1020
ResearchBib IF - 11.01, ISSN: 3030-3753, Volume 2 Issue 5
АФВ ЭТИШ АСОСИДА ЖАЗОДАН ОЗОД ҚИЛИШ МАСАЛАЛАРИ: МИЛЛИЙ ВА
ХОРИЖИЙ ТАЖРИБА
Азимов Жасур Бахтиёрович
Судьялар олий мактаби ЖИБ-4 гурух тингловчиси.
https://doi.org/10.5281/zenodo.15478468
Амнистия ва афв этиш Ўзбекистон жиноят ҳуқуқи тизимида алоҳида ўрин тутади.
Биринчиси ҳам, иккинчиси ҳам бир марталик актлар ҳисобланади. Мазкур ҳолат
амнистия ёки афв этиш тўғрисидаги актлар жиноят содир этган аниқ шахсларга тегишли
эканлиги билан изоҳланади. Аммо икки тушунча ўртасида сезиларли фарқлар бор.
Амнистия акти, одатда, жиноий жавобгарликдан ва жазодан озод қилишни ўзида
мужассамлаштиради. Одатда, айбдорлар жиноий жавобгарлик ёки жазодан озод
қилиниши керак бўлган жиноятлар айрим доираси ҳам мос келади. Бунда, мазкур
ҳужжатни қўллашнинг процессуал хусусиятларида фарқни кўриш мумкин. Шу аснода,
амнистия асосида жазодан (тўлиқ ёки унинг бир қисмидан) озод килиш айблов ҳукмини
чиқариш пайтида ҳам, жазони ўташ даврида ҳам амалга оширилиши мумкин. Агарда шахс
содир этган жинояти учун ҳукм чиқарилмаган булса, жавобгарликдан озод қилинади.
Афв этиш қўлланиладиган шахслар доирасига кўра, шунингдек, ўзининг характери,
юридик табиатига кўра амнистиядан фарқланади. Афв этиш фақатгина жазодан озод
қилишнинг асоси бўлиб, асосий ва ижро этилмаган қўшимча жазолардан озод қилиш,
жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш, умрбод озодликдан маҳрум
қилишни узоқ муддатга озодликдан маҳрум килиш билан алмаштириш шаклида амалга
оширилиши мумкин.
Амнистия актига асосан эса, шахс жазодан ҳам, жиноий жавобгарликдан ҳам озод
қилиниши мумкин.
Афв этиш ҳар қандай шахсга нисбатан, шу жумладан, ўта оғир жиноят содир этган
ва умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахсга хам қўлланилиши
мумкин, амнистия акти эса, одатда, бундай шахсларга ва жиноятларга татбиқ этилмайди.
Агар амнистия гумон қилинувчи, айбланувчи ва ҳукм қилинган шахсларнинг
тегишли тоифаларига нисбатан умумий кечириш акти бўлса, афв этиш аниқ бир ҳукм
қилинган шахсни кечириш акти ҳисобланади. Агар амнистия давлат ташаббуси билан
чиқарилса, афв этишда афв этиш тўғрисидаги илтимоснома билан, қоида тариқасида,
маҳкумнинг ўзи Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ёзма шаклда мурожаат
қилади.
Баъзи ҳуқуқшунослар амнистия ва афв этишни миқдорий нисбатида фарқ
қиладиган икки хил ҳаракат сифатида ажратиб кўрсатишади. Амнистиянинг ўзига хос
хусусияти шахсийлаштиришнинг етишмаслигидадир, чунки қонун чиқарувчи амнистия
кимга қўлланилишини аниқ билмайди. Бу шуни англатадики, амнистия татбиқ қилинган
шахслар индивидуал равишда эмас, балки ўзига хос хусусиятлар билан белгиланади.
Амнистия тўғрисидаги қарор ҳар бир амнистия остида бўлган шахслар тоифасини
ўз ичига олади. Афв этишда эса индивидуал равишда аниқланган шахс маълум бўлади.
Амнистия ва афв этишнинг муҳим фарқи уларнинг биринчиси Сенат томонидан,
иккинчиси эса Президент томонидан эълон қилинади.
Шу билан бир қаторда, амнистияни қўллаш вақтлари турличалиги фактларини
таъкидлаш жоиз.
1021
ResearchBib IF - 11.01, ISSN: 3030-3753, Volume 2 Issue 5
Жиноят содир этган шахсларга нисбатан амнистия жиноят процессининг ҳар
қандай босқичида, шунингдек жиноят иши қўзғатилгунга қадар ҳам қўлланилиши
мумкин. Юқорида таъкидланганидек, амнистия акти билан шахслар жиноий жавобгарлик
ва жазодан озод қилинади, аммо афв этиш фақат жиноят учун судланганга нисбатангина
қўлланилади.
Давлат кечирими институтининг актларини қўллаш учун маҳкумнинг фикрини
билиш керак. Муайян ҳолатда маҳкумнинг позициясини ҳисобга олиш ҳам ўзига хос
хусусиятларга эга. Амнистия актини қўллашда маҳкумнинг хоҳиши ҳисобга олинмайди.
Афв этишда эса бошқача қоида мавжуд. Бунда маҳкумнинг ўзи президентга афв
этиш тўғрисида илтимоснома билан шахсан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга, уни жазони
енгиллаштириш тўғрисида илтимоснома билан ёзма равишда тақдим этади. Амалда афв
этиш тўғрисидаги аризани рад этиш ҳолатлари ҳам мавжуд.
Шуни таъкидлаш керакки, амнистия ва афв моддий ва расмий асосларга кўра бир-
бири билан қатъий боғлиқ эмас. Афв суд томонидан тайинланган жазони ўташнинг ўзига
хос хусусиятига эга. Ўз навбатида, моддий асос маҳкумни ахлоқан тузатиш даражасига
қаратилган. Бу қонуний равишда қуйидагича шакллантирилади: уни ахлоқан тузатиш
учун маҳкум белгиланган муддатни охиригача ўтмаслиги мумкин. Амнистия актида бу
суд томонидан тан олиниши керак. Афв этиш жазонинг ўталиши бошланганидан кейин
содир бўлади ва у ижобий тавсифланган маҳкумларга тегишли. Амнистия барча
тоифадаги шахсларга ёки жиноят содир этган шахслар гуруҳларига нисбатан
қўлланилиши мумкин. Бунда амнистия қилинган шахснинг индивидуаллиги ҳисобга
олинмайдо. Истисно сифатида айрим ҳолатлар – масалан, айбдор томонидан етказилган
зарар қопланмаган ҳолатлар назарда тутилиши мумкин. Шунингдек, бу жазони ўташ
пайтида режимни қасддан бузган шахсларга нисбатан ҳам татбиқ қилиши мумкин.
Умуман олганда, мазкур икки тушунча бир-биридан фарқланади. Қуйида уларнинг
энг асосий 10 та фарқини келтирган ҳолда фикрларимизни хулосалашимиз мумкин:
1. Қўлланадиган шахслар тоифаси бўйича
Афв – бу муайян шахслар учун, уларнинг шахсини тавсифловчи маълумотларни
(ёши, соғлигининг ҳолати, оилавий аҳволи) инобатга олиб жазодан озод қилиш
ҳисобланади.
Амнистия эса аниқ шахсларга эмас, умумий тоифаларга эълон қилинади. Масалан,
18 ёшга тўлмаган шахслар, аёллар ёки ижтимоий хафви катта бўлмаган жиноятларни
содир этганларга амнистия акти қўлланилди, дейлик. Бунда амнистияга неча киши
тушиши, кимлар тушиши олдиндан аниқ бўлмайди. Афв ҳужжатида эса кимларга
қўлланилаётгани номма-ном ёзилади (айрим ҳолатлар истисно, масалан, 16 феврал
воқеаларида қатнашиб, чин кўнгилдан пушаймон бўлганларга афв эълон қилингани каби).
2. Қўлланиладиган шахслар ҳолати бўйича
Аввалроқ таъкидлаб ўтилганидек, афв фақат суд ҳукми билан жазо тайинланган
маҳкумларга эълон қилинади. Амнистия эса жиноят процессининг исталган босқичида –
дастлабки тергов, суриштирув, терговга қадар текширув ва ҳаттоки жиноят ишини
қўзғатишгача бўлган босқичда ҳам қўлланилиши мумкин.
Бошқача айтганда, амнистиянинг афв этишдан фарқли хусусияти шундаки,
амнистия кенг мазмунга эга бўлиб, шахсни жиноий жавобгарликдан ҳам, жиноий жазодан
ҳам озод қилади.
3. Эълон қилувчи субектлар бўйича –
Президент ва Сенат
1022
ResearchBib IF - 11.01, ISSN: 3030-3753, Volume 2 Issue 5
4. Қўллаш масаласини бажарувчи шахслар бўйича
Амнистия актларини қўллаш масаласи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва
жазони ижро этиш муассасалари ва судлар томонидан кўриб чиқилади. 2008 йилдан
бошлаб, амнистия актини қўллашга оид якуний қарорни фақат судлар чиқариши белгилаб
қўйилган.
Афвни қўллаш масаласини эса Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
афв этиш масалалари бўйича махсус комиссия ҳал қилади.
5. Қўллаш тартиби бўйича
Амнистия акти чиққандан кейин, уни кимларга қўллаш масаласини ҳал қилиш
узоққа чўзилади ва кўплаб ташкилий жараённи ўз ичига олади. Масалан, амнистия актида
эҳтиёцизлик оқибатида жиноят содир этган маҳкумлар озодликка чиқарилсин, деган қоида
мавжуд бўлса, унда ижро колониялари маъмурияти ана шу тоифага тушадиган
маҳбусларнинг аниқ сонини аниқлайди, рўйхатини шакллантиради ва уларга амнистия
актини қўллашни сўраб судларга тақдимнома киритади. Шу каби ишларни терговчи,
прокурор ва судлар ҳам амалга ошириши керак. Гарчи амнистия акти юридик моҳиятига
кўра, номуайян шахслар доирасига қаратилган ҳужжат бўлса-да, бироқ уни қўллаш
тўғрисидаги қарор судлар томонидан ҳар бир шахсга нисбатан алоҳида қабул қилинади.
Афвни қўллаш эса кўп вақт ва тартибни талаб қилмайди. У қабул қилиниши билан
дарҳол ижро этилади, бунинг учун яна алоҳида босқичлардан ўтиш шарт эмас. Масалан,
А. исмли шахс жазодан озод этилсин деган Президент Фармони чиқса, у ўша заҳоти ижро
этилади ҳамда А. исмли шахс озодликка чиқарилади.
6. Шахснинг хоҳиши бўйича
Афвни қўллаш учун одатда жиноят содир этган шахсларнинг илтимосномаси асос
бўлади. Амнистия актини қўллашда эса бундай илтимоснома талаб этилмайди. Терговчи,
прокурор, жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти ва судлар амнистия актига
тушадиган барча шахслар рўйхатини шакллантириб, уларга амнистия қўллаш масаласини
ҳал этиши лозим. Бироқ қонунчиликда истисно тарзда жиноий жавобгарликка тортилган
шахслар ўзига амнистия акти қўлланишини хоҳламаса, уларга амнистия актини қўллаш
тақиқланади.
Кўриб турганингиздек, шахслар ўзини афв этилишини сўраб илтимоснома беради,
амнистия акти эса шахсларнинг хоҳиш-истагига қарамасдан ҳаммага умумий қўлланади.
7. Ҳуқуқий оқибатлари бўйича
Амнистия актининг ҳуқуқий оқибатлари кенгроқ бўлади. Яъни, амнистия акти
қўлланилиши натижасида қуйидаги ҳуқуқий оқибатлар келиб чиқиши мумкин:
1. шахс жиноий жавобгарликдан озод этилиши;
2. маҳкум асосий ва ижро этилмаган қўшимча жазодан озод этилиши;
3. маҳкумга тайинланган асосий ва ижро этилмаган қўшимча жазонинг
қисқартирилиши (камайтирилиши);
4. маҳкум жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод этилиши;
5.маҳкумга
тайинланган жазонинг ўталмаган қисми енгилроғи билан
алмаштирилиши;
6. жиноят содир этган шахсдан судланганлик муддатидан илгари олиб ташланиши.
Афв эса фақат маҳкумларга қўлланишини ҳисобга олганда, ҳуқуқий оқибатлари
камроқ бўлади.
1023
ResearchBib IF - 11.01, ISSN: 3030-3753, Volume 2 Issue 5
Булар:
1. асосий ва ижро этилмаган қўшимча жазодан тўлиқ ёки қисман озод этилади;
2. жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод этилади;
3. умрбод озодликдан маҳрум этиш ёки бошқа ўталмаган жазони нисбатан
енгилроқ жазо билан алмаштирилади;
4. судланганлик олиб ташланади.
8. Шахсларнинг таъсири бўйича
Амнистия акти эълон қилинишига жиноят содир этган шахслар ҳеч қандай
кўринишда таъсир ўтказа олмайди. Бу ҳукуматнинг мутлақ ҳуқуқи бўлиб, вазият тақозо
этганда бир йил ичида бир неча маротаба эълон қилиниши ёки эълон қилинмаслиги ҳам
мумкин. Масалан, Ўзбекистон Республикасида истисно тарзида 1992 ҳамда 2003 йилларда
бир йилда икки марта амнистия акти эълон қилинган. Қолган барча йилларда бир
мартадан эълон қилинган.
Афвни қўллаш учун эса одатда жиноят содир этган шахслар ҳукумат қарорига
бевосита таъсир ўтказади. Яъни афвни қўллаш ёки қўлламаслик масаласи уларнинг
ташаббуси билан ҳам бевосита боғлиқ бўлади.
9. Шахсий омилларнинг аҳамияти бўйича
Амнистия ва афв ўртасида яна бир кичикроқ фарқ бу шахсий омилларнинг
таъсирида кўринади. Яъни афвни қўллашда маҳкумнинг қилмишига чин кўнгилдан
пушаймонлигига, маҳкумнинг шахсини тавсифловчи маълумотларга, унинг ёши,
соғлигининг ҳолати, оилавий аҳволига (қарамоғида вояга етмаган фарзандлар, меҳнатга
қобилияциз эр (хотин) ва (ёки) кекса ёшдаги ота-онаси мавжудлигига) албатта эътибор
қаратилади. Бу омилларни ҳисобга олмасдан афв қўлланиши деярли имконсиз.
Амнистия актида эса ҳар доим ҳам бундай омиллар ҳал қилувчи аҳамиятга эга
бўлмайди. Масалан, амнистияда 60 ёшдан ошган кексалар жазодан озод этилиши ҳақида
қоида бўлса, бу барча кексаларга бирдек қўлланади. Улар орасида қилмишига чин
кўнгилдан пушаймон бўлмагани бўлса ҳам, амнистия акти асосида озодликка чиқарилади.
Ёки бундай ҳолда уларнинг оилавий аҳволини ўрганишга ҳам эҳтиёж йўқ.
Фақат истисно тариқасида айрим ҳолларда шахсларнинг соғлиғи (масалан, сил
касалига чалинганлар) ёки уларнинг қилмишига чин кўнгилдан пушаймонлиги
(таъқиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки) амнистия қўллашда эътиборга
олиниши ҳам мумкин.
10. Норматив ҳужжат мақоми бўйича
Охирги фарқ амалий эмас, балки илмий фарқдир. Ҳуқуқшунослик қоидаларига
кўра, амнистия норматив акт ҳисобланади, афв эса бундай эмас. Чунки амнистия ҳуқуқ
нормасининг туғилишига сабаб бўлади, афв эса ҳуқуқни қўллаш характеридаги акт холос.
Шунингдек, афв аниқ шахсга йўналтирилгани сабабли янги қоида яратмайди, ўзга
шахсларга таъсир қилмайди, қонунчиликдаги тартибларга ўзгариш киритмайди. Шунга
кўра афв норматив акт сифатида баҳоланмайди.
