Мақолада темир йўл транспортида халқаро йўловчи ташиш муносабатларини коллизион-ҳуқуқий тартибга солиш масалаларини таҳлил қилишга ҳаракат қилинган. Муаллиф халқаро темир йўл ташишларига нисбатан қўлланиладиган бориш мамлакати қонуни, жўнатувчи давлат қонуни, етиб бориш (багажга нисбатан қабул қилиб олиниши белгиланган) мамлакат қонуни, шартнома тузилган давлат қонуни, воқеа содир бўлган жой қонуни, юридик шахс (ташувчи) қонуни каби коллизион боғловчиларни кўриб чиққан. Муаллиф олиб борилган тадқиқот натижасида миллий қонунчилигимизда халқаро ташиш муносабатларига нисбатан қўлланиладиган коллизион нормалар турларини кўпайтиришни таклиф қилади.
Миллий адабий меросни қўлёзма ва тошбосма манбалар ҳамда архив ҳужжатлари асосида ҳар тарафлама чуқур ўрганиш, илмий тадқиқ этиш, ундан жамият маънавиятини юксалтириш йўлида фойдаланиш бугунги кунда адабиётшуносликнинг ҳар қачонгидан ҳам долзарб вазифаларидан бирига айланди. Зеро, “Бирон-бир жамият маънавий имкониятларини, одамлар онгида маънавий ва ахлоқий қадриятларни ривожлантирмай ҳамда мустаҳкамламай туриб ўз истиқболини тасаввур эта олмайди”.
Бугун, айниқса, XIX аср охири XX аср бошларидаги адабий жараённи, бу даврда яшаб фаолият кўрсатган, миллатни юксак маданият ва маърифатга тарғиб этган маърифатпарвар ижодкорлар меросини ўрганиш айрича аҳамиятга эга. Бинобарин, “...жамият тараққиётининг асоси, уни муқаррар ҳалокатдан қутқариб қоладиган ягона куч – маърифатдир. Асримиз бошида Туркистонда кечган воқеаларни бир эсланг. Нега бу ўлкада ўша йиллари маърифатчилик ҳаракати ҳар қачонгидан ҳам кучайиб кетди? Негаки, чор Россияси асоратига тушиб қолиб, буткул таназзулга юз тутган ўлкани уйғотишга, халқнинг кўзини очишга фақат маърифат орқалигина эришиш мумкин эди”
Шу жиҳатдан, миллий уйғониш даври ўзбек адабиётининг йирик намояндаси, шоир ва адиб, адабиётшунос ва мутаржим, муаррих ва этнограф сифатида ўзидан бой мерос қолдирган, хаттотлик ва журналистик фаолияти билан миллий маънавият ривожига улкан ҳисса қўшган, замонасининг машҳур табиб-ҳакимларидан бири сифатида эл дардига малҳам бўлган серқирра истеъдод соҳиби Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат ижодиётини, айниқса, шоир ҳаётининг ўн саккиз йили кечган хориждаги даврини илк манбалар асосида тадқиқ этиш муҳим аҳамиятга эга.
Фурқатшуносликда шоир ҳаёти ва ижодий фаолиятининг хориждаги даври ҳақида мулоҳаза билдирилган тадқиқотлар муайян даражада мавжуд. Шунга қарамай, уларни таҳлил этиш натижалари бу борада қилиниши зарур бўлган ишлар кўп эканлигини кўрсатади.
Бу ҳақдаги энг дастлабки маълумот Исмоилбек Гаспрали муҳаррирлигида нашр этилган “Таржимон” газетасининг 1896 йил 18 август 32-сонида учрайди. Газетадаги “Кошғар” сарлавҳали хабар-мақолада Фурқат машҳур ўзбек шоири ва сайёҳи сифатида эътироф этилади. Унинг Ёркент маданий ҳаёти ҳақидаги публицистик мақоласи хусусида мулоҳаза юритилади. Хабар-мақола, жадид матбуотининг Фурқат ижодига муносабатини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.
XX аср бошида Оренбургда нашр этилган “Шўро” журнали ва унинг Туркистон жадидчилик ҳаракатида тутган мавқеи мутахассисларга аён. Мазкур журналнинг 1909 йил 1-сонидаёқ Фурқатнинг “Мухаммас Муҳаммад Худоёрхон тилидан” асари тўла ҳолда эълон қилиниши шоир ижодиётига жадид мутафаккирларининг катта қизиқиш билан қараганлигини кўрсатувчи яна бир муҳим далилдир
Шу пайтгача Фурқатнинг чет эллардаги ҳаёти ва ижоди у ёки бу даражада тадқиқ этилган бир қанча мақолалар тўпламлари 5 , рисолалар 6 , танқидий-биографик очерк 7 , услубий қўлланма 8 ҳамда монографик асарлар 9 яратилди. Мазкур тадқиқотларда Фурқат ҳаёти ва ижодий фаолиятининг хориждаги даврини ўрганиш жиҳатидан муайян ютуқлар қўлга киритилди. Бизнингча, уларда эришилган илмий натижаларни қуйидагича тасниф этиш мумкин:
1. Ўша пайтдаги сафар йўллари йўналиши асосида Фурқатнинг чет элларга қилган саёҳати маршрути белгиланди 10 .
2. Шоирнинг хориждаги ҳаёти ва ижодий фаолиятига оид янги манбалар аниқланиб, илмий муомалага киритилди, тадқиқ ва таҳлил этилди 11 .
3. Фурқат чет элларда ёзган бир қанча асарларнинг илмий таҳлили амалга оширилди 12 .
4. Шоирнинг хорижга кетиш ва юртга қайта олмаслик сабаблари ҳақида турлича мулоҳазалар билдирилди.
Кўриниб турибдики, адабиётшуносликда Фурқат ҳаёти ва ижодининг хориждаги даврини илмий ўрганиш борасида муайян ютуқлар қўлга киритилган. Лекин, мазкур тадқиқотларнинг аксарияти учун, хусусан, шўро замонида яратилган илмий ишлар учун хос бўлган, яққол кўзга ташланиб турадиган ва асл моҳиятга кўпда мувофиқ келавермайдиган бир хусусиятни ҳам айтмасликнинг иложи йўқ. Бу ҳам бўлса, деярли ҳар бир шеър, ҳар бир асар талқинида коммунистик мафкура талаблари асосидаги ёндашувнинг, шоирни ўзи яшаб турган тузумдан норози, жабрдийда қилиб кўрсатишга, уни сунъий равишда динга, диндорларга қарши қўйишга уринишнинг очиқ сезилиб туришидир. Шунинг ўзиёқ бу асарларни янгича тафаккур асосида қайта баҳолаш, уларни биринчи навбатда бадиият намунаси сифатида тадқиқ этиш ва адабиётимиз тарихида тутган ўрнини белгилаш нечоғлик долзарб вазифалардан эканлигини кўрсатади.
Мазкур тадқиқотларда эришилган илмий натижаларни заррача камситмаган ҳолда, таъкидлаш жоизки, уларда Фурқат ҳаёти ва ижодининг хориждаги даврини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга бўлган қуйидаги масалалар етарлича ўрганилмаган:
1. Фурқатнинг хорижга кетиш ва юртга қайта олмаслик сабаблари.
2. Шоирнинг чор Россияси мустамлака сиёсатига муносабати.
3. Фурқатнинг хорижда ёзилган айрим асарларининг илмий таҳлили (Масалан, “Қавоиди Чин ва умуроти сиёсий”, “Рус аскарлари таърифида”, “Масарратнома” ва ҳ.қ.).
4. Шоирнинг ҳар бир хорижий мамлакатда қанча муддат бўлганлиги.
5. Фурқатнинг чет элларда ёзган асарлари матний тадқиқи.
Қуйидаги масалалар эса мутлақо ўрганилган эмас:
1. Фурқатнинг Араб мамлакатларида яшаган даврида яратилган диний-маърифий мавзудаги асарлари (“Ҳажнома” ва шу йўналишдаги шеърлари);
2. Хорижда ёзган асарларининг илк манбалар билан муқоясаси;
3. Шоир ҳаёти ва ижодига чет эллик олимларнинг муносабати;
4. Фурқат асарларининг хориждаги нашрлари таҳлили.
Ушбу илмий иш мавзуси мазкур муаммоларни ечиш йўлидаги интилиш эканлиги билан ҳам долзарб ҳисобланади.
Мазкур мақолада XIX аср иккинчи ярмида Афғонистоннинг ички ва ташқи сиёсати, мамлакатнинг биринчи инглиз-афғон урушидан сўнг оғир ижтимоий сиёсий танг аҳволга тушиб қолганлиги, Англия билан Афғонистоннинг ўзаро сиёсий муносабатлари ва улар ўртасидаги турли хил музокаралар, ҳокимият тепасига қайтган Дўст Муҳаммаднинг мамлакатни бирлаштириш сиёсатини олиб боришга ҳаракат қилиши, унинг Афғонистонни марказлашган давлатга айлантириш, ҳокимиятни қайта қуриш ва уни ислоҳ қилиш йўлида барча сиёсий ҳаракатларни бошидан бошлашга тўғри келганлиги, бир неча йиллик шиддатли урушнинг оқибатлари кўплаб инсонларнинг қурбон бўлишига ва у сиз ҳам қашшоқ бўлган мамлакатнинг иқтисодий ҳаётига жиддий путур етганлиги, Дўст Муҳаммаддан сўнг ҳокимият тепасига келган Шер Алихон мамлакат ичида тинчлик ва осойишталикни ўрнатишга ҳаракат қилганлиги, мамлакат ичкарисида амалга оширган кенг ислоҳотлари ёритилади.
Маълумки, ҳар бир давлат ривожини баҳолашдаги муҳим мезонлардан бири бу аѐлларнинг жамиятдаги мавқеи ва уларнинг ижтимоий фаоллик даражасидир. Аёлларнинг жамиятдаги мавқеи ва ўрнини кўтариш давлатимизнинг устувор ва асосий йўналишларидан бири бўлиб келмоқдаки, бу юртимизда аѐлларнинг ижтимоий ҳуқуқлари кафолатланганлиги ва муҳофазаланганлигидан далолат беради. Чиндан ҳам аѐлни улуғлаган, авайлаб -асраган юртнинг
келажаги порлоқдир. Ҳар қайси давр ва ҳар қайси жамиятда ҳам аѐл жамият тараққиѐтининг асосий таянчи бўлиб келган. Тарих саҳифаларидан бизга маълумки, ҳукмдорлар, бўлгуси шаҳзодаларнинг тарбияси иймонли, фозила аѐлларга топширилган.
Мақолада Ўзбекистоннинг хусусий секторда коррупцияни олдини олиш бўйича тажрибаси ўрганилган. Корхоналар ўртасида коррупция тарқалишининг салбий омиллари миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги, давлат бошқаруви сифатининг пасайишига олиб келиши, эркин рақобат асосларига путур этказиши, мамлакатнинг сиёсий барқарорлиги ва хавфсизлигига таҳдидлар туғдириши таҳлил қилинган.
Коррупциянинг тарқалиши билан ишбилармонлик муҳити ва корпоратив бошқарув сифати ёмонлашиши, компаниялар обрўси пасайиши ва уларнинг инвестициявий жозибадорлиги пасайиши ҳулоса қилинган. Товарлар, ишлар, хизматлар бозорларида салбий танлов амалга оширилганда монополия ва протекционизм кучайиши айтиб ўтилган.
Хусусий сектордаги коррупция демократик қадриятларни қадрсизлантиради, ҳуқуқий нигилизм, жазосиз қолиш ҳисси ва ҳоказоларнинг тарқалишига ҳисса қўшиши, ҳам жамият, ҳам давлат манфаатлари ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқларига катта зарар етказиши аниқланди.
Хусусий секторда коррупциянинг олдини олишнинг энг самарали воситаси коррупцияга қарши мувофиқлик тизимларини ва уларни сертификатлашнинг тегишли усулларини унинг субъектларига жорий этиш эканлиги мақолада тасдиқланган.
Қиёсий тадқиқот усуллари асосида корхона тузилмаларида, шунингдек давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларда коррупцияга қарши мувофиқликни жорий этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Халқаро универсал, минтақавий ва махсус стандартлар (БМТ, ИҲТТ, GRECO, ISO ва бошқалар) ушбу соҳадаги миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ривожлантиришга сезиларли таъсир кўрсатиши аниқланди. Коррупцияга қарши мувофиқлик тизимининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш зарурлиги, Ўзбекистонда юридик шахсларнинг жавобгарлик институтларини жорий этиш, лоббичиликнинг ноқонуний фаолиятининг олдини олиш ва бошқалар тўғрисида мақолада атрофлича тўхталиб ўтилган..
“Ҳиммат ва саботи бўлмаган миллатнинг ҳақи ҳаёти йўқдир”. Бундан роппароса бир юзу беш йил олдин “Ойна” журналида босилган мақоласига улуғ маърифатпарвар Абдурауф Фитрат ана шундай сарлавҳа қўйган эди. Ҳиммат – Ватан ва миллат учун, зарур бўлганда, молу жондан кеча олмоқ. Сабот – Ватан ва миллатнинг шаъни-шарафи, ор-номусини ҳимоя қилиш йўлида метин иродани намоён эта билмоқдир. Биз тарихий илдизлари қадимият булоқларидан сув ичган, дунё тамаддунининг, инсониятнинг илму ирфон бешигини тебратган миллатмиз. Башариятга маърифат ва ахлоқдан, ҳиммат ва саботдан дарс берган буюк мутафаккирлар ворисимиз. Лекин ворислик ҳақи бу ҳақда жар солиш, оғиз йиртиш билангина адо этилмас. Ворислик ҳуқуқига қуруқ даъволар билан эришилмас. Бунинг учун аждодларни мукаммал танимоқ, улар меросини қунт билан ўрганмоқ, тафаккур ва тадаббур этмоқ, илму ирфонда улар эришган оламшумул ютуқларни янгилари билан бойитмоқ зарур.
Мазкур илмий мақолада халқаро глобаллашувнинг интенсивлашувини ортиши ва ушбу ҳолатнинг демократик тараққиётга таъсири, замонавий демократиянинг концептуал асосларини такомиллаштириш заруриятининг вужудга келаётганлиги, демократик тараққиётда давлат институтининг роли янада ортиб бораётганлиги, демократик ислоҳотларнинг самарадорлиги бевосита давлат ва унинг институтларининг демократияни самарали моделларини ривожлантириш борасидаги салоҳиятига боғлиқ эканлиги тўғрисидаги таҳлилий фикрлар баён қилинган. Мақолада асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида илгари сурилган мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, демократия институтларининг самарадорлигини ошириш борасидаги ғоялар, концептуал хулосаларнинг улкан аҳамияти масаласига қаратилган. Жумладан, Президент Мурожаатномасида таъкидланган 2019 йилнинг декабрь ойида “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида бўлиб ўтган сайловлар натижасида мамлакатимизда демократик ислоҳотларни юқори босқичга олиб чиқиш учун зарур бўлган янги сиёсий имкониятларнинг вужудга келганлиги, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш жамиятимиз учун яккаю-ягона тўғри йўл эканлиги ҳар томонлама асосланганлиги, шу боис ҳам эндиликда демократия институтларини жамиятимиз миқёсида кўпайтириш, демократик тараққиёт учун ўта муҳим бўлган ҳар томонлама мукаммал ва самарали бошқарув тизимини яратиш билан боғлиқ масалалар ўрганилди. Хусусан, Давлатимиз раҳбари томонидан жамиятимиз сиёсий тизими ва уни амал қилинишини янада такомиллаштиришга қаратилган қуйидаги концептуал хулосалар тўғрисида мақолада таҳлилий фикрлар баён қилинди: жойларда ижро ва вакиллик органларининг давлат бошқарувидаги роли ва масъулиятини янада оширишнинг зарурлиги; вилоят ва туман ҳокимлари ўз дастурлари ва уларнинг ижроси тўғрисида вилоят кенгашларида ҳисобот берадиган тизимнинг жорий қилиниши; ижтимоий шерикликни янада кенгайтириш; жамоатчилик назоратини янада кучайтириш; давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик Палатаси ташкил этиш; жамиятимиз ҳаётининг энг долзарб эҳтиёжларидан келиб чиқиб кучли демократия институтларини шакллантириш билан боғлиқ жараёнларни ривожлантириш. Илмий мақолада мазкур жараёнларнинг амалга оширилишининг натижасида юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг самарадорлиги ниҳоятда ортиши ва бунинг натижасида мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий тараққиётининг демократик асослари янада мустаҳкамланиши тўғрисидаги хулосалар баён қилинган.
Мақолада конституциявий назоратни такомиллаштириш масалалари, уни самарадорлигини ошириш йўллари таҳлил қилинган. Ўзбекистонда конституциявий одил судловнинг қонунчилик асослари тадқиқот предметини ташкил қилади.
Конституциявий назорат институтининг моҳияти, конституциявий назоратни амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмалари кўриб чиқилган. Мамлакатда конституциявий назоратни амалга оширишдаги мавжуд камчиликлар ва муаммолар кўрсатиб берилган.
Ўзбекистонда конституциявий назорат конституциявий одил судловни амалга оширишнинг европа моделига асосланиши қайд этилади. Бугунги кунда конституциявий назорат институтини амалга ошириш механизмларини янада такомиллаштирилишини тақозо этмоқда.
Муаллиф конституциявий назоратни ҳолатини таҳлил қилиш мақсадида унинг шаклланиш даврларини кўрсатиб берган. Конституциявий назоратнинг ҳозирги ҳолатини таҳлил қилиш асосида қуйидагиларни қайд этиш мумкин. Конституциявий суд томонидан амалга ошириладиган назоратнинг норматив-ҳуқуқий асослари ҳамда конституцииявий назоратни амалга ошириш амалиётини такомиллаштириш талаб қилади. Конституциявий шиноят институтининг йўқлиги конституциявий назоратни самарадорлигини пасайтиради.
Конституциявий шикоят институтини жорий қилиш, фуқаролар ва юридик шахсларга Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқини бериш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Муаллиф конституциявий шикоят институтини жорий қилишда хорижий мамлакатларнинг бу борадаги тажрибасини эътиборга олиш лозим, деб таъкидлайди.
Мақолада конституциявий шикоятни қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари кўрсатиб ўтилади. Хусусан, конституциявий шикоят агар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари муайян ишда қўлланилган қонун билан бузилган ва бу масала суд томонидан кўриб чиқилган холларда йўл қўйилиши лозим деб таъкидланади. Шунингдек, фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини дастлабки тарзда кўриб чиқиш тартибини, конституциявий шикоят бериш муддатларини белгилаб қўйиш лозим. Конституциявий суд судьялари ташаббуси билан масала киритиш амалиётидан воз кечиш, шунингдек, Конституциявий суд девони бўлинмалари томонидан фуқаролар ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларни қонун талабларига мослигини нуқтаи назаридан дастлабки тарзда кўриб чиқиш тартибини жорий этиш таклифи илгари сурилган. Бу таклифларнинг барчаси конституциявий назоратни такомиллаштириш, уни мамлакатда конституциявий қонунийликни таъминлашдаги самарадорлигини оширишга ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Хулоса қисмида конституциявий назоратнинг самарадорлиги пастлиги сабаблари, конституциявий назоратни такомиллаштириш, конституциявий шикоятни жорий қилиш, фуқароларнинг мурожаатларини мақбуллиги мезонларини белгилаш борасидаги таклифлар ўрин олган.
Ушбу мақолада муҳожирларнинг фарзандлари тил ва маданий интеграцияси амалга ошаётган Германиянинг ҳозирги тил сиёсатининг муҳим саволларидан бири кўриб чиқилган. Интеграцияни маданий жиҳатдан ҳам гапириб ўтилади. Немис тилини билиш ва интеграциянинг имкониятлари бевосита боғлиқ ҳолдаги жараёндир. Германия 2015–2016 йилда содир бўлган миграция инқирозидан сўнг бу муаммо долзарб аҳамият касб этган. Ўша давр оралиғида мамлакатга 1,139 млн. қочоқлар келган эди. Мигрантларнинг кўп сонлилиги ҳозирги немис адабий тилининг бузилишига, сўзлар маъносини нотўғри талқин қилиниши ҳолатида турибди.Бу ҳолатга мисол тариқасида асли туб аҳолининг Яқин Шарқдан келган “биродарларга” тақлид қилиши жараёнини келтириш мумкин. Германия ёшлари, жумладан, немислар қочоқларнинг шевасини кўчиришга мойилдирлар. Қочоқлар эса катта қизиқиш ила соф немис акцентини ўрганмоқда. Тилдаги фарқдан ташқари яна маданий ва диний фарқлар ҳам мавжуд. Маданиятлардаги ўзига хослик бунга яққол мисол бўлади. Германия ҳукумати олдида аҳоли ҳаётининг янги жабҳаларига доир қўшимча муаммолар пайдо бўлмоқда. Муҳожирларнинг улкан оқими иқтисодий барқарорликнинг парчаланишига замин бўлиб, унинг маданий ва сиёсий ҳаётига хавф солмоқда Даромад солиғининг оширилиши ва бунинг ҳисобидан қочоқларнинг мамлакатга келиши ҳамда барча керакли анжомлар ва қулайликлар билан таъминланиши немислар норозилигининг асосий сабаби бўлиб хизмат қилмоқди. Шунинг билан бирга, немислар учун ноқулайликлардан яна бири бу – Ислом дининиг тарқалишидир. Бугунги маълумотлар “уммони”да Ислом динини нотўғри ракурсдан намойиш қилиш борасида мисоллар етарли даражада кўп. Бу, албатта, қочоқларнинг янги давлатдаги интеграция жараёнига ёмон таъсир ўтказмасидан қолмайди. Мамлакатга доимий яшаш учун келган катталар ва болаларнинг тил ўрганиш интеграцияси давлат даражасидаги масалага айланмоқда. Бундай баҳсли ҳолатларда шу нарсага эътибор қаратиш лозимки, ГФРда кўплаб миллатларнинг биргаликда бирданига яшаб кетиш жараёни қийин кечади. Мақолада Германия ҳукуматининг тил масаласидаги танг ҳолатни самарали ечимлар билан ҳал қилиши масаласи ўрганилади.
Ушбу мақолада Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг шеърияти ҳақида унинг услуби, баён этилиш тарзи ҳақида сўз боради ва уларни исботловчи мисоллар келтирилади. Ўз Ватанини жонидан ортиқ севиши, содда сўзлардан фойдаланиб, инсон қалбининг тубигача етиб боради, Ватанимиз тарихини, урф-одатларини қадрлаган ҳолда уларни севишга ундайди, ўтмишда из қолдирган Боболаримизни унутмасликка чорлайди, эътиқодли инсон сифатида Ислом дини ҳақида фикр юритиб уни қадрлашга чорлайди. Муҳаммад Юсуф яшаган давр Совет тузуми даври эди. Албатта ўз юртининг мустақил бўлишини хоҳлабгина қолмай, мустақилликка эришиш йўлида ўз ҳиссасини қўшишга интилади, Ватан учун жон тикмоққа тайёр эканлигини таъкидлайди, шовинизмга қарши исён қилади. Эски Совет тузумидаги Марказ томонидан ўша даврда юртимизга бўлган тазйиқлар, ноҳақликлар, туҳматлар ҳаддан зиёд ошгани оқибатида шоир Ватанининг жонкуяри сифатида бунга чидай олмай, исён қилади, Халқни уйғонишга даъват қилади. Халқимиз орасида Ватанини сотган, ватанфурушларга, лаганбардорларга атаб шеърлар битади, бошқа миллатлар, жумладан Қрим-татар хақлининг тақдирига бефарқ эмаслиги мавзулари кўтарилади. Турғунлик даврида Афғонистонда бўлган урушга озъ муносабатини билдириб уни қоралайди, афғон ва ўзбек халқи қадимдан дўст-қадрдон халқ эканлигинини, уларни бир- бирига душман қилиб қўйишларига шоир чидаб туролмайди. Мустақиллик уни кўра олмаган ёвлар ҳақида шеърлар битади. Бир кун келиб “Истиқлол куйчиси” ўз халқи томонидан тақдирланишига ҳамда қалбларимизда мангу қолишига ишонади.