Мамлакатимизнинг халқаро таъминот занжирларида муқим ва мустаҳкам жой олиши ва мослашувчанлигини ошириш учун миллий қонунчиликни халқаро талаблар ва стандартларга мувофиқлаштириш, ташқи бозорларга чиқиш ва экспорт диверсификацияси учун кенг имкониятлар яратиш, халқаро савдо қоидаларини шакллантиришда бошқа давлатлар билан тенг равишда иштирок этиш, барча учун очиқ савдо қоидалари ва низоларни ҳал этиш механизмидан фойдаланиш долзарб аҳамият касб этади. Бу мамлакатимиз иқтисодиёти учун кенг тижорат имкониятларини очади ҳамда иқтисодий тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлган экспорт ва импорт салоҳиятининг ошишига олиб келади. Ушбу масалаларнинг мавжудлиги мамлакатимиз экспорт ва импорт салоҳиятини оширишда божхона тўловлари ва имтиёзларидан фойдаланиш механизмини такомиллаштиришга қаратилган тизимли илмий тадқиқотлар олиб борилишини зарурлигини ифодалайди.