Жамият ва инновациялар –
Общество и инновации –
Society and innovations
Journal home page:
https://inscience.uz/index.php/socinov/index
Vocational education in Central Asia as the basis of professional
faith
Nodima ORIPOVA
1
Karshi State University
ARTICLE INFO
ABSTRACT
Article history:
Received July 2021
Received in revised form
20 July 2021
Accepted 15 August 2021
Available online
15 September 2021
The article describes the historical roots of vocational and
technical education in Central Asia, as well as pedagogical
approaches in this regard. In particular, it highlights written
sources, requirements and tasks set by well-known scientists to
the holders of professions.
2181-1415/© 2021 in Science LLC.
This is an open access article under the Attribution 4.0 International
(CC BY 4.0) license (https://creativecommons.org/licenses/by/4.0/deed.ru)
Keywords:
profession,
professional faith,
honesty,
professional dedication,
dedication,
written sources.
Марказий
Осиёда
касб-ҳунар
тарбияси
–
касбий
эътиқоднинг асоси сифатида
АННОТАЦИЯ
Калит сўзлар:
касб-ҳунар,
касбий эътиқод,
ҳалоллик,
касбий садоқат,
фидоийлик,
ёзма манбалар.
Мақолада Марказий Осиёда касб-ҳунар тарбиясининг
тарихий илдизлари ва бу борадаги педагогик ёндашувлар
баён этилган. Жумладан, унда ёзма манбалар, машҳур
алломаларнинг
касб-ҳунар
эгалари
олдига
қўйган
талаблари, вазифалари ёритилган.
1
Candidate of Pedagogical sciences, associate professor of Preschool Education, Karshi State University, Karshi,
Uzbekistan.
E-mail: n_oripova@mail.ru.
Жамият ва инновациялар – Общество и инновации – Society and innovations
Special Issue – 8 (2021) / ISSN 2181-1415
425
Профессиональное образование в Центральной Азии как
основа профессионального убеждения
АННОТАЦИЯ
Ключевые слова:
профессия,
профессиональное
убеждение,
честность,
профессиональная
преданность,
самоотверженность,
письменные источники.
В статье излагаются исторические корни профессионально-
технического воспитания (образования) в Центральной Азии, а
также педагогические подходы в этом отношении. В частности,
в нем освещаются письменные источники, требования и задачи,
поставленные известными учеными перед обладателями
профессий.
Кўп асрлик тарихий тажриба шундан далолат берадики, барча даврларда
жамиятнинг асосий масалаларидан бири – ёшларни бирор бир касб-ҳунарга
ўргатиш ва танлаган касби орқали ҳалол яшашга даъват этиш бўлиб келган. Бу
борада айниқса, ўзбек халқи бой тарихий тажрибага эга ҳисобланади. Дастлаб ушбу
масаланинг ўзига хос ечими ўзбек халқ педагогикасида моҳирона тасвирланган.
Жумладан, “Устоз отангдан улуғ”, “Ота-она болани дунёга келтиради, устоз эса уни
юксакликка, осмонга кўтаради”, “Устоз кўрмаган шогрд ҳар мақомга йўрғалар” каби
ҳикматларда мураббий, устознинг меҳнати улуғланади, қадр-қиммати эъзоз-
ланади.
Кейинчалик бу масала ёзма манбаларда янада сайқалланиб борган. Масалан,
Зардуштийлик динининг муқаддас китоби “Авесто” кўп асрлар давомида ёш
авлодга илму маърифат, касб-ҳунарга ўргатишнинг асосий йўлчи-юлдузи бўлиб
келган. “Ҳар бир кишини шундай тарбиялаш зарурки, – дейилади “Авесто”да, – у
аввало, яхши ўқишни, сўнгра ёзишни ўрганиб, энг юксак поғонага кўтарилсин” [1, 2].
Бу таълимотга кўра болаларга диний тарбия бериш 7 талабадан бошланган.
Бу даврда ўқитувчилар жамият маънавий ҳаётида муҳим мавқега эга бўлганлар.
Болаларни ўқитиш жараёнида кўрсатмали қуроллардан, ҳикоя қилиш ва суҳбат
усулларидан самарали фойдаланилган. Энг муҳими болаларга талабаликдан
меҳнатсеварлик ва касб-ҳунар малакаси ҳамда кўникмасини шакллантиришга
эътибор берилган. Улар талаба пайтиданоқ кўчат ўтқазиш, уй-рўзғор буюмлари
ясаш, ерга ишлов бериш, мол боқишга ўргатилган.
Худди шундай ислом таълимотида ҳам ёш авлодни илм-маърифатли қилиш,
меҳнатсеварлик, касби орқали ҳалол яшашга ўргатиш асосий масала сифатида
эътироф этилади. Жумладан, ҳадисларда нафсни тийиш, ҳаром, ҳалол кабилар
билан бир қаторда инсоний фазилатлар руҳий етукликнинг белгиси сифатида
талқин этилади. Шу билан бирга, ҳадисларда ҳар жабҳадаги ҳалоллик каби касбдаги
ҳалоллик кишиларга ҳузурбахш онларни ҳадя этиши ўқтириб ўтилади: “Киши
тановул қилган нарсанинг энг покизаси ўз касбидан еганидир ” ёки “Касбларнинг
яхшиси қўл меҳнати билан қилинадиган касбдир, агар холис бўлса”дейилади.
Шу билан бирга ҳадисларда ҳалол касбдан қилинадиган ажр тўғрисида
шундай дейилади: “Агар банда ҳалолдан касб қилиб, ундан садақа ва инфоқ қилса,
ажр ва баракотга эришади. Аммо ҳаромдан мол топиб, бу ишлар (садақа, инфоқ)ни
қилса ёки у (топгани)ни ортидагиларга қолдирса, унга фақатгина дўзах олови зиёда
бўлади” [3, 4] – дейилади.
Жамият ва инновациялар – Общество и инновации – Society and innovations
Special Issue – 8 (2021) / ISSN 2181-1415
426
Умуман олганда ислом таълимотидаги ёш авлодни касб-ҳунарга йўналтириш
ва танлаган касби орқали ҳалол яшашга даъват этиш муаммоси бугунги давр
ёшлари тарбияси учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу масаланинг ўзига хос педагогик талқини Шарқ мутафаккирларининг
ҳам эътиборидан четда қолмаган.
Хусусан Абу Наср ал-Форобий ўз асарларида ҳар бир киши жамиятга, давлатга
муносиб инсон бўлиши учун бирор бир касбни эгаллаши ва бу касбда ҳалол, чин
дилдан меҳнат қилмоғи лозим деб ҳисолайди. Чунончи аллома, ўз қарашларида ҳар
бир касб эгаси олдига бир қанча талабларни қўяди.
Муфатаккир “Фозил одамлар шаҳри” асарида “Касб-ҳунарни иш тажрибада
жаҳд ва ғайрат билан ўз вужудларига сингдирганларидан сўнг уларни аста-секин
эгаллай борадилар” деган ғояни илгари суради [1, 5].
Дарҳақиқат, Форобий таъкидлаганидек, киши танлаган касбига меҳр қўйса ва
унга қаноат қилса, ғайрат ва жаҳд билан ёндашса, шу касбга нисбатан кўникиш ва
эътиқод ҳосил бўлади.
Чунончи, аллома ушбу асарида давлат раҳбарлари олдига қуйидаги талаб-
ларни қўяди: “Дуч келган, ҳар қандай одам шаҳар – давлатга раҳбарлик қилолмайди.
Раҳбар бўлишнинг аввалги икки шарти:
1. Инсон табиатида раҳбарлик қилиш қобилияти
(маънавий ва ақлий етуклик) бўлиши зарур.
2. Бундай одам юқори мавқеи, инсоний фазилатлари, қобилиятлари билан
халқ орасида ҳурмат қозонган бўлиши зарур. Раҳбарлик соҳасида тажриба ортти-
риш ҳам муҳим [1, 6].
Абу Али Ибн Синонинг фикрича тарбия ягона жараён бўлиб, ёш авлодга
ақлий, жисмоний нафосат, ахлоқий тарбия беришни ва ҳунар ўргатишни назарда
тутади. “Тиб қонунлари” асарида болани олти талабадан ўқитиш ва тарбиялаш учун
муаллимга топшириш ҳақида сўз юритилади. Ибн Сино таълим жараёнида
қуйидаги қоидаларга амал қилиш лозим деб ҳисоблайди: ўқитишда оддийдан
мураккабга қараб бориш: боланинг қобилият ва майлларини эътиборга олиш;
болага кучи етадиган машқларни бажартириш; таълимни жисмоний машқлар
билан қўшиб олиб борилиши.
Абу Али ибн Синонинг фикрича, инсонларнинг эҳтиёжи бошқа жонзод-
ларнинг эҳтиёжидан юқори туради, яъни улар озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-жойга
бўлган эҳтиёжларини қондиришлари лозим. Бунинг учун эса инсонлар меҳнат
қилишлари, ҳунармандчилик, деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланишлари
лозим. Бу фикри билан аллома жамиятдаги инсонларни меҳнатга ва бирор касб
эгаси бўлишга чорлайди.
Кайковус “Қобуснома” асарида ўз фарзандига панд-насиҳат қилар экан, бу
борада касб-ҳунарни эгаллаш муҳим эканлигини қайта-қайта такрорлайди: “Эй
фарзанд огоҳ бўлгинки, ҳунарсиз киши ҳамиша фойдасуз бўлур ва ҳеч киши наф
еткурмас. Билурсанки, хори муғилоннинг тани бордур, аммо сояси йўқдур. Ҳунарсиз
киши ҳам хори муғлон янглиғ на ўзига ва на ўзгага фойда берур” [8].
Кайковус ҳунар кишини юксакликка кўтаришини ва ҳар чоғ ҳунарли киши
қадрли бўлишини ўқтириб ўтади: “Барча катта, кичикка ҳунар ўргатмоқ вожибдур,
нединким киши ҳунар ўрганмоқ била ўз ҳамроҳларидан баланд мартабада бўлур.
Чунки ўзингда ҳунар кўриб ўз тенгларингда ул фазилатни кўрмасанг, улардан
Жамият ва инновациялар – Общество и инновации – Society and innovations
Special Issue – 8 (2021) / ISSN 2181-1415
427
ўзингни ва яна сени ўзларидан баланд мартаба бўлурлар. Ҳунарманд киши
улдурким, фазли ва ҳунар сабаби била қадр ва мартабаси ўзгалардан баланд бўлғон
эканини билиб аввалгидан кўпроқ ҳаракат қилғай, ва бурунғидан зиёдроқ фозил ва
ҳунарманд бўлғай” [8].
Касб-ҳунар эгаллаш, унга эътиқод қўйишни шахснинг асосий фазилат-
ларидан бири деб билган Юсуф Хос Ҳожиб ўзининг “Қутадғу билиг” номли тарихий
асарида меҳнатни қадрлаш, касб-ҳунар эгаллашга ҳамда жамиятдаги касбларнинг
турларига тўхталиб ўтади. Унинг фикрича, Санъат-ҳунар – кишига чирой. Турли-
туман ҳунарларни ўрганмаслик – тубанлик белгиси. Санъат-ҳунар оққушга
ўхшайди. Ҳумоқуш сояси тушган одам давлат ва саодатга эришганидай, ҳунар ва
санъат эгалари ҳам бахтиёр бўлади” – деб эътироф этади.
Дарҳақиқат, аллома таъкидланигидек, касб-ҳунар инсон ҳаётини безайди,
бирор бир касбни эгалламаслик эса тубанлик белгисидир. Тубан киши эса ҳаётда ўз
ўрнини топа олмайди, оқибатда бахтсиз бўлади.
Ўрта Осиё халқларининг иқтисодий ва маданий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётини
юксалтиришда буюк соҳибқирон Амир Темурнинг хизматлари ниҳоятда каттадир.
Айниқса, унинг иқтисодий соҳадаги ислоҳотлари, тадбирлари ва юритган сиёсати
ҳозирга қадар ўз қадрини юқотган эмас. У мамлакатни бошқариш даврида турли
касб-ҳунарларни кўпайтирди ва бошқа мамлакатлардан кўзга кўринган касб-ҳунар
эгаларини олиб келиб, мамлакатда янги-янги касб-ҳунарларга асос солди.
Жумладан, у Мувороуннаҳрнинг пойтахти Самарқанд шаҳрига моҳир чеварлар, ип
йигирувчилар, қуролсозлар, мовут тўқувчилар, заргарлар, наққошлар, кулоллар,
қурувчилар, мисгарларни ни қозонган барча ҳунармандларни Самарқандга кўчириб
келтирди ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб турди.
Соҳибқироннинг иқтисодий қарашлари замирида халқимиз фаровонлиги,
тинч ва обод яшашини таъминлаш, касб-ҳунар эгаларини муносиб тақдирлаш
масаласи ташкил этади: “Касб-ҳунар ва маърифат аҳлларига салтанатим корхона-
ларидан улуш берилсин... Сармояси қўлидан кетган савдогарга ўз сармоясини
қайтадан тиклаб олиши учун хазинадан етарли миқдорда олтин берилсин.
Деҳқонлар ва раиятдан қай бирининг деҳқончилик қилишга қурби етмай қолган
бўлса, унга экин-тикин учун зарур уруғ ва асбоблар тайёрлаб берилсин” [7-10].
Шу билан бирга машҳур алломаларимиз педагоглик касби, унинг жамият
тараққиётида тутган ўрни ҳақида ҳам илғор фикрларни баён этиб кетганлар.
Хусусан аллома Бурхониддин Зарнуджий “Ўқувчига таълим йўлида қўлланма”
номли педагогик асарида педагоглик касби, ўқувчи ва муаллим муомала одобига
доир бир қанча касбий ахлоқий талаблар ифодаланган. Қуйидагилар шулар
жумласига киради:
−
ўрганиш учун фанлар орасидан энг муҳимларини танлаш; болалар нимага
қизиқишлари, нимани ўрганмоқчи эканлиги ва келгусида ҳаётда қайсинисига
эҳтиёж туғилишини ҳисобга олиш; энг аввало Аллоҳни билиш йўллари ҳақидаги
фанларни танлаш;
−
муаллим танлаганда энг аввало билимлисига, энг олижанобига ва тажриба-
лисига тўхталмоқ;
−
ҳар бир киши қаноат, сабр мурувватни эгаллашга интилиши, билимларни
такрорлашга эътибор бериш;
−
ўқувчи муаллимдан ўрганаётган фани, касбидан тўла қаноат ҳосил қилиши;
Жамият ва инновациялар – Общество и инновации – Society and innovations
Special Issue – 8 (2021) / ISSN 2181-1415
428
−
билимларни мукаммал ўзлаштириш учун ақл фаросатлилик, кучли истак,
чидамлилик, ўргатувчи-ўқитувчи, билим олиш учун етарли вақт бўлиши;
−
ўқувчининг ўртоғи, дўсти софдил, пок феъл-атворли бўлиши, ялқов,
ишёқмас, эзма бўлмаслиги, жиноятчи ва қўли эгрилардан узоқроқ юриш;
−
ўқувчининг муаллимга, устозга ҳурмати ундан олдин юрмаслик, унинг
ўрнига бориб ўтирмаслик, машғулотлар пайтида унга яқинроқ жойда ўлтиришида
билинади.
Муслиҳиддин Саъдий Шерозийнинг “Гулистон” асарининг “Тарбиянинг
таъсири баёнида” деб номланган еттинчи бобида тарбиячилик фаолияти, тарбия-
шунослик илми, ўқитувчи одобининг бир неча муҳим қонун-қоидалари қизиқарли
ҳикоятлар шаклида баён этилади.
−
муаллим болаларни одобли қилиб тарбиялаши, уларга андиша билан
гапиришни, мақбул ҳаракат қилишни ўргатиши лозим. Муаллимнинг сўзига амал
қилмаган шаҳзодаларга жазо кўпроқ берилиши жоиз, чунки уларнинг гапирган
гаплари, қилган ишлари тилларда достон бўлади;
−
муаллим тили аччиқ, баджаҳл, фосиқ, ҳаддан ташқари қаттиққўл бўлмас-
лиги; шунингдек, ўта содда, мулойим табиатли киши ҳам бўлмаслиги жоиз;
−
мабодо тарбияланувчи муаллимнинг тўғри насиҳатига қулоқ солишни
истамаса ҳам тарбиячи билганини унга айтиши жоиз.
Мутафаккир аллома Алишер Навоийнинг ҳам турли касблар ва унда ҳалол
меҳнат қилиш, касбни ардоқлаш, касбни қадрлаш, унга эътиқод қўйиш ҳақидаги
фикрлари ҳамон ўз қадр-қийматини йўқотган эмас. У асарларида ҳалоллик ва
фидоийлик ҳар бир касбнинг зийнати эканлиги ҳақида бот-бот тўхталиб ўтади ва
ҳар бир касб эгалари меҳнатига юқори баҳо беради. Масалан, у деҳқонлар ҳақида
шундай дейди: Оламнинг ободлиги деҳқондан, меҳнат аҳли шодон, улар шодон.
Деҳқон қандай экин экишга қилса ҳаракат – элга ҳам озиқ-овқат етказар, ҳам
баракат” [3-8].
Дарҳақиқат, алломанинг деҳқонлар ҳақидаги бу фикри ёш авлод тарбияси
учун муҳим йўриқнома ҳисобланади. Чунки, биз истеъмол қиладиган барча нозу-
неъматларни деҳқонлар етиштириб беради ва бунинг учун улар тинимсиз меҳнат
қилади. Улар меҳнати туфайли теварак-атроф тартибга келади, обод бўлади.
Айниқса, алломанинг “Маҳбуб ул-қулуб” асарида турли касб эгаларининг ўз
касбларига бўлган муносабати, эътиқоди, ҳалоллиги ҳақида фикрлар жамланган.
Хусусан, мазкур асарда мударрислар ва муаллимлар, табиблар ва мутриблар,
котиблар ва қиссахонларга бағишланган бобларда касб-кор эгаларининг вазифа-
ларига тўхталиб ўтади: Жумладан, аллома табиблар ҳақида қўйидаги фикрини баён
қилади: “Табибға ўз фанида ҳазоқат керак ва беморлар ҳолиға шафқат ва марҳамат
керак. Ва нафси тибға табъи мулойим ва хукамо қавлиға пайрав ва мулозим. Сўзида
рифқу дилжўйлуқ ва ўзида озарму хушхўйлуқ. ... Мундоқ табибнинг юзи мариз
кўнглига маҳбубдур ва сўзи бемор жониға марғубдур. Дами алилларға даво ва
қадами хасталарға шифо. Хизри нажот анинг талъати ва оби ҳаёт анинг шарбати”
[4-9].
Алломанинг ушбу фикрга кўра, табиблар ўз касбида билимли бўлишлари ва
беморларга шафқат ва марҳамат кўрсатишлари даркор. Табибнинг юзи меҳрга тўла
бўлса, беморнинг жонига аро киради, унинг сўзи ҳам беморга шифо бўлади.
Жамият ва инновациялар – Общество и инновации – Society and innovations
Special Issue – 8 (2021) / ISSN 2181-1415
429
Шунингдек, мазкур асарнинг ўн тўртинчи фаслида мутафаккир мударрислар
ҳақида тўхталиб ўтади: “Мударриснинг керакки, ғарази мансаб бўлмаса ва билмас
илмни айтурға муртакиб бўлмаса ва худномолиғ учун дарс ҳавзасин тузмаса ва
худситонлиғ учун такаллум ва ғавғо кўргузмаса. Жаҳлдин дастори улув ва алоқаси
узун бўлмаса ва мубоҳат учун мадраса айвони боши анга ўрун бўлмаса... Бу мударрис
эмасдурким, мубтадеъдур ва мундоқ киши суҳбати ислом мумтанеъдур. Олим
керакким, мутаққий бўлса ва огоҳ ва айтурға қола Аллоҳ, қола Расуллоҳ [4-11].
Мутафаккирнинг ушбу фикрга кўра, мударрис, яъни устоз шундай бўлиши
лозимки, мансаб мақсади билан ошиқмаса ва ўзи билмайдиган нарсалари ҳақида
сўзламаса. Шунингдек, ўзини ва билимини кўрсатиш учун бошқалар билан беҳудага
тортишмаса. Устоз мадрасага – мактабга қадам қўяр экан, жаҳлини жиловлай олиши
жуда ҳам муҳим. У диний билим берар экан, уни ишончли мисоллар билан
далилласин. Устоз ёмон иллат ва нопокликлардан ҳазар қилиши, маънавий
жиҳатдан ҳалол бўлиши талаб этилади. Улар олим саналар экан, тақводор бўлсин.
Хулоса сифатида шуни таъкидлаш жоизки, Марказий Осиёда касб-ҳунар
тарбиясининг тарихий илдизлари узоқ даврларга бориб тақалади. Қадим
замонлардаёқ ота-боболаримиз ёш авлодни маълум бир касб-ҳунарга йўналтириш,
унга меҳр қўйиш ва касб сирларини пухта ўрганишларига катта эътибор билан
қараган. Зеро, ҳозир давр педагогикасининг вазифаси ҳам ёшларда касбий
эътиқодни шакллантиришдан иборатдир.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ:
1.
Абу Наср Форобий. (2016). Фозил одамлар шаҳри. Тошкент. Янги аср
авлоди. – Б. 243.
2.
Авесто. Тарихий-адабий ёдгорлик. Тошкент, “Шарқ”. 2001. – Б. 383.
3.
Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. Ўн тўртинчи том. Тошкент.
“Фан”, 1998. – Б. 35.
4.
Саъдий Шерозий. Шеъриятидан. Тошкент, 1976. – Б. 166.
5.
Ободжон Мирҳамидов. (2018). Ҳалол касб-ҳунар – қут-барака келтирар.
Тошкент. Мовороуннаҳр. – Б. 15.
6.
Темур тузуклари. Форсчадан А. Соғуний ва Х. Кароматов таржимаси.
Тошкент. Ғафур Ғулом нашриёти, 1991. – Б. 67.
7.
Кайковус Унсурулмаоли. Кайковус. Тошкент. “Истиқлол”. 1994. – Б. 26.
8.
Орипова Н., & Неъматова С. (2021). 7 yoshli bolalar xulq atvoridagi salbiy
o‘zgarishlarning kelib chiqish sabablari va omillari. Общество и инновации, 2(4/S). –
B. 182–186.
9.
Орипова Н. (2021). Bo‘lajak mutaxassislarda kasbiy e’tiqodni shakllantirish
bosqichlari. Общество и инновации, 2(2/S). – B. 525–529.
10.
Khalilovna O.N., Lutfullayevna B.L., Kosimovich N.U., & Yusupovna R.M. (2020).
Historical studies in the pedagogical training and ways to improve vocational training.
Journal of Critical Reviews, 7(3). – PP. 274–277.
11.
Khalilovna O.N., Axmatjanovna M.M., Kosimovich N.U., & Botirovna K.V. (2020).
Main core and meaning of shaping professional faith. Journal of Critical Reviews, 7(2). –
PP. 242–245.
