Ёзув инсоният тарихидаги улуғ кашфиётлардан бири саналади. Ҳозирги кунда мавжуд бўлган ва қадимда бор бўлган тиллар ўз такомил босқичларида турли ёзув турларидан фойдаланганлар. Қадимги туркий халқлар ўз тиллари учун алифболи ёзувдан фойдаланган. Улар орасида кўк турк, уйғур, араб, лотин, кирилл ёзувлари бор. Ушбу ёзувларни барча туркий халқлар қўллаган. Уларни бир сўз билан умумистеъмолдаги ёзувлар деса бўлади. Лекин туркий тил учун қўлланган ёзувлар ичида тор доирада, фақатгина қабилалар ёки бирор диний-фалсафий таъл-имотга топинадиганлар қўллаган ёзув турлари ҳам бўлган. Улар сон жиҳатидан анча кўп. Масалан, сурёний ёзувини турк-насронийлари, браҳмий ёзувини эса турк-буддавийлари, моний ёзувини эса турк-моний жамоалари қўллаган. Уларнинг орасида ҳозирги кунимизгача кўплаб ёзма ёдгорликлари етиб келгани турк-моний ёзуви ҳисобланади. Моний ёзувининг қўллануви монийлик таълимотининг туркий халқлар орасига кириб келиши билан боғлиқ. Турк-
моний ёзувида монийчилар тавбаномаси “Хуастуанивт”нинг Берлин қўлёзма нусхалари, туркмоний дуолари ва бошқа асарлар етиб келган. Фақат жамоалар даврасида, тор доирада қўлланилган ёзувлар орасида моний ёзуви туркий тилга анча мослаштирилганидир. Мазкур мақолада моний ёзувининг туркий тилга мослашиши, унда ёзилган манбалар, унлилар ва ундошларнинг берилиши, сингармонизмнинг амалда бўлиши каби масалалар ёритилган. Шу билан бирга, юқорида келтирилган масалаларни ёритишда айнан турк-моний ёзувида битилган асарлар, қўлёзмаларнинг фотонус-халаридан намуналар келтирилган. Мақола сўнггида туркий тилга мослаштирилган моний ёзувининг туркий матнларда келтирилган ҳарфлари алифбо шаклида берилган. Турк-моний матнларини ўқишга киришганлар ушбу алифбо орқали ёзувни ўрганишлари мумкин
Афғон (паштун) халқи оғзаки лирик шеъриятининг ўзига хос ва энг оммабоп тури, маиший қўшиқларнинг энг типик намунаси ландэй ҳисобланади. Бу шеър тури халқ орасида шунчалик кенг тарқалганки, паштунларнинг оғзаки ижодини ландэйсиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Бу икки мисралик қофиясиз шеър ҳажман ниҳоятда қисқа бўлишига қарамай, муайян фикр ва кечинмани ёрқин, ажойиб бадиий чизгиларда ифодалаб бера олиши билан машҳур. Ландэй атамаси пашту (паштў, пахтў) тилидаги " ﺪﻨﻟ " (“ланд”) – “қисқа, лўнда” маъноларини англатувчи сўздан ясалган бўлиб, таржимада “қисқагина, кичик шеър” маъносини беради. Халқ ландэйлари аноним асар бўлиб, ўз шеърий тузилиши, композицияси ихчам, бор йўғи қофияланмаган икки мисрадан иборат бўлиши билан бирга, кенг мавзу қамрови, рўй бераётган воқеаларга, ҳаёт тарзига муносабатини бетакрорлик билан ифодалашини сақлаб қолган. Омманинг жамоавий ижод намунаси бўлган ландэй, аксарият ҳолларда, ҳеч бир тайёргарчиликсиз инсон қалбининг тубидан чиқиши, омма орасида пайдо бўлиб, омма орасига сингиб кетиши, омма орасида ниҳоятда тез тарқалиши, тезкорлик билан узоқ туманларга етиб бориши ва қисқа вақтда умумпаштун миллий қадриятига айланиши билан характерли ва у паштун фольклорининг авж нуқтаси бўлиб, бу фольклорнинг ҳеч бир бошқа жанри оддий халқ учун ландэйчалик тушунарли ва ниҳоятда кенг истеъмолда эмас. Паштунлар орасида тарқалган ландэйларнинг умумий сонини аниқлаш мушкул. Фольклоршунослар томонидан ҳозирги кунгача буларнинг салмоқли қисми ёзиб олинган ва эълон қилинган. Аммо тадқиқотчиларнинг фикрича, халқ хотирасида яна ўн минглаб бундай шеърий миниатюралар яшаб келмоқда. Ландэйларнинг нисбатан тўлароқ тўплами бўлган “Паштун қўшиқлари” 1 да 7 мингдан зиёдроқ ландэй жамланган. Улар, кўпинча, қўшиқлар ижроси чоғида оғзаки ижоднинг бадиҳа (экспромт) усули натижасида юзага келади. Баъзан бундай ландэйлар икки суҳбатдош ва гуруҳлар орасида ўзига хос ақлий ва топқирлик беллашуви чоғида, қиз ва йигит ўз туйғулари хусусида гаплашганида ёки севишганларнинг ҳислари қўшиқда ўз ифодасини топганда, дил изҳорида тўқилади.