Мазкур мақолада XIII аср иккинчи ярмида Хоразм, қипчоқ, туркман қабилаларидан чиққан мамлук амирлари Миср ҳокимияти тепасига келганда мамлакат ҳаётида туркий омилнинг кучайиши кузатилган. Бу туркий омил сиёсий-ижтимоий ва маданий ҳаётда ўзини намоён қилди. Туркий амирлар бошчилигида мисрликлар диёрига босиб кирган салбчиларни 1250 йили Мансура шаҳри ёнида тўхтатиб тор-мор қилишди. Бу 7-салбчиларнинг юриши эди ва унинг мағлубиятга учраши бутунлай насронийларнинг салб тажовузкор юришларига хотима ясади. Мамлук султони Қутуз эса, 1260 йилда Айн Жалут деган жойда босиб келаётган мўғулларга қарши жанг қилиб, уларнинг устидан катта ғалаба қозонгани бутун ислом дунёсини қувонтирди, чунки мисрликлар мўғулларнинг араб оламидаги зафарона юришини тўхтатиб, уларга қаттиқ зарба бериб, орқага улоқтириб ташлаган эди. Бу икки ёрқин ғалаба натижасида Миср биринчи мамлук султонлар даврида душманларга қарши тура оладиган, ташқи савдоси, суғориш тизими ва деҳқончилиги яхши ривожланган кучли давлатга айланди. Шунингдек, мақолада XIII–XIV асрда Мисрда аббосий халифат емирилгандан сўнг мусулмон маданияти марказига айлангани кўриб чиқилган. Мисрда бутун мусулмон оламидан олимлар йиғилди, янги мадраслар қурилди, биринчи мусулмон энциклопедиялари яратилди. Улар илми-фаннинг турли соҳалари – жуғрофия, тарих, филология, фалакшунослик, аниқ фанлар бўйича ўзида етиб келган ва ислом тамаддунида пайдо бўлган билим-маълумотларни қамраб олган. Мадрасаларда араб устозлари билан бир қаторда Хоразм, Олтин Ўрда, Озарбайжон каби туркийзабон минтақалардан келган олимлар ҳадис, мантиқ, нотиқлик санъати, фиқҳ ва бошқа диний илмлардан дарс берарди. Мамлуклар даврида Мисрда турк тилига, айниқса, қипчоқ ва Хоразм шеваларига қизиқиш катта бўлди. Олимлар шу тилларнинг лексикаси ва грамматикаси бўйича махсус илмий ишлар яратиб, араб-туркий луғатлар туздилар. Мисрда шу даврда бизгача етиб келган туркийзабон бадиий адабиёт шаклланди. Унинг бошида Сирдарё қуйиларида туғилган ва тақдир тақозоси билан Мисрга келиб қолган таниқли Сайфи Саройи турар эди. У чиғатой (эски ўзбек) тилида асарлар ёзган, ўзбек адабиётига асос солган адиблардан ҳисобланади. Сайфи Саройидан бошқа Мисрда ижод қилган яна 8 нафар шоирларнинг номи маълум бўлиб, кўпчилигининг нисбаси “Хоразмий”дир. Мамлуклар даврида соф араб адабиётида ҳам катта ўзгаришлар рўй берди. Мўғуллар зарбасидан кейин араб оламида анъанавий сарой шеърияти инқирозга учрайди, Миср адабиёти эса халқ оғзаки ижодига яқинлашиб, шеъриятида “мавал”, “зажал”, “мувашшах” каби янги жанрлар пайдо бўлди, шунингдек, “адаб” жанри равнақ топди. Бу жанр солиҳ мусулмоннинг тарбиясига йўналти-рилган бўлиб, илмий маълумотларни оммабоп тарзда, турли ибратли ҳикоят ва шеърий парчаларни тақдим этарди. “Адаб” жанри асарлари ўзида бой бадиий ва дидактик материалларни мужассамлаштириб, ўша давр адабиёти тўғрисида тасаввурни кенгайтиради. Афсуски, мамлуклар даври Миср маданияти, жумладан, адабиёти яхши ўрганилмаган. Айниқса, туркий омилни Мисрнинг сиёсий-ижтимоий ва маданий ҳаётга кўрсатган таъсири ҳанузгача чуқур тадқиқ этилмаган. Ваҳоланки, туркий элатларининг таъсири ҳарбий ва кундалик маиший ҳаёт лексикасида, янги қадриятлар, одат ва удумлар кириб келишида, ҳатто кийим кийишида, таомда яққол сезилди. Туркий қабилалардан чиққан, ҳаёт тақозоси билан оқ қуллар – мамлукларга айланиб, сўнг машҳур тарихий шахс мавқеига кўтарилган малика Шажарат ад-Дурр, мамлук султонлари Қутуз ва Бейбарслар Миср халқининг миллий қаҳрамонлари сифатида танилган, улар тўғрисида ривоятлар, халқ романлари – сиралар тўқилган. Ҳозирги кунда ҳам улар Миср халқининг тарихий хотирасидан ўчгани йўқ. Машҳур араб ёзувчилари улар тўғрисида тарихий романлар ёздилар, уларнинг номлари кўчаларга қўйилиб, ҳайкаллар ясалган. Ҳанузгача телесериаллар олиниб, телеспекталлар намойиш қилинмоқда. Ушбу мақолада мамлуклар даври Миср маданий ҳаётида биринчи бор туркий унсурлар кўриб чиқилиб, Миср ва Марказий Осиё ўртасидаги алоқаларнинг маълум бўлмаган баъзи саҳифалари ёритиб берилган.
Ушбу мақолада ўрта аср араб ва форс манбаларга асосланиб, хоразмликларнинг XIII аср 30 йилларида Яқин Шарқ мамлакатлари ҳаётида тутган тарихий ўрни кузатилади. Маълумки, Хоразмшоҳлар сулоласидан охирги Хоразмшоҳ-шижоатли Жалолиддин Мангуберди Хоразм ташқарисида ҳам ўн минг аскар йиғиб, мўғуллар билан жанглар олиб борди ва уларнинг ғарб томондаги мусулмон ерларини забт этишга қаратилган зафарона юришларига тўсқинлик қилиб турди. 1231 йили Жалолиддин ҳалок бўлгандан сўнг унинг бошқарувисиз қолган аскарлари бутун Яқин Шарқ мамлакатлари бўйлаб кезиб юришиб, гоҳ салжуқий султонларининг, гоҳ Миср ва Шомда ҳукмдорлик қилиш учун ўзаро ашаддий кураш олиб бораётган аййубий шаҳзодаларнинг ҳарбий хизматида бўлдилар. Шунингдек, хоразмликлар ёрдамида аййубийлар салбчилар устидан ғалаба қозониб, муқаддас мусулмон шаҳри ал-Қудсни ва бир нечта қалъаларни озод қилдилар. Кейин эса мамлук султони Қутуз_ улар ёрдамида араб ерларига бостириб келган мўғуллар устидан ғалаба қозонди. Бу муҳим воқеа-ҳодисаларнинг барчаси Мақризий, Ибн Ийас, Ханбалий, Суйутий, Ибн Тагри Берди ва XIII-XV асрлар бошқа тарихчиларининг солномаларида ўзининг батафсил тасвирини топган. Бу тарихчилар асосан Миср ва Шомда аййубийлардан мамлукларга, яъни- қипчоқ, Хоразм, туркман каби элатлардан чиққан, ёшлигида қуллик тақдирини бошидан кечирган мамлук султонлари даврида ижод қилганлардир. Уларнинг асарларида Яқин Шарқнинг тарихий майдонида XIII аср 30-60 йиллари намоён бўлиб, муҳим роль ўйнаган хоразмликларнинг фаолияти такрор қайд этилиб, шу минтақада яшовчи халқлар тақдирини ҳал қилувчи жангларда хоразмликлар қувватли ҳарбий куч сифатида иштирок этгани таъкидланади. Шунингдек, солномалар муаллифлари хоразмлик ҳисобланган тарихий шахсларга ҳам алоҳида эътибор берадилар. Масалан, улар жориядан Миср маликаси даражасига кўтарилган Шажарат Дуррга ёки ёшлигида қулликка сотилиб, аввал амир, сўнг Миср султони мавқейига кўтарилган Сайфиддин Қутуз тақдирларига батафсил тўхталадилар. Мамлук султони Қутуз ўзининг туркий амирлари билан, шу жумладан ўзи паноҳ берган хоразмликлар билан, 1260 йили Айн Жалут деган жойда (Фаластин минтақаси) Миср чегараларига етиб келиб, таҳдид солаётган мўғулларга муросасиз жангда қақшатгич зарба бериб, араб оламини ёвузлардан озод қилади. Солномаларда бир овоздан Миср султони Сайфиддин Қутузнинг ҳақиқий исми Маҳмуд ибн Мамдуд эканлиги ва у Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангубердининг жияни бўлганлиги якдиллик билан таъкидланади, яъни уни Хоразмшоҳлар сулоласига мансублиги кўрсатилади. Юқорида зикр этилган тарихчилар асарларида хоразмликлар мағрур ва мардона инсонлар сифатида тасвирланади. Тақдир тақозоси билан ўз диёридан узоқда, ғурбатликда дарбадар бўлиб юрган Жалолиддин ватандошлари Яқин Шарқнинг турли бурчакларидан жой топиб ўтроқ турмуш тарзига ўтиб, маҳаллий халқларга қўшилиб кетади, аммо қадимги қўлёзмаларда Хоразмнинг жасур ўғлонлари тўғрисида абадий тарихий хотира қолди.
Мазкур мақолада XV аср 70-йилларидан XVIII аср 30-йилларигача Қозоқ хонлиги сиёсий давлат сифатида шаклланиши ва мустаҳкамланиши даври сифатида характерланиши, бу даврнинг ўзига хос хусусияти, унинг ҳудуди, давлат тузуми, бошқарув шакли, қўшни давлатлар билан муносабатлари, аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти баён қилинади. Қозоқ жузларининг мамлакат ҳаётидаги ўрни масаласи қамраб олинади. Бу даврда ҳукмронлик қилган қозоқ хонларидан Қосимхон, Ҳақназархон, Таукехон каби хонларнинг мамлакат ҳудудини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш борасида олиб борган сиёсати таҳлил этилади. Қозоқ хонларининг мамлакат ҳудудини кенгайтириш йўлида Ғарбий Еттисув, Шарқий Дашти Қипчоқ, Марказий Қозоғистон, Шимолий Оролбўйлари, Сирдарёнинг қуйи оқими, Қоратов ва унга туташ ҳудудларда яшовчи қабилаларни қўшиб олиш мақсадида олиб борган муваффақиятли фаолиятлари баён қилинади. Қозоқ хонларининг Мўғулистон хони Султон Саидхон, Бухоро хони Абдуллахон, Нўғой ва Сибирь хонликлари билан муносабатлари ҳам тадқиқот доирасига тортилган. Жунғор хонлигининг Қозоқ хонлиги ҳудудларига шафқатсиз ҳарбий босқинлари ва уларга қарши қозоқ аҳолисининг курашлари ёритилган. Қозоқ хонлигининг ташкил топиши ва сиёсий тузумнинг ўзгариши билан қозоқлар жамиятини бошқаришни ташкиллаштириш зарурати мамлакатнинг қонунчилик асосларини мустаҳкамлашни тақозо қилганлиги, давлат ва жамият эҳтиёжларидан келиб чиқиб, қонунларнинг тузилиши учун вужудга келган шарт-шароит ва бу жараён XVII аср мобайнида давом этганлиги ҳамда Таукехон даврига келиб “Жети-жарға”нинг қонунлар тўплами шаклига етказилиши кўриб чиқилади. Қозоқ хонлигининг маъмурий, фуқаролик, жиноий, солиқ тизимларини ўз ичига олган қонунлар тўплами “Жети-жарға” тузилишининг объектив ва субъектив сабаблари, ўша даврдаги тарихий шарт-шароит, унда жиноятга қўлланилган жазо турлари таҳлил қилинади ҳамда ҳужжатнинг жамият ҳаётида тутган ўрни тўғрисида маълумот берилади. Қозоқ хонлиги ҳудудида жиноят ишларини юритиш тартиби “Жети-жарға” нормалари билан белгиланганлиги, хонликда содир этилган жиноятлар тўғрисидаги ишларни юритиш ушбу ҳужжатга мувофиқ олиб борилганлиги, Қозоқ хонлиги жамиятидаги жиноий-ҳуқуқий нормалар, шахсга нисбатан жиноий жавобгарлик, мулкка нисбатан жиноят, ахлоқ қоидалари ва оилавий ҳуқуқий муносабатлар масалаларини ўзида мужассам қилган қонуний ҳужжат ҳисобланган “Жетижарға”да содир этилган жиноятларга жавобгарлик нормалари баён этилади.