Мақолада Мовароуннаҳр халқларининг ислом илмлари ривожига қўшган ҳиссасини кўрсатишга ҳаракат қилинган. Ишда кўриб чиқилган асосий мавзулар бўйича ишлар ва уларнинг қисқача тавсифи берилган. Бугунги кунга қадар ислом фанлари ва ислом маданиятининг байроғи бўлиб келаётган фақиҳ ва уламоларнинг асосий асарларига алоҳида эътибор қаратилган. Афсуски, қисқача бир мақола доирасида асрлар давомида ислом цивилизацияси ривожига ўзининг ҳиссасини қўшган юртимизнинг барча илмий тадқиқот ва олимлари ҳақида гапириб бўлмайди. Арабларнинг минтақага кириши ва уларнинг кейинги фаолиятига танқидий ва имкон
қадар холисона ёндашилди. Сўнгра хронологик тартибда олим, унинг ижоди, ислом маданияти ва фанлари ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида қисқача маълумот берилган. Мақолада ўрта аср уламолари фаолиятини бугунги кун билан боғлиқ ҳолда таҳлил қилишга ҳаракат қилинган. Мақоланинг охирида умумий хулосалар берилган.
Ушбу мақолада IX-XII асрларда Самарқанд диёридан етишиб чиққан фақиҳлар ва уларнинг фиқҳ илмининг ривожига қўшган ҳиссалари ҳақида сўз боради. “Самарқандий” нисбаси олган фақиҳ алломалар ҳаётига доир манбалардан бири шубҳасиз Абулфайз Муҳаммад ибн Абдужамол ас-Самарқандийнинг “Қандияи хурд” асаридир. Бу асарда Самарқанд алломалри ҳаёти баён қилинади ҳамда Самарқанд атрофидаги жой номлари ҳақида ҳам батафсил тухталади. Бу асар ҳалигача тўлиқ ўрганилмаган. Илм фан марказларидан бири бўлган Самарқанд алломаларининг ҳаётини ўрганилиши бугунги кунда долзарб муаммолардан биридир
Х асрда Бухорода яшаб, ижод қилган Калободий Бухорийнинг ҳаёт йўли ва асарлари ҳалигача тизимли тарзда кенг ва чуқур ўрганилмаган. Шунга кўра ушбу мақолада ўрта асрлар манбаларига таянган ҳолда, Калободийнинг тўлиқ исми, таваллуд ва вафот саналари, дафн этилган жойи, ўрганган фанлари, устозлари, шогирдлари, фаолият кўрсатган соҳалари ва яратган асарлари тўғрисида нисбатан аниқ ва тўлиқ маълумотлар беришга ҳаракат қилинади.
Мақолада нақшбандия таълимотини ўз асарларида илмий жиҳатдан асослаб берган Хожа Муҳаммад Порсо қаламига мансуб қатор янги асарлар ҳақида дастлабки маълумотлар баён қилинган.
Мақолада Ибн Сино фалсафий қарашларининг не қадар кенг қамровни иҳота қилгани келтирилган. Фалсафанинг таркибий қисмлари бўлган мантиқ, ахлоқ, илоҳиётга оид асарлар бир ёқда турсин, ҳатто унинг тафсир ёки каломга оид рисолалари ҳам фалсафий жиҳатдан чуқур ғоялар билан суғорилгани кўзга яққол ташланиб туради.
Дунё шарқшунослигида жаҳоннинг барча қўлёзма фондларида сақланаётган ирфоний адабиёт намояндалари меросини матншунослик ва манбашунослик нуқтаи назаридан ўрганиш, улар яратган асарларнинг маъно-моҳияти, поэтикаси масалаларига қизиқиш тобора ошиб бормоқда. Замонавий адабиётшунослик, шарқшунослик ва исломшуносликда исломий йўналишдаги адабиётни ўрганиш, хусусан, улардаги комил инсон концепцияси, фалсафий-ирфоний қарашлар, ижтимоий ва одоб-ахлоққа оид масалаларга бағишланган илмий тадқиқотлар кундан-кунга кўпайиб ва теранлашиб бормоқда. Ўзбекистоннинг бир неча минг йиллик бой тарихи ва маданиятини ўрганишда хорижий тадқиқотлар ҳамда манбалар муҳим ўрин тутади. Айниқса, бетакрор илмий меросимизнинг таркибий қисми бўлмиш Шарқ мумтоз адабиёти намояндаларининг диниймаънавий асарларини, хусусан, “Арбаъин” – “Чиҳил ҳадис” асарларини ўрганиш, шу хусусдаги илгари илмий истеъмолга жалб этилмаган манбаларни аниқлаш, таржима қилиш, уларни маҳаллий манбалар билан қиёсий таҳлил қилиш муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон ФАнинг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фонди картотекаларини кўздан кечирганимизда 80 га яқин арбаъин асарлари қўлёзмалари ва уларнинг бир неча нусхалари мавжудлиги маълум бўлди. Республикамизда мавжуд қўлёзма фондларида сақланаётган араб, форс-тожик ва туркий тилларда ёзилган кўплаб арбаъин асарлари адабий манбашунослик ва матншунослик нуқтаи назаридан ўрганилмаган. Ўзбекистон ФАШИ қўлёзмалар фондидаги Арбаъин асарлари орасида Нававийнинг “Арбаъин” نيعبرلاا يوونلا ининг 12 та қўлёзма нусхаси мавжудлиги ва бу қўлёзма нусхалар “Шамоили ан-Набий”–ىبنلا ليامش, “Ҳошия” - ةيشاح, “Ал-Ҳисн ул-ҳасийн мин калам саййид ал-мурсалийн” – ملا ك نم نيصحلا نصحلا لا ديس نيلسرم , “Васияти Имоми Аъзам”, “Шарҳу одоби ал-мунозара”, “Қасидат ул-бурда” – “ ةديصق ةدربلا” каби машҳур асарлар билан китобот қилинганлиги унинг халқ орасида анча машҳур бўлганлигини билдиради. Бу эса “Арбаъин” асарининг манбашунослик нуқтаи назаридан илмий қийматини янада оширади. Нававий “Арбаъин” асарининг ёзилган йили номаълум, асар араб тилида ёзилган бўлиб, ўз ичига 42 та ҳадисни жамлаган. Қўлёзма нусхаларда “Арбаъин” даги 42 та ҳадис рақамлаб борилган. Анъанага кўра, айтилаётган ҳадисдан аввал албатта унинг исноди келтирилган. Ҳар бир ҳадис батафсил шарҳланган. Асар турли даврларда, турли хаттотлар томонидан кўчириб келинган. Мазкур қўлёзмалар фондида сақланаётган арбаъинларнинг бир қанча қўлёзма нусхалари хаттотлик ва китобат санъатининг нодир намуналаридан ҳисобланади.
Ushbu maqolada al-Hakim at-Termiziy ta’limotining mazmuni, uning xorijda o‘rganilishi tahlili bayon etilgan. O‘quvchilarda al-Hakim at-Termiziyning xorijiy mamlakatlarda o‘rganilishi asosida ularda nazariy va metodologik ko‘nikmalarini shakllantirish, alloma merosini bilish, asarlarini qiyosiy tahlil qilish asosida ko‘nikmalarini namoyish etish, xorijiy tadqiqotchilar tomonidan taqdim etilgan yangi ma’lumotlar asosida ma‘lumotlarni qayta ishlash, tasniflash kabi xususiyatlar rivojlantirilgan. Al-Hakim at-Termiziy ta’limotining xorijda o‘rganilshi bo‘yicha ilmiy tadqiqotlar o‘rganilib, qiyosiy tahlil qilingan. Tahlil natijalari asosida alloma asarlarining: Qur’on tafsiri, hadislar, kalom, fiqh, huquq falsafasi, so‘fiylik tarixi, so‘fiylik ta’limot yo‘nalishlariga ajratilgan tasnifi keltirilgan.