Мазкур мақола XIX аср иккинчи ярмида Тошкент шаҳрининг ташқи савдо муносабатларида тутган ўрни масаласинингархив ҳужжатларида ёритилишига бағишланган. Шу мақсадда Ўзбекистон Миллий архиви фондларида сақланаётган ҳужжатлар мисолида Тошкент шаҳрининг ички ва ташқи савдодаги аҳамияти, у ердан ички ва ташқи савдога чиқарилган товарларнинг турлари, нархнаволари, ўлчов бирликлари, савдо молларидан олинадиган бож солиқлари тўғрисидаги маълумотлар таҳлил қилинади. Тарихимизга назар ташласак, Тошкент шаҳри азалдан Буюк ипак йўлининг муҳим бўғинларидан бири сифатида савдо муносабатларининг фаол марказлардан бўлиб келган. Тошкент Ўрта Осиё хонликлари доирасидаги интенсив ички савдо-иқтисодий муносабатлардан ташқари, Евросиё кўчманчи чорвадор минтақа билан ҳамда яқин ва узоқ хориж давлатлари, жумладан Хитой, Россиянинг Европа ва Сибирь қисмлари, Шарқий Туркистон, Еттисув билан савдо алоқалари олиб борадиган асосий билан шаҳар эди. Тошкентнинг савдо алоқаларида шаҳарнинг маълум товарларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган маҳаллаларида яшайдиган уста-ҳунармандларнинг роли катта бўлган. Шунинг учун маҳаллалар қайси маҳсулотни ишлаб чиқаришга мослашган бўлса, шу маҳсулот номи билан аталган. Масалан, “пичоқчи”, “мисгарлик”, “сағбон”, “ўқчи”, “кўнчи”, дегрез, эгарчи ва б. Тошкент аҳолисининг катта қисми мавзуимиз хронологияси доирасида дала ҳовли-шаҳар ҳовли хўжалик тизими асосида яшар эди. Масалан, Себзор, маҳаллалари аҳолиси Юнусобод, Ҳасанбой, Кўктерак мавзеларида, Шайхонтаҳур даҳаси аҳолиси Кўкча, қисман Салор-Қорасув йўналишида, Бешёғоч маҳаллалари аҳолиси Чўпонота-Қаъни-Дўмбиработ мавзеларида ва ҳоказо, боғдорчилик билан шуғулланиб, ташқи савдога қуруқ мева етказиб берган. Тошкент шаҳри атрофидаги работлар ташқи савдони тартибга солиб туришда, бож ва хирож масалаларини ҳал қилишда алоҳида роль ўйнаган. Карвонсаройларда бошқа мамлакатлардан келган савдогарлар тўхташган ва молларини сақлаш билан баробар, кўпинча улгуржи савдо келишувларини амалга оширишган. Булар ўз навбатида Тошкент шаҳрининг хўжалик ҳаётида ташқи савдо муҳим ўрин эгаллаганидан далолат эди. Мақолада Тошкентдан четга олиб кетилган товарларнинг нарх-наволари, уларнинг миқдори, қандай транспорт воситаларида ташиб кетилганлиги, йиғилган бож солиқлари бўйича маълумотлар таҳлил қилинган.
Ушбу мақолада Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатида куч ишлатмаслик ва тинчликни сақлаш ғоялари концептуал ва доктринал асосларининг ривожи тадрижий асосда таҳлил қилинган. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий курси, аввало, давлат ва жамият учун ҳаётий муҳим бўлган вазифаларни таъминлашга қаратилган курсдир. Ўзбекистон ташқи сиёсатининг стратегияси, аввало, мамлакатнинг дунё ҳамжамиятига қўшилишини таъминлашга қаратилган.
Халқаро муносабатлардаги ҳозирги мураккаб шароитда мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувини янада чуқурлаштириш Ўзбекистон ташқи сиёсати олдида турган муҳим вазифа ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсати ва ташқи сиёсий фаолиятининг концептуал ғояси – хавфсизликнинг бўлинмаслиги ва уни таъминлашда фақатгина биргаликда ва ўзаро ҳамкорликда ҳаракат қилишдир. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида миллий ва минтақавий хавфсизлик муаммоси муҳим ўрин тутади.Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатидаги асосий вазифалардан бири ўтган барча йиллар мобайнида Марказий Осиё давлатлари учун ҳам, минтақага чегарадош улкан географик макон учун ҳам жуда зарур бўлган минтақавий хавфсизлик тизимини шакллантиришдир. Ташқи сиёсатимиз учун яна бир илғор ғоя – Марказий Осиё муаммоларининг ташқи кучлар аралашувисиз минтақадаги давлатларнинг ўзлари томонидан ечилиши зарурлигини алоҳида қайд этиш жоиз. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг тамал тоши куч ишлатмаслик ва куч ишлатиш билан таҳдид қилмаслик, тинчликни сақлаш ва таъминлаш бўлиб келмоқда. Мақолада республика ташқи сиёсатида кечаётган ўзгаришлар, уларнинг норматив мустаҳкамланиши, яқин, ўрта ва узоқ келажакдаги марралари тадқиқ этилган ва шу асосда қатор илмий хулосалар берилган ва амалий таклифлар илгари сурилган.
Мазкур мақола XIX аср - XX аср бошларида сайёҳлар, элчилар, дипломатик амалдорлар, тадқиқотчиларнинг асарларида Бухоро амирлиги билан Афғонистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг ёритилиши масаласи ўрганиб чиқилади ва маълумотлар таҳлил қилинади. Хусусан, 1825 йил «Азиатский Вестник» журналида босилиб чиққан Габайдулла Амировнинг мақоласида ўша даврдаги Бухоро-Афғонистон савдо алоқаларининг муҳим томонлари, Афғонистондаги савдо марказлари бўлган Ҳирот, Кобул каби шаҳарларда бошқа шарқ давлатларининг савдогарлари билан бир қаторда бухоролик савдогарларнинг фаолиятлари кўриб чиқилади. Ишда 1820-1821 йилларда Бухоро амирлигида бўлган А.Ф.Негри бошчилигидаги экспедиция вакилларидан табиатшунос Е.К.Мейендорфнинг асари кўриб чиқилади, унда Бухоронинг Афғонистонга чиқарадиган ташқи савдоси билан боғлиқ бўлган қишлоқ хўжалигида етиштириладиган пахта маҳсулоти, икки давлат ўртасидаги Балх орқали Кобулга ва Бухородан Ҳиротга борадиган савдо йўллари борасидаги маълумотлари алоҳида қайд этилади. Мақолада XIX асрнинг 30 йилларидан Бухоро амирлиги билан Афғонистон савдо алоқаларига алоҳида эътибор қаратилганлиги эътироф қилинади. Рус шарқшуноси П.С.Савельевнинг мақоласида шарқ давлатларининг савдо муносабатларида Бухоронинг муҳим роль ўйнаганлиги, Бухородан Эрон ва Афғонистонга борадиган учта карвон йўли ҳақидаги маълумотлар таҳлил қилинади. Шу даврда Британия ҳукуматининг махсус топшириғи билан Ўрта Осиёга жўнатилган Бернс асаридаги Бухорода афғонлар масаласи, уларнинг савдо фаолияти кўриб чиқилади, айниқса, Ғазна туманида яшовчи афғон қабилалари — лоҳанийлар масаласи тадқиқ қилинади. 1833-1834 йилларда Бухорога махфий кўрсатма билан элчи қилиб жўнатилган П.И.Демезон, 1835—1836 йилларда рус офицери И.В.Виткевич тўплаган маълумотлар тадқиқотга тортилган. XIX асрнинг 40 йилларида Н.В.Ханиковнинг асарида Бухорога турли мамлакатлар қатори Афғонистондан келтириладиган товарлар, Бухоро билан Кобул ўртасидаги савдо карвонларининг қатнови, савдо товарлари тўғрисида маълумотлар кўриб чиқилади. XIX асрнинг 50 йилларидан Россия Ўрта Осиё хонликларининг Афғонистон билан муносабатларини ўрганишга катта аҳамият берган. Рус географик жамияти аъзоси бўлган П.Небольсиннинг тадқиқотидаги Бухородан Кобулга анъанавий товарлар: ипак, эчки жуни, бўз каби товарлар қаторида кўпроқ рус товарлари: мис, қозон, сандиқ, пичоқ, қайчи, нина, тери, устара, зар ип, заррин жияк, кашениль деб аталувчи қизил рангли бўёқ, енгил ипак матолар ва мовут келтирилганлигини ҳамда Бухоро билан Афғонистон шаҳарлари ўртасидаги оралиқ масофалар ҳам кўриб чиқилган. XIX аср иккинчи ярми - XX аср бошларига оид тадқиқотларда, хусусан А.Вамбери, М.И.Венюков, В.В.Григорьев, В.И.Масальский, М.А.Терентьев, А.Г.Серебренников, Д.Н.Логофет, Губаревич-Радобильский ва бошқаларнинг асарларида ўлкадаги ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий масалаларга оид хабарлар қаторида Бухоро амирлиги билан Афғонистон ўртасидаги савдо алоқаларига оид маълумотлар тадқиқ қилинган.
Мақолада Ўзбекистон Республикасида ташқи иқтисодий битимларни ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш билан боғлиқ масалалар ёритилган. Ташқи иқтисодий битим – бу бир тарафи чет эл контрагент ёки бошка давлатда жойлашган тижорат корхонаси бўлган, битим харакати чет элга чиқариш ёки чет элдан олиб киришга каратилган, контрагент билан хисоб-китобларда чет эл валютасидан фойдаланиладиган битим тушунилади. Ташқи иқтисодий битимнингнинг айрим турлари Ўзбекистон Республикасининг миллий қонунчилигида, яъни дистрибьютор ва форфейтинг шартномалари акс еттирилмаганлиги аниқланди.
Мақола ташқи иқтисодий битимлар шартлари, уларнинг мазмуни ва талаблари, хусусан, ҳуқуқни қўллаш, арбитраж келишуви бандини акс еттириш, шартнома тилининг афзалликларини аниқлаш, нодавлат тартибга солиш меъёрларини қўллаш пайтида нотўғри шаклланиши билан боғлиқ турли хил муаммолар мавжудлиги қайд етилган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида акс еттирилмаган ташқи иқтисодий битимларнинг айрим турларига, яъни дистрибьютор ва форфейтинг шартномага, ташқи иқтисодий битимларнинг айрим турларига, интернет- кимошдиларга, интернет-танловларга ёки интернет-биржаларга нисбатан ҳуқуқни қўллаш амалдаги қонун таърифини тартибга солиш зарур, деган хулосага келинади.
Хорижий тажриба ва илмий-назарий қарашларни ўрганиш асосида ташқи иқтисодий битимларнинг айрим турларини тартибга солиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш йўллари ўрганилди. Таҳлил натижалари асосида тегишли хулосалар чиқарилиб, амалдаги қонунчиликка оид таклифлар ишлаб чиқилди
Мақолада Суриянинг минтақавий сиёсати атрофлича кўриб чиқилган, расмий Дамашқ томонидан амалга оширилган ташқи сиёсий курс эволюцияси ва трансформацияси таҳлил этилган. Ушбу мақолада минтақавий муаммонинг вужудга келиши ва ривожланишининг сиёсий замини тадқиқ этилади, унинг ўзига хос жиҳатлари очиб берилади, шунингдек, Яқин Шарқ муаммосининг эволюциясига таъсир қилган ва бугунги кунда ҳам муайян шаклда ўз таъсирини сақлаб қолган ташқи омиллар таҳлил қилинган. Сурия раҳбариятининг Яқин Шарқ минтақаси давлатлари билан муносабатларни ўрнатишга қаратилган ташқи сиёсий изчилликларига баҳо берилган. Шу билан бирга Суриядаги ҳарбий можаронинг вужудга келиши шарт-шароитлари таҳлил қилинган. Суриянинг ташқи сиёсий фаолиятига оид масалалар тадқиқ этилади, минтақавий сиёсатига таъсир қилувчи омиллар очиб берилади, Яқин Шарқ муаммоси бўйича расмий Дамашқ мавқеи кўрсатиб берилади. Минтақада шаклланган янгича геосиёсий вазиятнинг Сурия ташқи сиёсати эволюциясига таъсири таҳлил қилинган. Мамлакат сиёсий ҳаётига сезиларли таъсир қилган ташқи омилларни ўрганган ҳолда Суриянинг ташқи сиёсати кўриб чиқилган. Мақолада чел эллик шарқшунос олимларнинг илмий тадқиқот ишларида Сурия ички ва ташқи сиёсати, унинг хорижий мамлакатлар билан икки томонлама алоқаларини тадқиқ этишга алоҳида эътибор қаратилган. Бунда хорижий тиллардаги илмий адабиётларда Суриянинг ички сиёсати, мамлакатдаги ҳарбий-сиёсий, диний вазият, миллатлараро ва конфессиялараро муносабатлар, ташқи сиёсатининг ўзига хос жиҳатлари ҳамда ташқи сиёсий қарор қабул қилиш механизмларини очиб беришга алоҳида эътибор берилгани зикр этилган. Шу билан бирга Суриянинг бугунги кундаги ички ва ташқи сиёсатининг алоҳида жиҳатларини комплекс ўрганишга муайян эҳтиёж мавжудлиги қайд этилган.
Мақолада ташқи иқтисодий фаолият тушунчаси, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ташқи иқтисодий фаолиятнинг акс эттирилиши, ташқи иқтисодий фаолият замирида амалга ошириладиган ўзаро алоқалар турлари, бу борада назария ва хуқуқ
ижодкорлиги соҳасида олимлар орасидаги фарқли қарашлар акс этган.
Мақолада Ҳиндистон ижтимоий-иқтисодий моделининг ўзига хос жиҳатлари ва ривожланишининг замонавий тенденциялари, ташқи савдоси таҳлили ва уни тартибга солиш амалиёти, мамлакат иқтисодиётини модернизациялашда экспорт салоҳиятини оширишнинг аҳамияти, импорт таркибини мақбуллаштириш, ҳамда хорижий инвeстицияларни жалб этиш ва ташқи инвeстиция сиёсати хусусиятлари каби масалалар ёритилган. Ҳиндистон туризмнинг асосий турлари ривожланган марказлардан биридир. Ҳиндистон миллионлаб саёҳатчиларни денгиз ва тоғлар бўйлаб дам олиш, сайёҳлик ва архитектура ёдгорликлари, унутилмас дам олиш, фестивал ва карнаваллар, маънавий юксалиш ва мамлакатнинг маданияти, урф-одатлари ва маънавий меросига чуқур сингиб кетиш имкониятини таклиф этади. Ҳиндистон сайёҳликни ривожлантириш учун ноёб табиий, рекреацион, маданий ва тарихий манбаларга эга бўлган Осиё минтақасининг муҳим манзили эканлиги очиб берилган. Мамлакатда алоқа ва ахборотлаштириш, саноат ва дам олиш, дунёнинг кўплаб мамлакатларида аҳолининг фаровонлиги жадал ривожланиб бораётгани сайёҳликнинг ички ва ташқи сайёҳлик сафарларини, туризм турларини ва йўналишларини диверсификация қилиш даражасини кескин оширди. Бундан ташқари, Ҳиндистонда туризм соҳасининг ривожланиш босқичлари ва йўналишлари, ҳамда мавжуд эркин иқтисодий ҳудудларнинг мамлакат ташқи иқтисодий фаолиятининг муҳим шакли сифатида қаралган. Мақола охирида мавзу бўйича фикр ва мулоҳазалар келтирилиб, аниқ хулоса кўрсатилган.