ACADEMIC RESEARCH IN MODERN SCIENCE
International scientific-online conference
182
АМИР ҲАЙДАР ШАXСИЯТИ ҲАҚИДА
Наврўзбек Каримов
Навоий давлат университети таянч докторанти
https://doi.org/10.5281/zenodo.14413667
ХIХ аср Бухоро амирлигининг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий
ҳаётида муҳим ўрин тутган манғит ҳукмдорларидан бири Амир
Ҳайдардир. У 1778 йил Бухоро шаҳрида туғилган. Амир Ҳайдарнинг отаси
Дониёлбий оталиқнинг ўғли Амир Шоҳмурод, онаси эса аштархоний
ҳукмдор Абулфайзхоннинг қизи Бону Шамс бўлган . Демак, амир
Ҳайдарнинг шажараси ота томонидан манғитлар сулоласига, она
томонидан аштархонийларга бориб тақалади. Амир Ҳайдардан бошлаб
Бухоро ҳукмдорлари ўзларига саид унвонини олишган. Тарихчи олим
Қ.Ражабов бу ҳақида қуйидагича маълумот беради: “Амир Ҳайдарга
замондошлари томонидан “Амири саййид”- “Саййидлар амири” унвони
бежиз берилмаган. Ҳайдар Тўранинг аждодлари ҳам ота, ҳам она
тарафидан бевосита Бухоро ҳукмдорлари шажарасига мансуб. Унинг
қиёфасида
Аштархонийлар
ва
Манғитлар
сулоласи
ўзаро
мужассамлашган” . Яна бу ҳақида тарихчи Мирза Салимбек ҳам ўзининг
асарида қуйидагича ёзади: “Манғит авлодларидан бўлган подшоларга
Саид лақабининг берилиши амир Ҳайдар давридан бошланди” . Амир
Ҳайдар фармонлари остига “Абул Фатх Саид Амир Ҳайдар Баҳодур подшоҳ”
деб муҳр босган ва имзо чеккан . “Туҳфат аз-зоирин” асарида эса амир
Ҳайдар “Амир Саид” ва “Фирдавсмаконий” лақаблари билан танилгани
қайд этилган .
Амир Шоҳмурод ўғли Ҳайдарни амирликда катта нуфузга эга бўлган
Қарши вилоятига ҳоким этиб тайинлаган. Шундан сўнг Бухоро амирлиги
валиаҳдининг Қаршида ҳокимлик қилиши ХIХ асрнинг ўрталаригача
анъана тусини олган. Отаси вафот этгач амир Ҳайдар 1800 йил 22 ёшида
Қарши вилоятидан Бухорога келиб амирлик тахтига ўтирган ва “амир ал-
мўминин” унвонини олган.
Амир Ҳайдар давлатни бошқариш масаласида отаси амир Шоҳмурод
сиёсатининг изчил давомчиси эди. Бу ҳақида Аҳмад Дониш қуйидаги
маълумотларни ёзиб қолдирган: “Бу подшо ёшлик давридаёк, дин илмини
чуқур ўрганиш, Қуръонни ёд олиш, кунора рўза тутишни ахд қилган бўлиб,
бу уч мажбуриятни ўз ахдига мувофиқ, адо этарди. Ҳукмдорлиги даврида
ҳарбий юриш ва ғанимларни бартараф қилиш оралиғида дарс бериш,
уламолар билан сухбатлар, мунозаралар уюштиришга ҳам фурсат топар
ACADEMIC RESEARCH IN MODERN SCIENCE
International scientific-online conference
183
эди. Дунёвий лаззатлардан воз кечиб, рўза тутар ифторда ҳам ортиқча
емас эди. Бир сўз билан айтганда шариат буюрганига қаноат қилар эди” .
Амир Ҳайдар ўз даврининг маърифатли ҳукмдори бўлиб, амир ҳузурида
тез-тез диний ва илмий мунозаралар ўтказилиб турилган. Амир
Ҳайдарнинг ўзи ҳам мадраса талабаларига маърузалар ўқиб турган. У
Бухоро мадрасаларида 10 йил таҳсил олиб Қуръони Карим шарҳи ва ҳадис
илмларини пухта эгаллаган. Тарихчи олим Қ.Ражабовнинг маълумот
беришича:“Амир Шоҳмурод ўғлининг мукаммал диний маълумот олишига
ката эътибор қаратган. Ҳайдар Тўра нақшбандия тариқати шайхларидан
ҳам дарс олган. У илмий мажлислар ва мунозаралар пайтида кўпчилик
диний илмларда бошқа уламолар устидан ғолиб чиққан” . Яна Саййид
Мансур Олимий ҳам ўзининг “Бухоро-Туркистон бешиги” асарида Амир
Ҳайдар ҳақида қуйидагиларни ёзади: “У раъиятпарвар, олим, тақводор ва
саховатпеша ҳукмдор бўлиб, тўрт юзта толиби илмларга сабоқ берди.
Айтишларича, беҳад тақводорлиги боис бирор марта таҳажжуд ва ишроқ
намозини тарк этмаган. Ғариб мискинларга меҳрибонлик кўрсатган.
Уламо ва машоихлар эҳтиромига сазовор бўлган эди” -деб маълумот
берган. Бундан ташқари Муҳаммадҳакимхон Тўранинг “Мунтахаб ат-
таворих” асарида ҳам қуйидагилар ёзилган: “Ўзбек подшоҳлари ичида
амир Ҳайдар подшоҳ каби ҳафсалали ва олим ва бировнинг ҳаққидан ҳазар
қилгувчи ўтмаган. Чунончи, айтишларича, ҳар куни тўрт юз нафар толиби
илм унинг қошида дарс оларкан. Умри муддати қирқдан ўтганда қуръони
каримни тўла ёд олиб, ҳофизи каломуллоҳ бўлган. Бир неча пири
комилдан иршодлик хати олиб, сулук қоидаларини мукаммал босиб
ўтганди” .
Амир Ҳайдар ҳам отаси каби мамлакатни адолат тамойиллари асосида
бошқаришга ҳаракат қилган. “Амир Ҳайдар олим, одил ва саҳий ҳукмдор
эди. У барча илмларни етарлича эгаллади. У давлат ишлари билан банд
бўлишига қарамай, мадраса талабаларига дарс беради. Минглаб толиби
илмлар унинг шогирдлари ҳисобланарди. У шариатга ривож бериб, зулм
ва ҳақсизликка барҳам берди, одамлар осойишта яшай бошладилар” .
Муҳаммадҳакимхон Тўра “Мунтахаб ат-таворих” асарида ҳам амир
Ҳайдарнинг салтанатни адолат билан бошқаргани ҳақида қуйидаги
маълумотларни ёзади: “амир Ҳайдар подшоҳ салтанат тахтига ўтирди ва
тахт поясини осмон томи устига қўйди. Давлат тожини то Сурайё
юлдузига теккудек қилиб бошига қўндирди. Ва Бухоро мамлакатини
адолат зевари билан безади .
ACADEMIC RESEARCH IN MODERN SCIENCE
International scientific-online conference
184
Амир Ҳайдар ўз ҳукмронлиги даврида асосан ички душманларга қарши
кураш олиб боради. Шаҳрисабз, Самарқанд, Ургут бекликларида бўлиб
ўтган ғалаёнлар, Марв воҳаси учун Хива хони Муҳаммад Раҳимхон билан
олиб борилган урушлар амир Ҳайдарни давлатда ҳарбий-сиёсий
ислоҳотлар ўтказишга мажбур қилди. Амир Ҳайдар бошқа манғит
ҳукмдорларидан фарқли равишда ўз қўшинидаги аскарларга мунтазам
равишда яхши маош тўлаб борган. Бундан ташқари у мамлакатдаги солиқ
йиғувчиларга йиллик маош ажратиш билан бирга, уларга йилига икки
марта сарупо улашган. Ўз навбатида камбағаллар, этим-эсирлар,
қашшоқлар, дарвешлар, муҳожирлар ва муллаларга ҳар йили нафақа
бериш учун катта миқдорда маблағ ажратарди. Амирликда хитой-
қипчоқлар томонидан юзага келиб турадиган турли можароларни олдини
олиш мақсадида ушбу ҳудудларга нисбатан турли тўловлар миқдорини
камайтирган. Бу ҳақида амир Ҳайдарнинг мактуб ва нодир қўлёзмаларини
ўрганган олим Т.Муҳамедов: Саййид Ҳайдар Баҳодирхоннинг Бухоро
хонлигида юз бераётган барча ишлардан яхши хабардорлиги ва уларга
муносабати, ислом дини ақидалари ва байрамлари, никоҳ, оилавий
муносабатлар ва ҳоказоларга тегишли масалаларда билимдонлиги
диққатни ўзига жалб этмай қолмайди” -деб баҳо берган. Амир Ҳайдарнинг
мактуб ва номаларини ўрганган яна бир олим Ш. Тилалов: “саводли ва
илмли бўлмаган ҳукмдорнинг турли туман мавзуларда шунчалар
мактублар ёзишига ишониш қийин” -деб унга юксак баҳо беради.
Амир Ҳайдар 1826 йил 6 октябрда Бухоро шаҳрида вафот этган ва Жўйбор
мавзесидаги Эшони Имло (Ҳазрат Имло) қабристонида отаси Амир
Шоҳмурод қабри ёнида дафн этилган. Амир Ҳайдардан 7 ўғил ва 8 қиз
қолган .
Хулоса қилиб айтганда, Амир Ҳайдар ҳукмронлик даври қанчалик
таҳликали, зиддиятли бўлмасин, у ички ва ташқи душманларга қарши
курашиш билан бирга мамлакатда бир қатор ислоҳотларни амалга
оширишга муваффақ бўлди. Давлатнинг сиёсий осойишталигини сақлаш
учун тинимсиз кураш олиб борди. Унинг даврида амирликда ҳарбий соҳа
яхшиланиб, мунтазам қўшин тузиш йўлга қўйилди. Таълим соҳаси ислоҳ
қилиниб, мадрасалар фаолиятини яхшилашга алоҳида эътибор берилди.
Бир сўз билан айтганда Амир Ҳайдар даврида Бухоро амирлигининг
ижтимоий ва иқтисодий аҳволи яхшиланди.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1. Ражабов Қ. Амир Ҳайдар //Ўзбекистон миллий энсциклопедияси. Том
11.-Тошкент: ЎзМЕ Давлат илмий нашриёти, 2005. 275-бет.
ACADEMIC RESEARCH IN MODERN SCIENCE
International scientific-online conference
185
2. Ражабов Қ. Амир ҳайдар ёҳуд Амири Саййид // “Бухоро мавжлари”, 2006.
№2 .- Б. 40-бет.
3. Мирзо Салимбек. Кашкўли Салимий таворихи муттақадимин ва
муттаахирин. Форс-тожик тилидан ўзбекчага доцент Нарзулло Йўлдошев
ўгирган.- Бухоро: “Бухоро”,2003. 292-бет.
4. Ражабов Қ. Туркистон тарихида ўтган 55 сиймо. Биринчи китоб. –
Тошкент:. “Фан” нашриёти, 2022. 268-274-бет.
5. Асророва Л. Бухоро мадрасалари тарихидан. -Тошкент: “Ҳилол-нашр”,
2016. 7-бет.
6. Аҳмад Дониш. Рисола ёҳуд манғитлар хонадони салтанатининг қисқача
тарихи. Таржима, изохлар ва кириш сўзи муаллифи Қиёмиддин Йўлдошев.
Тошкент : «Ўзбекистон миллий энциклопедияси”. 2014. 29-30-бет.
7. Саййид Мансур Олимий. Бухоро-Туркистон бешиги. Форс тилидан
таржима, таржимон номидан сўзбоши ва айрим изоҳлар муаллифи Ҳалим
Тўраев. – Бухоро: “Бухоро”, 2004.45-бет.
8. Муҳаммадҳакимхон Тўра. Мунтахаб ат-таворих. Форс-тожик тилидан
таржима, муқаддима, изоҳлар ва кўрсаткичлар муаллифи Ш.Воҳидов. –
Тошкент: “Янги аср авлоди”, 2010. 70-бет.
9. Мирза Абдалазим Соми. Тарих-и салатин-и манғития. М,1962. 53-бет.
10. Муҳаммадҳакимхон Тўра. Мунтахаб ат-таворих. Форс-тожик тилидан
таржима, муқаддима, изоҳлар ва кўрсаткичлар муаллифи Ш.Воҳидов. –
Тошкент: “Янги аср авлоди”, 2010. 49-бет.
10. Муҳамедов Т. Савод тарихига оид ҳужжат// Жаҳон адабиёти. –Т.:
2019.№1. 154-бет.
11. Тилавов Ш. Амир Ҳайдар мактублари тарихий манба сифатида //
Шарқшунослик.-Т.: “Минҳож”, № 8. -Б.17-бет.