Мазкур мақолада замонавий араб ҳикоянавислигида “саёҳатнома” жанри хусусиятларининг ифодаланиши тадқиқ қилинган. “Саёҳатнома” – энг қадимги ва ўзгарувчан жанрлардан бири. Инсониятнинг кўп минг асрлик тарихи давомида ва айниқса, ёзма адабиёт пайдо бўлганидан сўнг дунё халқларининг тилларида сафар, саёҳат мавзусида минглаб асарлар яратилган. Жанрнинг генезиси фольклор ва ёзма адабиёт анъаналарининг синтезлашуви натижаси бўлиб, марказида сайёҳ-ҳикоячи турган асарлар фольклор (мас., эртаклар) ва ёзма адабиётда (мас., антик саёҳатномалар) жуда қадимдаёқ яратилган. Саёҳатномаларнинг жанр-композицион хусусиятлари сифатида марказида сайёҳ-ҳикоячи образининг туриши ва сафар (муайян йўналишдаги макон ва замон ўзгарувчи ҳаракат) фактининг мавжудлиги, сайёҳ-ҳикоячининг кузатувчи мақомида туриши ва ўзга юртда кўрганларини ўз юртидаги ҳолат билан қиёслаб бориши кабиларни кўрсатиш мумкин. Жанрнинг ушбу асосий хусусиятлари сақлаб қолингани ҳолда, адабиёт ривожи давомида Саёҳатноманинг бир қатор бошқа кўринишлари ҳам пайдо бўлди. Ўзбек классик адабиётида саёҳат таассуротларини тасвирловчи асарлар саёҳатнома деб аталган бўлса, бу жанр араб адабиётида “риҳла” деб номланади. Замонавий араб бадиий насрига назар ташласак, ёзувчиларнинг саёҳатнома жанрида ёки саёҳатнома жанри хуссиятларини ҳикоя жанри билан бирлаштирган холда истифода этишларини кузатиш мумкин. Янги давр ва замонавий араб ёзувчиларидан Муҳаммад ал-Мувайлиҳий, Суналлоҳ Иброҳим, Жамол ал Ғитоний, Абдураҳмон Мажид ар-Рубейъий каби бир қатор ёзувчилар ҳикоя, романларида саёҳатнома жанри хусусиятларидан фойдаланишган. Шу жумладан, суриялик ёзувчи Абдус-Cалом ал-Ужейли ҳам (1918-2006) саёҳатнома жанри хусусиятлари акс этган ҳикоялар ижод қилган бўлиб, унинг “Европага саёҳат”, “Сафарга чорлов” каби саёҳатга бағишланган тўпламлари мавжуд. “Европага саёҳат”, “Сафарга чорлов” тўпламлари ўз ичига 22 та саёхатга оид кичик ҳикояларни қамраб олган. Абдус-Салом ал-Ужейли туғилиб ўсган она Юртининг жамоли яъни Суриянинг сўлим табиати, аҳолининг турмуш тарзи, машғулотлари, дини, баъзи шаҳарларнинг номи, тарихи, географик жойлашувлари, Европага саёҳати асосида Парижнинг васфини юксак бадиий жиҳат билан тасвирлаган.
Огаҳий юртимиз тарихида таржимон сифатида алоҳида ўрин тутади. Бу мақолада у амалга оширган “Мифтоҳ ут-толибин” асарининг таржимаси ҳақида бўлиб, асарнинг асосий мавзуи Ҳусайн Хоразмий ҳаёти ва фаолиятидир. Ҳусайн Хоразмийнинг асосий фаолияти Бухоро, Самарқанд, Хоразмда бўлган. Шунингдек, Марказий Осиёнинг XVI аср даврига оид маълумотлар ҳам бор.
Мақолада Ўзбекистондаги 19-сонли давлат мактабгача таълим муассаси, Латвиядаги «Абелзиедс» ва Норвегиядаги «Блатоппен» таълим муассасаларида очиқ ҳаводаги тадбирларни ташкил қилиш тажрибалари ҳақидаги қиёсий маълумотлар келтирилган.
Мақолада Ўзбекистон Республикасида коронавирус пандемиясидан кейинги даврда ички ва зиёрат туризмнинг ҳозирги ҳолати, унга таъсир қилувчи омиллар ва соҳага доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг таҳлили, шунингдек соҳани ривожлантириш истиқболлари батафсил ёритилган
Марказий Осиёни илмий ўрганиш рус илмида чуқур илдиз отган. Шарқшунослик илмий ва таълим муассасаларининг тараққий этган тизими, шарқ қўлёзмаларининг энг бой тўпламлари, китоблари, моддий маданият объектлари шарқшунос олимларнинг тадқиқотлари учун етарлича манбавий асос бўлиб хизмат қилди. Шарқий цивилизация ютуқларига олимларнинг чуқур қизиқиши бошқа мамлакатлар ҳалқларини Марказий Осиё маданияти ва тарихи билан таништиришда маълум рол ўйнади. Ўзининг асарлари ва ижтимоий ва илмий фаолияти билан Ўрта Осиё ҳалқлари илм-фани ва маданияти ривожига, хусусан, Ўзбекистонни ўрганиш тарихига маълум ҳисса қўшган рус шарқшунослигининг ана шундай вакилларидан бири, Петр Иванович Лерх эди. Турли ҳалқларнинг тиллари ва лаҳжаларини чуқур ўрганиши, қадимги археология билан қизиқишининг натижаси сифатида эса бир қатор қизиқарли мақолаларнинг пайдо бўлиши; шарқона нумизматикага бўлган иштиёқининг натижаси сифатида махсус илмий тадқиқотнинг пайдо бўлишининг барчаси олимнинг илмий қизиқишлари доираси жуда кенг бўлганидан далолат беради. Шуни ҳам ёдда тутиш керакки, унинг илмий тадқиқотлари географияси, қайси йўналишда бўлмасин ҳам кенг эди: Россиянинг чекка вилоятларидан янги қўшилган қўшни ҳудудларга қадар. Буни археология, тилшунослик, нумизматика, этнография ва бошқалар бўйича Лерхнинг тадқиқотларини ўз ичига олган архив материаллари тасдиқлайди. Шунингдек, у чет эл олимларининг тарих, этнография, шарқшуносликка бағишланган асарларини ҳам ўрганиб чиққан. П.И.Лерхнинг Хива ва Бухородаги саёҳати олимнинг илмий фаолияти кўламини кенгайтирди. Ўшандан бери унинг илмий тадқиқотлари доирасига Ўрта Осиё мамлакатлари ва ҳалқлари, шарқий нумизматика ҳамда ибтидоий қадимий нарсалар кира бошлади. 1858-1859 йиллар давомида саёҳат пайтида олим Осиё музейи учун 30 дан ортиқ шарқ қўлёзмаларини сотиб олди. Олимнинг илмий қизиқишлари ва қобилиятининг кўп қирралилигини унинг илмий жамиятлардаги илмий маърузаларидан ҳам кўриш мумкин. Мақолада Россия Фанлар академиясининг архив илмий муассасаларининг кенг доирадаги манбалари, хусусан, П.И. Лерхнинг Санкт-Петербургдаги Шарқ тиллари институти илмий архивидаги шахсий фондидаги материаллар ишлатилган.
Маданият қадриятларнинг инсон фаолиятида рўёбга чиқиш даражаси билан белгиланади. Барча миллий адабиётлар каби, корейс адабиёти ҳам корейс халқи маданиятининг ажралмас қисми, унинг тарихи, тараққиёт босқичлари ва ривожланиш жараёнларининг инъикосидир. Корейс сюжетли насри Европа насридан фарқли равишда ривожланган эпик анъанага эга бўлмаган маданият негизида вужудга келган. Шу туфайли, маълум даражада эпос вазифасини бажарган ҳодисани унинг бош манбаи деб ҳисоблаш мумкин. XVII–XVIII асрлар корейс адабиёти ривожланиш тарихида ғоялар ва уларнинг концептларигина эмас, балки воқеликни, унинг асосий субъектлари – инсон ва табиатни акс эттиришда, бадиий тасвир усулларини тако-миллаштиришда, янги жанрларнинг шаклланишида ва сюжет чизиқларининг мурак-каблашувида ҳам сифат ўзгаришлари юз бергани кузатилади. XVII-XVIII асрлар корейс адабиёти поғоналарга ажратилган. Энг юқори даражани ханмундаги «юксак» наср ва назм эгаллаган, жанр жиҳатидан улар хитой насри ва назмига тўлиқ мос келган. Кейинги поғонада ханмундаги насрнинг кичик шакли – пхэсол турган, энг қуйи поғонадан эса корейс тилидаги адабиёт ўрин олган. Ўз навбатида, у ҳам уч: юқори (назм), ўрта («юксак наср» (кундаликлар ва ро-манлар) ва қуйи (корейс қиссалари ва новеллалари) даражаларга бўлинган. Хусусан, XVII аср корейс насрининг кичик шакллари – пхэсол равнақи билан тав-сифланади. Буни адабиёт инсон ички дунёсининг инъикоси эканлиги, халқнинг оғир ижтимоий аҳволини акс эттириши ва ҳаётнинг беқарорлиги билан изоҳлаш мумкин. XVII асрда корейс адабиётига янги ғоялар кириб келиши давом этди, унинг ижтимоий роли ўзгарди, янги шаклларни излаш ва яратиш, шунингдек, янги жанрларнинг пайдо бўлиши ва эски жанрлар шакл-шамойилининг ўзгариши каби жараёнлар юзага чиқди. Пхэсол услуби ўз етуклик даврига қадам қўйди ва бу, ҳеч шубҳасиз, унинг ғоявий-тематик кўламининг кенгайиши ва насрий асарларнинг янги тури – сосол пайдо бўлишига имконият яратди. Адабий жанрларнинг назарий адабиётшуносликда таснифи мавжуд бўлмаган корейс адабий тафаккурида сосол атамаси қисса, роман, ҳикоя сингари насрий асарларни қамраб олади. XVII аср корейс адабиётида катта ҳажмли асар – роман жанрининг тараққиётини бошлаб берди. Сюжетли асарлар яратган биринчи муаллиф Ким Манжун бўлган. («Са хонимнинг жануб бўйлаб саргардонликлари» ва «Тўққиз кишининг булутли туши» номли машҳур романларида корейс халқига хос дунёқарашнинг икки тенденцияси – одил инсон ва шахснинг ички уйғунлиги айниқса бўртиб намоён бўлади). XVII–XVIII асрларда корейс адабиётида янги шаклларни топиш йўлидаги изланишлар тарихий ва географик хусусиятга эга ханмундаги янги жанр – кундаликлар ривожланиши учун имконият яратади. Бунга Ли Сунсиннинг «Ҳарбий воқеалар кундалиги», Хван Чиннинг «Японияга саёҳат кундалиги» ва бошқалар мисол бўла олади.
Ушбу мақолада жаҳон иқтисодиётида туризм индустриясининг ҳиссаси ва унинг сўнгги йилларда жадал суръатлар билан ривожланаётгани ҳақидаги маълумотлар асосида мазкур соҳанинг Ўзбекистон иқтисодиётини юксалтиришда ҳам муҳим роль ўйнаши ва долзарб эканлиги ёритиб берилган. Шу билан бирга Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида туризм индустриясининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш тенденциялари таҳлил қилинган ҳамда унинг миллий иқтисодиётлардаги ўрни, роли ва устувор аҳамияти очиб берилган. Туризм бўйича илғор давлатлар сафида турувчи ва минтақа давлатлари ичида эса пешқадам ҳисобланган Туркия ҳамда бошқа ноараб давлатлардан бўлган Эрон ва Исроилда мазкур соҳанинг ривожига ижобий ёки салбий таъсир этувчи омиллар кўрсатиб берилган. Мақолада халқаро туризм ҳолатини акс эттирувчи иқтисодий кўрсаткичлар, яъни мамлакатларга ҳар йили ташриф буюрадиган сайёҳлар сони, туризмдан келадиган даромад ва унинг ЯИМ даги ҳиссаси бўйича статистик маълумотлар жадвал шаклида келтирилган. Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларидаги туризм ривожи ушбу соҳадаги жаҳоннинг илғор мамлакатлари кўрсаткичлари билан қиёсланган. Туризм ривожи учун биринчи навбатда, энг муҳим омил – бу мамлакатдаги тинчлик-хотржамлик ва ижтимоий-сиёсий барқарорлик эканлиги алоҳида таъкидланган. Шунингдек, туризмни ривожлантириш Ўзбекистон учун ҳам аҳамиятга молик экани ҳамда унинг яқин истиқболдаги прогноз кўрсаткичлари баён этилган.