ACADEMIC RESEARCH IN MODERN SCIENCE
International scientific-online conference
72
“ҲУДУД УЛ-ОЛАМ” АСАРИДА ЎРТА ОСИЁНИНГ ДЕНГИЗ ВА
ДАРЁЛАРИ ҲАҚИДАГИ МАЪЛУМОТЛАР
Бобораҳимов Зикирё Каримбердиевич
Ориентал университети, Тарих факултети магистранти.
https://doi.org/10.5281/zenodo.14132270
Ўрта Осиёнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти суғориш тизими
билан боғлиқлиги маълум. Суғориш тизими ҳозирги кунда ҳам
иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланади. “Орол
фожеаси” ва Ўрта Осиёда сувга бўлган талабнинг табора кенгайиб
бораётганлиги сув масаласини ҳам янада муҳим масала эканлигини
эслатмоқда, дейиш мумкин. Шунинг учун ҳам ўрта асрларда Ўрта
Осиёнинг сув манбаларини қандай бўлганлигини ўрганиб бориш ҳозирги
кунда ҳам қизиқарлидир. Биз ўрганаётган “Ҳудуд ул-олам” асарида ҳам бу
борада кўплаб фикрлар учрайди. Мисол учун Хазар денгизи ҳақида унда
қуйидаги маълумот келтирилган: “Яна бири Хазар денгизидир (Каспий
денгизи). Унинг шарқий ноҳияти Ғуз (араб ва форс манбаларида этник
атама — ғуз, хузз шаклида ҳам учрайди; қадимги туркий талаффузда —
ўғуз. Ўғузлар — Марказий Осиёда яшаган туркий қабилалар. X асрда
ўғузлар Сирдарёнинг қуйи оқими-да ўз давлатларини туздилар ва бу
давлат XI асргача, яъни қипчокдар босқинигача мавжуд эди. "Ҳудуд ул-
олам"да "Ғузлар [вилояти]", деганда Хоразмдан шимолда ва шимоли-
ғарбда жойлашган ерлар назарда тутилган) ва Хоразмга туташган чўлдан
иборат; шимол ноҳияти Ғузга ва қисман Хазарлар [ери]га (кўчманчи
туркий халклар; VII — X асрларда Шимолий Кавказ ва Қуйи Волга бўйида
Хазар хоқонлигини ташкил қилган. Каспий денгизининг шимолий ва
шимоли-ғарбий соҳиллари Хазар хоқонлигига тегишли бўлган ва шу халқ
номи билан "Хазар денгизи" деб аталган. "Ҳудуд ул-олам"да "Хазарлар"
деганда Хазар хоқонлиги назарда тутилган) уланади; унинг ғарбий
ноҳияти Хазарлар ва Озарбодгон (Озарбайжон) шаҳарларигача ("шаҳар"
сўзи "Ҳудуд ул-олам"да кўпроқ "ҳудуд", "вилоят", "мамлакат" каби
маънолар-ни англатиб келган) боради; жанубий ноҳияти эса Гелон,
Дайламон, Табаристон ва Гургон (Каспий денгизининг жанубий
соҳилидаги вилоятлар) шаҳарларига туташган. Бу денгизнинг қўлтиғи
йўқ; узунлиги тўрт юз фарсанг, эни [ҳам] тўрт юз фарсанг; унда баликдан
ўзга нарса овланмайди” . Юқоридаги маълумотдан ҳам кўриниб
турибдики, Каспий денгизи ўша даврда ҳам ўз даврининг йирик
денгизларидан (аслида катта кўл) бири бўлиб 1 фарсанг 7-8 км
эканлигини ҳисобга олсак бўйи ва энининг узунлиги 2800-3200 км
ACADEMIC RESEARCH IN MODERN SCIENCE
International scientific-online conference
73
атрофида бўлганлиги ҳақида хулоса чиқариш мумкин. Шу билан бирга,
унинг Обискун денгизи, Гургон денгизи, Дарбанд денгизи, Гилон денгизи
каби номлар билан аталиши ҳам қайд этилган.
Биз ўрганаётган асарда Орол денгизи ҳақида ҳам қисқа маълумот
берилган. Орол ўша даврда Хоразм денгизи номи билан ҳам аталган.
“Ҳудуд ул-олам”да Орол денгизи ҳақида қуйидаги маълумот келтирилган:
“Яна бири Хоразм денгизидир. Хоразмдан (Хоразмнинг ўша вақтдаги
пойтахти Кот шаҳри назарда тутилган) қирқ фарсанг шимоли-ғарбда.
Унинг гирд-атрофи ҳаммаси ғузлар жойидир. Бу денгизнинг айланаси уч
юз фарсанг.” Бу маълумотдан кўринадики, ўша пайтда Орол денгизининг
айланаси 2100-2400 км масофани ташкил этар экан. Лекин бошқа
манбаларда Орол денгизини айланаси бундан анча кам масофани ташкил
этганлиги таъкидланади-ки, биз бу ҳақида кейинроқ тўхталамиз. Ҳозирги
вақтда Орол денгизи масаласи жаҳон миқёсидаги катта экологик
муаммога айланганлиги сабабли, у ҳақдаги ёзма маълумотларга бирмунча
кенгроқ тўхталиб ўтамиз.
Орол денгизига бағишланган ҳозирги замон илмий тадқиқотлари Х!Х
асрдан бошланган ва шу кунгача давом этиб келмоқда. Ёзма манбаларга
асосланган асосий тадқиқотлардан голланд олими де Гуе, рус олимлари В.
В. Бартольд ва Л. С. Берг асарларини кўрсатиш мумкин .
Юнон олимлари Александр Македонскийнинг юришлари муносабати
билангина Марказий Осиё, жумладан, Каспий денгизи ҳақида бирмунча
аниқ маълумотларга эга бўлдилар. Кўпчилик юнон олимлари Каспий
денгизини дунё океанининг қўлтиғи, деб билганлар. Лекин Геродот бу
денгизни дунё океани билан туташмаган берк ҳавза, деб тўғри тасаввур
этган. Шунингдек, атроф тоғлардан қандайдир Ак номли дарё оқиб
чиқиши ва бу сув оқиб ўтган водий хоразмликларга тегишли эканлигини
ҳам ёзган; бироқ унинг бирор жойга қуйилиши ҳақида ҳеч нарса
дейилмаган. Дарёнинг Хоразм ўлкасида эканлигини эътиборга олинса, у
ҳолда Геродот Амударё ҳақида ёзган, деб фараз қилиш мумкин, холос.
Милоднинг бошларида яшаб ижод этган машҳур юнон олими Клавдий
Птолемей эса, ўзининг «География» номли асарида, дунё ўлкалари
қаторида, Марказий Осиё картасини ҳам тузган. Птолемей картасида
Амударё (Окс) ва Сирдарё (Яксарт) Каспий денгизига бориб қуйилади.
Фақат милоднинг IV асрига келибгина, рим олими Аммиан Марцеллин
Суғд тоғларида иккита — Араксат ва Дима дарёлари оқиб чиқиши, уларда
кемалар қатнай олиши ва улар текисликда қуйи ҳавзасида катта Окс
ACADEMIC RESEARCH IN MODERN SCIENCE
International scientific-online conference
74
ботқоқлигини ҳосил қилиши ҳақида хабар беради. Марцеллин
ёзганларини Орол денгизи ҳақида ғарб мамлакатларида келтирилган
биринчи ёзма маълумот деса бўлади.
Милоднинг 568 йили Византия подшоси ҳузуридан Турк хоқонлигига
Земарх бошчилигида элчи юборилди. Элчилар қайтишда Орол денгизи
бўйидан юриб ўтган, деган тахмин мавжуд. Чунки бу элчилик ҳақида ёзган
Менандр Протектор элчиларнинг Оих дарёсидан ўтганлиги,
сўнгра бир катта кўлнинг қумли қирғоқлари ёқалаб Ик (Эмба) дарёсига,
сўнгра Даих (Ёйиқ, Урал) дарёсига етиб келганлигини ёзган.
Хитой манбаларида Марказий Осиё, жумладан, Орол денгизи ҳақида
маълумотлар ҳам анча қадимги даврга оид бўлиб, улар Буюк Ипак йўли
очилиши билан боғлиқдир. Милоддан аввал 138—126 йилларда хитой
сайёҳи Чжан Цянь Марказий Осиёга саёҳат қилиб, Фарғона водийси ва
Суғдиёнадан ўтиб Балхгача борган, у ўз саёҳатномасида Фарғона
водийсидан шимоли-ғарбда Кангюй ўлкаси, ундан шимоли-ғарбда Яньцай
ўлкаси борлиги ва у катта бир кўл соҳилида жойлашганлигини қайд этган.
Чжан Цянь бу кўлни «Шимолий денгиз» деб атаган. Милоднинг бошларида
ҳам хитойлар Орол денгизига борган, деган тахминлар бор. Кейинроқ, VI
аср хитой манбаларида Сирдарё — Яоша ва Амударё — Уху номлари билан
тилга олинган.
Қадимги хитой манбаларида Орол денгизи ҳақида узил-кесил аниқ
маълумот берилмаган бўлса-да, бироқ унинг мавжудлиги ҳақида эслатиб
ўтилган.
Ал-Хоразмнй келтирган маълумотларга кўра, Амударё (Наҳри Балх) ва
Сирдарё (Узун дарё) бир кўлга қуйилади; Каспий денгизи эса ўзи яхлит,
алоҳида берилган. Кўл (яъни Орол денгизи) чекка нуқталарининг
координаталари ҳам берилган: узунлиги 86"30'—90°, кенглиги 30°10'—
42°. Бу кўрсаткичлар Орол денгизи учун берилган биринчи картографик
маълумотдир.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, Марказий Осиёлик олимнинг ушбу
маълумоти Орол денгизининг тарихини мусулмон манбалари асосида кенг
ёритган олимлар — де Гуе томонидан ҳам, академик В. В. Бартольд
томонидан ҳам эслатилмаган. Улар Орол денгизи ҳақидаги дастлабки
маълумот ал-Хоразмийдан кейин ижод этган эронлик географ олим Ибн
Хурдодбех (820—913), сўнгра бирмунча батафсил араб географ олими Ибн
Руста (X аср) қаламига мансубдир, деб билганлар.
ACADEMIC RESEARCH IN MODERN SCIENCE
International scientific-online conference
75
Ибн Хурдодбех «Ал-масолик ва-л-мамолик» («Йўллар ва мамлакатлар»)
асарида Амударё Курдар кўлига (Орол денгизи; Қурдар — Орол денгизи
бўйидаги шаҳар) қуйилади, деб ёзган.
Ибн Руста таъкидлашича, Амударё Хоразм (Кот) шаҳридан 4 фарсах
масофа оқиб ўтгач кўл, қамишзорлар, ботқоқликлар ва ўтлоқлар ҳосил
қилади, сўнгра дарё ғарбга бурилиб Журжония ёнидан ўтади. Ундан қуйи-
роқда дарёнинг чап ёнидан бир тармоқ ажралади ва Варагдеҳгача боради.
Бу қишлоқ Журжониядан 4 фарсах масофада бўлиб, у ерда Сиёҳкўҳ тоғлари
бор. Варагдеҳдан қуйироқда дарё бир қанча кўллар ҳосил қилган ва
уларни Холижон атайдилар. Бу дарё айланаси 80 фарсах келадиган бир
кўлга қуйилади; унинг ғарбий қирғоғи бўйлаб Сиёҳкўҳ тоғлари ястанган,
шарқда — қалин бутазор, шимол томон Қарят-ул-Ҳадиса (Янгикент,
Жанкент — Сирдарёнинг қуйи ҳавзасида, X аср) шаҳри жойлашган.
Араб географ олими ал-Яъқубий (IX аср) шунингдек, Ибн ал-Фақиҳнйнг
(IX—X асрлар) ёзишларига кўра, Амударё Каспий денгизига қуйилган.
Абу Зайд Балхий, ал-Истахрий ва Ибн Ҳавқалларнинг қаламига мансуб
«Китоб ал-масолик ва-л-мамолик» номли асарда (X аср) ёзилишича,
Жайхун суви Хоразм кўлига (Орол денгизига) қуйилади, у ерда балиқчилар
яшайди. Ул жойни Холижон атайдилар, ғузлар юртига яқиндир. Жайхун
дарёси қуйилиш еридан то Шош дарёси (Сирдарё) қуйилган жойгача
бўлган масофа ўн кунлик йўлдир (Истахрий асарида 4 кунлик йўл). Бу
кўлнинг айланаси 103 фарсах, суви шўр, сув сатҳи ўзгармасдан доим бир
хил туради.
В. В. Бартольд ушбу маълумотга асосланиб, Орол денгизининг X асрдаги
сув сатҳи билан XX асрдаги сув сатҳи бир хил бўлган, деган хулосага
келган.
Тарихчи олим Омонулло Бўриевнинг “Темурийлар даври ёзма
манбаларида Марказий Осиё”асарида кўплаб тарихий манбалардан Орол
денгизи ҳақидаги маълумотларни келтириб ўтган. Улардан бирида араб
географ олими ал-Муқаддасий (X аср) шундай ёзади: «Журжония
(Хоразмнинг) Хуросон томондаги қисмининг пойтахти бўлиб, Жайхун
(дарёси) бўйида жойлашган, атрофини сув босган, сувни ёғочлар билан
тўсдилар, дарё шарқ томонга бурилди. Ундан шаҳарга сув келтириш учун
ариқлар қазидилар»
Ибн Руста билан Истахрий ва Ибн Ҳавқал маълумотларида фарқ бор.
Истахрий ва Ибн Ҳавқал Амударёнинг Орол денгизига қуйилиш ерини
Холижонда деб билсалар, Ибн Руста маълумотига кўра у Сариқамиш
ACADEMIC RESEARCH IN MODERN SCIENCE
International scientific-online conference
76
кўлига тўғри келади. Агар Истахрийнинг, Курдар илгари дарёнинг асосий
тар-моғи бўлган деганини эътиборга олсак, у ҳолда Амударё X асрдан анча
илгари шимолга бурилгани ва Орол денгизига қуйилгани маълум бўлади.
«Хоразм денгизи» деганда ўша пайтларда фақат Орол денгизини
тушунганлар. Гардизий (XI аср) ҳам, печенег (бажанак) лар томонга
кетишда ўнг томонда Хоразм кўли жойлашган, деб таъкидлайди.
Агар Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий асарида Орол ҳақида дастлабки
картографик маълумот берилган бўлса, нккинчи бир машҳур хоразмлик
олим Абу Райҳон Беруний (973—1048) Амударё аа Орол денгизининг узоқ
тари-яига ҳамда ўз даври учун батафсил илмий хулоса беради. Жумладан,
Берунийнинг «Геодезия» асарида шундай маъ-лумотлар келтирилган:
«Суткент — Хасарт дарёси бўйи-даги шаҳар. Бу дарё Туркистон вилоятида,
Шош водийси-да энг машҳур дарёлардандир... Қарят ая-Ҳадиса—Ха-сарт
дарёсининг қуйилиш ерида Хоразм кўли ёнида Ғузлар вилоятидадир.
Жайхун ўзани, яъни Балх дарёси (сувини) кўл орқали ўтиб, Болхон деган
шаҳар орқали Хазар денгизига қуяр эди... Батлимус «Жуғрофия» китобида
Жайхуннинг қуяди-ган жойи Иркония, яъни Журжон денгизи деб ёзган.
Биз билан Батлимус орасида 800 йил... Ўша вақтда Жайхун шу ерлардан
ўтган; ҳозир бу ерпар чўлга айланиб қолган ва Замм (Карки) билан Омуйя
(Чоржўй) ўртасидаги жойдан (қайрилиб) шу ерларда шах,ар ҳам
қишлоқларни то Бол-хонгача суғорган. Кейин Журжон билан Хазар
ўртасида денгизга қуйилган.
Иттифоқо у (Жайхун) тўсилиб қолди, унинг суви Ғуз ерларининг
чеккаларига бурилиб кетди... Кейин ўзан яна тўсилиб қолган. Сув Хоразм
билан Журжон орасида жойлашган чўлдаги Маздубаст деб аталадиган
дарё ўзанидан ўтиб, чапда бажанаклар ерига бурилган (оқиб борган). Узоқ
вақтгача (бу ўзан суви) кўп жойларни обод қилди, бироқ (у жойлар) яна
хароб бўлди.
Ундан кейин сувнинг ҳаммаси Хоразм томонга йўналган. Илгари у сувнинг
оқоваларигина (қолдиқларигина) ўша Хоразм томонга х,озирда Хоразм
(гил тупроқпи) те-кислигининг олдидаги катта тошлар уйилган жой
оралари-дан сингиб ўтарди. Кейин сув (қоя тошларни) ёриб, у ерни сув
босди ва ўша ердан бошлаб уни кўлга айлантирди... Сўнг кўл (ёйилиб)
узоқлашиб бориб, олдида (кўндаланг ётган) тўсиқ тоғ (тепаликка)
тақалди, ундан ошиб ўтолмай, шимол томонга ҳозирда туркманлар яшаб
турган тараф-га бурилиб кетган. Бу кўл билан Маздубаст водийсидаги кўл
оралиғи узоқ эмас. У кўл (Сариқамиш) шўрхок ва ботқоқ лойликка
ACADEMIC RESEARCH IN MODERN SCIENCE
International scientific-online conference
77
айланган. Ундан кечиб ўтиб бўлмайди; туркийча «Хиз тенгизи», яъни «Қиз
денгизи» деб аталади .
Абу Райҳон Беруний асаридан келтирилган маълумотларда қадимги
геологик даврда Амударё Замм (Карки) ёнидан Қорақум орқали Каспий
денгизига оққанлиги, кейинчалик у шимолга бурилганлиги ва у ерда бир
қисми Қиз денгизи (Сариқамиш) томонга, яна бир қисми Хоразм денгизига
(Орол денгизига) оққанлиги; шунингдек, Сариқамиш саёз балчиқ кўлдан
иборат бўлганлиги маълум бўлади. Ваҳоланки, В. В. Бартольд ўзининг
Орол денгизига бағишланган жиддий тадқиқотида Беруний асарларида
Орол денгизи ҳақида ҳам, Амударёнинг қуйи қисми борасида ҳам бирор-
бир янгилик айтилмаган, деган хулосага келган эди. Беруний келтирган
маълумотларнинг бир қисми Муқаддасий асарида (986 йили ёзган) ҳам
бор, лекин бу хабарлар оғзаки маълумотларга асосланганлиги
муаллифнинг ўзи томонидан қайд этилган. Муқаддасий қадимда
Амударёнинг асосий тармоғи Нисо шаҳри яқинида жойлашган Балхан
шаҳригача етиб борган, кейинроқ дарё Хоразм томонга буриб юборилган
ва уни қайтариш иложи бўлмаган; Хоразм эли дарёдан ариқлар чиқариб ул
жойларни обод қилганлар; Балхан эса хароб бўлган; Нисо ва Абиварддаги
аҳоли менга Балханга бориб-келишлари ҳақида айтдилар, деб ёзади.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, маҳаллий халқда Амударёнинг анча
қадимда Балхан томонга оцқанлиги ҳақида ривоят мавжуд бўлган. Демак,
Ўзбой X асрдан анча илгари қуруқ ўзан бўлган.
Масъудий (X аср) ўз асарида, Амударё Журжония шахри яқинида
Журжония кўлига оқиб келиши, бу жуда катта кўл бўлганлиги ҳамда
ундан дарёлар оқиб чиқиб Хазар (Каспий) денгизига қуйилганлиги, Шош
дарёси ҳам шу кўлга қуйилиши ҳақида ёзади.
Муҳаммад Ибн Нажиб Бакрон (XIII аср) ўзининг «Жаҳоннома» асарида
Орол денгизини Жанд ва Хоразм денгизи, деб атайди ва унинг айланаси
100 фарсанг, диаметри 32 фарсанг, суви шўр, Хоразм дарёси (Амударё) ва
Чоч дарёси (Сирдарё) шу кўлга қуйилади, деб ёзган.
Мўғулларнинг Марказий Осиёга бостириб кириши ва 1221 йил
Хоразмнинг пойтахти Гурганжни хароб этиши билан боғлиқ тарихий
воқеалар Орол денгизига ҳам дахл-дордир. IX—XII асрлардаги ёзма
маълумотларда Амударёнинг асосий қисми Орол денгизига оқиши билан
бир қаторда, унинг бир тармоғи Хоразм пойтахти Гурганжни сув билан
таъминлагани, шунингдек, ўша йўналишда суғориш мақсадларида
ACADEMIC RESEARCH IN MODERN SCIENCE
International scientific-online conference
78
ишлатилиб, ортиқча сув Сариқамиш ботиғига бориб тушгани ва у ерда кўл
ҳосил қилгани қайд этилган.
Тарихчи Ибн ал-Асирнинг (XIII аср) «Тарих ал-комил» асарида хабар
берилишича, мўғуллар Гурганжни камал қилганларида бош тўғонни бузиб
ташлаганлар. Натижада, сув катта оқим билан Гурганж томон оқиб, шаҳар
сув остида қолиб хароб бўлган . Катта миқдордаги суз оқиб Сариқамиш
ботиғига бориб тушган. Маълум вақтдан сўнг Гурганж шаҳри тикланиб,
Урганч номини олди ва у иккита тармоқ оралиғида жойлашган эди; асосий
тармоқ Урганчнинг жанубидан оқиб ўтарди.
Мўғуллар истилоси даври (1221) дан бошлаб Хоразм ҳақида ёзма
маълумот кам. Ҳамдаллоҳ Муставфий Қазвиний (XIV аср) «Нузҳат ал-
қулуб» (1339 йилда ёзил-ган) асарида Амударё (Жайхун)нинг баъзи
тармоқлари Орол денгизига (Хоразм кўлига) бориб қуйилганини, ле-кин
дарёнинг бош тармоғи Хоразмдан оқиб ўтиши, Хулм (туркийда Гёрлади)
остонасидан сўнг Каспий (Хазар) де-нгизига қуйилиши ҳамда бу жойни
Холижон аташларини қайд этган. Ҳамдаллоҳ Қазвиний, шунингдек,
Сирдарё (Сайхун) ҳам гоҳ Каспий (Абискун) денгизига, гоҳ Орол денгизи
(Хоразм кўли)га куйилади, деб ёзади. Келтирилган маълумотдан, ўша
пайтда Ўзбойдан сув оққан, дейиш мумкин.
XIV асрда араб сайёҳи Ибн Баттута ўз саёҳатида Сарой шаҳридан ўтиб,
1338 йили Хоразмда бўлганлиги ҳам маълум. Бу саёҳатчи Орол ҳақида ҳеч
нарса ёзмаган бўлса-да, бироқ «Хоразм (Гурганж шаҳри) ёнидан Жайхун
дарёси оқиб ўтади»,— деб қайд этади .
Темур ва темурийлар давридаги манбаларда ҳам ушбу мавзуга оид озми-
кўпми маълумотлар бор. Жумладан, Амир Темурнинг Хоразмга қилган
юришлари ҳикоясида Ўзбой эслатилмаган бўлса-да, лекин Заҳириддин
Маръаший 1392 йили Темур фармони билан Мозандарондан у ердаги
ҳакимлар ва сайидлар Каспий денгизи орқали кемаларда Хоразмга
юборилганлигини эслатиб ўтган.
XV асрда ёзилган манбалар ичида шу даврда ижод этган тарихчи Ҳофизи
Абрунинг (вафоти 1430) «География» ва «Зубдат ат-таворих» («Тарихлар
сараси») асарида Марказий Осиёнинг сувлари ҳақида айрим маълумотлар
келтирилган. Ҳофизи Абру «География» асарида Орол де-нгизини Жайхун
кўли дейди, шунингдек, манбаларда бу хўлнинг Хоразм денгизи
аталганини, унинг даврида Балх дарёси (Амударё) ва Хўжанд дарёси
(Сирдарё) ўз сувини Хазар (Каспий) денгизига элтиши сабабли, кўлнинг
суви қуриб қолганини ёзади. Бу фикр Балх дарёси (Амударё) ҳақида
ACADEMIC RESEARCH IN MODERN SCIENCE
International scientific-online conference
79
ёзганида ҳам (1417) бор; унда, бу дарё ўз ўзанини ўзгартириб, янги ўзан
билан чўл орқали Хазар денгизига оқаётганлиги ва Гёрлади (бошқа номи
Ағрича) деган жойга қуйилиши қайд этилган. Ҳофизи Абру ёзганларида
Амударёнинг қадимги ўзани — Ўзбой назарда тутилган. Тарихчининг
«Зубдат ат-таворих» номли асарида XIV аср охирига мансуб тарихий
кечинмалар баёнида Амударё сувининг бир қисми пойтахт Хоразм
(Гурганж; Урганч) — ҳозирги Кўҳна Урганч шаҳри томон оққанлиги
ва бу тармоқ Гурлан суви (Оби Гурлан) дейилгани ҳақида хабар берилади.
Амир Темурнинг Хоразмга қилган бешинчи юриши чоғида, унинг
саркардаларидан бўлмиш Элчи-баҳодир Гурлан сувидан ўтаётганида оти
билан чўкиб кетган.
Амударёнинг Орол денгизига йўналган ўзанидан эса, дарё сувининг озроқ
қисми оққан, Низомиддин Шомий уни Эски Ўкуз деб тилга олган .
XV аср бошида Мовароуннаҳрда бўлган муаллифлардан Испания элчиси
Клавихо ва тарихчи Ибн Араб-шоҳ Амударёнинг Каспий денгизига
қуйилишини қайд этганлар. Клавихо бу дарёнинг қуйилиши жойини «Боку
денгизи», Ибн Арабшоҳ эса, «Қулзум денгизи» деб ёзганлар
Юқорида келтирилган ёзма маълумотлардан хулоса қиладиган бўлсак, XIV
аср иккинчи ярми ва XV аср бошла-рида Амударё сувининг асосий қисми
Гурлан суви номи билан Урганж (Кўҳна Урганч) орқали Сариқамиш
ботиғига оқиб, унда кўл ҳосил қилганлиги ва у ердан Ўзбойга ўтиб Каспий
денгизига бориб қуйилгани маълум бўлади.
Хондамирнинг ёзишича, 1460 йили Ҳусайн Бойқаро Астрободдан Хоразмга
қочган пайтда Ўзбой орқали Ағричадан то Адоққача келган ва 7 кун
деганда Амударёга етган, сўнгра қайиқларда дарёдан ўтиб Хоразмга
борган экан.
Орол денгизи ҳақида бевосита бўлмаса-да, бироқ Сирдарёнинг қуйи қисми
тўғрисида Заҳириддин Бобурнинг «Бобурнома» асарида ҳам маълумот
бор: «Сайхун дарёсиким, Хўжанд суйиға машҳурдир, шарқ ва шимолий
тарафдан келиб, бу вилоятнинг ичи бирла ўтуб, ғарб сари оқар,
Хўжанднинг шимоли Фанокатнинг жануби тарафидинким, ҳоло
Шоҳрухияга машҳурдир, ўтуб яна шимолга майл қилиб, Туркистон сари
борур. Туркистондан хейли қуйироқ бу дарё тамом қумға сингар, ҳеч
дарёга қотилмас» .
XVI аср Хоразм тарихига оид маълумотлар, асосан, Абулғози
Баҳодирхоннинг (1603—1664 йиллар) «Шажарайи тарокима» асарида
берилган. У ўзидан олдинги давр учун маълумотни оғзаки хабардан
ACADEMIC RESEARCH IN MODERN SCIENCE
International scientific-online conference
80
олганини ва ёзма манбалар йўқлигини айтган. Унинг Ўзбой ҳақида
ёзганлари XVI асрнинг биринчи чорагига тўғри келади. Жумладан,
Амударёнинг Урганч (Кўҳна Урганч) дан куйидаги қисми учун шундай
ёзилган: «Ул вақтда (XVI аср бошларида) Урганчдин Абулхон (Балхан)
бормоқ бу авулдин ул овулға боргантек эрди. Анинг учун Аму суви
Урганчнинг қалъасининг тубиндин ўтуб Абулхон (Балхан) тоғининг кун
туғишина бориб, тоғнинг тубина тегиб, қибла тарафиндин ўргулиб, кун
бо-тишига бориб, андин ўтуб Ўғурча бориб Мозандарон (Каспий)
тенгизина қуяр эрди» Тақи ул ким Аму дарёсининг икки тарафи то Ўғурча
борғунча, экинлик ва юзум боғи ва дарахтистон эрди. Баланд ерларга
чиқир (чиғир) қурарлар эрди. Молли халқ кўкавун ва чибин вақтинда бир-
икки манзил йироқроқ қудуқларга кетарлар эрди. Чибин ётқондин сўнг
сувнинг яқасиға келурлар эрди. Ободонлик ва маъмурликнинг ҳеч
ниҳояти йўқ эрди» .
1558 йили Хоразмга инглиз сайёҳи ва элчиси Антоний Женкинсон келиб
кетди ва ўз саёҳатномасида бу ҳақда баъзи хабарлар қолдирди.
Женкинсоннинг ёзишича, у пайтда Амударё суви Урганч атрофида кўп
миқдорда суғоришга сарфланган, Сариқамиш кўлига оз қисми келиб
қуйилган. Ўзбойдан Каспийга бу даврда сув оқмаган. Амударё сувининг
асосий қисми Адоқ тармоғи (ҳозирги Амударё) орқали Хитой (Орол)
денгизига қуйилган. Женкинсоннинг, агар дарё суви шу зайлда суғоришга
кўп сарфланаверса, тез орада бу ерлар чўлга айланиб қолади, дегани
амалга ошди. Бу ҳақда Абулғози, ўзи туғилишидан (1603 йил)30 йил
муқаддам, Аму дарёси Қора айғир тўқайидан йўл очиб Сир (Орол)
денгизига оқабошлагани, шу сабабдан Урганч атрофлари деярли чўлга
айланганини ёзади: «Биз дунёға келмасдин ўттуз йил илгари Аму суви,
Хост кинорасининг юқорисини Қора айғир тўқайи дерлар, ул ердин йўл
ясаб оқиб, Тук қалъасина бориб, Сир тенгизина қўйған эркандур. Ул
сабабдин Урганч чўл бўлибти. Раъият Урганч чўл ҳам бўлса ўлтуруб, хон
бошлиқ сипоҳ халқи ёз Аму сувининг ёқасинда муносиб ерларда экин экиб
ўлтуруб, экинни олғондин Урганч борурлар эркандур» . Демак, бу ҳодиса
1573 йил, яъни Женкинсон саёҳатидан 15 йил кейин юз берган.
1625 йили Урганч ўзбеклари сув йўқлигидан тарқалиб кетди Бухорога,
қозоқларга, манғитларга. Кейинчалик, 200 ўзбек оиласи Бухородан қайтиб
Оролга. яъни Амударёкинг денгизга қуйилиш жойи — дельтасига
ўрнашдилар.
ACADEMIC RESEARCH IN MODERN SCIENCE
International scientific-online conference
81
Юқорида келтирилган ёзма манбалар маълумотларидан ташқари, ушбу
мавзу бўйича олиб борилган илмий тадқицотлар ҳам Ўзбойдан сув оқими
бўлганлигини тасдиқлайди, лекин бу фикрларда озми-кўпми фарқлар бор.
Айрим тадқиқотчилар Ўзбойдан фақат қисқа муддат сув оққан десалар,
бошқа бир олимлар, Амударёнинг суви бир вақтнинг ўзида ҳам Орол
денгизига, ҳам Сариқамишга оққан деб хулоса қиладилар. Шунингдек,
Ўзбойдан XIV—XV асрлар давомида сув оққан ёки XIV аср охири XV аср
бошларида Амударё бутунлай бурилиб Ўзбойдан оққан деган фикрлар ҳам
бор. Мавжуд илмий хулосаларда ёзма маълумотлар эътибор-га олиниши
билан бир қаторда, археологик ва палеогеог-рафик тадқиқотлар
натижаларига ҳам таянилган.
Ёзма маълумотлардан бир қанча хулосалар келиб чиқади:
— Марказий Осиёнинг сув ҳавзалари ҳақидаги ёзма маълумотлардан
даврга қараб турли мақсадлар мавжуд бўлганлиги кўринади чунончи,
юнонларда Каспий денгизининг дунё океанига қўшилганлик масаласи;
Араб халифалиги даврида халифаликнинг ўз Ҳудудидаги ва бошқа ўлкалар
билан савдо-сотиқни ривожлантириш учун аниқ географик билимларга
эга бўлиш; хитойларда ғарбий ўлкалар билан савдони кенгайтириш ва
Шимолий денгиз (Шимолий Муз океани) ҳақида маълумотга эга бўлиш;
Россияда Каспий орқали сув йўли билан Ҳиндистонга чиқиш.
— Ёзма маълумотлар шуни кўрсатадики, Ал-Хоразмийдан бошлаб
мусулмон олимлари Орол денгизи ҳақида анча аниқ маълумот бериб
борганлар.
— Мўғуллар истилосигача бўлган манбалар хабарлари бўйича, Амударё
сувининг бир қисми Орол денгизига ва бир қисми Хоразмни сув билан
таъминлаб, ортгани Сариқамиш ботиғига бориб тўпланган, лекин сув
сатҳи Ўзбойга тушадиган даражагача кўтарилмаган. Сув махсус қурилган
тўғон орқали тартибга солиб турилган.
— Мўғуллар истилоси даврида тўғон буздирилди. Гурганж ва унинг
атрофидаги суғориладиган ерлар хароб бўлди. Амударёдан кўп миқдорда
сув Сариқамишга йўналиб, у ерда тўпланиб, сув сатҳи кўтарилиб борди.
Натижада, XIV асрга келиб Сариқамишдан Ўзбойга сув тушиб, ундан эса
Каспий денгизига бориб қуйила бошлади,
— XV! аср ўрталаридан бошлаб Амударё суви, асо-сан, Орол денгизига
оқадиган бўлди. Бу даврда сув оқимиУрганч (Кўҳна Урганч) шаҳри томон
борган сари камайиб борди ва бу шаҳар сувсиз қолиб хароб бўлабошлади.
XVII асрда Хива Хоразмнинг пойтахти бўлди.
ACADEMIC RESEARCH IN MODERN SCIENCE
International scientific-online conference
82
— Узоқ тарихий давр мобайнида Орол денгизи ҳам, Сариқамиш кўли ҳам
мавжуд бўлган. Лекин уларда сув сатҳи Амударё оқимининг ўзгаришига
қараб кўпайиб, озайиб турган.
Орол денгизи масаласидан сўнг Ўрта Осиёни суғорилишида муҳим ўрин
тутган дарёлар ҳақидаги маълумотларга эътибор қаратсак. “Ҳудуд ул-
олам”асарида таъкидланишича, Жайҳун дарёси (Амударё). Вахон
ҳудудидан оқиб келади; Булўр ноҳияти, Шакнон, Вахон ҳудудларидан
ўтади. (Сўнгра) Хуталон, Тухористон, Балх, Чағониён, Хуросон ва
Мовароуннаҳр ҳудудларига оқиб келади. Хоразм ҳудудидан ўтиб, сўнгра
Хоразм денгизига қуйилади . Темурийлар даври манбаларида, асосан, Жай-
хун номи билан, баъзи ҳолларда Омуйя дарёси шаклида қайд этилган.
Ҳофизи Абрунинг «География» асарида да-рёнинг бошланишидан то
қуйилишигача умумий тавсифи берилган. Яъни Бадахшон тоғларидан
бошланиши, унга бешта йирик ирмоқ келиб қўшилиши, қайси
вилоятлардан ва шаҳарлар ёнидан оқиб ўтиши, дарёнинг қуйи қисми тав-
сифида эса янги ўзан (Ўзбой) орқали Хазар (Каспий) денги-зига қуйилиши
ҳақида ёзилган. Амударёнинг XIV—XV аср-ларда Каспий денгизига
қуйилганлиги ҳақида юқорида, Орол денгизи тавсифида шарҳ бериб
ўтилди.
Биз ўрганаётган манбада Амударёга қуйиладиган кичик дарёлар ҳақида
ҳам қизиқарли маълумотлар учрайди. Шулардан бири Харноб
дарёсидир.(Бадахшон ва Порғар оралиғида Панж дарёси икки тармоққа
бўлиниб яна қўшилади. Харноб дарёси ана шу икки тармокдан чап
томондаги катта қисми бўлиши мумкин.) Қасак тоғининг ғар-бий [ён
бағри]дан бошланади; Бадахшон ва Порғар ора-лиғида Жайҳун дарёсига
қуйилади. Харноб [дарёси] Жайҳундан катта, лекин ҳамма Жайҳун[катта]
дейди, ул сабабданким, Жайҳун узоқроққа оқади. Яна бир дарё бор, уни
Вахшоб дейдилар. Вахш тоғидан бошланади, Вахш яқинида Жайҳунга
қуйилади .
Сурхондарё водийсини суғоришнинг асосий манбаи бўлган Сурхондарё
ҳақида ҳам “Ҳудуд ул-олам”да қуйцидаги маълумот берилган: “Яна бири
Чағонруддир. [Бу дарё] Чағониёндан оқиб ўтиб Тирмиз ҳудудида
Жайҳунга қуйилади” .
Фарғона водийсидаги сув манбалари ҳақида ҳам кўплаб қизиқарли
маълумотлар ҳам “Ҳудуд ул-олам” асарида берилган. “Яна бири Ўзганд
дарёси (Сирдарёнинг юқори ирмоғи, Қорадарё). Халлух тоғи (Фарғона ва
Олой тизмалари. "Ҳудуд ул-олам"да "Халлух" мазкур жойнинг маъмурий
ACADEMIC RESEARCH IN MODERN SCIENCE
International scientific-online conference
83
номи сифатида ҳам қайд этилган) ён бағридан бошланади. Ўзганд, Боб
(Поп) шаҳри, Ахсикат, Хўжанд, Банокатдан оқиб ўтади. [Сўнгра] Чоч
ҳудудига етади; Сутканд, Пороб каби кўпгина шаҳарчалардан ўтади; Жанд
ва Жавора ерларига оқиб боради ҳамда Хоразм денгизига қуйилади.
Яна бири Хирсоб дарёси (Куршоб дарёси, Қорадарёнинг ирмоғи, у ўз
навбатида Сирдарёнинг асосий ирмокдаридан биридир). Бутамон
чегарасидан, тоғнинг шимолий ён бағридан бошланади, Хирсоб шаҳри
яқинида Ўзганд дарёсига қуйилади. Яна бири Ўш дарёси (Оқбура дарёси).
бу ҳам ўша тоғдан (бу ерда Фарғона ва Олой тизмалари назарда тутилган)
бошланади. Ўш ва Ўрашт оралиғидан ўтади ва Ўзганд дарёсига қуйилади.
Яна бири Қубо дарёси (Қувасой). бу ҳам ўша тоғдан бошланади ва Қубо
яқинида Ўзганд дарёсига қуйилади. Яна бири Хатлом дарёси (Норин
дарёси, Сирдарёнинг йирик ўнг ирмоғи). Монисо тоғидан (Ўрта Тяньшань
тизмалари), Халлух ва Яғмо( 1) Ўрта Тяньшань; 2) туркий қабила. X асрда
улар-дан катта қисми Ўрта Тяньшань, асосан, Норин дарёси ҳавзасида
яшаган. Қорахонийлар давлати таркибида; бир қисми XI асрда
Мовароуннаҳрга ҳам кўчиб ўтган.) ўртасидаги чегарадан бошланади.
Хатлом шаҳридан оқиб ўтиб, Боб яқинигача боради ва Ўзганд дарёсига
қуйилади” .
Тарихчи олим О.Бўриев “Ҳудуд ул-олам” асарининг изоҳлар қисмида
Ўзганд дарёсини Қора дарё деб ҳисоблайди. Лекин бизнингча бу изоҳ
Ўзганд дарёсининг юқори қисмини тушунганимиздагина тўғридир. Ўзганд
дарёси ҳақидаги “Ҳудуд ул-олам”даги маълумотларни диққат билан кўриб
чиқсак, Мисол учун бошқа дарёларни, яъни, Қувасой ва бошқа, бу дарёга
қуйилиши ҳақидаги маълумотлардан “Ҳудуд ул-олам” муаллифи Ўзганд
дарёси деганда, бутун Сирдарёни бўлмасада уни Тошкент воҳасигача
бўлган қисмини тушунган дейиш учун асос бўла олади.
“Ҳудуд ул-оламда” қадимий Шош воҳасини суғорган сув манбалари ҳақида
қуйидаги маълумотлар келтирилган: “Яна бири Парак (Чирчиқ дарёси)
дарёси. Халлух тоғи (бу ерда Чатқол тизмаси) ён бағридан бошланади,
жануб томонга оқиб тушади, Чоч ҳудудидан ўтади, Банокат ва Қалос
девори (кўчманчи қабилалар чопқинига қарши қурилган қадимий
мудофаа девори; мазкур девор Тошкент шаҳридан шимолда ҳозирги Келес
аҳоли маскани ёнидан ўтган) оралиғида Ўзганд дарёсига қуйилади. Бу
сувлар ҳаммаси бирлашгач, Чоч (Сирдарё) дарёси номини олади, тозийлар
эса бу дарёни Сайхун атайдилар.
ACADEMIC RESEARCH IN MODERN SCIENCE
International scientific-online conference
84
Шу ўринда бошқа манбалардаги Сирдарё ҳақидаги маълумотларга ҳам
қизиқиб ўтсак. Сирдарё темурийлар даври ёзма манбаларида Сайхун
дарёси ва Хўжанд дарёси номлари билан қайд этилган. Ҳофизи Абрунинг
«География» асарида бу дарё Туркистон тоғларидан бошланиши, Хуршоб
(ҳозирги номи Куршоб) ва Ўш (ҳозирги Оқбура) номли ирмоқлари
борлиги, сўнгра бутун оқими бўйлаб тавсифи, қуйи қисмида эса, Хоразм
чўлидан оқиб ўтиб Амударёга қўшилиши, ундан Хазар денгизига
қуйилиши ҳақида ёзилган. Ҳозирги олимлардан Л. С. Берг ва С. П. Толстов,
палеогеографик ва археологик тадқиқотларга асосланиб, Сирдарё ўзининг
эски ўзани Жанадарё орқали Амударё томонга оққанлиги эҳтимоли
мавжудлигини айтган бўлсалар-да, бироқ у ҳолатда ҳам бари бир Орол
денгизига қуйилган бўларди, деб хулоса қилишган . Демак, Сирдарё ўша
даврда Орол денгизига қуйилган. Ҳофизи Абрунинг «Зубдат ат-таворих»
асарида, шунингдек, ўша даврнинг бошқа тарихий манбаларида
Сирдарёнинг Оҳангарон ва Парак (Чирчиқ) ирмоқлари ҳам тилга олинган
ва дарёдан ўтиш жойлари асосий карвон йўлларида, яъни Чинос (Чиноз)
ва Шоҳрухия ёнида бўлган.
Зарафшон воҳасини суғорувчи сув манбалари ҳақида ҳам “Ҳудуд ул-
оламда” бир қатор маълумотлар мавжуд: “Бухоро дарёси (Зарафшон). Ўрта
Бутамон [тоғларидан] (Зарафшон тизмаси) тўрт дарё бошланади, олти
фарсанг масофа оқиб боргач, тўртталаси бирлашиб батиҳа (кўл) бўлади ва
уни Дарёжа атайдилар. Ундан бир дарё бошланади; Сарушана, Самарқанд
ва Суғд ҳудудидан оқиб ўтади. Бухоро [вилояти] ўртасидан оқиб,
[сувининг] бир қис-ми Бухоронинг экинларига сарф бўлади ва яна бир
қисми эса Овозаи Байкандга бориб қуйилади.”
Темурийлар даври ёзма манбала-рида Кўҳак суви (Оби Кўҳак) номи билан
қайд этилган. Ҳофизи Абрунинг «География» асарида дарёнинг ўрта ва
қуйи оқими, яъни Самарқанд шаҳри ёнида то қуйилишига-ча бўлган қисми
ҳацида маълумот берилган; суви суғоришда кенг фойдаланиши ва тошиб
оққан чоғларида Жайхун дарёси (Амударё) гача бориб етиши таъкидлаб
ўтилган.
Юқорида келтирилган маълумотлардан хулоса қилиш мумкинки, Ўрта
Осиёнинг сув манбалари ҳақидаги маълумотлар тарихий манбаларда бир-
биридан фарқ қиладиган ҳолда мавжуддир. Лекин уларнинг ичида “Ҳудуд
ул-олам” асарида келтирилган баъзи маълумотлар бошқа манбаларда
учрамайди. Бу биз тадқиқ этаётган манбанинг манбавий салоҳиятидан
дарак беради, дейиш мумкин.