ACADEMIC RESEARCH IN MODERN SCIENCE
International scientific-online conference
86
СОБИР ЎНАР АСАРЛАРИДА ФОЛЬКЛОР АНЪАНАЛАРИ
Дўстбек Сулаймонов
Шароф Рашидов номидаги
Самарқанд Давлат Университети
мустақил тадқиқотчиси.
https://doi.org/10.5281/zenodo.14038909
Таниқли ёзувчи Собир Ўнар ижоди ўз услуби ва оҳанги билан
алоҳидалик касб этади. Унинг ижодида халқ оғзаки ижоди бадиий
шартлилик воситалари кўринишлари, сеҳрли реализм унсурлари яққол
сезилади, носир ҳаёт ҳақиқатларини бадиий акс эттиришда реалликка
асосланади.
Буни ёзувчининг ўзи ҳам таъкидлаб ўтади: “Реализм эскирмайдиган
услуб. Рамзийлик, тимсоллар, метафораларга қарши эмасман. Чунки Шарқ
адабиёти – рамзийлик кўпроқ акс этадиган адабиёт. Керак бўлса, халқ
оғзаки ижоди, достонларимизда ҳам, биз хоҳласак-хоҳламасак, ичидан
тимсоллар чиқиб келаверади. Масалан, Гўрўғли образи. У мард давлат
бошлиғи, унинг қирқ йигити кўпаймайдиям-камаймайдиям. Қайсидир
мамлакатга юриш қиладими, албатта, ғолиб чиқади. Ва айни пайтда
бефарзанд. Унинг туғилиши ҳам ғалати. Онаси вафот этгандан кейин,
гўрда туғилади ва ўзи париларга уйланади. Юнус пари билан Мисқол
парилар унинг маликалари. Маълумки, ҳаётда ва афсоналарда, диний
асарлардаям парилар фарзанд кўрмайди. Чунки улар фаришталар. Гўрўғли
фаришталарга уйланган ва бундан кейин ҳам фарзанд туғилмаслиги аниқ.
Бу ғалати бир тимсол. Лекин мардлик, полвонлик, жасорат, адолатсизлик
устидан доим ғалаба қилишлари, Авазхон бўладими, Ҳасанхон бўладими
ва бошқаларга ёр танлашда ҳар доим кўмакдош бўлиб келган. Маълум бир
оддийлик бор, оддийликнинг орқасида сирлилик, яъни ўзи фарзанд
кўрмай туриб, асранди ўғилларининг ҳаммасини бахтли қилишга ҳаракат
қилган подшоҳ. Шу маънода, биз истасак - истамасак, бу асарларга
қайтишга мажбур бўламиз” .
Собир Ўнарнинг энг ёрқин асар шубҳасиз, “Чамбилбелнинг ойдаласи”
қиссаси саналади. Унда адиб фольклор аънаналаридан, хусусан,
“Гўрўғлининг туғилиши” достонидан унумли фойдаланилган. Қиссада
замонавий қаҳрамон ўлади-да, гўрдан тирилиб қайтиб келади. Қайтиб
келгач, барибир аввалги пайтдаги ғирромликларнинг устидан чиқади.
Замондош ва тенгдошларига қўшила олмайди. Яна унга ёндош бир образ -
Отақул Қирғий образи бор. У оқсоқол одам, гапи кескир, фақат қишлоғида
ACADEMIC RESEARCH IN MODERN SCIENCE
International scientific-online conference
87
эмас, бошқа жойларда ҳам таъсири кучли. Уям тақдир тақозоси билан
ўғриларнинг қўлига тушади-да, даштда қолиб кетади. Чўлда
йилқибоқарлик қилишига тўғри келади. Замонавий бойларнинг қўлига
бежиз тушмаган, синчилиги, отбоқарлиги, кўпкаридаги беқиёс тажрибаси,
минглаб йилқиси бор бойга қўл келади. Бизнинг Гўрўғли билан иккови
бир-бирини билган ҳолда ёндош яшайди. Уларнинг қариндошлик
жиҳатлари ҳам бор. Отақул Қирғий охирида ўша даштдан қочиш
имконияти туғилганда “Сизни олиб кетаман”, деб таклиф қилинганида
“Мен кетмайман”, дейди. «Хуллас, аканг қарағай бир пасда йўлга отлана
қолдим. Амаки билан хўшлашдим, Кетмайсизми, дедим. Кўзларидан
сезилиб турибди, жуда кетгиси келаяпти чолнинг. Нечундир ёш бола каби
илтижоли термулаётгандай туюлди менга. «Ўша гап» деди» .
Отақул Қирғийнинг ўзига хос сабаби бор. У эл устида юрган оқсоқол одам,
элга ақл ўргатиб юрган одам маълум бир муддат қулчилик қилишга
мажбур бўлди. Ана шу иснодни кўтара олмади. Иснод шундай, бундан кўра
ўлиб кетгани ва дом-дараксиз кетгани афзал эди. Уни бедарак кетган деб
қидиришади, топишолмайди. Бу ерда ёзувчи урғу бермоқчи бўлган гапи
шу халқнинг оқсоқоли бўлган одам энди бир муддат йўқ бўлиб кетдими,
бунақа ғурурли одам элга қўшилмаслиги аниқ. Буни энди тажриба, маълум
жиҳатлари модерн адабиётга тааллуқли деб талқин қилиш ҳам
мумкиндир. Баъзи адабиётшунослар гапирган, лекин ёзувчи моҳиятни
яхши англагани учун ўша рамзлардан фойдаланишга ҳаракат қилган.
Бироқ реализм устувор. Ўша тимсоллар ҳам бор.
Отақул Қирғий халқ термалари, достонларини суяди, ёдлаб олади, кези
келса бахшилардек айтиб беради. Унинг бу хислатини эслаб, ўттиз йиллик
биродари Маҳкам тожик ўғлига қарата: «…Эшон бобонгники бўлса,
Жуманбулбулники-да. Бир ўқиганини кўз юммай айтиб бергич эди. Бир
йили, унда ёшроқ эканмиз, Нуротадан, бизнинг уйдан чиқиб, қизиқ-қизиқ
билан Қоркиссадаги Раҳматулла бахшиникига борганмиз достон
эшитгали. Ўзимизга ўхшаган майдагна чол экан. Қирғий ҳеч қўймади
Гўрўғлини айтинг деб. Қурмағур бахши ўзиям ўттизлар достон биларкан
Гўрўғли ҳақида. Қирғий тамом сел бўлиб эшитди. Бир йиғлайди десанг,
«ай, жўра, бу бир эртак, турқингга ярашадиган ишни қил», десам, яна сел
бўлади. Раҳматулла бахши яна ийиб кетиб, «Рустам», «Алпомиш»ни,
ҳалиги Зулфизар пари ҳақидаги, Авазхон, Ҳасанхон – барини бир қатор
айтаберди десанг. Уч кеч ётиппиз, отанг икковимиз нашани қип ётиппиз,
икки тандир нон едик ўзиям, нашадан кейин қорин мой билан янчмич ай
ACADEMIC RESEARCH IN MODERN SCIENCE
International scientific-online conference
88
кетади-да. Қирғийнинг ўзиям тўрт-беш достонни ёддан биларкан. Эшон
бобомнинг китобидан ёдлаганман деб Раҳматуллага айтиб берди. Бир
эмраниб айтди энди, бахшиям қойил қолди: қумқулоқ экан ошнангиз,
офарин, деди. Келатуриб йўлда хиргойи қилади. Рахмутулла бахшиданам
бир-икки достонни ўзлаштирибди. Шунақа, бир оламат-да отанг. Бундай
одамлар камдан-кам туғилади » деб таърифлайди.
Шунингдек, замонавий қаҳрамон ҳам хиёнат қурбони бўлди, ўзининг
дўсти хиёнат қилди. Оқибатда у ўлимга юз тутади-да, аслида ўлмайди,
клиник ўлимни бошидан кечиради – бу реализм. Лекин айни пайтда
қабристонга қўйиб, қайтиб келишгандан кейин у ўзининг аввалги
ҳолатига қайтиб, тирилиб келади. Ўша чўлдаги Отақул қирғий билан
учрашади, ундан достонлар эшитади. «Мен чиндан Гўрўғлининг ҳолига
тушдим. Ҳолбуки дорилфано билн хайр-хўш қилганим аниқ эди ва менга
ҳолатан сархушлик, енгиллик, беташвишлик билан бошланган гўзал
лаҳзаларни ато этган, ҳаёт қайғусидан тамом фориғ этган эди» дейди бу
лаҳзаларни эсга оларкан замонавий қаҳрамон.
«Менинг ўйлаганлари – дунё тор ва айни пайтда дунё кенг. Дунёнинг
торлиги мана шу иккита, тақдири бир-бирига жуда ўхшайдиган одамлар
шу дунёнинг ўзида ҳам кўришди. Улар вафот этиб, руҳлари нариги дунёга
бориб учрашиши шартмас деб учраштирди. Бу ҳаёт ҳақиқатига тўғри
келадими-йўқми, билмайман, бироқ ёзувчи сифатида ишонтиришга
ҳаракат қилдим» . Бу ёзувчининг ижодини кузатганда ҳам яққол сезилади.
«Чамбилбелнинг ойдаласи» қиссасида асосан халқ оғзаки достонларида
учрайдиган «Чамбил эли» тилга олингани бежиз эмас: бу айни шундай
сарлавҳали қиссага эмас, балки бутун тўпламга тегишли.
Бола бошдан, деганларидай яхши асар дастлабки жумласи биланоқ
эътиборни тортади. Собир Ўнар, китобга «Мухтасар сўз» боши битган
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов эътироф этганидек,
«соф ўзбекча ёзиши», «халқона фикрлаши» билан маҳлиё қилади.
«Кейинги йилларда ўзбек насрида сифат ва мазмун ўзгариши» (Абдулла
Орипов) қўлга киритилишида Собир Ўнарнинг ҳам ҳиссаси борлиги
шубҳасиз.
Ҳикоя – шаклан мухтасар бўлганидан қатъий назар мураккаб жанр.
Дейлик, тўрт банд лирик шеър яратиш учун туғма истеъдод талаб
қилгандек, рисоладагидек ҳикоя ёзиш учун ҳатто туғма истеъдод ҳам
камлик қилади. Шу боис адабиётимизда кейинги юз йил мобайнида айни
ACADEMIC RESEARCH IN MODERN SCIENCE
International scientific-online conference
89
жанрда қалам тебратган саноқли адибларгина китобхонлар эътирофини
қозонган. Улар қаторида Собир Ўнар ҳам борлиги қувонтирли.
Жаҳон адабиётида, хусусан, ҳикоя жанрида битилган сара асарлар бисёр.
Миллий адабиётимизда ҳам ҳикоячилик мактаби шаклланган. «Сариқ
матбуот»нинг омади чопган; енгил-елпи, олди-қочди, хомаки, думбул
«асарлар» ёмон қовуннинг уруғидай кўпайиб бораётган шароитда
Муқаддас сўз иштиёқида, «буюк орзулар» оғушида «буюк истиқболни
қарши олишга чоғланганча» («Инқилоб кечаси» қиссаси), «Абадий
қолажак сўзни ёзиш»дек («Умидсизлик» ҳикояси) эзгу ният билан росмана
қалам тебратаётган истеъдод соҳиблари назмда ҳам, насрда ҳам истаганча
топилишидан кўнглинг тоғдай кўтарилади.
Собир Ўнарнинг шоирона руҳ билан йўғрилган ҳикояларини ўқиганлар
«асли қўшработлик бу инсон бахшилар авлодидан эмасмикан» деган илиқ
тахмин кўнгилдан кечади. Яна: «бахшилар авлодидан экани шубҳасиз,
чунки барчамизнинг ота-бобомиз бахши ўтган» дея қатъий қарорга
келасиз.
Собир Ўнарнинг шоирона зийнатланган асарлари шунчаки битиклар эмас,
балки изҳори дил, иқрорнома! Ғафур Ғуломнинг Шум боласи, минг йиллик
қадрдонимиз Насриддин Афанди сингари муаллифнинг анча-мунча
лофчилик хислати ҳам йўқ эмас. Лекин лофлар энсани қотирмайди, балки
бадиий бўрттирма сифатида асар қиммати ортишига хизмат қилади.
«Бир ўларман чавандоз» ҳикоясини бахшиларга хос шоирона сўзамоллик
билан бошлайди:
«Эй жўралар-эй, ёронлар-эй, бир гапнинг гали келди, гапнинг гали
келдима ўзи, айтинглар. Биродарим ҳақида айтиб берайин, бировингиз
биласиз
уни,
бировингиз
билмайсиз.
Билмаганингизга
қизиқ,
билмаганларга айтайин – бош гурунг бўлмасам қайтайин».
Бахши-лофчилар сингари муболағага зўр беради:
«Гап қовурғадами, мен айтайин, сиз ишонаверинг, тағинам ўзингиз
биласиз-ку-я, ярим гавдасини кесиб ташласангизам бу ўларман ҳеч бало
кўрмагандай юраверади, сизга гарантия берайин, оёғини жодига қўйиб
қирқинг, вой демас. …эшгиртириб қўйсанг тоғни кемирар эди, дарёни
симирар эди, қиёмат эди!» .
«Жуманбулбул шеърлари ва унда ҳам учрамовчи маҳаллий сўзлар ёзилган
дафтари» борлигини эътироф этган муаллиф шева сўзларни бадиий
адабиётга дадил олиб киришини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Шевалар
ACADEMIC RESEARCH IN MODERN SCIENCE
International scientific-online conference
90
муайян жой аҳолиси қиёфасини тўлақонли яратишга ёрдам бериши
баробарида луғатимизни янада бойитиши билан қимматли.
Собир Ўнар ягона калима шарифдан гап ясайди. Унинг асарларида «Ёшлик
шунинг учун ҳам жозибалики, унинг келажаги бор» дея ҳикмат
улашадиган Николай Гоголдан тортиб, она халқига меҳри чексиз
Александр Блок, ўзимизнинг Пушкинимиз – Абдулла Орипов сингари
забардаст шоиру адибларга қайта-қайта дуч келамиз. Бу ҳам бўлса,
адибнинг дунёқараши кенглигидан, бинобарин дилтортар суҳбатдош
эканидан далолат.
Бахшиёна наср устаси сифатида эътироф-эътибор топган Собир Ўнар
асарлари – ғойибона дилторлар суҳбатлари билан наинки қалбимиз, айни
замонда адабиётимиз гулшанини яна ҳам яшнатиши шубҳасиз.
Собир Ўнарнинг ота-бобосидан амаки-тоғаси-ю, бўла-бўлаваччасига довур
полвон ўтган, ўзи ҳам тоғни урса толқон қиладиган ёзувчининг
муштдайгина юрак хуружига бардош беролмаганига ишонгиси келмайди
кишининг.
Эргаш Жуманбулбул, Раҳматилла Юсуф ўғли каби бахши-булбуллар юрти
бўлмиш Қўшработ даштларида от чоптириб, пода ортидан югуриб
чиниққан, Нурота тоғлари бағридан сизиб чиқаётган зилол булоқлару
муздек қудуқлар сувини, мусаффо ҳавосини симирган, юраги минг йиллик
арчалар каби бақувват инсон эди. Айрим майда-чуйдаликларидан баланд
турадиган, ҳамиша эзгуликка интилган ва эзгуликнинг тантанасига
ишонган; ота-боболаридан чексиз сабр-тоқат, чидам, меҳнаткашлик деган
сифатларни вужудига сингдирган; ўз табиатига тўғри келмайдиган
ҳаракатларни қилмайдиган, авлод-аждоди паҳлавон ўтган одам эди.
Бу жиҳат унинг асарларида бироз муболаға билан бўлса-да, ишонарли
тасвирланади.
…Катта бобоси Тинибек полвон бир куни энасига мундай дейди:
“Қарасам, манави катта қир Зулмонотанинг устига қулаб тушаётибди,
шартта туриб бориб уни суяб, қўзғалган жойига ўтқазиб қўйдим”.
Қаранг, бутун бошли баҳайбат қирни ағнаб тушаётган жойида елкаси
билан тутиб қолиб, жойига ўтқазиб қўйган. (Тушида, албатта). Филдек
қорувли бўлган Отақул тоғаси турникда бир қўли билан ўн марталаб
тортинган. Кафтининг бир четига бир дона данакни қўйиб иккинчи қўли
билан уриб бемалол чақиб еб ўтирган. “Ўйлаб кўринг, – деб эътироф
этади Собир Ўнарнинг ўзи эсдаликларида. – Кафтга ёнғоқни олиб
чақолмаймиз. Энди ёлғиз данакни қўлни қўлга уриб чақишни тасаввур
ACADEMIC RESEARCH IN MODERN SCIENCE
International scientific-online conference
91
қилиб кўраверинг!” Аҳмаджон Мелибоев бир мақоласида ярим ҳазил-ярим
чин қилиб ёзганидек, “Ёшларни адабиёт бўстонига олиб кираётган
устозларга қуруқ раҳмат деймизми, уларни ҳеч бўлмаса бир кўтариб
қўяйлик” деб таниқли шоираларни, улар қаторида талантли қиз-
жувонларнинг устозларини ҳам даст кўтариб айлантириб-айлантириб
жойига қўядиган бир шоҳона куч бор эди Собир Ўнарда дейди.
Қаҳрамон шоиримиз Абдулла Орипов Собир Ўнардан умидлари
мўллигини ҳам, ижодини юксак таҳсинларга лойиқ кўришини ҳам,
қишлоқ ҳаётини, одамларини – одамларининг жайдари қиёфаларини
тасвирлашда унингдек маҳоратли адиблар камёб эканини қанчалар
ардоқлаб, қадрлашини ҳамма яхши биларди.
Собир Ўнарнинг “Бибисора” қиссаси почтачи Қўниш аканинг мактаб
ҳовлисида хат, газета-журнал тарқатиши, болаларнинг Москва ёки
Ленинград (ҳозирги Санкт-Петрбург)да хизмат қилаётган акаси юборган
расмни кўз-кўзлаши тасвири билан бошланади.
“Мактаб ҳовлисига катта танафусда ўйинқароқ болаларга тўлиб кетади.
Айниқса, почтачи Қўниш ака келса Худо урди – кейинги бир соатга бир
гуруҳ бола кечикиб киради. Чунки почтачи опкелган хатларни эгаларига
улашгунча кўп вақт кетади” .
Мактабига почтачи сира келмаган, армияга борган қариндошлари ҳақида
болалик хотиралари йўқ, лекин шунга қарамай бу манзара ниҳоятда
таниш, қадрдон эди. Боз устига қисса гуноҳ ёшга етмаган гўдак каби соф,
беғубор тилда битилган эди-ки, бир қараб кўрай-чи, деб бошланган
мутолаа ниҳоясига етмай қўймайди, Жонибековнинг ҳикоясини китобхон
жон қулоғи билан тинглайди.
Асар аввалида ровий Жаҳонгир Жонибеков акаси Султонга келган
мактубни олади. Уни Султоннинг суюклиси Тўлғоной юборган. Ўша куни
Жонибековга қишлоқда санғиб юрган чегачи чолга тегишли мактуб ҳам
берилади. Негаки, чегачи чол ўша кунларда уларнинг уйидан қўним
топган эди. Асар зиддияти ўша хатдан бошланади. Аммо ўқувчи буни ҳали
билмайди...
Ёзувчи қаҳрамонлар ҳаётига аралашмаслиги кераклигини ҳамма билади.
Аммо буни кам сонли ижодкорлар уддaлайди. Собир Ўнар қаҳрамон
ҳаётига аралашмайди. Асар воқеасини яхшилик ва ёмонликка,
қаҳрамонларини оқ-қорага ажратмайди. Воқеалар ҳаётда қандай содир
бўлса шу тарзда ўқувчига кўрсатиб беради. Ижодкор бунга эришиш учун
ACADEMIC RESEARCH IN MODERN SCIENCE
International scientific-online conference
92
ундоқ қилиш керак, бундоқ қилиш зарур деб илмий терминларни
қалаштириб ташлаш осон. Аммо Худо ол қулим демаса бари бекор!
Собир Ўнарнинг ўзи суҳбатларнинг бирида: “Адабиёт муаммошунослик
ёки шаклбозлик эмас, санъат”, дейди. Суҳбатни тўлиқ ўқир экансиз, ёзувчи
аввало инсон қалбини санъаткорона ўрганишни истаганини ҳис этасиз.
Аммо ҳар бир шахс жамият аъзоси. У ён-атрофида бўлаётган воқеа-
ҳодисаларга бефарқ қарай олмайди. Шу боис у инсон қалбини ўрганиш
орқали жамият аҳволини таҳлил этишга, унинг сабаб ва оқибатларини
кўрсатиб беришга уринади. Буни ёзувчи “Бибисора”да жуда яхши
уддалаган. Унинг маҳорати шундаки, бола тилидан ҳикоя қилинган асарда
босқинчи ҳукуматнинг мазлум жамиятни пароканда қилиши очиб
ташланади. Бугун бизни қийнаётган кўплаб саволлар, жамият ҳаётидаги
иллатлар илдизи қаерда эканини аёвсиз кўрсатиб беради.
Асар қаҳрамони Султон чавондоз эл орасида номи чиққан ёш, умидли
полвон. Аммо унинг оти йўқ(!), шу боис биопунктнинг айғирларини миниб
кўпкарига кирган, ном қозонган. Унинг довруғи анча олисдаги
қишлоқларгача кетган. Ёш-қари, йигиту қизлар у ҳақида эшитган, кўрган,
танийди. Султон каби полвонлар доим халқнинг умиди, йўлчи юлдузи
ҳисобланган. Қаҳрамонлар якка туғилмайди. Уларга Худо Алпомишнинг
Барчинойи каби фаришта сифат аёлларни тортиқ этади. Тўлғоной худди
шундай қаҳрамон десак янглишмаймиз. Тўлғоной таксида кетаётган
полвонни танишини айтади. Шу-шу икки ёш бир-бирига дил беради. Улар
хат ёзишиб юра-юра муродига етади, тўй бўлади. Янги тушган келин
оиланинг кенжаси Жаҳонгирга меҳр қўйган. У ҳам янгасига тамоман
ўрганиб қолади. У эски хатларни ўқиётган Тўлғонойни кузатаркан
туйғуларини шундай ифода этади:
“Мен учун бу хатлар жуда сирли, ҳаммасида севги-муҳаббат туйғулари
яширин эди. Янгам хатларни овоз чиқариб ўқир экан, мен унинг оппоқ
бўйнига, балдоғи каттакон сариқ исирғаси, чиройли энгаги, бурни, лаби,
ёноғи, энтикишлари, кийми, антиқа атир бўйлари – бари-барига термулиб
тўймас, ҳаяжонланар эдим” .
Бу оддий ҳаяжон эмас, мўйлаби сабза ура бошлаган боланинг аёл
тароватини биринчи марта ҳис этиши! Илк севгининг тушунуксиз
туйғулари эди. Бу шундай туйғуки, янгасини ҳатто унинг севикли ёри
Султондан ҳам қизғонади. Тўлғоной Полвонни эмас, Жаҳонгирни яхши
кўришига ишонади. Бола кўнглини ўқий оладиган катта энаси унинг
ACADEMIC RESEARCH IN MODERN SCIENCE
International scientific-online conference
93
янгаси ёнида узоқ қолишини истамай дакки беради. Жаҳонгир
оғринибгина уйига кетади.
Ёзувчи боланинг янгасига бўлган муҳаббатини шундай ишончли ва соф
туйғи ила ифода этади-ки, беихтиёр ёшлик хотирангиз, янги келин тушган
уйга киргандаги ҳаяжонингиз ёдга тушади. Тоза, нафснинг чиркин ўйлари
аралашмаган туйғу соғинчи дилни ўртайди. Шу боис доим қора плаш
кийиб юрадиган кўк кўзли чегачи чолга ўқувчи унчалик эътибор
қилмайди. У асарда қуйи даражадаги иштирокчи деб ўйлайди. Негаки, уни
Тўлғоной ва ҳатто, Жонибековнинг ҳеч кимга ёв қараш қилмайдиган
бобоси ҳам хушламайди. Боз устига сирли чол мум тишлагандай жим
юради. Аммо тун ҳам аста-секин атроф-жовонибни мавҳ этгани каби унинг
қора плаши қишлоқ одамлари кўксидаги қуёшга соя ташлаган. Буни
воқеалар ривожига қараб Жонибеков қатори ўқувчи ҳам фаҳмлаб
бораверади. Ҳа, Жаҳонгир кўз ўнгингизда улғайиб, янгасига бир томчи
сувдай ўхшайдиган синглиси Бибисора билан танишади, кўнгил қўяди.
Акаси каби у ҳам хат ёзиб, почтадан юборади. Эртаси куни чегачи чол уни
йўлда тутиб олиб, ҳали сенми севишадиган, дея дўқ уради. Жаҳонгир
биладики, кўк кўзли чол почтадаги хатларни очиб ўқир экан. Ким, нима
ҳақида ўйлаётганигача билиб, жимгина кузатиб юрадиган чолнинг асл
башараси шу ерда очилади. Энди Жонибеков хат ёзишга, ҳатто, Бибисора
ҳақида ўйлашга ҳам қўрқиб қолади. Шипион чол билиб қолса-чи, деган ўй
уни доим таъқиб этади. Қора кўланка, чегачи чол илдизи аниқ бўлмаган
одам. Унинг асл келиб чиқиши айтилмайди. Фақат унинг Ўшданми
Жўшданми келиб қолгани айтилади. Қиёфа тасвири эса қоришиқ. Гоҳ
ўрисга, баъзан туркийга тортади. Унинг фақат битта аъмоли аниқ – у
қалбларга қўрқув уруғини сочади. Худди Жонибековга севишни(!)
таъқиқлагани каби. Шу боис Бибисора яна бир марта қидириб келганида у
билан учрашишга чўчийди. Аммо иккиси тасодифан ёлғиз қолади. Шу пайт
кўк кўз чол пайдо бўлади. У Жонибековга шапати уради. Бу зарбдан
боланинг юзи қизариб, кўкаради. Жаҳонгирнинг алами келиб, дардини ҳеч
кимга айта олмай қирга чиқиб ўкириб йиғларкан яқинларидан гина
қилади: “Тавба, бўкириб йиғласанг ҳам биров нима бўлди, деб сўрамайди-
я” .
Ёзувчи боланинг ўкинчи орқали қишлоқдошларнинг лоқайдлиги, қўрқув,
ширин жонни асраш илинжида ор-номусини бой берганини ифода этади.
Негаки, келгинди чол уришдан сўнг қишлоқ зиёлиси Соритойни ўроқ
билан сўйиб ўлдирган. Аммо ҳеч ким унга қарши бормаган. Тағин
ACADEMIC RESEARCH IN MODERN SCIENCE
International scientific-online conference
94
Соритойнинг хотини Гулойни олиб қочган. Шунча вақтдан бери бедарак
кетиб, қаригач чегачи қиёфасида яна қишлоқда изғиб юрибди. Кимнинг
уйини маъқул кўрса, ўша жойга танда қўяди, истаганича яшайди. Унга
биров миқ этмайди. Соритойнинг ўлими қишлоқдошларни қўрқувдан гунг
қилган. Қишлоқ аҳли чегачининг плашидай қоп-қора, ўзи каби сирли ва
ёвуз кучга сўзсиз бўйсунади. Ёзувчи бунинг сабабини изоҳламайди. Гап
орасида Соритой илмли бўлгани учун ариза ёзиб ўн бир кишини қамоқдан
сақлаб қолгани айтилади. Ҳа, Соритой оддий одам эмас, у нажоткор,
элдошларга таянч. Илдизи қуриган дарахт қулашга маҳкум. Чегачи
илдизга тушган қурт, ўрни келганда унга урилган болта. У ўзи чопган
дарахт ўрнига қўрқув экади. Жонибеков яшайдиган қишлоқ аҳли ана шу
қўрқув соясида кун кўради. Қўрқув оғир хасталик. Уни фақат узоқ вақт
мобайнида муттасил олиб борилган муолажа билан даволаш мумкин. Шу
боис чегачи чол ғойиб бўлганига бир неча йил ўтса ҳам Жоҳонгир ўша
қўрқув билан яшайди. У чолни ўлган бўлсин деб нияти қилади. Бу тилак
аста-секин умидга айланади. Аммо қўрқув чекинмайди.
Афсуски у чолнинг ўлимига ишонч ҳосил қилишга улгурмай мактабга
чегачига бир томчи сувдай ўхшайдиган жисмоний тарбия ўқитувчиси
келади. Ҳукумат томонидан юборилган янги ўқитувчи Фахриддин
Қурбонов мактаб муҳитини ўзгартириб юборувчи янги куч тимсоли эди. У
келгач жисмоний тарбия дарси биринчи ўринга чиқади. Ҳатто
Жонибековнинг мақоласи туман газетасида эълон қилинганида мактаб
директори истеъдодли ўқувчига алоҳида ғамхўрлик қилишни айтар экан,
икки-уч марта жисмоний тарбия дарсидан ўзлиштиришини қандай
эканига қизиқади. Аммо бирон марта адабиёт фанини эсламайди. Шунинг
ўзиёқ Қурбоновнинг қанчалик қудрат соҳиби эканини кўрсатади.
“Бибисора”да қаҳрамон исмлари ҳам маъно касб этади. Масалан,
Фахриддин Қурбонов. У дин-диёнатнинг фахри бўлиши керак. Аммо у
қурбон қилинган. У бир замонлар мактабда дарс берган, сўнг чегачи чолга
айланган қора кўланканинг қурбони. Жадидлар тимсоли бўлган Соритой
тоғанинг олиб қочилган хотини Гулой ва чегачининг боласи. Биз
жадидларимиз аҳволи не кечганини тарихдан яхши биламиз. Шу боис
ёзувчи бунга ортиқча изоҳ бермайди. Шунчаки, уни ўз ҳовлисида келгинди
одам ҳеч бир сабабсиз ўроқлаб кетгани айтилади. Бу ўтмишимиз ҳақидаги
аччиқ ҳақиқатнинг поэтик ифодаси. Қолаверса, муаллифнинг бундай йўл
тутиши асарни маълум давр ва худуд билан боғлаб, мавзу кўламини
ACADEMIC RESEARCH IN MODERN SCIENCE
International scientific-online conference
95
кичирайтириб қўйишнинг олдини олади. У ҳар қандай замон ва маконга
мос тушади. У энди миллий оғриқдан умуминсоний ҳасратга айланади.
Қурбонов ҳукмронликни қўлга олган ёвузлик давомчиси бўлгандай
Султон ва Жаҳонгир Соритой тоғанинг издоши. Аммо Султон босқинчи куч
томонидан юрагига қўрқув экилган, имкониятлари чекланган қаҳрамон.
Буни биз унинг оти йўқ эканидан билиб оламиз. Ёзувчининг маҳорати, оз
ва хўп сўз айтиши Султон образида янада яққол кўзга ташланади.
Шу ўринда бир муқояса, тушунтириш учун Алпомишни эслайлик.
Ҳакимбекни Бойчибор чоҳдан олиб чиқади. У душман вакили
Қоражоннинг ёрдами билан ўзлигига қайтганида қаҳрамон бўла олмасди.
Демак, Бойчибор шунчаки тулпор эмас! У халоскор. Шу боис бизда отнинг
йигитнинг қаноти деб айтишган. Султон қаноти йўқ паҳлавон. Унинг
довруғ қозонишига эса ҳукмрон кучнинг фермада боқиладиган отлари
сабаб. Бу уни ожиз қилиб қўйган. Ночорлик шу даражадаки, Султоннинг
катта ўғли чегачи чолнинг зурриёди, тоза булоққа ит теккан...
Қурбонов эса унинг издоши. Мактабдаги энг сулув қизни кўз остига олади.
Наҳс босган кўксини ўша сулув яшайдиган уйдаги тўшакка уриб, маълум
вақт шу ерда яшайди. Нафақат маҳалладошлар балки қизнинг отаси ҳам
ижарачи бўлиб турган Қурбоновнинг қилмишини билса-да, миқ этмайди.
Сабаб-ки, Соритой тоғанинг қисмати бошига тушиши мумкин. Ўзлик бой
берилган жамиятда фақат қўрқоқ, жонидан бошқасини қайғурмайдиган
нафс бандалари яшайди. Улар учун орият нечанчидир ўринга тушган
бўлади. Жонибековнинг қишлоқдошлари худди шундай кишилар. Тўғри,
халқимиз бундай бузуқчиликка жим қараб турмаган. Жонини тикиб бўлса-
да, ориятини ҳимоя қилган. Унда Собир Ўнардай халқини яхши биладиган,
миллатсевар ёзувчи бундай йўл тутди?!
Боя Алпомишни бежиз эсламадик. Достон мазмунига теран боққанлар
Алпомиш, Барчиной, Қалдирғоч ва Бойчибор бир кишининг турфа қиёфаси
эканини яхши билади. Султон билан Тўлғоной, Соритой тоға ва Гулой ҳам
худди шундай қаҳрамонлар ҳисобланади. Ёзувчи инсон юрагидан у учун
энг азиз ва суюкли бўлган туйғулар суғириб ташланса, унинг қалб булоғи
лойқалантирилса аҳволи не кечажагини шу тарзда ифода этади. Афсуски,
бугун аёлининг хиёнати учун ижтимоий тармоқларда дийдиё қилаётган
оталар, боласини бўғизлашдан тап тортмаётган оналар қалбидан азиз
туйғуси суғуриб олинган, ит теккан булоқда бўй чўзган авлод
ҳосиласидир.
ACADEMIC RESEARCH IN MODERN SCIENCE
International scientific-online conference
96
Жаҳонгир Жонибеков бола қалби билан бу хатарни аввалдан ҳис этган,
юраги оғриган ўзини сақлаб қолган кам сонли зиёли авлод вакили. Бу
оғриқ унга куч беради. Жаҳонгир ўлими аниқ бўлгач ғанимга ташланган
ёвқур аскардай Қурбоновга қарши чиқади ва қўли баланд келади.
Қурбоновни қишлоқдан қувиб солади. Аммо Бибисора хат ёзиб жисмоний
тарбиядан дарс ўтадиган янги ўқитувчи келгани, у доим чегачи чол каби
қора плашда юрадиган Фаҳриддин исмли одам эканини айтади. Бу
изтироб уни ўзлигини ахтаришга ундайди. У ҳасрат, йўқ, шунчаки ҳасрат
эмас, инсон қалби қанчалик изтиробни кўтара олса, ўшандай ўкинч билан
ўзига-ўзи мен, биз киммиз деган савол беради.
Собир Ўнар ҳам парвози баланд ёзувчи эди. Вақти келиб, у кишининг
ижодий меросини ўрганиш, асарларидаги миллий дардни умуминсоний
изтиробга айлантира олган ёзувчимизни хориж ўқувчиларига ҳам
танитиш адабий майдондаги ҳар бир шахснинг вазифасига айланади.