37
АНТИТЕЗА ВА ОКСЮМОРОН КОНТРАСТНИНГ ТУРЛИ КЎРИНИШЛАРИ
СИФАТИДА
Умирзаков Улуғбек Синдарович
(СамДУ роман-герман тиллари кафедраси катта ўқитувчиси)
https://doi.org/10.5281/zenodo.13141124
Аннотация
: Ушбу мақолада семантик контрастнинг турли кўринишлари сифатида
қайд этилган антитеза ва оксюморон ҳақида фикр юритилади. Бу
воситалар контраст
асосига қурилган бўлиб, манбаларда турлича таърифланади. Шуниси характерлики,
антитезага берилган изоҳларда кўпинча мақоллар мисол сифатида келтирилади. Бу ҳам
контраст ҳодисасининг мақолларда кенг тарқалганлигидан далолат беради.
Калит сўзлар
: семантик контраст, антитеза, оксюморон, мақол, поэтик синтаксис,
фикр, образ, антоним, грамматик зидлик муносабати, тасдиқ, инкор, зидлаш воситалари
Аннотация
: В этой статье рассматриваются антитеза и оксюморон, которые
упоминаются как различные проявления семантического контраста. Эти инструменты
построены на основе контраста и по-разному описаны в источниках. Характерно, что в
комментариях к антитезе в качестве примеров часто приводятся пословицы. Это также
указывает на то, что явление контраста часто встречается в пословицах.
Ключевые слова
: семантический контраст, антитеза, оксюморон, пословица,
поэтический синтаксис, мысль, образ, антоним, отношение грамматического
противоречия, утверждение, отрицание, средства противопоставления
Abstract
: This article discusses the antithesis and oxymoron, which are mentioned as
various manifestations of semantic contrast. These tools are based on contrast and are described
in different ways in the sources. It is characteristic that proverbs are often cited as examples in
the comments on the antithesis. This also indicates that the phenomenon of contrast is often
found in proverbs.
Keywords:
semantic contrast, antithesis, oxymoron, proverb, poetic syntax, thought,
image, antonym, relation of grammatical contradiction, affirmation, negation, means of
opposition
Илмий адабиётларда семантик контрастнинг турли кўринишлари сифатида
антитеза ва оксюморон қайд этилади. Бу
воситалар контраст асосига қурилган бўлиб,
манбаларда турлича таърифланади. Шуниси характерлики, антитезага берилган
изоҳларда кўпинча мақоллар мисол сифатида келтирилади. Бу ҳам контраст
ҳодисасининг мақолларда кенг тарқалганлигидан далолат беради.
Тилшунос А.Ҳожиев бу ҳодиса моҳиятини қуйидагича изоҳлайди: Антитеза (юн.
Antithesis – қарама-қарши қўйиш). Қиёсланувчи фикр, тушунча кабиларни қарама-қарши
қўйишдан иборат услубий қўлланиш:
Яхши топиб гапирар, ёмон қопиб гапирар. Дўст
бўлиш осон уни сақлаш қийин
[4.-Б.17]
. Контрастни юзага келтирувчи антитеза поэтик
синтаксиснинг бир кўриниши ҳисобланади, у нутқда ифодалиликни кучайтириш учун
логик жиҳатдан қарама-қарши тушунчаларни, фикр, образ, предметларни ва шахслар
характерларини қиёслаш ёки биргина предмет ёки ҳодисаларнинг даража жиҳатидан
қарама-қарши ҳолатини тасвирлашдир. Классик адабиётимизда антитеза тазод термини
билан юритилган ва у бир неча хил кўринишларга эга бўлган [3. -Б.111].
38
Тилшунос А.Шомақсудов ва бошқалар томонидан яратилган “Ўзбек тили
стилистикаси” китобида тазоднинг моҳиятини очиб беришда адабиётшунослик ва
тилшунослик нутқтаи назаридан ёндашилганлиги кўзга ташланади:
“Тазод усули талабига кўра, бир-бирига қарама-қарши бўлган икки қутб — образ,
тушунча, жисм, жараён ва бошқаларнинг бири иккинчисини рад этиши ёки инкор
қилиши лозим. Лекин, айни чоғда, кўпинча бир-бирини рад этувчи ёки инкор қилувчи
икки қутб ўртасида қандайдир ички ёки ташқи алоқа ҳам бўлади. Улардан бири
иккинчисини келтириб чиқаради. Навоий тазоднинг бу специфик хусусиятларига тўла
амал қилиб, оригинал лавҳа ва образлар яратади. Мисоллар:
Жаҳонки, оҳим била тийрадур, эмас мумкин —
Бу шом рафъи юзунг субҳи бўлмайин мавжуд
.
Бу байтда субҳ шомга қарама-қарши қўйилаяпти. Бироқ шомга ҳам, субҳга ҳам ёр
сабабчи, чунки унинг ҳажри шомни бунёд этса, (Ошиқ ҳижрон оламида оҳ чекавериб,
оламни қоронғу қилган), унинг юзи (юз қуёшга ўхшатилади) субҳни бунёд этади [2. –
Б.238].
.
Олимлар тазод атамаси муқобили бўлган антитезага изоҳ беришда унинг
лисоний томонларига эътибор қаратганлар:
“Антитеза (Тазод). Бу логик жиҳатдан қарама-қарши бўлган икки қутб (фикр,
тушунча, сезги ва образлар)ни қиёслашдир. Бунда бири иккинчисини рад этади ёки
инкор қилади. Таркибида антонимлар, грамматик зидлик муносабатини ҳамда тасдиқ ва
инкор ифода қилувчи грамматик воситалар, шунингдек, ифодалиликнинг бошқа зидлаш
воситалари қўлланади:
Унинг ҳаёти баланд-паст бўлиши керак эмас, тўғри бўлиши керак.
(У.У.)
Жамиятни, ундаги бойликларни яратган, ижод этган инсон меҳнатда, фалокатда,
азобда, ҳалокатли аҳволда, хору зорликда бўлди. Паразитлар эса
роҳатда, разолатда,
қотиллик фаолиятида. (В. 3.)
Эгри озади — тўғри ўзади.
(Мақол) [2. –Б.238]. Тилшунос
Р.Қўнғуров мазкур ҳодиса моҳиятини кенгроқ ёритишга ҳаракат қилган. Олим қуйидаги
фикрларни билдиради: “Антитеза орқали ифодаланган маънони тушунишда бир-бирига
кескин қарама-қарши ҳодисаларга нисбатан бизнинг реакциямизнинг ҳам аҳамияти бор.
Масалан,
иссиқ-совуқ [chaud-froid], баланд-паст [haut-bas], улуғ-пасткаш [grand-tatillon],
жасур-қўрқоқ [brave-peureux], сахий-хасис [généreux, abundant-avare], ҳақиқат-ёлғон [la
vérité-la menterie], тун-кун [la nuit-le jour], ёруғ-қоронғи[claire-obscure (noir)]
каби
антонимик сўзлар ҳар бири ўзига хос реакция уйғотади. Маълум ҳодиса ёки ҳодисалар
тасвирланаётганда уларни ана шу каби антоним сўзлар воситасида бирини иккинчисига
қарама-қарши қўйиб қиёсланади ва шоир уларга нисбатан ўзининг муносабатини
билдиради ёки бир ҳодисани турли томондан тасвирлаш орқали ўқувчида унга ижобий
ёки салбий муносабат уйғотади” [3. – Б.138]. Бу ҳақда С.Каримов шундай фикрларни
билдиради: “Бу фарқ шундан иборатки, антитезада маъно бир-бирига зид бирликларни
параллел, ёнма-ён қўйиш орқали очилади, оксюморонда эса бу икки сўз бирикма ҳолида
бўлади ва зид маъноли сўзлардан уларнинг ҳар бирининг маъноси сақлаб қолинган янги
бир контекстуал маъно келиб чиқади” [1. –Б.47].
Контраст асосига қурилган усуллардан яна бири оксюморондир.
У адабиётшуносликда “Бадиий кўчим турларидан бири бўлиб, таркибидаги қарама-
қарши маъноли тушунчалар янги бир кутилмаган маънони келтириб чиқаради.
Оксюморондаги мана шу хусусият кучли образлилик касб этади. Масалан:
Уйғон, эй малагим, тур ўрнингдан тур, Оташин музларда исинайлик юр.
39
Ёнғинли дарёда қулоч отайлик, Бу ердан кетайлик, фақат кетайлик
(Рауф Парфи).
Кўпинча бадиий асар номлари ҳам оксюморон асосида қўйилади. Масалан:
“Оптимистик трагедия”, “Тирилган мурда”, “Барҳаёт ўликлар” каби” [5. –Б.226].
Оксюморон антитезадан фарқ қилади. Профессор С. Каримовнинг кўрсатишича, “Бу
фарқ шундан иборатки, антитезада маъно бир-бирига зид бирликларни параллел, ёнма-
ён қўйиш орқали очилади, оксюморонда эса бу икки сўз бирикма ҳолида бўлади ва зид
маъноли сўзлардан уларнинг ҳар бирининг маъноси сақлаб қолинган янги бир
контекстуал маъно келиб чиқади” [1. –Б.47].
“Тилшунослик терминларининг изоҳли луғати”да ҳам унинг муҳим услубий
воситалардан бири эканлиги қайд этилади.
“Мантиқан бири иккинчисини инкор этадиган, бир-бирига қарама-қарши бўлган
икки тушунчани (маъноси бир-бирига зид икки сўзни) ўзаро қўшишдан иборат услубий
фигура; бадиий адабиётда образлилик, ифодалилик каби мақсадларда кенг қўлланади:
Кезадир булутлар бошим устида. Ҳаво дим. Бақирган сукунат...
(Р.Парфи).
Гўзалим,
негадир кўзингда нам бор? Бу кун кўзларингда нозик бир ғам
бор (М.Шайхзода) [4. –Б.74].
Хулоса қилиш мумкинки, контрастлик кенг қамровли тушунча бўлиб, унинг энг
фаол кўринишларидан бири антонимлар ҳисобланади ва бу ҳодиса тилнинг кўпгина
сатҳларида амал қилади.
References:
1.
Каримов С.А. Бадиий услуб ва тилнинг ифода тасвир воситалари. – Самарқанд, СамДУ
нашри, 1994. –105 б.
2.
Шомақсудов А., Расулов И., Қўнғуров Р., Рустамов Ҳ. Ўзбек тили стилистикаси. –
Тошкент: Ўқитувчи, 1983. – 248 б.
3.
Қўнғуров Р. Ўзбек тилининг тасвирий воситалари. – Тошкент: Фан, 1977. – 154 б.
4.
Ҳожиев А.Тилшунослик терминларнинг изоҳли луғати. – Тошкент. 2002. – 166 б.
5.
Ҳотамов Н.,Саримсоқов Б.Адабиётшунослик терминларининг русча-ўзбекча изоҳли
луғати. – Тошкент: Ўқитувчи, 1983. – 361 б.
