Қадрият – аксиолингвистика ва лингвомаданиятшунослик призмасида
Мақолада лингвомаданиятшунослик ва аксиолингвистиканинг ўрганиш объекти, объектга ёндашув методлари тавсифланган, улар ўртасидан муштарак жиҳатлар ва тафовутлар кўрсатилган. Қадрият феноменининг фалсафий ҳамда ижтимоий моҳияти ёритилган, унинг лингвомаданий нуқтаи назардан таърифи келтирилиб, уни айнан лингвомаданий жиҳатдан ўрганишнинг аҳамияти таъкидланган. Шунингдек, лингвомаданиятшунослик тилга маданиятнинг воситаси ва воқелантирувчиси сифатида қараб, тилни фақат қадрият ифодачиси сифатида эмас, миллий-маданий меъёрлар, стереотиплар ва маданий кодларни ташувчи сифатида тадқиқ этиши далилланган. Миллий қадриятнинг миллат ҳаётида ижобий баҳоланувчи, ўзига нисбатан интилиш уйғотувчи маълум поғонавийликда жойлашган, жамиятда ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи ва унинг аъзоларида ижобий ҳиссиёт уйғотувчи мазмун, идеал ҳодисалар сифатида таърифланиши қадриятларни ҳиссий объекти (нарса-буюм ёки обида) сифатида тор тушунишнинг олдини олади ва унинг моҳиятини тўлиқроқ англашга имкон беради. Мақолада юқорида келтирилган назарий асосларга таяниб, ўзбек миллий ижтимоий қадриятларидан бўлган дўстлик қадрияти таҳлил этилган, унга оид бўлган маданий меъёр ва стереотиплар аниқланган.