Ушбу мақолада ўрта аср араб ва форс манбаларга асосланиб, хоразмликларнинг XIII аср 30 йилларида Яқин Шарқ мамлакатлари ҳаётида тутган тарихий ўрни кузатилади. Маълумки, Хоразмшоҳлар сулоласидан охирги Хоразмшоҳ-шижоатли Жалолиддин Мангуберди Хоразм ташқарисида ҳам ўн минг аскар йиғиб, мўғуллар билан жанглар олиб борди ва уларнинг ғарб томондаги мусулмон ерларини забт этишга қаратилган зафарона юришларига тўсқинлик қилиб турди. 1231 йили Жалолиддин ҳалок бўлгандан сўнг унинг бошқарувисиз қолган аскарлари бутун Яқин Шарқ мамлакатлари бўйлаб кезиб юришиб, гоҳ салжуқий султонларининг, гоҳ Миср ва Шомда ҳукмдорлик қилиш учун ўзаро ашаддий кураш олиб бораётган аййубий шаҳзодаларнинг ҳарбий хизматида бўлдилар. Шунингдек, хоразмликлар ёрдамида аййубийлар салбчилар устидан ғалаба қозониб, муқаддас мусулмон шаҳри ал-Қудсни ва бир нечта қалъаларни озод қилдилар. Кейин эса мамлук султони Қутуз_ улар ёрдамида араб ерларига бостириб келган мўғуллар устидан ғалаба қозонди. Бу муҳим воқеа-ҳодисаларнинг барчаси Мақризий, Ибн Ийас, Ханбалий, Суйутий, Ибн Тагри Берди ва XIII-XV асрлар бошқа тарихчиларининг солномаларида ўзининг батафсил тасвирини топган. Бу тарихчилар асосан Миср ва Шомда аййубийлардан мамлукларга, яъни- қипчоқ, Хоразм, туркман каби элатлардан чиққан, ёшлигида қуллик тақдирини бошидан кечирган мамлук султонлари даврида ижод қилганлардир. Уларнинг асарларида Яқин Шарқнинг тарихий майдонида XIII аср 30-60 йиллари намоён бўлиб, муҳим роль ўйнаган хоразмликларнинг фаолияти такрор қайд этилиб, шу минтақада яшовчи халқлар тақдирини ҳал қилувчи жангларда хоразмликлар қувватли ҳарбий куч сифатида иштирок этгани таъкидланади. Шунингдек, солномалар муаллифлари хоразмлик ҳисобланган тарихий шахсларга ҳам алоҳида эътибор берадилар. Масалан, улар жориядан Миср маликаси даражасига кўтарилган Шажарат Дуррга ёки ёшлигида қулликка сотилиб, аввал амир, сўнг Миср султони мавқейига кўтарилган Сайфиддин Қутуз тақдирларига батафсил тўхталадилар. Мамлук султони Қутуз ўзининг туркий амирлари билан, шу жумладан ўзи паноҳ берган хоразмликлар билан, 1260 йили Айн Жалут деган жойда (Фаластин минтақаси) Миср чегараларига етиб келиб, таҳдид солаётган мўғулларга муросасиз жангда қақшатгич зарба бериб, араб оламини ёвузлардан озод қилади. Солномаларда бир овоздан Миср султони Сайфиддин Қутузнинг ҳақиқий исми Маҳмуд ибн Мамдуд эканлиги ва у Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангубердининг жияни бўлганлиги якдиллик билан таъкидланади, яъни уни Хоразмшоҳлар сулоласига мансублиги кўрсатилади. Юқорида зикр этилган тарихчилар асарларида хоразмликлар мағрур ва мардона инсонлар сифатида тасвирланади. Тақдир тақозоси билан ўз диёридан узоқда, ғурбатликда дарбадар бўлиб юрган Жалолиддин ватандошлари Яқин Шарқнинг турли бурчакларидан жой топиб ўтроқ турмуш тарзига ўтиб, маҳаллий халқларга қўшилиб кетади, аммо қадимги қўлёзмаларда Хоразмнинг жасур ўғлонлари тўғрисида абадий тарихий хотира қолди.
Мақолада тасаввуф истилои ҳақида олимларнинг қарашлари ва хожагон тариқатининг буюк намояндаси Хожа Муҳаммад Порсонинг зуҳд, тақво, кашфу каромат, сайру сулуклари ҳақида адабий ва тарихий манбаларга таянибмаълумот келтирилган
Мақолада XV аср Ҳирот илмий-адабий мактабининг таниқли вакили, моҳир тазкиранавис Фахруддин Али Сафий ибн Ҳусайн Воиз Кошифий қаламига мансуб бўлган, Хожагон-нақшбандия машойихи тазкира-маноқиби “Рашаҳот айн ал-ҳаёт” (“Ҳаёт булоғидан томчилар”) асарининг қўлёзмалари, “Рашаҳот”нинг босма-литографик нашрлари, шунингдек, ушбу асарнинг ўзбек матншунослиги ва адабий манбашунослигида илк ўрганилиш тарихи саналмиш ҳамда ушбу асарнинг ҳозирда ЎзРФА ШИ Асосий фондида сақланаётган, 1880–1890 йиллар мобайнида Хива хони Саййид Муҳаммадраҳимхон II Феруз буйруғига биноан Хоразмда амалга оширилган “Рашаҳот” таржимаси” қўлёзмасининг ягона ноёб қўлёзмаси, унинг илмий тавсифи ҳақида сўз боради.
Мазкур мақолада XIII аср иккинчи ярмида Хоразм, қипчоқ, туркман қабилаларидан чиққан мамлук амирлари Миср ҳокимияти тепасига келганда мамлакат ҳаётида туркий омилнинг кучайиши кузатилган. Бу туркий омил сиёсий-ижтимоий ва маданий ҳаётда ўзини намоён қилди. Туркий амирлар бошчилигида мисрликлар диёрига босиб кирган салбчиларни 1250 йили Мансура шаҳри ёнида тўхтатиб тор-мор қилишди. Бу 7-салбчиларнинг юриши эди ва унинг мағлубиятга учраши бутунлай насронийларнинг салб тажовузкор юришларига хотима ясади. Мамлук султони Қутуз эса, 1260 йилда Айн Жалут деган жойда босиб келаётган мўғулларга қарши жанг қилиб, уларнинг устидан катта ғалаба қозонгани бутун ислом дунёсини қувонтирди, чунки мисрликлар мўғулларнинг араб оламидаги зафарона юришини тўхтатиб, уларга қаттиқ зарба бериб, орқага улоқтириб ташлаган эди. Бу икки ёрқин ғалаба натижасида Миср биринчи мамлук султонлар даврида душманларга қарши тура оладиган, ташқи савдоси, суғориш тизими ва деҳқончилиги яхши ривожланган кучли давлатга айланди. Шунингдек, мақолада XIII–XIV асрда Мисрда аббосий халифат емирилгандан сўнг мусулмон маданияти марказига айлангани кўриб чиқилган. Мисрда бутун мусулмон оламидан олимлар йиғилди, янги мадраслар қурилди, биринчи мусулмон энциклопедиялари яратилди. Улар илми-фаннинг турли соҳалари – жуғрофия, тарих, филология, фалакшунослик, аниқ фанлар бўйича ўзида етиб келган ва ислом тамаддунида пайдо бўлган билим-маълумотларни қамраб олган. Мадрасаларда араб устозлари билан бир қаторда Хоразм, Олтин Ўрда, Озарбайжон каби туркийзабон минтақалардан келган олимлар ҳадис, мантиқ, нотиқлик санъати, фиқҳ ва бошқа диний илмлардан дарс берарди. Мамлуклар даврида Мисрда турк тилига, айниқса, қипчоқ ва Хоразм шеваларига қизиқиш катта бўлди. Олимлар шу тилларнинг лексикаси ва грамматикаси бўйича махсус илмий ишлар яратиб, араб-туркий луғатлар туздилар. Мисрда шу даврда бизгача етиб келган туркийзабон бадиий адабиёт шаклланди. Унинг бошида Сирдарё қуйиларида туғилган ва тақдир тақозоси билан Мисрга келиб қолган таниқли Сайфи Саройи турар эди. У чиғатой (эски ўзбек) тилида асарлар ёзган, ўзбек адабиётига асос солган адиблардан ҳисобланади. Сайфи Саройидан бошқа Мисрда ижод қилган яна 8 нафар шоирларнинг номи маълум бўлиб, кўпчилигининг нисбаси “Хоразмий”дир. Мамлуклар даврида соф араб адабиётида ҳам катта ўзгаришлар рўй берди. Мўғуллар зарбасидан кейин араб оламида анъанавий сарой шеърияти инқирозга учрайди, Миср адабиёти эса халқ оғзаки ижодига яқинлашиб, шеъриятида “мавал”, “зажал”, “мувашшах” каби янги жанрлар пайдо бўлди, шунингдек, “адаб” жанри равнақ топди. Бу жанр солиҳ мусулмоннинг тарбиясига йўналти-рилган бўлиб, илмий маълумотларни оммабоп тарзда, турли ибратли ҳикоят ва шеърий парчаларни тақдим этарди. “Адаб” жанри асарлари ўзида бой бадиий ва дидактик материалларни мужассамлаштириб, ўша давр адабиёти тўғрисида тасаввурни кенгайтиради. Афсуски, мамлуклар даври Миср маданияти, жумладан, адабиёти яхши ўрганилмаган. Айниқса, туркий омилни Мисрнинг сиёсий-ижтимоий ва маданий ҳаётга кўрсатган таъсири ҳанузгача чуқур тадқиқ этилмаган. Ваҳоланки, туркий элатларининг таъсири ҳарбий ва кундалик маиший ҳаёт лексикасида, янги қадриятлар, одат ва удумлар кириб келишида, ҳатто кийим кийишида, таомда яққол сезилди. Туркий қабилалардан чиққан, ҳаёт тақозоси билан оқ қуллар – мамлукларга айланиб, сўнг машҳур тарихий шахс мавқеига кўтарилган малика Шажарат ад-Дурр, мамлук султонлари Қутуз ва Бейбарслар Миср халқининг миллий қаҳрамонлари сифатида танилган, улар тўғрисида ривоятлар, халқ романлари – сиралар тўқилган. Ҳозирги кунда ҳам улар Миср халқининг тарихий хотирасидан ўчгани йўқ. Машҳур араб ёзувчилари улар тўғрисида тарихий романлар ёздилар, уларнинг номлари кўчаларга қўйилиб, ҳайкаллар ясалган. Ҳанузгача телесериаллар олиниб, телеспекталлар намойиш қилинмоқда. Ушбу мақолада мамлуклар даври Миср маданий ҳаётида биринчи бор туркий унсурлар кўриб чиқилиб, Миср ва Марказий Осиё ўртасидаги алоқаларнинг маълум бўлмаган баъзи саҳифалари ёритиб берилган.
Ушбу мақола XVI асрда яшаб, ўзидан бой илмий мерос қолдирган етук маноқибнавис ва тазкиранавис олим Фахруддин Алий Сафий ибн Ҳусайн Воиз Кошифий Ҳиравийнинг (1463–1533) илмий-адабий мероси, хусусан, унинг Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорга бағишлаб ёзган «Рашаҳот айну-л-ҳаёт» (Ҳаёт булоғи томчилари) асари мисолида муаллифнинг адабий илмларни қўллаш маҳорати тадқиқига бағишланган. “Рашаҳот” асари мумтоз адабиётимиз бадиий насрининг етук намунасидир. Аммо асардаги шеърий жанрлар ва уларда қўлланилган бадиий –адабий санъатлар алоҳида тадқиқот мавзуси сифатида ўрганилмаган. Мақолада, асосан, мана шу хусус
тадқиқ ва таҳлил этилган бўлиб, Алий Сафий Ҳиравийнинг истеъдодли шоир сифатида ўзининг эпик-адабий асари -“Рашаҳот”нинг шаклини ва мазмунини бойитишда балоғат ва фасоҳат илмларидан, шеърий жанрлар ва санъатлардан қанчалик унумли фойдалангани ҳақида тафсилотли сўз боради.