Алоқа ва савдо йўллари қадимдан турли ҳудудларда яшовчи аҳоли вакилларининг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий тараққиётида муҳим аҳамият касб этиб келган [5, - 432-б.]. Буларни тиклашда нафақат ёзма, балки моддий манбалар хусусан, тангалар ёки тангалар хазинасининг ҳам ўрни каттадир. Улар ёзма манбалар кам сақланган давр тарихини ёритиш, археологик маданий қатламларни аниқ даврлаштириш, маҳаллий ва халқаро савдо-сотиқ муносабатларини аниқлаш кабиларда муҳим маълумотларни беради. 2021 йилда Тошкент вилояти, Оққўрғон тумани, “Шоҳрухия” маҳалла фуқаролари йиғини “Ҳосилдор” маҳалласининг жанубида, Сирдарёнинг ўнг қирғоғида жойлашган Шоҳрухия археологик ёдгорлигидан топилган қорахонийлар даврига оид мис тангалар хазинасини илмий ўрганиш ҳам юқоридаги масалаларни ечишга ёрдам берадиган манбалар сирасига киради.
Ўзбекистон тупроғида олис тарихимизнинг хира жиҳатларини ойдинлаштирадиган моддий манбаларни сақлаб келмоқда. Аша шундай ашёвий далиллари сирасига “Паркент хазинаси”ни ҳам киритиш мумкин. Бу хазина 2022 йилнинг 16 сентябрида Тошкент вилояти, Паркент тумани, “Хўжа” маҳалласи, Ҳунарманд кўчаси 47-уйда яшовчи Насиба Бегматованинг ҳовлисида хожатхона қуриш учун ўра қаздираётганда топилган. У топилган пайтда оқсидланиб кўкариб, занглаб кетган эди. Бу тангаларнинг қадимийлигига тушиниб етган уй эгасининг ўғли Акмал Бегматов 2022 йилнинг 17 сентябрида бу ҳақидаги хабарни билдирди. Хабарга биноан хазина топилган жойга етиб борилди ва у топилган жой кўздан кечирилди.