“Жаррохлик амалиётидан кейинги битишмалар – бу патологик ҳолат бўлиб, қорин бўшлиғида ташрих ўтказилган беморларнинг 90% дан кўпроғида ва торакал аралашувлардан кейин 45-70 фоизида учрайди, битишмалар туфайли асоратлар сони эса 12% дан 64% гача ўзгариб туради. “Битишма хасталиги” атамаси асосида ички аъзоларнинг жароҳатли шикастланишлари, шу жумладан жарроҳлик аралашуви оқибатида қорин бўшлиғида битишмаларнинг пайдо бўлиши билан боғлиқ патологик ҳолат тушунилади. Мавжуд адабиёт маълумотлари жарроҳлик амалиётидан кейинги битишма касаллигининг юқори частотасидан далолат беради, шу билан бирга битишмалар ҳосил бўлиш механизмлари тўлиқ ўрганилмаган. Битишма хасталигида такрорий жарроҳлик аралашувларни амалга ошириш нисбатан узоқроқ ва техник жиҳатдан мураккаб кечади, бу эса ўз навбатида ҳаётий муҳим тузилмаларга зарар етказишнинг эҳтимолий хавфини келтириб чиқаради. “Қорин бўшлиғида жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган беморларнинг тахминан 1/3 қисми бевосита битишма жараёни ёки унинг сурункали оғриқ, бепуштлик ва ичак тутилиши каби жиддий клиник муаммоларга олиб келувчи асоратлари оқибатида келиб чиқадиган муаммони ҳал қилиш учун 10 йил ичида қайта тиббиёт муассасасига ётқизилади”.[1] Шу муносабат билан, битишмалар пайдо бўлиш хавфи юқори бўлган беморларда, қорин пардаси функциясини сақлаб қолиш ва битишмаларнинг ривожланишини бартараф этишга имкон берувчи янги перитонеал антиадгезион омилларга тобора кўпроқ устунлик берила бошланди.
Жаҳон амалиётида ҳозирги пайтда қўзғатувчи механизми ишемия, жарроҳлик жароҳати, яллиғланиш, қон кетиш, термик ёки кимёвий зарарланиш, генетик мойиллик ҳисобланган қорин ва плевра бўшлиғида битишмалар шаклланишига олиб келаувчи жараёнларни ўрганиш бўйича тадқиқотлар долзарблигича қолмоқда, бу эса ўз навбатида замонавий профилактика воситаларини яратиш учун янги тушунчаларни беради. Эпителиал-мезенхимал ўтишнинг тескари жараёни таъсири, миофибробластларнинг аберрант дифференциацияси, илдиз ҳужайралари тикланиши ва эндотелий ўсишининг бузилиши бўйича тадқиқотлар алоҳида қизиқиш уйғотишда давом этмоқда, бу эса функционал қатламнинг фаол бўлмаган эпителиал моноқатлам билан алмашинувини келтириб чиқаради, у аслида гормон қўзғатувчи таъсирига жавоб бермайди. Қорин парданинг табиий битиб кетиши ёки битишмалар шаклланишини аниқлаш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган фибрин ажралиши ва унинг деградациясини ўрганиш тобора кўпроқ қизиқиш уйғотоқда, чунки тўлиқ парчаланмаган фибрин перитонеал битишмаларни пайдо қилиш билан фибробласт ва капиллярларнинг ўсиши учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини тубдан яхшилаш ва турларини сезиларли даражада кенгайтириш бўйича кенг кўламли мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу йўналишда, жумладан, битишмалар пайдо бўлишини олдини олиш ҳисобига беморларни жарроҳлик йўли билан даволаш натижаларини яхшилашда ижобий натижаларга эришилган. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида аҳолининг заиф гуруҳларининг тўлақонли ҳаёт кечиришини таъминлаш мақсадида тиббий-ижтимоий ёрдам тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш вазифалари белгиланган.[2] Шунга мувофиқ, экспериментал ва морфологик тадқиқотлар асосида торако-абдоминал жарроҳликда битишмалар пайдо бўлишининг олдини олувчи маҳаллий воситани қўллаш истиқболларини аниқлаш тадқиқотнинг долзарб йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги ПФ-5590-сон «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида» ва 2017 йил 16 мартдаги ПФ-4985-сон «Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 июндаги ПҚ-3071-сон «Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021-йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ҳамда мазкур фаолиятга тегишли бошқа меъёрий-хуқуқий хужжатларда белгиланган вазифаларни амалга оширишга ушбу диссертация тадқиқоти муайян даражада хизмат қилади.
Тадқиқотнинг республика фан ва технологиялари ривожланиши-нинг устувор йўналишларига мослиги. Мазкур тадқиқот Республика фан ва технологиялар ривожланишининг VI «Тиббиёт ва фармакология» устувор йўналишига мувофиқ бажарилган.
Муаммонинг ўрганилганлик даражаси. Ҳозиргача экспериментал тадқиқотларда муваффақиятли қўлланилган бир қатор усуллар ва битишмаларга қарши қопламалар ишлаб чиқилган. Уларнинг тутган ўрни “фибринолизни фаоллаштириш, коагуляция жараёнига тўсқинлик қилиш, яллиғланиш реакциясини камайтириш, коллаген синтезини тўхтатиш ёки ёндош жароҳат сиртлари ўртасида тўсиқ яратишдан иборат. Маълумки, айрим асосий жарроҳлик тамойилларига қорин бўшлиғидаги барча жарроҳлик амалиётларида риоя қилиш керак” (Uemura A.).[3] Lu S. ва ҳаммуал. (2018) полипропилен асосда сиролимус трансплантатларидан (SRL) тайёрланган янги композит тўрнинг битишмаларга қарши хусусиятларини баҳолаган. Табиий полипропилен тўрлари ва полипропилен-PLLA тўрларига нисбатан, SRL қопламали тўрлар битишмаларни (P˂0,05) ва яллиғланишни камайтиришнинг энг юқори қобилиятини кўрсатган.[4] SRL қопламали композит тўр каламушларда қорин девори нуқсонларининг битиб кетиши моделида қорин бўшлиғида битишмаларни минимал даражада пайдо бўлишини кўрсатган. Битишмаларга қарши қопламалар ҳозирда энг фойдали восита бўлиб, кўпинча биологик парчаланадиган гидрогеллардан фойдаланилади, улар сувнинг 60% га анча сингишини, ажойиб пишиқликни (3 МПа дан ортиқ), юқори эгилувчанликни (700% дан юқори), яхши биологик парчаланувчанлик ва биологик мослигини кўрсатмоқда. Ушбу гидрогелларнинг парчаланиши ўзи билан сиртдан ички томонга узлуксиз парчаланиш жараёнини намоён этади, бу 30 кунлик парчаланишдан кейин юқори механик хусусиятларни сақлашга ёрдам беради. Бундан ташқари, гидрогеллар, шунингдек, оқсиллар билан қопланишга қарши ажойиб қобилиятини ва ҳужайралар ёпишқоқлигига қаршиликни намойиш этди. Демак, ушбу гидрогеллар битишмаларга қарши биологик мембраналар сифатида фойдаланиш учун катта салоҳиятга эга.[5]
Проспектив рандомизацияланган тадқиқотлар карбоксиметил-целлюлозанинг (Seprafilm) жарроҳлик амалиётидан кейинги битишмалар частотасини ва оғирлик даражасини пасайтиришда самарали эканлигини кўрсатди[6]. Бир қатор экспериментал тадқиқотларда париетал қорин парда нуқсонларини микрожарроҳлик аутологик қорин парда трансплантатлари ёрдамида ёпиш оғир перитонеал битишмалар пайдо бўлишини етарли даражада олдини олиши аниқланди[7]. Синтетик материалнинг афзаллиги шундаки, материални жарроҳлик йўли билан олишнинг ҳожати йўқ ва уни қорин бўшлиғидан ташқарида керакли ҳажмда шакллантириш, сўнгра чоксиз қўйиш мумкин. Шундай қилиб, битишмалар пайдо бўлишини олдини олиш муаммоси бўйича бир қатор тадқиқотлар ўтказилган бўлиб, уларнинг натижалари баъзида қувонтиради, аммо улар ноаниқ ва фақатгина экспериментал моделларда ўтказилган.
Адабиётлар таҳлили шуни кўрсатдики, жарроҳлик аралашувларида битишмалар пайдо бўлишини олдини олишда сезиларли ютуқ ва аҳамиятли натижаларга қарамай, ҳамон битишмалар пайдо бўлишининг олдини олиш ва битишма хасталигини даволаш билан боғлиқ мунозарали масалалар мавжуд бўлиб, бу мазкур муаммони торако-абдоминал жарроҳликда ҳал қилинмаган муаммолар қаторига қўшиши ҳақида далолат беради. Шу нуқтаи назардан, битишмалар пайдо бўлишини олдини олувчи маҳаллий ишлаб чиқарилган воситани экспериментал тадқиқ қилиш ва самарадорлигини баҳолаш тадқиқот учун долзарб йўналиш ҳисобланади.
Диссертация тадқиқотининг диссертация бажарилган илмий-тадқиқот муассасасининг илмий-тадқиқот ишлари режалари билан боғлиқлиги. Диссертация тадқиқоти академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг АДСС–15.3.7-сон “Жарроҳликда тўқималарни мустаҳкамлаш ва зичлаш учун янги полимер қопламаларни ишлаб чиқиш ва самарадорлигини баҳолаш” илмий лойиҳаси доирасида бажарилган (2015-2017 й.).
Тадқиқотнинг мақсади экспериментал ва морфологик тадқиқотлар асосида торако-абдоминал жарроҳликда битишмаларни олдини олувчи маҳаллий воситани қўллаш истиқболларини аниқлашдан иборат.
Тадқиқотнинг вазифалари: қорин бўшлиғида битишма жараёни шаклланишининг экспериментал моделида целлюлоза ҳосилаларидан иборат антиадгезив қопламани қўллаш самарадорлигини ўрганиш; кўкрак қафасида битишма жараёни шаклланишининг экспериментал моделида целлюлоза ҳосилаларидан иборат битишмаларга қарши қопламани қўллаш хусусиятларини аниқлаш; маҳаллий антиадгезив қоплама қўлланилганда шаклланган битишмалар гистоструктурасининг ўзига хос хусусиятларини аниқлаш; битишмалар ҳосил бўлишига қарши қоплама қўлланилганда қорин бўшлиғи ва кўкрак қафасининг экспериментал нуқсонлари соҳасидаги маҳаллий ўзгаришларнинг хусусиятларини динамикада аниқлаш; тажрибадан сўнг ҳайвонларнинг тикланиш жараёнларига гел қопламасини қўллаш ва унинг биодеградацияси таъсирини баҳолаш;
Тадқиқотнинг объекти сифатида қорин ва плевра бўшлиқларида иккита экспериментал тадқиқотлар ўтказилган 62 та оқ зотсиз каламушлар олинган. Ҳар бир эксперимент сериясида тадқиқотлар 2 та қиёсий гуруҳда – назорат ва асосий гуруҳларда ўтказилган. Қорин ва плевра бўшлиқларида битишма жараёни пайдо бўлиши бўйича тажрибалар 2019 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда “Акад. В. Воҳидов номидаги РИХИАТМ” ДМ негизидаги экспериментал жарроҳлик бўлимида ўтказилган.
Тадқиқотнинг предмети яллиғланиш жараёнини тавсифловчи полиморфядроли нейтрофиллар, лимфоцитлар, плазма ҳужайралари, макрофаглар, кўп ядроли ҳужайралар ва эозинофиллар каби ҳужайралар сони ва тақсимланиши ярим миқдорий баҳолаш кўрсаткичларини ҳисобга олган ҳолда гистологик ўзгаришларни баҳолаш учун қорин ва плевра бўшлиқларидан олинган тўқима препаратларини баҳолаш билан ўтказилган экспериментал тадқиқотлар натижаларини таҳлил қилишдан иборат.
Тадқиқотнинг усуллари. Тадқиқотда экспериментал, морфологик ва статистик усуллардан фойдаланилган.
Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат: қорин бўшлиғида битишмалар ҳосил бўлиши жараёни моделлаштирилганда целлюлоза ҳосилаларидан тайёрланган антиадгезив қопламани маҳаллий қўллаш адгезиогенез жараёнларини хамда ичак архитектоникаси, эгилиши ва бўшлиғининг торайиши каби ўзгаришлар ривожланишини камайтириши экспериментал тадқиқотлар асосида исботланган; экспериментал тадқиқотда кўкрак қафасида битишмалар ҳосил бўлиши жараёни моделлаштирилганда антиадгезив имплантатни маҳаллий қўллаш, дағал ёки ясси битишмалар шаклланиши кўринишидаги адезиогенез хавфини сезиларли даражада пасайтириши аниқланган; кукунли имплантат устига қон зардоби суртилганда, адгезия сифати ва унинг қорин пардаси ёки ўпканинг экспериментал нуқсони юзасида бир текис тақсимланиши ўзгармаганлиги, аммо қон билан фаоллаштиришдан фарқли ўлароқ (гемостатик самарани таъминлаш учун) тромботик массаларнинг сўрилиши ҳисобига ҳужайравий яллиғланиш ривожланиши кузатилмаганлиги аниқланган; қоннинг ҳужайрали элементлари мавжуд бўлмаган шароитда жароҳат етказилган қорин пардаси соҳаси устида гелли плёнкани ҳосил қилиш, яққол ҳужайра-яллиғланиш реакциясиз қопламанинг биодеградациясига имкон беради ва массив битишмалар ҳосил бўлиш жараёни ривожланиш хавфини сезиларли даражада камайтириши билан нуқсонларнинг битиб ёпилишини таъминлаши аниқланган; антиадгезив қоплама қўлланилганда яллиғланишли инфильтрат бириктирувчи тўқимали хужайралари сонининг динамикада камайиши ҳамда атроф тўқималар билан битишмали конгломератлар ривожланмагани ҳолда нуқсон соҳасининг чандиқланиши билан тавсифланувчи битишма жараёнлари шаклланишининг морфотузилмавий хусусиятлари аниқланган.
Тадқиқотнинг амалий натижалари қуйидагилардан иборат: қорин бўшлиғида битишма жараёнини экспериментал моделлаштиришда целлюлоза ҳосилаларидан тайёрланган антиадгезив қопламани қўллаш атроф аъзолар билан адгезияни пасайтириши хисобига ичак ва унинг тутқичи деформацияси ривожланиш хавфини камайтиришга имкон бериши аниқланган; ўпкада ташрихдан кейинги битишма жараёни шаклланишининг экспериментал моделлаштириш натижаларига кўра, қон зардобини қўшиш орқали фаоллаштирилган маҳаллий Гепроцел гемостатик воситасини қўллаш, париетал ва висцерал плеврада битишмалар ривожланиши частотасини камайишига имкон бериши аниқланган; битишма жараёнини шакллантиришнинг экспериментал моделида гемостатик қопламадан фойдаланиш фибробластларнинг тўпланиши ва фаоллигини, шунингдек маҳаллий яллиғланиш реакцияларини камайтиришга ёрдам бериши, шу билан битишмаларнинг ривожланиш эҳтимолини сезиларли даражада камайтириши морфологик тадқиқотлар орқали аниқланган; целлюлоза ҳосилаларидан тайёрланган Гепроцел гемостатик қопламасини қўллаш қорин бўшлиғи ва кўкрак қафаси аъзоларида жарроҳлик аралашувларни амалга оширишда иккита муаммони ҳал қилишга – енгил маҳаллий гемостазни амалга ошириш хамда қорин бўшлиғида дағал битишма жараёни шаклланишининг олдини олишга имкон бериши исботланган.
Тадқиқот натижаларининг ишончлилиги. Тадқиқот натижаларининг ишончлилиги амалиётда кенг қўлланиладиган замонавий лаборатор ва инструментал тадқиқот усулларидан фойдаланиш билан тасдиқланган, олинган барча натижалар ва хулосалар далилий тиббиёт тамойилларига асосланган.
Тадқиқот натижаларининг илмий ва амалий аҳамияти. Тадқиқот натижаларининг илмий аҳамияти шундан иборатки, олинган хулосалар ва таклифлар назарий аҳамиятига эга бўлиб, антиадгезив қоплама қўлланилганда яллиғланишли инфильтрат бириктирувчи тўқимали хужайралари сонининг динамикада камайиши ҳамда атроф тўқималар билан битишмали конгломератлар ривожланмагани ҳолда нуқсон соҳасининг чандиқланиши билан тавсифланувчи битишма жараёнлари шаклланишининг ўзига хос хусусиятларини ўрганишга муҳим ҳисса қўшиши билан изоҳланади.
Тадқиқот натижаларининг амалий аҳамияти шундан иборатки, целлюлоза ҳосилаларидан тайёрланган “Гепроцел” гемостатик қопламасини қўллаш қорин бўшлиғи ва кўкрак қафаси аъзоларида жарроҳлик аралашувларни амалга оширишда иккита муаммони ҳал қилишга – енгил маҳаллий гемостазни амалга ошириш хамда қорин бўшлиғида дағал битишма жараёни шаклланишининг олдини олишга имкон беради.
Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Торако-абдоминал жарроҳликда битишмалар пайдо бўлишини олдини олувчи маҳаллий воситани қўллашни қиёсий таҳлил қилиш бўйича бажарилган илмий тадқиқотлар натижалари асосида: “Торако-абдоминал жарроҳликда битишмалар пайдо бўлишини олдини олишнинг янги технологиялари” услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 12 августдаги 08-09/10055-сон маълумотномаси). Таклиф қилинган тавсиялар қорин бўшлиғи ва кўкрак қафаси аъзоларида жарроҳлик аралашувларни бажаришда маҳаллий енгил гемостазни амалга ошириш имконини беради, шунингдек қорин бўшлиғида дағал битишмалар ҳосил бўлиш жараёнини олдини олади; торако-абломинал жарроҳликда битишмалар пайдо бўлишини олдини олувчи маҳаллий воситани қўллашни қиёсий таҳлил қилиш бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлашнинг амалий фаолиятига, жумладан, Акад. В. Вохидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказига, Андижон ва Самарқанд давлат тиббиёт институтлари клиникаларининг жарроҳлик бўлимлари амалиётига жорий этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 12 августдаги 08-09/10055-сон маълумотномаси). Экспериментал тадқиқот натижалари асосида, таклиф қилинган целлюлоза ҳосилаларидан тайёрланган антиадгезив қопламани қўллаш битишмалар пайдо бўлиш хавфини 60% дан 20% гача, ичак тутилиши аломатларисиз ичак деформациясини 33,3% дан 13,3% гача ва ўткир битишмали ичак тутилиши ривожланиши эҳтимолини 6,7% дан 0% гача камайтиришга имкон берган.
Тадқиқот натижаларининг апробацияси. Мазкур тадқиқот натижалари 6 та илмий-амалий анжуманларда, жумладан 3 та ҳалқаро ва 3 та республика илмий-амалий анжуманларида муҳокамадан ўтказилган.
Тадқиқот натижаларининг эълон қилинганлиги. Диссертация мавзуси бўйича жами 15 та илмий иш чоп этилган, шулардан Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссиясининг диссертациялар асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган илмий нашрларда 7 та мақола, жумладан, 4 таси республика ва 3 таси хорижий журналларда нашр этилган.
Диссертациянинг тузилиши ва ҳажми. Диссертация таркиби кириш, тўртта боб, хулоса, амалий тавсиялар ва фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан иборат. Диссертациянинг ҳажми 113 бетни ташкил этган.