ACADEMIC RESEARCH IN MODERN SCIENCE
International scientific-online conference
14
КУЧЛИ ТАЪСИР ҚИЛУВЧИ ЁКИ ЗАҲАРЛИ МОДДАЛАРНИ
ҚОНУНГА ХИЛОФ РАВИШДА МУОМАЛАГА КИРИТГАНЛИК
УЧУН ЖАВОБГАРЛИКНИНГ АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ
Хайдаров Мирсаид Миржабборович
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси мустақил изланувчиси
https://doi.org/10.5281/zenodo.15056377
Бугунги
кунда
мамлакатимиз
суд-ҳуқуқ
тизимида
амалга
оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан
бири бу жиноят қонунчилигини янада либераллаштириш ва
такомиллаштириш ҳисобланади. Амалдаги жиноят қонунчилиги ва суд-
тергов амалиётининг таҳлили, жиноят қонунида ўз ечимини кутаётган
муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда. Улардан бири, кучли таъсир
қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага
киритганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган нормаларни амалда
қўллашда юзага келаётган муаммолардир. Зеро, ушбу норманинг
такомиллаштирилиши келгусида ушбу жиноятга қарши курашишнинг
жиноят-ҳуқуқий чораларини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 октябрдаги
“Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига
ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги
кодексига гиёҳвандлик воситаларининг, улар аналогларининг ёки
психотроп моддаларнинг, шунингдек кучли таъсир қилувчи ва заҳарли
моддаларнинг қонунга хилоф муомаласига қарши курашишга қаратилган
ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ–971-сон қонуни
билан Жиноят кодексининг 2511-моддаси янги таҳрирда қабул қилинди
ва унга кўра мазкур моддада қуйидаги учта алоҳида-алоҳида жиноят
таркиблари учун жавобгарлик белгиланди:
1) кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни
тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш, худди
шунингдек уларни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш (кучли
таъсир қилувчи моддаларни реклама ёки тарғиб қилганлик) учун;
2) кучли таъсир қилувчи ёхуд заҳарли моддаларни ўтказиш
мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш,
ташиш ёки жўнатиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда
ўтказиш (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф
равишда муомалага киритганлик) учун;
3) кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни ишлаб чиқариш,
олиш, сақлаш, ҳисобга олиш, бериш, ташиш ёхуд жўнатиш қоидаларини
ACADEMIC RESEARCH IN MODERN SCIENCE
International scientific-online conference
15
бузиш (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддалар билан муомалада
бўлиш қоидаларини бузганлик) учун жавобгарлик белгиланди.
Бундан кўриниб турибдики, қонун чиқарувчи томонидан объектив ва
субъектив белгилари турлича бўлган қилмишлар (жиноят таркиблари)
учун битта моддада жавобгарлик белгиланмоқда. Модданинг бундай
тузилиши эса, биринчидан Жиноят кодекси Махсус қисм моддаларининг
тузилиш конструкциясига тўғри келмаса, иккинчидан модданинг бундай
тузилиши унинг мазмунини тушуниш ва уни амалда қўллашда маълум бир
қийинчиликларни келтириб чиқаради. Бундан ташқари, янги таҳрирдаги
модданинг номланиши унда жиноий жавобгарлик белгиланган жиноят
таркиблари мазмунини тўлиқ очиб бермайди.
Ушбу масалани тадқиқ қилган И.В. Акимова кучли таъсир қилувчи ёки
заҳарли моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи ҳамда бундай моддалар
муомаласининг қонунда белгиланган тартибини бузганлик учун битта
моддада жавобгарлик белгилаш мазкур нормани қўллашда маълум бир
қийинчиликларни келтириб чиқаришини, шу сабабли ушбу қилмишлар
учун алоҳида-алоҳида моддада жавобгарлик белгилаш лозимлигини
таъкидлаган .
Худди шунингдек, Е.Г. Шмелева , А.Е. Шалагин , И.В. Лазенкова , А.Н.
Байдин , А.А. Петрова , А.И.Клюшкин , С. Тошниёзовлар ҳам бу борада
амалга оширган тадқиқот ишларида модданинг бундай тузилиши унинг
мазмунини тушуниш ва ҳуқуқни қўллаш фаолиятида қийинчиликлар
келтириб чиқариши таъкидлаб, мазкур қилмишлар учун алоҳида-алоҳида
моддада жавобгарлик белгилаш таклифини илгари суришган.
Ўрни келганда таъкидлаш лозимки, ЖК 2511-моддаси 6-қисмида
назарда тутилган қилмишлар учун жиноий жавобгарлик шарти сифатида
ушбу қилмишлар “эҳтиётсизлик орқасида уларнинг ўғирланишига ёки
бошқа тарзда жиддий зарар етказилишига олиб келган бўлса”, деб
белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг рус тилидаги
таҳририда 2511-моддаси 6-қисмида назарда тутилган қилмишлар учун
жиноий жавобгарлик шарти “если это повлекло по неосторожности их
хищение либо причинение иного существенного вреда”, деб белгиланган.
Яъни, Кодекснинг ўзбек тилидаги таҳририда “ўғирланишига” деган жумла
рус тиладиги таҳририда “хищение” деб белгиланган. Маълумки, “хишения”
сўзи ўзбек тилига “талон-торож” деб таржима қилинади. ЖКнинг ўзбек ва
рус тилидаги таҳририни мувофиқлаштириш мақсадида 2511-моддаси 6-
қисмидаги “ўғирланишига” деган сўзни “талон-торож қилинишига” деган
ACADEMIC RESEARCH IN MODERN SCIENCE
International scientific-online conference
16
сўз билан алмаштириш мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, “талон-торож”
сўзининг мазмуни кенг бўлиб, нафақат “ўғрилик” балки талон-торожнинг
бошқа шаклларини ҳам ўз ичига қамраб олади.
Юқоридаги таҳлиллардан келиб чиққан ҳолда қуйидагилар таклиф
этилади:
1) Жиноят кодексининг кучли таъсир қилувчи моддаларни реклама
ёки тарғиб қилганлик учун жавобгарлик белгиланган 2511-моддаси 1 ва 2-
қисмларини чиқариш ва бундай қилмишлар учун алоҳида моддада
жавобгарлик белгилаш;
2) Жиноят кодексининг ўзбек ва рус тилидаги таҳририни
мувофиқлаштириш мақсадида 2511-моддаси 6-қисмидаги “ўғирланишига”
деган сўзни “талон-торож қилинишига” деган сўз билан алмаштириш;
3) Жиноят кодексининг кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддалар
билан муомалада бўлиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик
белгиланган 2511-моддаси 6-қисмини чиқариш ва бундай қилмишлар
учун алоҳида моддада жавобгарлик белгилаш мақсадга мувофиқ.