Мазкур мақолада ХХ аср бошларида яшаган тошкентлик олимлардан бири Олимхон ибн Мусохон Тошкандийнинг “Олимия” асаридаги тажвид илмига оид янги маълумотлар берилган. Асарнинг қўлёзма ва тошбосма нусхалари ҳамда асар таркиби ҳақида биринчи бор сўз юритилган. Мақола исломшуносликка оид билимларни бойитишга хизмат қилиши, шубҳасиздир. “Олимия” асарининг ягона қўлёзма нусхаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондидан топилиб, мақолада илмий тавсиф қилинган. Китоб 1903 йили Тошкентда Ильин матбаасида чоп этилган. У аслида “Фатҳу-т-тажвид” деб аталган бўлса-да, бироқ “Олимия” номи билан шуҳрат қозонган. “Олимия”нинг муаллифи Олимхон ибн Мусохон Тошкандий ҳақида деярли маълумотлар учрамайди. У ўзининг “Олимия” номли мазкур асарини 1321 ҳижрий йили 5 сафарда ёзиб тугатганини ва у 190 байтдан иборат эканини қайд қилиб ўтган. Ушбу сана милодий 1903 йил 31 майга тўғри келади. Демак, муаллиф асарни ёзиб тугатган йили уни Тошкентдаги Ильин матбаасида чоп қилдиришга улгурган. Шарқшунослик институти фондида сақланаётган қўлёзма эса анча кеч –1939 йил 7 июльда китобат қилган эди.Қуръонни тўғри ўқиш методлари ва қонун-қоидалари бу асарда назмий шаклда, ўзига хос тарзда кўриб чиқилган. Рисолани ўқиб чиқиб, фикр билдирган ва тақриз ёзиб берган тошкентлик уламоларнинг номлари эса бирма-бир зикр қилинган. Мазкур уламоларнинг номлари маҳаллий илм аҳлининг фаолиятини, уларнинг илмий меросини ўрганиш учун йўл очади. Рисоланинг кейинги наср қисми нашрда 16–23-бетларда жойлашган бўлиб, савол-жавобдан иборат. Рисоланинг арабча жумлалар билан бошлангани муаллифнинг араб тилини мукаммал билишидан дарак беради. “Олимия” асари Қуръонни ўқиш методлари, қонун-қоидаларини ўзида акс эттирган, назм ва насрда битилган рисола ҳисобланади. Уни илмий тадқиқ этиш ХХ аср бошларида Туркистонда Қуръонга ва қориларга муносабат, Қуръон илмларига оид билимларни ўрганишда аҳамиятлидир.
Мазкур мақолада ХХ аср бошларида яшаган тошкентлик олимлардан бири Олимхон ибн Мусохон Тошкандийнинг “Олимия” асаридаги тажвид илмига оид янги маълумотлар берилган. Асарнинг қўлёзма ва тошбосма нусхалари ҳамда асар таркиби ҳақида биринчи бор сўз юритилган. Мақола исломшуносликка оид билимларни бойитишга хизмат қилиши шубҳасиздир.