Ушбу мақолада ўрта аср араб ва форс манбаларга асосланиб, хоразмликларнинг XIII аср 30 йилларида Яқин Шарқ мамлакатлари ҳаётида тутган тарихий ўрни кузатилади. Маълумки, Хоразмшоҳлар сулоласидан охирги Хоразмшоҳ-шижоатли Жалолиддин Мангуберди Хоразм ташқарисида ҳам ўн минг аскар йиғиб, мўғуллар билан жанглар олиб борди ва уларнинг ғарб томондаги мусулмон ерларини забт этишга қаратилган зафарона юришларига тўсқинлик қилиб турди. 1231 йили Жалолиддин ҳалок бўлгандан сўнг унинг бошқарувисиз қолган аскарлари бутун Яқин Шарқ мамлакатлари бўйлаб кезиб юришиб, гоҳ салжуқий султонларининг, гоҳ Миср ва Шомда ҳукмдорлик қилиш учун ўзаро ашаддий кураш олиб бораётган аййубий шаҳзодаларнинг ҳарбий хизматида бўлдилар. Шунингдек, хоразмликлар ёрдамида аййубийлар салбчилар устидан ғалаба қозониб, муқаддас мусулмон шаҳри ал-Қудсни ва бир нечта қалъаларни озод қилдилар. Кейин эса мамлук султони Қутуз_ улар ёрдамида араб ерларига бостириб келган мўғуллар устидан ғалаба қозонди. Бу муҳим воқеа-ҳодисаларнинг барчаси Мақризий, Ибн Ийас, Ханбалий, Суйутий, Ибн Тагри Берди ва XIII-XV асрлар бошқа тарихчиларининг солномаларида ўзининг батафсил тасвирини топган. Бу тарихчилар асосан Миср ва Шомда аййубийлардан мамлукларга, яъни- қипчоқ, Хоразм, туркман каби элатлардан чиққан, ёшлигида қуллик тақдирини бошидан кечирган мамлук султонлари даврида ижод қилганлардир. Уларнинг асарларида Яқин Шарқнинг тарихий майдонида XIII аср 30-60 йиллари намоён бўлиб, муҳим роль ўйнаган хоразмликларнинг фаолияти такрор қайд этилиб, шу минтақада яшовчи халқлар тақдирини ҳал қилувчи жангларда хоразмликлар қувватли ҳарбий куч сифатида иштирок этгани таъкидланади. Шунингдек, солномалар муаллифлари хоразмлик ҳисобланган тарихий шахсларга ҳам алоҳида эътибор берадилар. Масалан, улар жориядан Миср маликаси даражасига кўтарилган Шажарат Дуррга ёки ёшлигида қулликка сотилиб, аввал амир, сўнг Миср султони мавқейига кўтарилган Сайфиддин Қутуз тақдирларига батафсил тўхталадилар. Мамлук султони Қутуз ўзининг туркий амирлари билан, шу жумладан ўзи паноҳ берган хоразмликлар билан, 1260 йили Айн Жалут деган жойда (Фаластин минтақаси) Миср чегараларига етиб келиб, таҳдид солаётган мўғулларга муросасиз жангда қақшатгич зарба бериб, араб оламини ёвузлардан озод қилади. Солномаларда бир овоздан Миср султони Сайфиддин Қутузнинг ҳақиқий исми Маҳмуд ибн Мамдуд эканлиги ва у Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангубердининг жияни бўлганлиги якдиллик билан таъкидланади, яъни уни Хоразмшоҳлар сулоласига мансублиги кўрсатилади. Юқорида зикр этилган тарихчилар асарларида хоразмликлар мағрур ва мардона инсонлар сифатида тасвирланади. Тақдир тақозоси билан ўз диёридан узоқда, ғурбатликда дарбадар бўлиб юрган Жалолиддин ватандошлари Яқин Шарқнинг турли бурчакларидан жой топиб ўтроқ турмуш тарзига ўтиб, маҳаллий халқларга қўшилиб кетади, аммо қадимги қўлёзмаларда Хоразмнинг жасур ўғлонлари тўғрисида абадий тарихий хотира қолди.
Улуғ олмон файласуфи, машҳур ёзувчи ва шоир Фридрих Ницше (1844-1900) асарлари мутолааси унинг донишманд Шарқ фалсафий ва бадиий тафаккуридан етарли даражада баҳраманд бўлганлигини кўрсатади. Мазкур мақолада Ницше қарашлари Шарқ фалсафий қарашлари – Зардушт “Авесто”си ва Румийнинг “Маснавийи маънавий” асарлари билан қиёсий равишда таҳлил ва тадқиқ этилади.
Cаййид Аҳмад ибн Жалолиддин Хожаги Косоний-Даҳбедий (868/1461–949/1542) Мовароуннаҳрнинг машҳур олимларидандир. У қўлёзма манбаларда Махдуми Аъзам Косоний, Махдуми Аъзам Даҳбедий, Махдуми Аъзам Косоний-Даҳбедий ёки қисқача Махдуми Аъзам шаклида зикр этилади. Ушбу мақола мазкур олимнинг Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳузуридаги Абу Райҳон Беруний номли Шарқ қўлёзмалари марказининг манбалар хазинасида сақланаётган илмий-маънавий меросини ёритишга бағишланган.