Фразеологизм - турғун бирикмаларнинг образли, кўчма маънога эга тури бўлиб, тил эгасининг дунёни, ҳодисаларни ўзига хос кўришини намоён этади. Фразеологизмлар ҳар доим халқ дунёқараши, жамият тузилиши ва ўз даврининг мафкурасини билвосита акс эттиради. Ф. И. Буслаев асосли таъкидлаганидек, фразеологизмлар ўзига хос кичик дунё бўлиб, улар аждодлар томонидан авлодларга мерос қилиб қолдирилган ахлоқий қоидалар ва ҳаққоний фикрларни ўз ичига олган қисқа, ҳикматли ифодалардир. Фразеологик бирликлар бир тилдан иккинчи тилга асосан тўрт хил йўл билан - аслият тилидаги бирликка компонентлар таркиби, грамматик қурилиши ҳамда маъно ва услубий вазифаси мос эквивалентлар, бошқа хоссалари фарқ қилгани ҳолда, маъно ва услубий вазифаси ўхшаш муқобил вариантлар, калка усулида ва тасвирий йўсинда таржима қилинади. Фразеологизмлар сўзма-сўз таржима қилиш имконини бермайди: улар бошқа тилнинг фразеологик эквивалентини қидириб топишни талаб қилади, чунки фразеологик маъно эмоционал маъноли ва стилистик ифода билан бирга келади. Мақолада фразеологик бирликлар бир тилдан иккинчи тилга таржима қилиш тўрт хил йўл билан амалга оширилиши “Замонавий корейс насри антологияси”да ўзбек тилига таржима қилинган ҳикоялардан олинган мисоллар ёрдамида таҳлил қилинди. Турли тиллардаги фразеологизмларининг бир-бирига ҳар жиҳатдан ўхшашлиги аксарият ҳолларда бу халқларнинг турмуш шароитлари, урф-одатлари ва мантиқий мушоҳадаларидаги муштараклик билан изоҳланади. Бинобарин, корейс ва ўзбек тилларининг бир оилага мансублиги, бу тил соҳибларининг дунёқараши, менталитети, турмуш шароитларининг муштараклиги уларнинг лафзларида кўпгина умумий фразеологизмларни шаклланишига сабаб бўлган. Таржимада бундай муштарак, яъни эквивалентга эга бўлган фразеологизмлар деярли муаммо туғдирмайди. Ҳар бир лисоний ҳамжамиятнинг дунёни ўзига хос тарзда акс эттириши табиий ҳолдир. Шу нуқтайи назардан муайян лисоний ҳамжамиятдаги фразеологизмлар ўзга маданиятга хос бўлмаслиги, бошқа тилда ўз эквивалентига ёки муқобил вариантига эга бўлмаслиги мумкин. Бундай ҳолда кўпроқ таржима амалиётининг тасвирий ёки калка усулига мурожаат қилинади.