Oktabr, 2025-Yil
395
ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ АСАРЛАРИНИНГ ЗИЙНАТЛАНГАН ҚЎЛЁЗМАЛАРИ
Феруза Омонова Абдусаттор қизи
ЎзРФА Cанъатшунослик институти
Стажёр-тадқиқодчи.
https://doi.org/10.5281/zenodo.17483604
Аннотация
. Мавлона Жалолиддин Румий (1207–1273) жаҳон адабиёти ва албатта,
Турон адабиёти ва маданияти тарихида XIII асрдан бери ўзига хос нуфузли юксак ўринга
эгадир. Бугунги кунда ҳам Ўзбекистон илм аҳли ва адабиётсеварлар мавлонани Алишер
Навоий, Лутфий, Паҳлавон Маҳмуд, Мирзо Бобур, Бобораҳим Машраб сингари улуғ
шоирлар қаторида танийди. Ўзбек халқи Румийни ўз шоири деб билади.
Унинг асарлари ва маснавийлари юртимизда энг кўп тарқалган қўлёзмалар
қаторида туради. Туронда “маснавийхонлик” йиғинлари қадимдан мунтазам ўткзиб
турилган. Тадқиқотчилар мазкур маснавийлар
олтита
дафтардан иборат эканини
таъкидлайди. Биргина ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти
Ноёб фондида Жалолиддин Румий маснавийларининг қирққа яқин қўлёзма нусхаси
аниқланди. Тадқиқот жараёнида уларнинг орасидаги №1305 рақамли нусхага алоҳида
эътибор қаратдик ва унинг зийнатланишини қисқача тавсиф қилдик.
Калит сўзлар:
Румий, маснавий, қўлёзма, нақш, кубровия, Хоразм, Табризий,
адабиёт, ҳошия, таржима, бадиий санъат, зийнат.
Abstract.
Mawlana Jalaluddin Rumi (1207–1273) has occupied a unique and influential
place in the history of world literature and, of course, Turanian literature and culture since the
13th century. Even today, Uzbek scholars and literature lovers recognize the mawlana along with
such great poets as Alisher Navoi, Lutfi, Pahlavan Mahmud, Mirzo Babur, and Boborakhim
Mashrab. The Uzbek people consider Rumi their poet.
His works and masnavis are among the most widely distributed manuscripts in our
country. In Turan, "masnavikhan" gatherings have been held regularly since ancient times.
Researchers note that these masnavis consist of six notebooks. About forty manuscript copies of
Jalaliddin Rumi's masnavis have been discovered in the unique collection of the Abu Raykhan
Beruni Institute of Oriental Studies of the Academy of Sciences of the Republic of Uzbekistan.
During the research, we paid special attention to copy №1305 among them and briefly described
its decoration.
Аннотация
. Маулана Джалалуддин Руми (1207–1273) с XIII века занимает
уникальное и влиятельное место в истории мировой литературы и, конечно же, туранской
литературы и культуры. Даже сегодня узбекские учёные и любители литературы
признают маулана наряду с такими великими поэтами, как Алишер Навои, Лутфи,
Пахлаван Махмуд, Мирзо Бабур и Боборахим Машраб. Узбекский народ считает Руми
своим поэтом.
Его произведения и меснави являются одними из самых распространённых
рукописей в нашей стране. В Туране с древних времён регулярно проводились собрания
«маснавихан». Исследователи отмечают, что эти меснави состоят из шести тетрадей.
Oktabr, 2025-Yil
396
В уникальной коллекции Института востоковедения имени Абу Райхана Беруни
Академии наук Республики Узбекистан обнаружено около сорока рукописных списков
месневи Джалалуддина Руми. В ходе исследования мы обратили особое внимание на список
№ 1305 и кратко описали его художественное оформление.
Мавлона Жалолиддин Румий (1207–1273) жаҳон адабиётида ўчмас из қолдирган
буюк мутафаккир ва адибдир. Турон адабиёти ва маданияти тарихида ушбу ҳассос
шоирнинг XIII асрдан бери ўзига хос нуфузли юксак ўрни бор. Бугунги кунда ҳам
Ўзбекистон илм аҳли ва адабиётсеварлар мавлонани Алишер Навоий, Лутфий, Паҳлавон
Маҳмуд, Мирзо Бобур, Бобораҳим Машраб сингари улуғ шоирлар қаторида танийди. Бир
сўз билан айтганда, халқимиз ҳазратни ўз шоири деб билади.
Биринчидан, алломанинг таржимаи ҳолига назар ташлайдиган бўлсак, насабда келиб
чиқишининг бир тармоғи ҳамиша дунё маърифати ва маданиятининг кўҳна марказларидан
бири бўлиб келган Хоразмга тақалади. Отаси Муҳаммад Баҳоуддин Валад ибн Ҳусайн
тариқат илмини Хоразмда машҳур Нажмиддин Кубродан таълим олган ва бир қанча вақт
Хива ҳамда кўҳна Урганчда яшаган. Унинг онаси Хоразмшоҳ Алоуддин Муҳаммад
Такешнинг (в. 1200) қизи Маликаи Жаҳон Аматуллоҳ Султонбегим эди. Жалолиддин
Румий шу олий насаб маликанинг невараси бўлади.
Иккинчидан, мавлонага илоҳий илҳомни ҳадя қилган Турон эди. Румийнинг ўзи ҳам
кубровия тариқатининг олтин ҳалқаларидан биридир. У дастлаб мазкур сулукда отаси
Муҳаммад Баҳуддин Валаддан таълим олади. Иккинчи устози кубровия тариқатининг
машҳур вакили Шамсиддин Табризий эди. У Сирдарё этагида жойлашган Жанд шаҳридаги
Бобо Жандий суҳбатида юксак мақомларга етишганди. Худди шу устози унга бир куни бир
булбулни “сайратиб” юборишини башорат қилганди. Ўша булбул Жалолиддин Румий эди.
Унинг асарлари юртимизда энг кўп тарқалган қўлёзмалар қаторида туради. Ҳатто,
Турон мадрасаларида “маснавийхонлик” йиғинлари мунтазам ўткзиб турилган ва бу тадбир
учун махсус вақф мулклари ажратилган.
1
Тадқиқотчилар мазкур маснавийлар
олтита
дафтардан иборат эканини таъкидлайди. Биргина ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги
Шарқшунослик институти Ноёб фондида Жалолиддин Румий маснавийларининг қирққа
яқин қўлёзма нусхасини аниқладик. Тадқиқот жараёнида уларнинг орасидаги №1305
рақамли нусхага алоҳида эътибор қаратдик.
Қўлёзма тавсифи
– Муаллиф: Мавлона Жалолиддин Румий, “Маснавийи маънавий”
номли назмий асар. ЎзР ФА ШИ, №1305, форс тилида, матн қоғози ўлчами 18,5 х10,5 см,
575 варақ (1
б
-575
а
), хаттот мулла Аҳмад Саҳҳоф ҳижрий 1231 йили (1816) чиройли
настаълиқ хатида кўчирган. Асар матни шарқ қўлёзмалари тузилиши ва китобат
санъатидаги кўпчилик шеърий асарларга хос анъанавий икки устунда ёзилган.
Қўлёзма муқоваси:
Қаттиқ жилд қоғози, ўлчами 18,7х10,6 см, муқова юзасига тилла
ранг берилган, марказига йирик (турунж) ва унинг тепа ҳамда пастига кичик (сартурунж)
анънавий қавариқ хос безак босилган. Босма безаклар атрофи муқова четлари бўйлаб икки
қатор тўғри чизиқ ва бирикиб занжир ҳалқаларини ташкил қилган тўлқинли нақш билан
ўралган.
1
Абдусаттор Жуманазар. Бухоро таълим тизими тарихи. – Т.: Академнашр, 2017. – Б.195, 215, 335.
Oktabr, 2025-Yil
397
Муқованинг икки қанотини боғлаб турувчи чарм белбоғ қизил рангда, юқори ва
пастки қисмига кулранг ва оч пушти рангли ипак ипда шероза тикилган. Жилднинг ички
олд ва ортки қисмига ёпиштирилган қоғоз дарахт гуллари ва япроқсимон безаклар билан
зийнатланган.
Қўлёзма варақларининг зийнатланиши:
Асар 6 дафтардан иборат, ҳар бирининг
биринчи варағининг икки тарафига ҳам ниҳоятда нафис махсус нақш ишланган. Кейинги
барча варақлар ҳам асоси тилла ва унга уйғунлаштириб кўк, оқ рангдаги ҳошияли безак
билан зийнатланган. Барча варақлар юзасига тилла буёқ сачратилган.
Дафтар ул-аввал
(1а): Биринчи варағи юзаси тўлиқ тилла рангда бўялган. Унинг
сирти ложувард, тўқ жигарранг, оқ, пушти ранглар билан моҳирона нафис безак ишланган.
Дафтари дуввум
(94б–95а): Бу иккинчи дафтарнинг биринчи варағи юзаси ҳам
олдингиси сингари тўлиқ тилла ранг билан бўялган ва ложувард, тўқ жигарранг, оқ, пушти,
оч яшил бўёқлар билан нақшланган. У олдингисини такрорламайди, унинг гўзаллигини
давом эттирган ва қўлёзманинг бадиий қимматини оширган.
Дафтари севвум
(180б–181а): Учинчи дафтарнинг биринчи варағи юзаси ҳам
олдингилар каби тўлиқ тилла ранг билан бўялган ва ложувард, тўқ жигарранг, оқ, пушти, оч
яшил бўёқлар билан безалган. Олдингиларини такрорламайди, у ҳам ажойиб бадиий санъат
асари даражасида ишланган. Фақат, ранглар бироз хиралашган.
Дафтари чаҳорум
(287б–288а): Тўртинчи дафтарнинг биринчи варағи юзаси
зийнатланиши ҳам олдингилари услубида бажарилган. Тўлиқ тилла ранг билан бўялган ва
ложувард, тўқ жигарранг, оқ, пушти, оч яшил бўёқлар билан нақшланган. Бу нақшда қизил
ҳамда тўқ яшил ранг кўпроқ аралашган ва манзара таъсирини кучайтирган.
Дафтари панжум
(372б–373а): Бешинчи дафтарнинг биринчи варағи юзаси ҳам
олдингилари каби тўлиқ тилла ранг билан бўялган ва ложувард, тўқ жигарранг, оқ, оч яшил
бўёқлар билан нақшланган. Бунда энди қизил ўрнини сабзи ранг эгаллаган. Нақшлари
олдингиларини такрорламайди, унинг ўзи алоҳида мукаммал бадиий асар мақомига
етказилган.
Дафтари шишум
(465б–466а): Олтинчи дафтарнинг биринчи варағи юзаси ҳам
олдингилари сингари тўлиқ тилла ранг билан бўялган ва ложувард, тўқ жигарранг, оқ, яшил
бўёқлар билан нақшланган. Бу нақш қўлёзмадаги якунловчи йирик безак, наққош асар
зийнатлари кетма-кетлиги ва таъсирчанлигини жуда моҳирона ошириб борган.
Қўлёзманинг сақланиши:
Муқованинг тўртта қирраси ҳам қўлёзмадан кўп
фойдаланилгани натижасида бироз емирилган ва эзилган. Шунга қарамай, бутун сақланган.
Муқованинг пастки қисмининг айрим жойларида кўчиб, узилган кичик ўринлар бор. Ички
қисми ранглари яхши сақланган.
Варақлар бутун ҳолатда зарарсиз сақланган. Муқова ва матн варақларини боғлаб,
қўлёзмани мустаҳкамлаб турувчи иплар узилиши оқибатида баъзи варақлар жилддан
ташқарига чиқиб қолган. Бироқ тушиб қолмаган. Қўлёзма учун ниҳоятда эътибор билан
сифатли оҳорланган ва силлиқланган Қўқон қоғози танланган.
Қўлёзма анча яхши ҳолатда сақланган бўлса-да, таъмирланиши янада
фойдалироқдир. Айниқса, ундаги мумтоз адабиётимизнинг нафис санъат асари намуналари
бўлган нақш ва зийнатларни зарарсиз, бус-бутун асраш учун бу ўта муҳимдир.
Oktabr, 2025-Yil
398
Жалолиддин Румий ҳазратларининг Шарқшунослик институти асосий хазинасида
сақланаётган №668, №669 рақамли қўлёзмалардан ўрин олган 2-6 дафтарлар (1б-2a, 2б, 58б-
59aб, 133б, 134a, 134б, 185б, 186a, 186б, 241б); №688 (3б, 53б, 99б, 157б, 204б, 256б);
№8266 (2б, 63б, 117б, 186б, 242б, 306б) ва яна бир нечта қўлёзма нусхалари ҳам нозик
нақшлар билан ишланган. Уларнинг ҳар бири алоҳида тавсиф ва тадқиқ этилишга
лойиқдир.
Юқорида халқимиз Жалолиддин Румийни “ўз шоири” деб билишини
таъкидлагандик. Ушбу кичик тадқиқот жараёнида бу гап мутлақо ўринли эканига гувоҳ
бўлдик. Яқин ўтган йилларда иқтидорли шоир ва таржимонларимиз Асқар Маҳкам,
2
Жамол
Камол
3
адибнинг “Маснавийи маънавий” ва бошқа асарларини ўзбек тилига ўгириб, кенг
ўқувчилар оммаси эътиборига ҳавола қилди. Румий ижодига қизиқиш юртимизда тобора
ортиб бормоқда. Кейинги нашрларда зикр этилган қўлёзмалар орасидаги зийнатли
нусхалардаги нақш ва безаклардан ҳам фойдаланилса, жамиятимиз маънавий-маърифий
ривожи, ёш авлод тарбиясига жуда самарали таъсир кўрсатарди.
Фойдаланилган манбалар ва адабиётлар
1.
Жалолиддин Румий. Маънавийи маснавий. ЎзР ФА ШИ. №1305.
2.
Жалолиддин Румий. Маънавийи маснавий. ЎзР ФА ШИ. №668.
3.
Жалолиддин Румий. Маънавийи маснавий. ЎзР ФА ШИ. №669.
4.
Жалолиддин Румий. Маънавийи маснавий. ЎзР ФА ШИ.№688.
5.
Жалолиддин Румий. Маънавийи маснавий. ЎзР ФА ШИ. №8266.
6.
Жалолиддин Румий. Маънавийи маснавий. Биринчи жилд, биринчи китоб. Таржимон
Асқар Маҳкам. – Т.: Шарқ, 1999. – 368 б.
7.
Жалолиддин Румий. Маънавийи маснавий. Биринчи китоб. Форсийдан Ўзбекистон
халқ шоири Жамол камол таржимаси. – Т.: Ҳилол, 2005. – 394 б.
8.
Жалолиддин Румий. Маънавийи маснавий. Иккинчи китоб. Форсийдан Ўзбекистон
халқ шоири Жамол камол таржимаси. – Т.: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси
нашриёти, 2002. – 332 б.
9.
Жалолиддин Румий. Маънавийи маснавий. Учинчи китоб. Форсийдан Ўзбекистон
халқ шоири Жамол камол таржимаси. – Тошкент-Теҳрон: Фан, 2003. – 426 б.
10.
Жалолиддин Румий. Маънавийи маснавий. Тўртинчи китоб. Форсийдан Ўзбекистон
халқ шоири Жамол камол таржимаси. – Тошкент-Теҳрон: Фан, 2003. – 352 б.
11.
Абдусаттор Жуманазар. Бухоро таълим тизими ва мадрасалари тарихи. – Т.:
Академнашр, 2017. – 596 б.
2
Жалолиддин Румий. Маънавийи маснавий. Биринчи жилд, биринчи китоб. Таржимон Асқар Маҳкам. – Т.:
Шарқ, 1999. – 368 б.
3
Жалолиддин Румий. Маънавийи маснавий. Биринчи китоб. Форсийдан Ўзбекистон халқ шоири Жамол
камол таржимаси. – Т.: Ҳилол, 2005. – 394 б; Иккинчи китоб. – Т.: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси
нашриёти, 2002. – 332 б; Учинчи китоб. – Тошкент-Теҳрон: Фан, 2003. – 426 б; Тўртинчи китоб. – Тошкент-
Теҳрон: Фан, 2003. – 352 б.
