланиб
ҳаракат қилишга интилди, минтақа кўп қутбли маконга айланди.
АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича
собиқ маслаҳатчиси З.Бжезинский афғон инқирозини ҳал этишда
Ўзбекистон асосий роль ўйнаши мумкинлигини таъкидлаб, аксилтеррор
ҳарбий кампанияни қўллаб-қувватлашда истиқболли ҳамкор сифатида
Ўзбекистон имкониятларини юқори баҳолади.
Жумладан, З.Бжезинский 2003 йил ноябрида Тошкентга ташрифи
давомида бу борада қуйидаги фикрларни билдирди: “...стратегик нуқтаи
назардан Ўзбекистон - ўз тарихи, миллий қадриятлари ҳамда тўла
асосли минтақавий хавфсизлик концепциясига эга Марказий Осиёнинг
етакчи ва энг муҳим мамлакати. Шунинг учун ҳам Қўшма Штатлар
Ўзбекистон
билан
алоқаларни
юксак
қадрлайди.
Минтақада
хавфсизликни таъминлашда халқаро террорчи ва экстремистик
гуруҳларга қарши кураш масалаларида томонларнинг қарашлари
ҳамоҳанг”.[11]
Шунингдек, З.Бжезинский журналистларга берган интервюсида
29
АҚШнинг Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги манфаатлари бешта
тамойилга асосланишини таъкидлади:
1. Ўзбекистон каби давлатларнинг келажакда 11 сентябрга
ўхшаш воқеаларнинг олдини олиш ва бартараф этишда қўшадиган
ҳиссасини инобатга олиб, Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши
ва мустақил мавжуд бўлиши АҚШ миллий манфаатларининг марказида
туради.
2. Дунёвийлик, миллий анъаналар ва исломий эътиқод
ўртасидаги мувозанат жуда муҳим. Ушбу йўналишлардан ҳеч бирига
кўпроқ оғишга йўл қўймаслик зарур.
3. АҚШ ҳукумати Марказий Осиёнинг дунё бозорига - жаҳон
иқтисодиёти ва бозори эса минтақага тўлиқ очиқ бўлишини хоҳлайди.
4. Минтақа ягона давлатнинг ҳукмронлигига бўйсунмаслиги ёки
икки мамлакат ўртасидаги ҳалокатли рақобат майдонига айланмаслиги
лозим. Акс ҳолда, нафақат минтақа бу воқеалар қурбони бўлади, балки
бутун дунё учун хавфли бўлган жараёнларнинг ривожланиши учун
шароит яратилишига ёрдам бериши мумкин.
5. Минтақа мамлакатларининг турли радикал ва экстремистик
диний оқимлар таъсирига тушиб қолиши, шундоқ ҳам нотинч бўлган
дунёдаги сиёсий вазиятнинг кескинлашувига олиб келишини қабул
қилиш мумкин эмас.[12]
Шунингднек, АҚШ президенти Жо Байден Ўзбекистон
президентига2021 йил март ойида Наврўз байрами муносабати билан
йўллаган табригида урушни тугатадиган ва Афғонистонда фақатгина
дипломатик йўл билан ечим топадиган тинчлик ўрнатиш жараёнини
қўллаб-қувватлаш учун биргаликда ишлашнинг алоҳида аҳамиятга эга
эканлигини билдирди. У ўз маъмурияти стратегик шерикликни
чуқурлаштириш ва “C5+1” мулоқот жараёнини давом эттиришдан
манфаатдор эканлигини таъкидлаган. 2021 йил якунида Тошкентда
ўтказилган
учрашувларда
Ўзбекистон-АҚШ
сиёсий
30
маслаҳатлашувлари “Стратегик ҳамкорлик мулоқоти” даражасига
кўтарилганлиги эълон қилинди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, сўнгги йилларда Президент
Ш.Мирзиёевнинг конструктив, ташаббускор ва кўпвекторли ташқи
сиёсати туфайли Ўзбекистон ташқи сиёсатида рўй берган ижобий
ўзгаришлар
АҚШ
ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланиб,
минтақадаги хавфсизликнинг долзарб масалаларини муҳокама этишда
ҳамкорликни давом эттиришга ундамоқда. Украинада давом этаётган
уруш туфайли АҚШнинг Марказий Осиёда геосиёсий рақиблари
таъсирини янада камайтиришга интилиши, афғон муаммосини ҳал
этишда ўзбек-америка ҳамкорлигини ривожлантириш учун қулай шарт-
шароитлар яратади. Ушбу омиллар Марказий Осиёда шаклланаётган
янгича геосиёсий жараёнларга Ўзбекистон миллий манфаатлардан
келиб чиққан ҳолда таъсир кўрсатиш имконини беради.
Фойдаланилган адабиётлар рўйҳати:
1. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 17-моддаси.
Манба:
http://lex.uz
.[электрон манба: 25.11.2023].
2. “Ўзбекистон
Республикасининг
мудофаа
доктринаси
тўғрисида”ги 2018 йил 9 январь, ЎРҚ-458-сонли қонуни. Электрон манба:
http://lex.uz
.[электрон манба: 25.11.2023].
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28
январдаги ПФ-60-сон “2022-2026 йилларга мўлжалланган янги
Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” тўғрисидаги Фармони.
Электрон манба:
http://lex.uz
. [электрон манба: 25.11.2023].
4. Б.Б.Очилов. Генезис и эволюция политики США в
Центральной Азии. Монография. - Тошкент: УМЭД, 2017.- С. 53.
5. Helms L., Newberg Р., Olcott М., Kemp G., Khalilzad Z. The
Taliban and Afghanistan: Implications for Regional Security and Options for
International Action // United States Institute of Peace. Special Report №39.
November, 1999. Source:
http://usip.org/oc/sr/sr afghan.html
6. Н.У.Туляганова
.
«Афганский конфликт и его последствия в
контексте становления новойсистемы безопасности в Центральной
Азии»: Дис... доктора полит. наук. - Ташкент: УМЭД, 2006. - С.188.
7. Ташкентская декларация об основополагающих принципах
мирного разрешения конфликта в Афганистане от 20 июля 1999 года.
31
Источник:
http://peacemaker.un.org/sites/peacemaker.un.org/files/AF_990719_Tashk
ent Declaration
8. Президент Узбекистана И.Каримов выступил насаммите
НАТО
в
Бухаресте.
Источник: URL:https://subscribe.ru/archive/news.world.turkestan/200804/0
4134728.html
9. J.Daly. Uzbek Afghanistan Proposal Relevant and Timely.
Source: http://www.upi.com/Top_News/ Analysis/2009/11/05/Outside-View-
Uzbek-Afghanistan-proposal-relevant-andtimely/UPI-71691257429600
10. Р.Саттаров, А.Сушенцов
.
ЦентральнаяАзиявспектрероссийск
о-американскихотношений //Central Asian Analytical Network. 29 ноября
2016 года. Source: URL:
https://caa-network.org/archives/8014
.
11. Сотрудничество
Узбекистана
и
СШАгарантирует
стабильностьв Центральной Азии.(Из интервью Ш.Кудратходжаева с
бывшимсоветником президента США по вопросамнациональной
безопасности З.Бжезинским) // “Независимая газета”. - Москва, 11
ноября 2003 года.
12. Интервью З.Бжезинского журналисту Мавляну Юлдашеву //
Информационно-аналитический портал “Фергана news”. Электрон
манба: http://www.fergananews.com/articles/2301
13. Rashitovna, Kadirova Nargiza. "Consular law: international legal
framework, experience of leading democratic countries." European
research 1 (24) (2017): 58-61.