Jild 3 № 3 (2021): Sharqshunoslik
Статьи
Гўзал чеҳра – мактуб (Амир Хусрав Деҳлавийнинг бир ғазали таҳлили)
Зиҳи намуда аз он зулфу холу орази хуб, Яке саводу дувўм нуқтаву савўм мактуб 1 - деб бошланувчи ғазал дастлаб шоирнинг 1960 йили Душанбеда Тожикистон давлат нашриётида босилган “Мунтахабот” (“Танланма”) китоби 40-саҳифасида чоп этилган бўлиб, кейинроқ - 1975 йили яна “Ирфон” нашриётида бир гуруҳ тожик олимлари тайёрлаган Амир Хусрав Деҳлавийнинг 4 жилдли “Осори мунтахаб” (Танланган асарлари) 4-жилди “Ғазалиёт, Қасоид, Муқаттаот, Рубоиёт” китоби 66-саҳифасида қайта босилган.
Араб насрининг тарихий илдизлари ва манбалари
Ушбу мақолада араб насрининг келиб чиқишига хизмат қилган манбалар ўрганилган. Уларнинг янги замон араб романчилиги вужудга келишига кўрсатган таъсири илмий таҳлил қилинган. Араб насрининг жаҳон адабиётидаги ўрнига илмий баҳо бериб ўтилган. Маълумки, мўғуллар босқини оқибатида таназзулга юз тутган аббосийлар халифалиги давлати ўрнида янги давлатлар шакллана борди. Улар орасида салжуқийлар, усмонийлар ортиқ даражада нуфузга эга бўла бошладилар. Усмонийлар даври араб адабиётида эски анъаналар давом этди. Асосан шеърият, жангнома, эртак ва қиссалар жанри мавжуд эди. Усмонийлар таназзули бошланган 16-17 асрлардан бошлаб, Европада кенг қулоч ёзган реннесанс янги ислоҳотларни бошлаб берди. Табиийки, бу Европа халқлари адабиётига ҳам янгилик олиб кирди. Айни шу даврда насрий ишқий ёки саргузашт асарлар – роман жанри пайдо бўлишига туртки бўлган. Бу эса бир неча сабаблар ортида ўз навбатида шарқ, хусусан араб адабиётига ҳам ўз таъсирини ўтказди. Араб адабиётида романчилик мактабининг юзага келишига туртки бўлган манбалар ҳақида атрофлича фикр юритилган. Бундай ўзгаришлардан яна бири араб мамлакатлари ёшлари Европа университетларида таълим олиб, Европа адабиётига мансуб асарлар билан танишганлар. Мақолада ана шу масалалар ва замонавий араб адабиётида романчилик мактаби асосчиларидан бири сифатида тарихий асарлар устаси Журжи Зайдон ҳаёти ва ижоди тилга олинади. Унинг янги давр араб романчилигида тутган ўрни тадқиқ этилган, мақолада бу борадаги изланишлар ўрганилиб араб романчилиги мактаби ҳақида илмий таҳлиллар баён қилинган.
Тилак, олқиш, дуоларда антонимларнинг бадиий вазифалари
Тилак/олқиш/дуолар матнида намоён бўладиган поэтик ҳодисаларнинг моҳияти, уларнинг ўзаро маъно муносабатларини ўрганиш, лисоний бирликларнинг халқ эстетик тафаккурига таъсирини аниқлашда лингвопоэтик таҳлил усули бирламчи аҳамият касб этади. Тилак матнидаги ҳар бир сўз мақсад ва маҳоратга кўра маълум поэтик мавқега эга бўлади. Туркча тилак/олқиш/дуолар таркибидаги қарама-қарши лексемалар матнда контраст ҳосил қилинишида лексик бирликларнинг имкониятлари жуда кенг ва у антонимлар қаторида бадиий матнда контраст ҳосил қилувчи лисоний восита вазифасини бажаради. Қарама-қаршиликнинг бир туркум доирасида олиниши бадиий матн шароитида ҳам одатга айланиб қолган. Қилинган ишларнинг деярли барчасидаги матн таҳлилларида фақат бир туркум доирасидаги қаршилантиришлар эътиборга олинади, ваҳоланки, бадиий матнда бир туркумдаги сўзлар билан бир қаторда турли туркумга мансуб сўзлар ҳам контрастлар ҳосил қилувчи лексик воситалар сифатида фаол иштирок этади. Қарама-қаршилик воқеа-ҳодисаларни баҳолашда асосий мезонлардан ҳисобланади. Оламни англашда қарама-қаршилик категориясининг ўрни беқиёс. Ҳодисаларнинг моҳияти очилишида ҳеч нарса уларнинг қарама-қаршисидан фойдаланишдек аҳамиятли эмас. Қарама-қаршилик нафақат объектив борлиқ ҳодисалари инъикоси тарзида, балки тафаккур оламининг маҳсули сифатида ҳам юзага келади. Туркча тилак/олқиш/дуоларда ҳам қарама-қаршилик орқали улардаги бадииятни кўрсатиш имкони мавжуд. Қарама-қаршиликнинг тилдаги ифодаси «антонимия» номи билан талқин қилиб келинмоқда. Аммо антонимияни белгилашдаги ўлчовлар, хусусан, туркум асосидаги чеклов қарама-қаршилик моҳиятини етарлича қамраб олиш имкониятини бермайди. Зеро, сўзларнинг туркумланишига асос бўлувчи категориал сема сўз мазмуний структурасидаги нисбатан энг умумий характерли компонентдир. Улар на қарама-қаршилик муносабатини юзага келтиради, на унинг мавжудлигини инкор эта олади. Шунга кўра, қарама-қаршилик категориясини туркум доирасидан ташқари тадқиқ қилиш зарурий ҳолатдир.
Ҳиндий тилидаги сон компонентли фразеологик бирликларнинг семантик-структур таснифи (бирликларга оид сонлар мисолида)
Мазкур мақолада ҳиндий тилидаги сон компонентли фразеологик бирликлар атрофлича ўрганилган. Мақолада бирликларга оид сонлар иштирок этган фразеологик бирликларгина таҳлилга тортилган. Уларнинг ўзига хос жиҳатлари тадқиқ этилган. Таҳлилга тортилган мисоллар фразеологик бутунлик, фразеологик қўшилма ва фразеологик чатишма каби гуруҳларга тақсимланган ва турли хил моделлар ишлаб чиқилган. Мақолада бирликларга оид сонлар иштирокида ҳосил бўлган фразеологик бирликлар таркибида асосан “бир” саноқ сони фаол иштирок этиши, бошқа сонлар эса фразеологик бирликлар таркибида нисбатан кам қўлланилиши аниқланган. “Бир”, “икки”, “тўрт” ва “етти” саноқ сонлари иштирок этган фразеологизмлар қолган сонлардан фарқли равишда учала гуруҳда ҳам ўз ифодасини топганлиги кўрсатиб берилган. Сон компонентли фразеологик бирликлар ҳиндий тилидан ўзбек тилига таржима қилинганида сонларга хос лексемалар ўз маъносини йўқотиши ва аксарият ҳолларда уларнинг ўрнини маъно кучайтирувчи бошқа сўзлар эгаллаши каби хусусиятлар ҳам ўрганилган ва уларнинг ўзига хос жиҳатлари мисоллар талқинида очиб берилган. Ҳиндий тилидаги сон компонентли фразеологик бирликлар таҳлил қилиниши натижасида улар орасида сўз бирикма шаклига хос иборалар нисбатан кам учраши, шунингдек, фразеологик бирликлар таркибида соматик отлар нисбатан кўп қўлланилиши ҳам аниқланган. Таҳлилга тортилган бошқа фразеологик бирликлар гуруҳидаги мисоллардан фарқли ўлароқ фразеологик чатишма гуруҳига оид мисоллар таркибида фақатгина сонларга хос лексемалар иштирок этганлиги ҳам маълум бўлган.
Замонавий корейс насри таржималарида фразеологик бирликларнинг берилиши
Фразеологизм - турғун бирикмаларнинг образли, кўчма маънога эга тури бўлиб, тил эгасининг дунёни, ҳодисаларни ўзига хос кўришини намоён этади. Фразеологизмлар ҳар доим халқ дунёқараши, жамият тузилиши ва ўз даврининг мафкурасини билвосита акс эттиради. Ф. И. Буслаев асосли таъкидлаганидек, фразеологизмлар ўзига хос кичик дунё бўлиб, улар аждодлар томонидан авлодларга мерос қилиб қолдирилган ахлоқий қоидалар ва ҳаққоний фикрларни ўз ичига олган қисқа, ҳикматли ифодалардир. Фразеологик бирликлар бир тилдан иккинчи тилга асосан тўрт хил йўл билан - аслият тилидаги бирликка компонентлар таркиби, грамматик қурилиши ҳамда маъно ва услубий вазифаси мос эквивалентлар, бошқа хоссалари фарқ қилгани ҳолда, маъно ва услубий вазифаси ўхшаш муқобил вариантлар, калка усулида ва тасвирий йўсинда таржима қилинади. Фразеологизмлар сўзма-сўз таржима қилиш имконини бермайди: улар бошқа тилнинг фразеологик эквивалентини қидириб топишни талаб қилади, чунки фразеологик маъно эмоционал маъноли ва стилистик ифода билан бирга келади. Мақолада фразеологик бирликлар бир тилдан иккинчи тилга таржима қилиш тўрт хил йўл билан амалга оширилиши “Замонавий корейс насри антологияси”да ўзбек тилига таржима қилинган ҳикоялардан олинган мисоллар ёрдамида таҳлил қилинди. Турли тиллардаги фразеологизмларининг бир-бирига ҳар жиҳатдан ўхшашлиги аксарият ҳолларда бу халқларнинг турмуш шароитлари, урф-одатлари ва мантиқий мушоҳадаларидаги муштараклик билан изоҳланади. Бинобарин, корейс ва ўзбек тилларининг бир оилага мансублиги, бу тил соҳибларининг дунёқараши, менталитети, турмуш шароитларининг муштараклиги уларнинг лафзларида кўпгина умумий фразеологизмларни шаклланишига сабаб бўлган. Таржимада бундай муштарак, яъни эквивалентга эга бўлган фразеологизмлар деярли муаммо туғдирмайди. Ҳар бир лисоний ҳамжамиятнинг дунёни ўзига хос тарзда акс эттириши табиий ҳолдир. Шу нуқтайи назардан муайян лисоний ҳамжамиятдаги фразеологизмлар ўзга маданиятга хос бўлмаслиги, бошқа тилда ўз эквивалентига ёки муқобил вариантига эга бўлмаслиги мумкин. Бундай ҳолда кўпроқ таржима амалиётининг тасвирий ёки калка усулига мурожаат қилинади.
Хитой ва ўзбeк тилларида фeъл фразeологизмлар тадқиқига доир
Бугунги кунда ўзбек ва хитой халқлари орасидаги турли соҳалардаги ўзаро муносабатлар адабий алоқаларнинг мустаҳкамланиши ва кенг кўламда ривожланишига ҳам хизмат қилмоқда. Хитой ва ўзбек тилларида жонли нутқда фаол қўлланиб келинаётган феъл фразеологизмлар тадқиқи иккала тилни баробар ўрганиш ва унинг нозик хусусиятларга эга бўлган фразеологик қатламини илмий ўрганиш ҳам муҳим назарий ва амалий аҳамият касб этади. Маълумки, фразеологизм тилнинг бошқа одатий сўзлардан фарқ қилиши ва алоҳида адабий тил меъёрларига эга яхлит, шунингдек ўзининг келиб чиқиш тарихига эга бўлинмас турғун бирикмалардир. Хитой ва ўзбек тиллари турли тил оилаларига тегишли бўлгани боис ундаги лексик-фразеологик бирликлар келиб чиқиш нуқтаи назаридан фарқлилик касб этади ва бу икки тил орасида бадиий асарларни таржима қилишда таржимондан ўта эҳтиёткорликни талаб қилади. Шунга қарамай фразеологик бирликлар жуда кўп ўхшаш хусусиятларга ҳам эга. Шу билан бирга мақолада жаҳон тилшунослигида тадқиқот ишлари тарихий-қиёсий, систем-структур ҳамда антропосентрик йўналишларда кенг кўламда олиб борилаётганлиги тил тараққиёти, унда юз берадиган ўзгаришларни тадқиқ қилиш имкониятига эга эканлиги, ҳар бир миллий тилда учрайдиган лексик-стилистик, фразеологик ва грамматик бирликларни қиёсий аспектда ўрганиш орқали қиёсланаётган тилларнинг ўзига хос равишда тизимлаштириш, ҳар иккиси учун умумий ва фарқли жиҳатларни аниқлаш ҳам муҳим аҳамият касб этишига эътибор қаратилган. Ушбу мақолада чиқарилган хулосалар таниқли олимларнинг бу борадаги назарий фикрлари билан тасдиқлашга ҳаракат қилинади.
Маркетинг: тушунчаси, атамалари, шаклланиши
Бозор иқтисодиётининг ривожланиши иқтисодий назоратнинг энг янги усулларини, инсон эҳтиёжларини максимал даражада қондиришга қаратилган янги иқтисодий фикрлашни шакллантиришнинг муқаррарлигини келтириб чиқаради. Янги бозор муҳити 19-асрнинг 2-ярмида 20-асрнинг бошида AҚШда маркетинг концепциясини вужудга келтирди. ХХ аср бошларида дастлаб AҚШда, кейинчалик дунёнинг кўплаб мамлакатларида кенг ёйилган. Бугунги кунга келиб, маркетинг бозорга асосланган компаниялар фаолиятининг ажралмас қисмига айланди. Ҳозирда бутун жамият асосан маркетинг фаолияти билан шуғулланади. Ҳаёт даражаси - тўғридантўғри маркетинг маълумотларини ўзлаштиришнинг мақсадга мувофиқлиги билан белгиланади, бу эса тадқиқот ва ушбу терминологияни ўзлаштиришга муҳтож ҳисобланади. Маркетинг янги фан сифатида вужудга келган, аммо унинг баъзи таркибий қисмлари (реклама, нарх сиёсати, савдо) бир неча асрлар олдин ишлатилган. "Маркетинг" атамаси инглизча "маркет" сўзидан келиб чиққан бўлиб, сўзма-сўз бозор ва савдо фаолиятини англатади. Қоида тариқасида, ушбу атама рус ва ўзбек тилларига таржима қилинмайди, бу эса ушбу тушунчанинг ажойиб тўлиқлиги билан изоҳланади. Маркетинг нафақат тафаккур тарзи ва иқтисодий фикрнинг йўналиши, балки алоҳида фирмалар, тармоқлар, умуман иқтисодиёт доирасидаги амалий фаолиятдир. Бугунги кунда маркетингнинг 2000 га яқин таърифлари мавжуд. Бироқ, таърифларнинг катта танлови мавжудлигига қарамай, улар бирлашган нарсага эга, яъни: маркетингнинг маълум истеъмолчилар гуруҳлари эҳтиёжларига йўналиши, бозор вазифаларини бажаришга ёндашувлар тўплами, алмашинув орқали эҳтиёжларни қондиришга қаратилган фаолият, эҳтиёжларни кўп қиррали ўрганиш тамойили бўйича ишлаб чиқариш ва сотиш, харидорлар ва уларга мақсадли таъсир кўрсатиш. Маркетинг фаолияти 200 дан ортиқ маркетинг турларини ўз ичига олади, улар ўз навбатида кичик гуруҳларга бўлинади. Терминга берилган кўплаб таърифлар, атаманинг ўрганиш назарияси, унинг хусусиятлари, қўлланиш соҳалари, икки ва уч тилли терминологик луғатларнинг яратилиши, турли ёндашувлар – буларнинг барчаси терминнинг тилшуносликдаги ўрнини тасдиқлайди. Ғарб терминологиясида терминологиянинг мақоми ва унинг тилшуносликдаги ўрни тўғрисида жуда кўп мунозара ва мулоҳазалар мавжуд: атама алоҳида маънога эга лексик бирлик ҳисобланади, атамашунослик эса лексикологиянинг бўлими ҳисобланади. Инглиз тилидаги маркетинг терминологиясининг таҳлили шуни кўрсатадики, оддий маркетинг терминлари от, ҳаракат номи, сифат, ўтган замон ва феъл сўз туркумларидан иборат. Маркетинг терминологиясида мураккаб (қўшма ҳосила) сўзлар ва қисқартмалар мавжуд. Эга отга апостроф ва “с” ҳарфини қўшиш орқали қаратқич келишиги ясалади. Баъзи қўшма сўзларга чизиқча қўйилади. Инглизча бирикмаларда маркетинг атамаларини структуравий таҳлил қилиш усулидан фойдаланилди.
Алий Сафий Ҳиравийнинг Тошкент қўлёзма фондларида мавжуд асарлари ва ижодкор қаламига мансуб янги топилмалар
Жаҳон илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларимиз бой мероси бугунги кунда дунё фондларида сақланиб келинмоқда ва олимлар томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Аждодларимизнинг дунёқараши, маънавий-эстетик олами, айниқса, қўлёзма манбаларда ўзининг ёрқин, гўзал ифодасини топган бўлиб, бу манбалар соғлом эътиқодли комил инсонни тарбиялашдек муҳим ва ғоят масъулиятли ишда энг таъсирчан ва самарали воситалардан бири эканлиги аллақачон эътироф этилган ҳақиқатдир. Миллий-маънавий қадриятларимиз тикланиб, қадимий қўлёзма меросимиз дурдоналарини ҳар томонлама янада чуқурроқ ўрганишга давлат сиёсати даражасида жиддий аҳамият берилаётган ҳозирги кунда биз кўҳна маданий меросимизни, узоқ ўтмишга бориб тақаладиган миллий тарихимизни теранроқ англаб етмоқдамиз. Фахруддин Алий Сафий бин Ҳусайн Воиз Кошифий (ваф. 939/1533), унинг ижоди дунёвий ва диний илмларнинг турли соҳаларини қамраб олганлиги билан аҳамиятли. Фахруддин Алий Сафий асарларида аждодларимиз илмий мероси орқали юксак фазилатларга эга бўлган инсонни тарбиялаш, ёшларни динимиз асослари орқали соғлом тафаккур ва пок ахлоққа тарғиб қилиш ғоялари ўз ифодасини топган.
Термизда астрономик билимлар ривожи тарихидан
Ушбу мақола юртимиздаги астрономия тарихи, хусусан, мовароуннаҳрлик олимларнинг ушбу соҳага оид фаолиятига бағишланган. Мовароуннаҳрнинг дастлабки астрономлари сифатида Мусо ал-Хоразмий ва Аҳмад ал-Фарғонийларни қайд этиш мумкин бўлса-да, уларнинг фаолиятида Ироқ, Сурия ва Мисрдаги фаолият устуворлик касб этади. Шу нуқтаи назардан маҳаллий мактаблар ва уларнинг ривожини кузатиш ҳам долзарб аҳамиятга эга. Бу жараёнда эса ҳозирги Сурхондарё вилояти ҳудудларида жойлашган Термиз ва Чағониён вилоятларининг ўзига хос ўрни бор. Жумладан, устурлобнинг ислом дунёсига кириб келганидан тахминан 70 йилча ўтиб Муҳаммад Ҳаким Термизий (тахм. 820-932) орқали Термиз ҳудудида ҳам ишлатила бошланганлиги алоҳида аҳамиятга эгадир. Ундан кейин ҳам X аср охирларида Аҳмад Устурлобий Чағонийнинг Бағдод расадхоналаридаги фаолияти ҳам алоҳида диққатга сазовор бўлиб, унинг қўлёзмалари Туркия, Ҳиндистонда, Дамашқ, Англия ва Парижда сақланади. Уларни ўрганиш ҳам шубҳасиз ҳозиргача етарли даражада тадқиқ этилмаган юртимиз олимлари ва маҳаллий астрономия тарихини ўрганишга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади. Термиз, умуман, Сурхон воҳасида амалда бўлган астрономия мактаби ўзининг маълум маънодаги чўққисига саййид Абулқосим Маждиддин Али ибн Жаъфар даврида 1135-1146 йиллар оралиғида Термизда 10 йил давомида қурилган расадхона тимсолида чиқди, дейиш мумкин. Бу расадхонада Адиб Собир Термизий каби маҳаллий олимлар ҳам ишлаганлиги диққатга сазовор. Ҳожи Халифа (1609-1657) Саййид Жамолиддин Абу Жаъфар Ҳусайн ибн Мажд Али ибн Аҳмад Ҳусайний Термизий Айнийнинг нужум илми аҳкомларига оид туркий тилдаги “Мазақ ал-ушшоқ фий илм ал-офоқ (Уфқлар ҳақидаги илм борасида ошиқлар топган таъм) китоби ҳақида маълумот беради. Шунингдек, Ҳожи Халифа “Ҳақоиқ ал-ирсод” (Кузатувлар аниқлиги) номли асардаги ўлчов андазалари ҳақида берган айрим маълумотлар унда қайд этилган кузатувлар Термизда бўлганлигини ёки бу узунлик ва ўлчовлар Термиз андозаларига кўра эканлиги маъносини билдиради. Тадқиқот натижаси сифатида айтиш мумкинки, Сурхон воҳасининг астрономик мактаби ҳам юртимиз ва ислом дунёси миқёсида ўз ўрнига эга мактаб даражасида шаклланган бўлиб, бу тўғридаги тадқиқотларни янада кенгайтириш халқимизнинг интеллектуал салоҳияти тарихини ёритишда муҳим аҳамиятга эга.
Биринчи инглиз-афғон урушидан сўнг Афғонистонни бирлаштириш сиёсати
Мазкур мақолада биринчи инглиз-афғон (1838-1842) урушидан сўнг ҳокимият тепасига қайтган Дўст Муҳаммаднинг мамлакатни бирлаштириш сиёсатини олиб боришга ҳаракат қилиши, унинг Афғонистонни марказлашган давлатга айлантириш, ҳокимиятни қайта қуриш ва уни ислоҳ қилиш йўлида барча сиёсий ҳаракатларни бошидан бошлашга тўғри келганлиги, урушдан сўнг Афғонистоннинг иқтисодий ва сиёсий аҳволи жуда оғир аҳволга тушиб қолганлиги, бир неча йиллик шиддатли урушнинг оқибатлари кўплаб инсонларнинг қурбон бўлишига ва у сиз ҳам қашшоқ бўлган мамлакатнинг иқтисодий ҳаётига жиддий путур етказганлиги, Амир Дўст Муҳаммаднинг мамлакат ичида тинчлик ва осойишталикни ўрнатишга ҳаракат қилганлиги ёритилади.
“Жиу Танг Шу” ва “Син Танг Шу”дан Ўрта Осиё ва Хитой халқлари ўртасидаги муносабатлар ҳақида маълумот
Мақолада Ву-дай даврига оид «Тсзю Танг шу» («Тангнинг эски тарихи») ва «Син Танг шу» ёзма манбаларида акс этган Ўрта Осиё ва Хитой халқларининг Тан давридаги муносабатлари ҳақидаги маълумотлар ўрганилади. ("Тангнинг янги тарихи"). "Тсзю Танг Шу" сулоласи йилномаси 200 жуанни (бўлим) ўз ичига олади ва воқеалар ҳақида баъзи тафсилотларни кўрсатмасдан, босқичма-босқич ҳикоя қилади. Хин Танг Шу 225 жуандан иборат бўлиб, бошқа манбани тўлдиради. Шунингдек, мақолада Хитой императорларининг Марказий Осиё давлатига нисбатан фаол ташқи сиёсати сабаблари кўриб чиқилади. Иншолар ҳақидаги маълумотлардан ташқари, сиёсий сабабларга кўра ушбу тарихий лойиҳаларни амалга оширишга муваффақ бўлган муаллиф ва муҳаррирлар ҳақида ҳам бор. «Тсзю Танг Шу» манбасида Тан давлатининг Енисей қирғизлари ва уйғурлари билан алоқалари ҳақида кўпроқ маълумотлар берилган. Бироқ, бошқа халқларнинг маълумотлари бор, лекин улар ҳажми жиҳатидан кичикроқ. Бу муносабатлар асосан савдо, элчилик, диний ва маданий муносабатлардир. Ўрта Осиё ва Хитойнинг турли минтақалари бўйича тарихий-географик маълумотлар ҳам ўз ўрнини топди. Юқорида айтиб ўтилганидек, "Син Танг Шу" эски китобнинг янги ва қайта кўриб чиқилган версиясидир. Ҳар бир кесилган тафсилот ёритилган ва тўлдирилган. Саналар ва атамалар аниқ таърифлари ва таржималари туфайли алоҳида эътиборга лойиқдир. Олдинги китобдан фарқли ўлароқ, "Син Танг Шу" аниқ қисмларга бўлинган бўлиб, унда кўз қисиб сулоланинг воқеалари тизимли тасвирланган. Алоқа маълумотларини иккита бобда топиш мумкин, улар ҳам ички блокларга бўлинган. Енисей қирғизлари, уйғурлар ва бошқа туркий халқлар ҳақидаги маълумотлардан ташқари, Хитойнинг Ўрта Осиё халқлари билан ташқи сиёсатини шакллантиришда ҳам улкан роль ўйнаган сиси ва шивейнлар ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд.
“Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн” асарида Хитой ва Ҳиндистондаги меъморий иншоотлар ва маданий ҳаёт тўғрисидаги маълумотлар
Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн” асари темурийлар даври тарихини ўрганиш бўйича энг асосий манба ҳисобланади. Асарда темурийлар томонидан қурдирилган бинолар ва амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан бир қаторда Хитой ва Ҳиндистон мамлакатларидаги аҳвол ҳақида ҳам маълумотлар бор. Мазкур мақолада асардаги Хитой ва Ҳиндистондаги меъморчилик ва ободончилик соҳаси бўйича келтирилган маълумотлар таҳлил қилинади. Шунингдек мазкур мамлакатлардаги маданий ҳаёт, уларнинг урф-одатлари ва диний мансублиги тўғрисида ҳам маълумотлар берилган. Ғиёсиддин Наққош томонидан ёзилган ва “Матлаи саъдайн”га айрим қисқартмалар билан киритилган Хитой сафарномасида Хитойдаги шаҳарлар, уларнинг ўрнашган жойи, аҳолиси, эътиқоди билан боғлиқ маълумотлар батафсил баён қилинган. Хитойдаги мудофаа иншоотлари ва уларнинг қай тартибда фаолият юритиши тўғрисида ҳам керакли қайдлар мавжуддир. Муаллифнинг шахсан ўзи иштирок этган ва асарга Ҳиндистон сафарномаси номи билан киритилган маълумотлар тўплами ҳам худди шу анъанага асосланган. Тадқиқотда мазкур сафарномаларда келтирилган маълумотлар соҳа бўйича ажратиб олинди ва таҳлил қилинди. Хитой сафаромасидан олинган маълумотларда у ердаги шаҳарлар, уларнинг ободлиги, мудофаа иншоотлари, бинолар қурилишидаги услуб ва қурилиш материаллари, аҳолисининг дини ва эътиқоди, озиқ-овқатлари, элчилик алоқаларидаги тартиб тамойиллар хусусидаги маълумотларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Савдо-сотиқни ривожлантириш, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш бўлган элчиликларнинг яна бир муҳим жиҳати бўлганки, бу ҳам бўлса разведка ишидир. Хитой ва Ҳиндистонга қилинган элчиликлар, сафар натижасида ёзилган сафарномалардаги маълумотлар шундай хулоса қилишга сабаб бўлиши мумкин. Эҳтимолий ҳужумларга тайёргарлик кўриш учун бундай маълумотларнинг аҳамияти катта бўлган. Шу билан бирга санъат ва меъморчиликда қўлланилаётган услублар ва янгиликлардан намуна тарзида қўллаш имконини яратган.
Хива хонлигида ерга эгалик муносабатлари
Евросиё кенгликларида айниқса, Хоразм воҳаси аҳолиси энг қадимий ўтроқ деҳқонлар сифатида билинади. Улар ўзлари яшаётган ҳудуднинг табиий шартшароитларига кўникма ҳосил қилиб, кўп асрлик тажрибалари натижасида табиат ва инсон орасида “ўзаро мулоқот”ни йўлга қўйган, яъни атроф-муҳитга имкон қадар зарар етказмасдан, замонавий тил билан айтганда экологияни бузмасдан ердан фойдаланиб келишган. Экологик муаммолар бутун жаҳон бўйлаб долзарб бўлиб турган бугунги кунда табиий ресурслардан, биринчи галда ердан қай йўсинда оқилона фойдаланиш, бу борада мавжуд тажрибаларни ўрганиш учун қадимий деҳқончилик ҳудудларини ўрганиш талаб этилмоқда. Шу боис, АҚШ, Европа, Россия, Хитой, Япония каби жаҳоннинг етакчи илмий мактабларида, хусусан, ижтимоий – гуманитар фан соҳасинингмаданий-антропологик тадқиқотлар йўналишида деҳқончилик тарихи ўрганилар экан, Хоразм воҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинади. Дарвоқе, бир томондан Евросиёнинг энг катта чўллари – Қизилқум ва Қорақум оралиғида жойлашиб, жазирама иссиқ, иккинчи томондан эса шимолдаги дашт ҳудудларнинг кескин ва ўзгарувчан иқлими таъсирида бўлишига қарамай, воҳа аҳолиси табиат билан курашиб деҳқончилик бўйича юксак билимларга эга бўлганликлари тарихчи, географ, эколог ва бошқа яна бир қатор соҳа тадқиқотчиларини қизиқтириб келади. Ушбу мақолада холислик ва тарихийлик тамойиллари ҳамда хронологик, тизимлилик, қиёсий таҳлил, архив материалларини таҳлил қилиш орқали Хоразм воҳасида Хива хонлиги даврида ердан фойдаланиш тартиби, ерга эгалик муносабатлари ва уларнинг турлари ўрганилган.
Ўзбекистон-Туркия алоқалари
Ушбу мақолада мустақиллик йилларида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий алоқалар, ҳозирги кунга келиб бу икки давлатнинг қўшничилик алоқаларидаги ўзаро манфаатлар, ташқи сиёсатдаги аҳамияти, бу давлатларнинг бир-бирига қизиқишининг ортишидаги омиллар, Анқарадаги олий даражада бўлиб ўтган саммитдаги ҳамда 2018 йил 30 апрель куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон – Туркия бизнес форумидаги Президентимиз Ш.М.Мирзиёев нутқлари ҳақида сўз боради. Бундан ташқари, турк кинофилм ва сериалларининг ўзбек халқи томонидан қанчалик даражада севиб томоша қилинаётганлиги ёритилган.
Янги Ўзбекистонда, янги ёш авлод истиқболини амалга ошириш омиллари
Ушбу илмий мақоладаги маълумотлар ва тавсиялар ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтини ривожлантириш омиллари, Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси, 2019-2023 йилларга мўлжалланган Жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш концепцияси, 2020-2025 йилларга мўлжалланган Китобхонликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури доирасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳамда, ёшлар муаммолари ва уларни қийнаётган муаммоларни бевосита давлат даражасида кўриб чиқиш ва ҳал этиш имконини таъминлаётгани ҳақидадир. Шунингдек, ёшларнинг таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар эгаллаши, етук ва комил шахслар бўлиб улғайиши йўлида замонавий, қулай, илғор ва инновацион шарт-шароитларни яратиб бериш учун Ўзбекистон бор куч-имкониятларини ишга солмоқда. Мақсад – Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш, мамлакатимиз дунёнинг энг тараққий этган давлатлари қаторига чиқиши учун интеллектуал ва маънавий етук, ташаббускор ёшларни янги Ўзбекистоннинг драйверига айлантиришдан иборат.
Замонавий халқаро муносабатларни ўрганишга замонавий ёндашувлар
Совуқ уруш халқаро муносабатларда нафақат анъанавий ҳукмронлик учун курашнинг кейинги босқичи, балки қарама-қарши кучларга маълум қадриятлар тизимини, ижтимоий тузилмани, сиёсий режимни ва бошқаларни ўрнатишга қаратилган мафкуравий уруш эди. қарама-қарши кучларнинг мафкуравий тўқнашуви Совуқ урушнинг муҳим таркибий қисмига айланди. Совуқ уруш тугаши билан Ғарбда "тарихнинг охири" ва "мафкураларнинг охири" муаммолари долзарб бўлиб қолди. Дунё сиёсати ғоявий ўлчамларини йўқотганлиги аксиомага айланди. Аммо, аслида, мафкуравий таркибий қисм янги пайдо бўлаётган "янги" дунё тартибига чуқур сингиб кетган. Ҳатто Ғарб давлатларининг пайдо бўлаётган халқаро муносабатлар тизимидаги устунлиги неолиберализмнинг постулатлари билан қонунийлаштирилди. АҚШ президенти Д. Трампнинг ҳокимият тепасига келиши ва Америка ташқи сиёсатидаги ўзгаришлар замонавий халқаро муносабатлар тизимидаги чуқур ўзгаришларни таъкидламоқда. Либерал парадигманинг глобал миқёсда сўзсиз устунлиги аста-секин ўз ниҳоясига етмоқда. Ушбу жараён жаҳон сиёсатидаги "бир қутбли дунё" тугаши ва кўп марказли дунё тартибини босқичма-босқич шакллантириш жараёни туфайли тезлашади. Дунё нотинч даврга кирмоқда ва унинг асосий хусусиятларидан бири, эҳтимол, мафкура таъсирининг пасайиши ва сиёсий ва ноаниқ халқаро муҳитда қарор қабул қилишда интеллектуал доминант сифатида сиёсий реализмнинг кучайиши бўлиши мумкин.