ISSN:
2181-3906
2023
International scientific journal
«MODERN SCIENCE АND RESEARCH»
VOLUME 2 / ISSUE 12 / UIF:8.2 / MODERNSCIENCE.UZ
341
ШОИРА МУАЗЗАМХОННИНГ ТАСАВВУФИЙ РУҲДАГИ ҒАЗАЛЛАРИ
Насиба Сайдалиева Фарҳодовна
филология фанлари номзоди
Самарқанд Иқтисодиёт ва сервис институти академик лицейи
(Ўзбекистон Республикаси )
nasibasaydalievafarxodovnaa@gmail.com
Моб.: 995432270
https://doi.org/10.5281/zenodo.10356257
Аннотация.
Мақолада ХIХ асрда яшаб ижод этган шоира Муаззамхон ижодида
тасаввуфий руҳдаги ғазаллари ҳақида гап боради. Шоиранинг айрим ғазаллари бадиий
таҳлил қилинган. Муаззамхон яратган лирик қаҳрамон кечинмалари, қарашлари бугунги
давр нуқтаи назаридан ўрганилган.
Калит сўзлар:
Tасаввуф, ғазал, илоҳийлик, муридлик, муршидлик, панд-насиҳат.
POET MUAZZAMMKHAN'S GAZALS IN MYSTICAL SPIRIT
Abstract.
The article talks about the ghazals of the poetess Muazzam Khan, who lived and
worked in the 19th century, in a mystical spirit. Some of the poet's ghazals have been artistically
analyzed. The experiences and views of the lyrical hero created by Muazzamkhan are studied from
the point of view of today's era.
Key words:
Sufism, ghazal, divinity, muridism, murshidism, advice.
ГАЗАЛЫ ПОЭТА МУАЗЗАМХАНА В МИСТИЧЕСКОМ ДУХЕ
Аннотация.
В статье рассказывается о газелях поэта Муаззам-хана, жившего и
творившего в XIX веке, в мистическом духе. Некоторые газели поэта подверглись
художественному анализу. Переживания и взгляды лирического героя, созданные
Муаззамханом, изучаются с точки зрения сегодняшней эпохи.
Ключевые слова:
суфизм, газель, божественность, мюридизм, муршидизм, советы.
Маълумки, Шарқ мумтоз адабиёти тарихида шоиралар бадиий мероси алоҳида ўрин
эгаллайди. Жумладан, ўзбек шоиралари ҳам тараққиётимизнинг турли даврларида
адабиётимиз ривожига ўз ҳиссаларини қўшиб келганлар. Манбаларда Робиа Балхий (Х аср),
Ойша Самарқандий (ХI аср), Муниса Маҳастий ва Райҳона (ХII аср), Мутриба Қошғарий
(ХIII аср), хоразмлик Подшо Хотун (XIV аср), Меҳрий, Ниҳоний, Иффатий, Жамила,
Гавҳарбегим, Дилшод Хотун (XV аср), Нуржаҳон, Жаҳоноро, Салима (XVII аср) каби
шоиралар яшаб ижод этганлиги қайд этилади.
XVIII – ХIХ аср ҳамда XX аср бошларида ҳам ўзбек адабиёти кўплаб иқтидорли
шоиралар яратган асарлар ҳисобига бойиди. Бу даврда Самарбону, Жаҳон отин Увайсий,
Моҳларойим Нодира, Маҳзуна, Дилшоди Барно, Анбар отин, Муаззамхон каби истеъдодли
шоиралар ижод қилдилар.
“Ўзбек шоираларининг ижодиёти ҳақида сўз борар экан, - деб ёзади шу мавзунинг
йирик тадқиқотчиларидан бири М.Қодирова, - латиф бир шеърият кўз олдимизга келади.
Лекин уларда, ўз навбатида, журъат ҳам барқ уриб туради. Улар инсоннинг, жумладан,
хотин-қизларнинг бахтли тақдири орзусида баъзан дард ва нола билан, баъзан эса, очиқдан-
очиқ исёнкорона овоз билан майдонга чиқадилар. Аёлларни таҳқирловчи қонун-қоидалар,
ISSN:
2181-3906
2023
International scientific journal
«MODERN SCIENCE АND RESEARCH»
VOLUME 2 / ISSUE 12 / UIF:8.2 / MODERNSCIENCE.UZ
342
урф-одатлар сатирага олинади. Шоиралар мўътабар она - аёлни эъзозлай олмаган замонадан
зорландилар. Улар бахтли ҳаёт туйғуларини, яхши кунлар орзусини ранг-баранг бадиий
образлар воситасида куйладилар, яхши кунлар келишига умид боғладилар”. Шундай ижод
соҳибаларидан бири ХIХ асрнинг иккинчи ярми ХХ асрнинг бошларида яшаб ижод этган
шоира Муаззамхондир.
Шоира Муаззамхон ўсган муҳит, у олган тарбия тизими унинг онгида тасаввуфий
қарашларга мойиллик уйғотган эди. Шу сабабли унинг шеъриятида ҳам бундай руҳнинг
устуворлиги сезилади. Муаззамхон ижоди бўйича амалга оширилган тадқиқотларнинг
аксарияти шўро мафкураси таъсирида бўлган. Бинобарин, бу тадқиқотларда
Муаззамхоннинг исломий қарашларидан, тасаввуфий фикрларидан муайян даражада кўз
юмилган ёки реал ҳаётга мослаштирилиб, талқин этилган. Истиқлол мафкураси адабий
меросимизга холисона назар солиш имконини бердики, бу Муаззамхон ижодига янгича
ёндашишни тақозо этади.
Диний-тасаввуфий қарашлар кишиларни ахлоқий-руҳий жиҳатдан комил қилиб
тарбиялашга хизмат этиши маълум. Кейинги йилларда Аҳмад Яссавий, Сулаймон
Боқирғоний, Сўфи Оллоёр сингари тасаввуфий адабиётнинг таниқли вакиллари ижодини
ўрганишга бўлган эътибор ошганлиги, уларнинг асарлари қайта-қайта нашр
этилаётганлиги тасаввуф адабиёти вакилларига муносабат ижобий томонга
ўзгараётганлигидан нишонадир.
Муаззамхоннинг бу руҳдаги ғазаллари ҳамд характерида бўлиб, улар замирида
Оллоҳга ишқ-муҳаббат, Уни улуғлаш ғоялари ётади. Шоира лирик қахрамони ўз гуноҳлари
учун Оллоҳдан кечирим сўрайди, Ундан тўғри йўлга бошлашини, ғафлатдан уйғотишини
илтижо қилади:
Саҳарлар уйғонибон қумридек қилсам наво, ёҳу,
Сани минг бир отингни зикр этиб қилсам адо, ёҳу.
Мани ғафлатдин уйғотгил, ўзинг ўнг йўлни кўрсатгин,
Кечибон мо-сиво-л-лоҳдин сани айлай паноҳ, ёҳу.
Муаззамхон шеъриятида тўлалигича тасаввуфий ғояларни тарғиб этувчи ғазаллар
ҳам мавжуд. Уларда Яратувчининг қудрати, санъати ва мўъжизакорлиги тараннум этилади.
Шоира Оллоҳнинг “ҳеч ким ва ҳеч нарсага ўхшамаган ҳусн”ини тавсиф ва таъриф этади:
Мусҳафи рухсоринг узра ояти тоат ўқиб
Ошиқи содиқлара тавсирин ифшо айласам.
Муаззамхоннинг бу руҳдаги ғазалларида ошиқнинг илоҳий висолига интилиши,
муршидлик ва муридлик муносабатлари, фақру фанолик, ошиқни камолотга етказадиган
турли воситалар, сўфиёна ахлоқ тўғрисида фикр юритилади
Дуди исёндин қаро бўлган кўнгилни сайқали,
Бир назар бирла мусаффо айлагил парвардигор.
Чеҳраи журмимни ёпғил пардаи исмат билан,
Рўзи маҳшар қилмағил золу залилу шармсор.
Мазкур байтлар инсон ўзини ва Оллоҳни таниши лозимлиги ифодаланганлиги билан
эътиборни тортади. Унда ҳаётда яшаб, гуноҳга ботган банданинг тазарруси, ўз хатосини
англаб етиши анъанавий тасвир ва образлар орқали берилади. Шайтон образи ва унинг
ISSN:
2181-3906
2023
International scientific journal
«MODERN SCIENCE АND RESEARCH»
VOLUME 2 / ISSUE 12 / UIF:8.2 / MODERNSCIENCE.UZ
343
инсонни Оллоҳ йўлидан қайтариб, ёмонликка бошлаши Аҳмад Яссавий, Сулаймон
Боқирғоний, Сўфи Оллоёр каби адабиётимиз тарихидаги кўплаб шоирлар ижодида қаламга
олинган. Жумладан, Муаззамхон ижодида ҳам шайтоннинг макру ҳийласини фош этиш
етакчи мавзулардан ҳисобланади:
Роҳату кибру ҳаводур барча шайтон лашкари,
Тиғи истиғфор олибон гардани шайтонни чоп.
Шоира инсон ҳаромга қўл уришининг боисини шайтоннинг сўзига киришидан
деб тушунади. Кимки шайтоннинг сўзига кирса, у қиёматда шайтон билан бирга
жазоланишидан огоҳ этади. Шайтон йўлига кирмоқ Оллоҳни унутмоқдир. И.Ҳаққул бир
мақоласида шайтоний ҳислатлар сифатида қуйидагиларни кўрсатиб ўтади: нафс, тамаъ,
адоват, зебу зийнат ва ортиқча ҳашамдорликни севмак, фақирликдан қўрқмоқ,
шуҳратпарастлик, юлғичлик, хушомад ва бошқалар. Муаззамхоннинг юқоридаги
сатрлари ана шундай нафсоний иллатлардан фориғ бўлишга даъват этади ва ўқувчини
чуқур мушоҳада қилишга ундайди.
Дунёнинг бебақолиги, умрнинг югуриклиги инсонни эзгу амаллар бажариб
қолишига имкон бера олармикан? Шоира фикрича, инсон нафс, кибр дунёсидан ўзини
тия олиб охират фикрини ёдида тутса, савоб ишларга қўл ура олади.
Муаззамхоннинг илоҳий ишқ мадҳ этилган ғазалларида “най”, “дев”, “мусулмон”,
“бемор”, “гул”, “ёр”, “жон”, “муршид”, “сабо”, “дўст”, “май”, “азозил лашкари”, “ит”,
“ғунча”, “қаландар” каби анъанавий образлардан унумли фойдаланилган:
Гар мусулмонзода бўлсанг журм ишидин қил ҳазар,
Фисқу исёнингга шоҳиддур самодин то самак.
Муаззамхоннинг ғазалларини таҳлил этиш шуни кўрсатадики, шоира яратган лирик
қаҳрамон ўз даврининг имонли, эътиқодли, Оллоҳ йўлида яхши хулқи ва амали билан
ўзидан из қолдиришга ҳаракат қилувчи кишидир. Унинг шеърларидаги ғоя тарғибот кучига
кўра Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний, Сўфи Оллоёр ижодидаги анъанавий
тасвирларга яқин туради.
Муаззамхоннинг янги топилган ғазаллари, бизнингча, умрининг сўнгги йилларида
ёзилган. Чунки уларнинг аксариятида тасаввуфий руҳ панд-насиҳат руҳи билан
уйғунлашади, бу Муаззамхон шеъриятининг ўзига хос бир жиҳатини ҳам белгилайди:
Ёшим саксонга етди, нафси сак асло қаримабдур,
Қаерда нопок луқма бўлса, анга интилди.
Муаззамхоннинг “Албатта-албатта” радифли ғазали қуйидаги сатрлар билан
бошланади:
Ўқинглар бу насиҳатни мудом, албатта-албатта,
Худони ёд этинглар субҳу шом, албатта-албатта.
Одатда, насиҳатомуз асарлар ижодкор маълум ёшга етганда ёзилади. Чунки узоқ
йиллик ҳаётий тажрибалар, сабоқлар, ҳаётий синовлар шундай руҳдаги асарларнинг
яратилиши учун замин ҳозирлайди.
Муаззамхон ғазал давомида насиҳат тарзидаги фикрларини босқичма-босқич
ривожлантиради. Имон олдида пок бўлмоқ, тоатга машғуллик, қаноатли ва сабр-тоқатли
бўлмоқ, Оллоҳ карамидан умидворлик каби Шарқ шеъриятида такрор-такрор ишлатилган,
ISSN:
2181-3906
2023
International scientific journal
«MODERN SCIENCE АND RESEARCH»
VOLUME 2 / ISSUE 12 / UIF:8.2 / MODERNSCIENCE.UZ
344
сайқал берилган хусусиятлар “Албатта-албатта” радифли ғазалда ўзига хос тарзда
ифодаланади. Ана шу хусусиятларга қарама-қарши қутбда жойлашган “ҳирсу ҳаросат”,
“нафси саркаш”, “дунё ишрати” кабилар шоиранинг ҳаётий ва ижодий тажрибаларидан
келиб чиқиб қораланади.
Шоҳи Олий бўлай десанг, қиёмат кун сен ўзингга,
Бу дунё ишратин қилғил ҳаром, албатта-албатта.
Ғазалнинг мақтъаи ҳам юқоридаги мазмунга мос равишда поэтик якунига етади,
яъни насиҳат “ҳукм-хулоса”да ўз аксини топади:
Муаззам ўтди дунёдин ҳамиша бехабарлиқда,
Анингдек бўлмангиз, сизга салом, албатта-албатта.
Муаззамхон ўзининг “бехабарлиғ”ини ҳеч кимга раво кўрмайди. Бу “бехабарлиғ”
унинг бутун ҳаёт йўлини ўзида мужассамлаштирган тимсол даражасига кўтарилади ва
бошқа ғазалларида янги-янги қирралари билан намоён бўлаверади.
Эй кўнгил, йиғлаб худога тавба қилғонинг қани,
Журм ишдан еб надомат чашми гирёнинг қани? -
Юқоридаги ғазалда кўрганимиздек, бунда ҳам шоиранинг қалб кечинмалари панд-
насиҳат оҳангларида баён этилади. Юқорида кўриб ўтилган ғазалдан фарқли ўлароқ бу
асарда энди шоира ўз-ўзига мурожаат қилади, қалб туйғуларини аёвсиз танқид қилади.
Дасти холи куч қўярсан ушбу фоний дунёдин,
Бир амал ҳосил қилиб илкинга илғонинг қани?
Шоира фикрини бош масалага - инсон ҳаётининг мазмун-моҳиятига қаратади.
Унингча, умрнинг мазмуни бу ҳаётдан кетар чоғда эзгу аъмоллар қолдиришдадир.
Бир гуноҳдин йиғладилар уч юз йил Одам Ато,
Кунда юз минг журм этиб, қилғон пушаймонинг қани?
Шоира диний ривоятларга кўра Одам Атонинг бир гуноҳи учун жаннатдан
қувилганлигига ва шу гуноҳи учун пушаймон бўлиб уч юз йил йиғлаганлигига ишора
қилиб, “ўз гуноҳларининг беададлиги”дан сўз очади. Тасаввуф фалсафасига кўра, амалга
оширилмаган бўлса ҳам, лекин хаёлдан кечган ҳар қандай ёмон ўй, нафс истакларига
мойиллик, Яратганнинг ҳукмига мос келмайдиган бирор бир фикр, унинг қудратига
иштибоҳ билан қараш, бировга ёмонлик соғиниш кабилар ҳам гуноҳ саналади. Муаззамхон
ана шундай гуноҳлардан сўз очади.
Сен ўзинг уйқудадирсан, жон берарда, уйқудин,
Уйғонурсан кўз очиб, бунда уйғонғонинг қани?
Ғофиллик ва бедорлик тушунчалари мумтоз шеъриятда катта ўринни ишғол этади.
Ғофилликнинг биринчи белгиси турмуш икир-чикирлари билан андармон бўлиб, Худо
олдидаги оддий бандалик бурчларини ўтай олмасликда кўринади. Мол-дунё илинжида,
нафс кўйида “бедор” юрмоқ ҳам ғофиллик саналади. Бедорлик ҳам, ғофиллик ҳам кенг
фалсафий мазмунга эга тушунчалардир. Мумтоз шеъриятда инсонга ана шу тушунчалар
ўлчовида баҳо берилади. Шоира бир байтнинг ўзида ҳиссий кечинмани кучайтириш
мақсадида “уйқу” калимасини уч марта такрорлайди: “уйқудадирсан”, “уйқудан
уйғонурсан”, “уйғонғонинг қани”. Жон чиқар дам (“жон берарда”)гача уйқуга ғарқ бўлмоқ
гумроҳликдан нишонадир. Гумроҳлик ҳам ғофилликнинг бир кўриниши. Шу боис шоира
ISSN:
2181-3906
2023
International scientific journal
«MODERN SCIENCE АND RESEARCH»
VOLUME 2 / ISSUE 12 / UIF:8.2 / MODERNSCIENCE.UZ
345
имоний бутунликка, руҳий покликка даъват этади. Шоира поэтик фикрини бандлар оша
тадрижан тараққий эттира боради:
Бандаман дерсан худоға тилда ёлғон эл аро,
Банда бўлсанг, Тангридан қўрқиб уёлғонинг қани?
Бандалик оддий фарзларни адо этишдангина иборат эмас. Бандалик бу - ўзликни
англаш демак. Шоира назарича, уят ҳиссидан маҳрумлар ўзликни англаш саодатидан
бебаҳра.
Жонда йиғдинг молу пул жонингни қадрин билмадинг,
Қилғонинг қолди бари, ўзингга олғонинг қани?
Андалибдек, эй Муаззам, доду фарёддин на суд,
Ёз ўтиб, вақти хазон келди, гулистонинг қани?
Ғазал бошдан охир мустаҳкам силсилани ташкил этади. Бир мисра иккинчи мисрага,
бир байт иккинчи бир байтга узвий боғланади ва аста-секин ўқувчини моҳият сари
етаклайди. Поэтик фикр шу тариқа маромига етади.
Муаззамхоннинг аксарият ғазаллари мақтаъсида қандайдир ўкинчлар, армонлар,
ғуссалар нафаси уфуриб туради. Буларнинг бари шоира ҳаёт йўлининг чигалликларидан,
машаққатларидан туғилган бўлса, ажаб эмас.
Муаззамхоннинг юқоридаги ғазали инсонни ўз турмушида ҳар қандай гуноҳ
ишлардан тийилишга даъват этади. Дили ва тили бошқа бўлган кишилар дўзах азоби билан
огоҳлантирилади. Инсоннинг ҳаётда яшашдан мақсади яхшилик қилиш эканлигини ёдга
солади.
REFERENCES
1.
Қодирова М. Шоира Муаззамхон. – Тошкент. Фан, 1992 й, 72 бет.
2.
Ҳаққулов И. Тасаввуф ва шеърият. Тошкент. Адабиёт ва санъат нашриёти, 1990 й.
3.
Ҳаққулов И. Тасаввуф сабоқлари. Бухоро. Бухоро давлат университети нашриёти,
2000 й.
4.
Ҳожиаҳмедов А. Шеърий санъатлар ва мумтоз қофия. Тошкент, “Шарқ” нашриёт-
матбаа концерни бош таҳририяти, 1998 й.
5.
Hasanov, A. (2022). Linguopoetics of Means of Imagination in Literary Text.
EUROPEAN JOURNAL OF INNOVATION IN NONFORMAL EDUCATION, 2(6),
224-226.
6.
Khasanov, A. (2018). Artistic Repetition and Artistic Meaning. Eastern European
Scientific Journal, (6).
7.
Hasanov, A. A. (2022). PRAGMALINGUISTIC AND LINGUOPOIETIC ANALYSIS
OF
IRONY.
INTERNATIONAL
JOURNAL
OF
SOCIAL
SCIENCE
&
INTERDISCIPLINARY RESEARCH ISSN: 2277-3630 Impact factor: 7.429, 11(09),
325-328.
8.
Hasanov, A. (2023). STUDY OF SYNONYMS IN LINGUISTICS. Open Access
Repository, 9(3), 207-212.
9.
Akramov, S., & Hasanov, A. (2022). The Position Of The Determiner In Sentence
Construction. Journal of Positive School Psychology, 6(11), 2768-2777.
ISSN:
2181-3906
2023
International scientific journal
«MODERN SCIENCE АND RESEARCH»
VOLUME 2 / ISSUE 12 / UIF:8.2 / MODERNSCIENCE.UZ
346
10.
Hasanov, A. A. (2022). LITERARY-CRITICAL AND LINGUISTIC ANALYSIS OF A
WORK OF ART. INTERNATIONAL JOURNAL OF SOCIAL SCIENCE &
INTERDISCIPLINARY RESEARCH ISSN: 2277-3630 Impact factor: 7.429, 11(09),
317-319.
11.
Xasanov, A. A. (2023). RESEARCH ON LINGUISTIC UNITS THAT IMPLEMENT
THE NATIONAL CONCEPTOSPHERE IN UZBEK LINGUISTICS. Gospodarka i
Innowacje., 35, 465-469.
12.
Xasanov, A. A. (2023). STUDY OF LINGUISTIC UNITS REPRESENTING THE
NATIONAL CONCEPTOSPHERE IN UZBEK LANGUAGE. Gospodarka i Innowacje.,
35, 479-484.
13.
Barno, S., & Xasanov, A. (2023). PAREMIOLOGIK LINGVOKULTURTEMALARDA
PAZANDACHILIK NOMLARI. PEDAGOGS jurnali, 31(4), 4-9.
14.
Ҳасанов,
А.
А.
(2023).
КИНОЯНИНГ
ПРАГМАЛИНГВИСТИК
ВА
ЛИНГВОПОЭТИК ТАҲЛИЛИ. Science and innovation, 2(Special Issue 5), 299-302.
15.
Hasanov,
A.
(2023).
NAZAR
ESHONQUL
IJODIDA
KINOYANING
BADIIYUSLUBIY XUSUSIYATLARI. Science and innovation, 2(Special Issue 5), 209-
211.
16.
Olimqulov, Y., Xo‘shboqova, M., & Hasanov, A. (2022). METHODOLOGICAL
QUESTIONS OF THE NATURAL GEOGRAPHICAL REGION OF THE TERRITORY
OF UZBEKISTAN. Science and Innovation, 1(6), 114-118.
17.
Hasanov, A. (2022). NAZAR ESHONQUL HIKOYALARIDA MUBOLAG’A VA
KICHRAYTIRISH.
18.
Hasanov, A. (2021). SEMANTIC-ASYMMETRIC INTERPRETATION OF THE
“FOOD” FRAME (Using synonymy as an example).