Мазкур мақолада Машриқ араб (Миср, Сурия, Ливан, Фаластин, Иордания, Ироқ) мамлакатлари адабиётида ХХ асрнинг 1960–1970 йиллардаги ғоявий-эстетик ўзгаришлар, жумладан, ҳикоя жанрининг ривожланишида услубий ва мазмуний такомиллашуви ёритилган.
Ушбу мақола юртимизда Ислом дининг ажралмас бўлаги бўлган тасаввуф илми йўналишида шаклланган мактаби ва унинг ўзига хос хусусиятларига бағишланган. Бугунги илм-фан ютуқлари доирасида Ислом оламининг тасаввуфий мактаблари қаторида Мовароуннаҳр зикр этилмайди ва уни Хуросон мактабига қўшиб юбориш анъанаси мавжуд. Мовароуннаҳрнинг тасаввуф мактаби асосан Абдухолиқ Ғиждувоний, етти пир силсиласи ва Баҳоуддин Нақшбанд фаолияти доирасида машҳур. Аммо ушбу соҳада тамал тошини қўйган дастлабки намоёндаларидан бири сифатида Муҳаммад Ҳаким Термизий омили жуда муҳим бўлиб, уларнинг бари бирлаштирилиши ушбу йўналишнинг ўзига хос белгиларга эга мактаб сифатида асосланишида ўзига хос аҳамият касб этади. Зеро, аниқланишича, ушбу мактаб вакиллари, хусусан, Ғиждувоний ва Нақшбанддек улуғ пешво зотлар ва Муҳаммад Ҳаким Термизий қарашларида маслак жиҳатидан юқорида даражадаги уйғунлик мавжуд. Бу умумийликнинг эса Ислом оламининг бошқа жойларидаги мактабларидан кескин фарқлари мавжуд. Ана шу фарқли жиҳатлар ва ўзига хосликлар эса Мовароуннаҳр сулук йўналишини “мактаб” сифатида ўрганишни тақозо этмоқдаки, ушбу масала ҳали юртимиз ва жаҳон миқёсида етарли даражада тадқиқ этилиши лозим бўлиб қолмоқда. Мовароуннаҳр тасаввуф мактабининг ўзига хос белгилари Муҳаммад Ҳаким Термизий томонидан етарли даражада назарий жиҳатдан пишитилганидан сўнг Абдухолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбандлар фаолияти орқали амалий тарзда ўз чўққисига кўтарилди, дейиш мумкин. Ушбу мактаб ўз даврида бутун Ислом дунёси миқёсида диннинг асл мақсад-мазмунини ифодаловчи ислоҳотчилик ҳаракатларини намоён этган. Жумладан, Ғиждувоний илк бор махфий зикрни амалиётга киритган шахс, Баҳоуддин Нақшбанд эса ушбу амалиётни қатъийлаштирган ва тасаввуфнинг шахсий камолот пойдеворида ижтимоийлашувини суҳбат, касб лозимияти каби омиллар орқали мустаҳкамлаган пешво сифатида намоён бўлади. Бу икки шахс ҳам илм-фан йўлида барча мусулмонлар саъй-ҳаракат қилиши лозимлигини асосий қоида сифатида тасаввуф доирасига қайтарган ва соликлар учун рашҳалар тизимини ишлаб чиқиш орқали юксак ғоявий асос, тартиб-интизомли амалиёт – аниқ мақсадли ҳаракатлар доирасини аниқлаштирган. Энг муҳими эса, улар жорий этган ушбу қоидаларнинг бари Мовароуннаҳрда X-XI асрларда алоҳида мактаб сифатида эътироф этилган ва Муҳаммад Ҳаким Термизий томонидан асос солинган “ҳакимия” мактабининг назарияси устида бино қилинган. Хусусан, рашҳалар, касб, илм-фаннинг бирламчилиги ва бошқа кўплаб жиҳатлар айнан ушбу мактаб белгилари эди.
Ушбу мақола Қатар замонавий бадиий насрининг ривожланиш муаммосига бағишлаган. Унда кўтарилган масалалар замонавий адабиётшуносликда тан олинган баъзи миллий адабиётларнинг “жадал ривожланиш назарияси” га мос келади. Мақолада Қатарнинг бадиий насри қисқа вақт ичида жадал ривожланиб, ўрта аср адабий анъаналаридан замонавий китобхоннинг талаби ва дидига мос келадиган асарларни яратишга ўтганлиги қайд этилади. Қатарда замонавий насрнинг ривожланиши ХХ асрнинг иккинчи ярмида ушбу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётида рўй берган улкан ўзгаришлар фонида кўриб чиқилган. Форс Кўрфази араб давлатлари - Кувайт, Баҳрайн, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари ва Уммон, яъни Халиж араб мамлакатлари жадал иқтисодий ривожланиши даврида технологик тараққиёт туфайли жаҳон маданияти ва жаҳон адабий жараёни билан, авваламбор маданий жиҳатдан энг ривожланган араб мамлакатлари- Миср, Сурия, Ливан ва Ироқнинг адабий тажрибаси билан танишдилар. Мақолада муаллиф ҳикоя жанри мисолида заиф ва содда сюжетли, панднасиҳат билан суғорилган кичик асарлардан замонавий ҳикоя тушунчасига мос келадиган етук жанрга айланганини кузатиб таҳлил қилади. ХХ аср 70-йилларида адабиётга Иброҳим Суқр Марихи, Кулсум Жобир, Фотима Туркий каби моҳир сўз усталари кириб келдилар. Улар Қатар ҳикоя жанрининг такомиллашувига катта ҳисса қўшиб, илк бор замонавий воқеликнинг муҳим муаммоларига ўз эътиборларини қаратдилар ва уларни бадиий ифода этдилар. Муаллифнинг фикрича, ана шундай муҳим муаммолардан бири қатарлик аёлни мавқеини кўтариш, яъни ўз овозига, таълим олишга, касб танлаш ҳуқуқларига эга бўлиш муаммоларидир. Ғарб адабиёти билан танишуви туфайли Қатар ҳикояси ўз ривожланиш босқичларида модернистик тенденцияларга ҳам дуч келди. Психологизм, қаҳрамон тасвирининг турлилиги, унинг ўзига хос дунёқарашини акс эттирувчи жиҳатлари билан ажралиб турадиган ҳикоялар пайдо бўлди. “Онг оқими”, “ассоциатив фикрлаш”, “матности” каби модернистик усуллардан фойдаланиб, ёзувчилар ўз қаҳрамонининг руҳий инқирози, оғриқли маънавий изланишларини акс этдилар. ХХI аср бошларига келиб, Қатар адабиётига янги ёш авлодлар қўшилди, улар ижтимоийахлоқий масалаларга оид шу пайтгача ҳали ёндошилмаган муаммоларни кўтариб, ўткир сюжетли хикояларни яратишга ҳаракат қилиб келишди.
Мазкур мақолада Яқин Шарқ энергетика муносабатларининг сўнгги ривожланиш тенденциялари, халқаро ва минтақавий воқеаларнинг унга таъсири, минтақа энергетика хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб муаммолари ўрганилган. Шунингдек, дунё миқёсида энергия ресурслари таъминоти масалалари бўйича етакчи давлатларнинг стратегиялари, Яқин Шарқда янги энергетика муносабатларининг шаклланиши билан боғлиқ геосиёсий, геоиқтисодий ўзгаришлар таҳлил қилинган. Яқин ва Ўрта Шарқнинг етакчи нефть ишлаб чиқарувчи мамлакатларининг глобал ва минтақавий даражадаги энергетика дипломатияси ва ташқи сиёсати қиёсий-таҳлилий кўриб чиқилган. Бугунги кунда Яқин Шарқ минтақасидаги энг муҳим диққат-эътибор объекти, шубҳасиз, энергия ресурслари масаласидир. Бу Яқин Шарқ мамлакатларининг ривожланиш эҳтиёжлари билан узвий боғлиқ бўлиб, минтақа давлатларининг фаровонлиги, хавфсизлик ва барқарорлигини таъмин-лашда ёқилғи-энергетика имкониятлари муҳим аҳамият касб этади. Ўзининг улкан захираларига эга Яқин Шарқ ХХI асрда ҳам АҚШ, Хитой, Европа Иттифоқи ва Россия каби етакчи давлатларнинг геосиёсий манфаатлари тўқнашган минтақа, турли қарама-қаршиликлар нуқтаси бўлиб қолмоқда. Глобаллашув шароитида мамлакатларнинг энергетика хавфсизлиги глобал сиёсий жараённинг энг муҳим вазифасига айланмоқда. Углеводород захираларининг камайиши, нефть қазиб олувчи мамлакатларда сиёсий ва иқтисодий инқирозларнинг кучайиши, хом ашё истеъмолининг кескин ортиши оқибатида энергетика хавфсизлиги муаммоси долзарб аҳамият касб этиб, халқаро вазиятнинг кескинлашиши шароитида энергетика хавфсизлигини таъминлаш халқаро муносабатлар иштирокчилари учун муҳим вазифага айланмоқда. Бугунги кунда дунёдаги етакчи нефть қазиб олувчи ўнта давлатдан бештаси Яқин Шарқда жойлашган бўлиб, Саудия Арабистони, Эрон, Ироқ, Кувайт ва БАА шулар жумласидандир. Дунё бўйича нефть қазиб олишнинг чорак қисмидан кўпроғи ушбу мамлакатлар гуруҳига тўғри келади. Минтақада энергия ресурсларини ишлаб чиқариш нафақат Яқин Шарқдаги иштирокчиларга, балки минтақавий бўлмаган акторларга, бутун халқаро энергетика хавфсизлиги тизимига таъсир кўрсатади. Мақоланинг хулоса қисмида Яқин Шарқ минтақасида энергетика хавфсизлигини таъминлаш, минтақа давлатларининг халқаро ва минтақавий даражада энергетика муносабатлари ва конструктив мулоқотининг замонавий механизмларини шакллантириш борасидаги илмий тавсиялар илгари сурилган.
Мазкур мақолада ХХ асрнинг иккинчи ярми Миср, Сурия, Ливан, Ироқ, Фаластин, Иордания каби араб мамлакатлари адабиётидаги ҳикоя жанрининг эволюцияси қиёсий-типологик, қиёсий-тарихий жиҳатдан таҳлил этилиб, ҳикоя жанрининг ХХ аср давомидаги тараққиёт йўли ишлаб ёритилган. ХХ асрда ижод қилган араб ёзувчиларининг ҳикояларини таҳлил этиш асосида жаҳон адабий жараёнидаги замонавий йўналиш ва оқимларнинг таъсири ва мослашув жараёни очиб берилган. Замонавий араб ҳикоячилигида ўрта аср араб насрига хос поэтик анъаналарнинг янгича ифода тарзи, қадимги Шарқ халқлари ҳамда юнон мифларига ижодий ёндашув масаласи акс эттирилган. Шунингдек, қадимги диний манбаларда келтирилган қиссаларнинг мавзу ва образларининг янгича талқинда берилганлиги ёритилган. Мақолада замонавий араб ҳикоячилигида «қисқа ҳикоя», «узун ҳикоя», «энг қисқа ҳикоя» каби шаклларининг мавзу кўлами ва поэтикаси таҳлил қилинган.
Ушбу мақола юртимиздаги астрономия тарихи, хусусан, мовароуннаҳрлик олимларнинг ушбу соҳага оид фаолиятига бағишланган. Мовароуннаҳрнинг дастлабки астрономлари сифатида Мусо ал-Хоразмий ва Аҳмад ал-Фарғонийларни қайд этиш мумкин бўлса-да, уларнинг фаолиятида Ироқ, Сурия ва Мисрдаги фаолият устуворлик касб этади. Шу нуқтаи назардан маҳаллий мактаблар ва уларнинг ривожини кузатиш ҳам долзарб аҳамиятга эга. Бу жараёнда эса ҳозирги Сурхондарё вилояти ҳудудларида жойлашган Термиз ва Чағониён вилоятларининг ўзига хос ўрни бор. Жумладан, устурлобнинг ислом дунёсига кириб келганидан тахминан 70 йилча ўтиб Муҳаммад Ҳаким Термизий (тахм. 820-932) орқали Термиз ҳудудида ҳам ишлатила бошланганлиги алоҳида аҳамиятга эгадир. Ундан кейин ҳам X аср охирларида Аҳмад Устурлобий Чағонийнинг Бағдод расадхоналаридаги фаолияти ҳам алоҳида диққатга сазовор бўлиб, унинг қўлёзмалари Туркия, Ҳиндистонда, Дамашқ, Англия ва Парижда сақланади. Уларни ўрганиш ҳам шубҳасиз ҳозиргача етарли даражада тадқиқ этилмаган юртимиз олимлари ва маҳаллий астрономия тарихини ўрганишга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади. Термиз, умуман, Сурхон воҳасида амалда бўлган астрономия мактаби ўзининг маълум маънодаги чўққисига саййид Абулқосим Маждиддин Али ибн Жаъфар даврида 1135-1146 йиллар оралиғида Термизда 10 йил давомида қурилган расадхона тимсолида чиқди, дейиш мумкин. Бу расадхонада Адиб Собир Термизий каби маҳаллий олимлар ҳам ишлаганлиги диққатга сазовор. Ҳожи Халифа (1609-1657) Саййид Жамолиддин Абу Жаъфар Ҳусайн ибн Мажд Али ибн Аҳмад Ҳусайний Термизий Айнийнинг нужум илми аҳкомларига оид туркий тилдаги “Мазақ ал-ушшоқ фий илм ал-офоқ (Уфқлар ҳақидаги илм борасида ошиқлар топган таъм) китоби ҳақида маълумот беради. Шунингдек, Ҳожи Халифа “Ҳақоиқ ал-ирсод” (Кузатувлар аниқлиги) номли асардаги ўлчов андазалари ҳақида берган айрим маълумотлар унда қайд этилган кузатувлар Термизда бўлганлигини ёки бу узунлик ва ўлчовлар Термиз андозаларига кўра эканлиги маъносини билдиради. Тадқиқот натижаси сифатида айтиш мумкинки, Сурхон воҳасининг астрономик мактаби ҳам юртимиз ва ислом дунёси миқёсида ўз ўрнига эга мактаб даражасида шаклланган бўлиб, бу тўғридаги тадқиқотларни янада кенгайтириш халқимизнинг интеллектуал салоҳияти тарихини ёритишда муҳим аҳамиятга эга.