Mart, 2025-Yil
533
ХОДИМНИНГ МЕҲНАТ ҲУҚУҚЛАРИ ҚОНУН ҲИМОЯСИДА
Абдураҳмонов Шаҳзод
Юқори Чирчиқ тумани адлия бўлими Юридик хизмат кўрсатиш маркази
бош юристконсулти.
https://doi.org/10.5281/zenodo.15099104
Жамият ҳаётининг турли соҳаларидаги муносабатларни тартибга солиш, уларни
ривожлантириш бевосита қонунчиликнинг мукаммаллигига боғлиқ. Бугунги янгиланиш
жараёнларида қабул қилинган қонунлар қайта кўриб чиқилиб, муҳим ўзгартириш ва
қўшимчалар киритилмоқда.
Бунга Меҳнат кодекси яққол мисол бўла олади. Меҳнат муносабатларини ҳуқуқий
жиҳатдан тартибга солувчи ушбу асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжат фуқароларга меҳнат
қилиш ва муносиб даромад олиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратишни назарда тутади.
Меҳнат кодексининг 1995 йилда қабул қилинган таҳрири замонавий воқеликка мос
келмаслиги, шунингдек, ундаги кўплаб нормалар амалдаги бошқа қонунларда ҳам
такрорлангани ушбу кодексни такомиллаштиришни тақозо этди. Натижада 581 та моддадан
иборат янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси ишлаб чиқилди ва 2022 йил 28 октябрда қабул
қилинди.
Бунда, муҳими, ходимлар ва иш берувчиларнинг меҳнат муносабатларидаги
субъектив ҳолатлар янада аниқлаштирилиб, асосий эътибор ходимларнинг меҳнат
ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳимоясига йўналтирилди. Меҳнат кодексида илгари назарда
тутилмаган – иш берувчи ва ходимнинг асосий ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб
қўйилди.
Шунингдек, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида меҳнат муносабатларининг вужудга
келиши учун асослар кенгайтирилди. Яъни ишга қабул қилиш бўйича очиқ мустақил
танловдан ўтказиш, лавозимга сайланиш, ходимни ваколатли давлат органи томонидан
ишга юбориш, чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни ишга қабул қилишда
Ўзбекистон Республикасида меҳнат фаолиятини амалга оширишга оид ишлаш ҳуқуқини
тасдиқлаш каби масалалар ўз ифодасини топган.
Бундан ташқари кодексда ходимнинг ўртача иш ҳақи миқдорини ҳисоблаб чиқиш
тартиби белгиланди. Кодекснинг 257-моддасига кўра, ушбу кодексда назарда тутилган
барча ҳоллар учун ўртача иш ҳақи у ҳисобланадиган ойдан олдинги ўн икки ойни ташкил
этувчи ҳисоб-китоб даври ёхуд агар ходим ўн икки ойдан кам ишлаган бўлса, амалда
ишланган давр учун ходимга ҳисобланган иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Mart, 2025-Yil
534
Ўртача иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш учун ходимга ҳисобланган иш ҳақининг
таркибига солиқ тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган, солиқ солиниши лозим
бўлган, иш берувчи томонидан ҳақиқатда амалга оширилган тўловларнинг барча турлари
киритилади.
Бугунги кунда судлар томонидан меҳнатга оид низолар Меҳнат кодекси
меъёрларидан келиб чиқиб, адолатли ҳал этилмоқда.
Жумладан, Жиззах вилояти фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан 2023 йил
давомида 590 та меҳнат низосига оид ишлар кўриб тамомланган бўлиб, бундан ишга тиклаш
171 та, иш ҳақи ундириш 267 та, меҳнат ҳақидан ушлаб қолишга доир 20 та, меҳнат таътили
билан боғлиқ низолар 33 та, меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларининг таърифини
ўзгартириш тўғрисида 1 та, меҳнат муносабатларига доир бошқа ишлар 98 тани ташкил
этди.
Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, даъвогар – А. А. жавобгар –
Тиббиёт бирлашмасига нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, буйруқни
бекор қилиш, ишга тиклаш, мажбурий бекор юрган кунлари учун иш ҳақи ва маънавий
зарар ундириб беришни сўраган.
Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг 2023 йил 25 ноябрдаги ҳал қилув
қарори билан даъвогарнинг даъво аризаси қисман қаноатлантирилган. Яъни Тиббиёт
бирлашмасининг буйруғини ноқонуний деб топиш ва бекор қилиш, фуқаро А. А.ни Тиббиёт
бирлашмаси шифокори вазифасига ишга тиклаш, жавобгардан даъвогарнинг фойдасига
солиқ ва бошқа барча мажбурий ушланмалар чегирилган ҳолда 5 500 000 сўм иш ҳақи, 3 000
000 сўм маънавий зарар ундириш белгиланган.
Ўз навбатида, жавобгар суднинг ушбу қароридан норози бўлиб, апелляция шикояти
билан мурожаат қилган ва ушбу низо апелляция инстанциясида кўриб чиқилган. Бунда
биринчи инстанция судининг даъвогарнинг ўртача иш ҳақини унинг охирги икки ойлик иш
ҳақи ҳисобидан ҳисоблаб, мажбурий прогул вақти учун 5 500 000 сўм миқдорида иш ҳақи
ундириш ҳақида нотўғри хулосага келгани аниқланган.
Чунки янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида ўртача иш ҳақи у ҳисобланадиган ойдан
олдинги ўн икки ойни ташкил этувчи ҳисоб-китоб даври ёхуд агар ходим ўн икки ойдан кам
ишлаган бўлса, амалда ишланган давр учун ходимга ҳисобланган иш ҳақидан келиб чиққан
ҳолда белгиланиши назарда тутилган.
Биринчи инстанция суди иш ҳақи ундириш ҳақидаги талабга баҳо беришда нотўғри
хулосага келгани сабабли апелляция инстанцияси даъвогарнинг мажбурий бекор юрган
Mart, 2025-Yil
535
кунлари учун ҳақ ундириш ҳақидаги талаби юзасидан биринчи инстанция судининг қабул
қилган ҳал қилув қарорини ўзгартирди. Шу асосда ходим фойдасига 6 600 000 сўм иш ҳақи
ундиришни лозим топди.
Яна бир ҳолатда фуқаро А. С. банкка нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат
қилиб, буйруқни бекор қилиш, ишга тиклаш ёки тенг даражадаги иш ўрни билан таъминлаш
мажбуриятини юклаш ҳамда маънавий зарар ундириб беришни сўраган.
Биринчи инстанция суди даъвогарнинг даъво талабларини муҳокама қилиб, банк
билан даъвогар А.С. ўртасида муддатли меҳнат шартномаси тузилгани, шартноманинг
тугаш муддати бошқа ходим Н. Н.нинг бола парваришлаш таътилидан қайтгунига қадар
қилиб белгилангани, у бола парваришлаш таътилидан қайтиб, ишга чиққани, шу боис А. С.
билан тузилган меҳнат шартномасининг бекор қилинмаслиги Н. Н.нинг ҳуқуқлари
бузилишига олиб келишини инобатга олиб, даъвогарнинг даъвосини рад қилган.
Иш ҳужжатларида қайд этилишича, банк билан А. С. ўртасида тузилган меҳнат
шартномасида А. С.нинг меҳнат фаолияти 2021 йил 24 сентябрда бошланиб, Н. Н.нинг бола
парвариши таътилидан қайтгунга қадар белгиланган.
Шу боис иш берувчининг 2023 йил 25 майдаги буйруғи билан Н. Н. бола
парваришлаш таътилидан ишга қайтган деб ҳисобланган ҳамда А. С. билан тузилган
муддатли меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Апелляция инстанцияси биринчи инстанция судининг хулосаси билан келишиб,
даъвогар билан меҳнат шартномаси иш жойи (лавозими) сақланаётган ходимнинг йўқ
бўлган вақтига тузилгани, меҳнат шартномасининг бекор қилинишига Н. Н.нинг бола
парваришлаш таътилидан ўз лавозимига қайтгани ва меҳнат шартномасининг муддати
тугаганини инобатга олди.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, ҳар қандай ташкилотда меҳнат қонунчилигига қатъий
риоя этилса, ишчи-ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилмайди. Бу борада янги
таҳрирдаги Меҳнат кодекси ва бошқа қонун талабларини чуқур ўрганиш, уларнинг мазмун-
моҳиятини кенг тарғиб этиш муҳим аҳамиятга эга. Бу юзага келиши мумкин бўлган турли
низоларнинг олдини олиш баробарида судлардаги иш юкламасининг камайишига ҳам катта
таъсир кўрсатади.
Mart, 2025-Yil
536
Фойдаланилган адабиётлар:
1.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси
2.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб сайти.
3.
Адлия вазирлиги “Хуқуқий ахборот” электрон канали.
4.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси
