Ушбу мақола Тошкент шаҳридаги ҳиндий тилига ихтисослашган мактаб ва лицейлар учун ёзилган ўқув қўлланмалардаги грамматик мавзуларнинг таҳлилига бағишланган. Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги дўстона алоқалар кенг миқёсда ривожланиб бораётган бир пайтда, биз ҳиндий тили ўқитувчилари ҳам шу муносабатларнинг ривожланишига ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак. Икки мамлакат ўртасида илм-фан йўналишида ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши ёшларимиз учун ҳиндий тилини юқори савияда ўрганишни талаб қилади. Охирги йигирма йил давомида мактаб ва лицей ўқувчилари учун бирорта дарслик яратилмаганлиги ачинарли ҳол, албатта. Ушбу мақолада мактаб-лицей ўқитувчиларига мақола муаллифи томонидан тайёрланган ўқув қўлланмаларни ўрганиб чиқиш ва шарқшунослик университети ҳиндий тили ўқитувчилари раҳбарлигида янги ўқув қўлланмалар яратиш масаласи қўйилди. Мақолада мактаб ва лицей ўқувчилари томонидан ҳиндий тилини ўрганиш босқичма-босқич ёритилган. 5-синф ўқувчилари учун мўлжалланган дарслик ҳиндий тили фонетикаси, ёзув тизими ва грамматикаси бўйича ўрганиш учун бошланғич мавзулар берилган. Ўқувчиларни ҳиндий тилига қизиқтириш мақсадида турли хил машқлар ва расмлар берилган, бу эса ўқувчининг ҳиндий тилини ўрганиш жараёнида фаоллигини оширишга ёрдам беради. Лицей ўқувчиларига мўлжалланган ўқув қўлланмаларда эса ҳиндий тили бўйича фонетик ва грамматик манбалар батафсилроқ берилган; турли мавзулар, яъни Ҳиндистон географияси, тарихи, ижтимоий ҳаёти, машҳур давлат арбоблари, миллий байрамлари, грамматик жадваллар, ҳар бир матннинг луғати, оғзаки ва ёзма машқлар,тестлар ўқувчиларнинг ҳиндий тилини ўрганиш бўйича билимини оширади.