АРАЛАШ ЮҚУМЛИ КАСАЛЛИКЛАРДА ҚЎЙЛАР ОРГАНИЗМИДА
СОДИР БЎЛАДИГАН ГЕМАТОЛОГИК ВА БИОКИМЁВИЙ
ЎЗГАРИШЛАР
Б.А.Элмуродов, О.А.Жураев, Л.Х.Шокиров
Ўзбекистон ветеринария илмий-тадқиқот институти
Маълумки, кейинги йилларда майда деҳқон-фермер хўжаликларининг
ташкил этилиши, молларни сақлаш ва озиқлантириш тартибининг ўзгариши
ҳамда бошқа бир қатор сабаблар ҳайвонлар организмида турли, ва шу билан
бирга алоҳида бир касалликка хос бўлмаган, клиник белгилар ва патологик
жараёнларнинг ривожланишига олиб келмоқда. Мазкур ўзгаришлар
аниқланган ҳайвонларни лабораторияда текшириш пайтида улардан бирйўла
бир неча юқумли касалликларнинг қўзғатувчилари ажратилмоқда. Бироқ,
ҳайвонлар организмида аралаш касалликлар қўзғатувчиларининг таъсири
остида содир бўладиган жараёнлар ўрганилмаган.
Шу сабабли бир неча хил қўзғатувчилар юқтирилган қўйларнинг
қонида ривожланадиган ўзгаришларни ўрганиш мақсадида гематологик
текширишлар ўтказилди. Бунда 12 бош қўй тўрт гуруҳга бўлиниб,
биринчисига - E.coli ва P.haemolytica, иккинчисига - Salm.ovis ва
P.haemolytica, учинчисига - E.coli, S. оvis ва P.haemolytica тери остига ҳамда
мушак орасига ҳар бири 10 млрд микроб ҳужайраси (10 мл суспензия)
микдорида юқтирилди. Тўртинчи гуруҳ назоратда бўлди.
Тажриба бошланишидан олдин ва қўзғатувчилар юқтирилгандан сўнг
учинчи кунда барча қўйлардан текширишлар учун қон олинди. Ўтказилган
гематологик ва биокимёвий текширишлар натижасида қуйидагилар
аниқланди.
Эритроцитлар миқдорининг 14,1-20,7 фоизга ошиши ва қон
зардобидаги альбуминлар даражасининг 7,7-32,9 фоизга камайиши барча
тажриба гуруҳлари учун характерлидир. Учинчи гуруҳ қўйларининг қонида
лейкоцитлар сонининг 43,3 фоизга кўпайиши натижасида лейкоцитоз яққол
намоён бўлган. II-гуруҳда альбуминлар ва бета-глобулинларнинг сезиларли
миқдорда камайиши туфайли қон зардобидаги умумий оқсил даражаси 14,2
фоизга камайган.
Бошқа ўзгаришлар орасида I-гуруҳ ҳайвонларининг қон зардобида
бета-глобулинларнинг 67,3 фоизга, III-гуруҳ қўйларида эса альфа-
глобулинлар миқдорининг бир неча мартага кўпайишини таъкидлаш лозим.
Шу билан бирга, III–гуруҳ қўйларининг қон зардобида гамма-глобулинлар
даражаси икки мартага камайди. Назоратдаги қўйларнинг қон зардоби
текширилганда айтарли ўзгаришлар аниқланмади.
Шундай килиб, тажрибадаги ҳайвонлар қонини гематологик ва
биокимёвий текширишлар натижалари асосида хулоса қилиб айтиш
мумкинки, бир неча қўзғатувчилар юқтирилган қўйларнинг қонида
касалликнинг бошланиш даврида анча жиддий ва мураккаб ўзгаришлар
содир бўлади ҳамда улар, ўз навбатида, организмнинг умумий ҳолатига ҳам
салбий таъсир кўрсатади.