Мазкур мақолада маркетинг логистикасининг мазмуни, унинг таркибий қисмлари, маркетинг ва логистика функцияларининг бирлашиши, улгуржи савдода маркетинг логистикасининг аҳамияти ва ривожлантириш йўллари ёритилган.
Ушбу мақолада Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш йўллари ечимлари келтирилган. Мақолада иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштириш, меҳнатни рақамлаштириш, ижтимоий соҳа ва давлат бошқаруви тизимининг жадал рақамли ривожланишини таъминлаш, жумладан, электрон давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистонда “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегияси ишлаб чиқилган бўлиб, унда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг турли соҳаларида ахборот тизимлари, электрон хизматлар ва бошқа дастурий маҳсулотлар жорий этиш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, корхоналарда бошқарув, ишлаб чиқариш ва логистика жараёнларини автоматлаштириш, рақамли таълимни ривожлантириш ҳақида фикрлар атрофлича баён этилган. Шунингдек, Сунъий интеллект бозори ривожланишининг ҳозирги пайтдаги асосий тенденциялари ҳақида фикрлар келтирилган.
Ушбу мақолада таълим жараёнининг муҳим компонентларидан бири бўлган ўқувчиларда мантиқий фикрлашни ривожлантириш масалалари ва уни ўзига хос жиҳатлари, кўплаб тадқиқотчиларнинг бу ҳусусдаги мулоҳазалари таҳлил қилинган. Мақола якунида муаллиф томонидан кўплаб хулосавий фикрлар келтириб ўтилган.
Мазкур илмий мақолада Ўзбекистон ва Туркия Республикалари ўртасидаги муносабатлар таҳлил қилинган. Айниқса, ўзаро дўстлик ва биродарлик тамойилига асосланган икки мамлакат ҳамкорлигининг илдизлари узоқ тарихга бориб тақалиши ҳам самарали стратегик шерикчилик муносабатлари ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлаётганига тўхталиб ўтилган. Шунингдек, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ва истиқболлари кўриб чиқилган. Жумладан, мақолада икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги дўстона алоқалар, мунтазамлик касб этаётган учрашувлар, самимий мулоқотлар ўзаро ҳамкорлик ривожига катта туртки бераётганлиги қайд этилган. Туркиянинг иқтисодиёт, саноат, тўқимачилик ва туризм соҳаларида эришган ютуқлари ва тажрибасини ўрганиш, икки давлат ишбилармонлари ўртасида ўзаро истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ҳамкорлик ривожининг янги босқичини бошлаб беришига алоҳида эътибор қаратилган. Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ҳамкорликда ҳали тўлиқ ишга солинмаган имкониятлар мавжуд бўлиб, бунда саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, фан-таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа кўплаб соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш ҳам Ўзбекистон, ҳам Туркия учун бирдек манфаатли эканига урғу бериб ўтилган.
Мазкур илмий мақолада халқаро глобаллашувнинг интенсивлашувини ортиши ва ушбу ҳолатнинг демократик тараққиётга таъсири, замонавий демократиянинг концептуал асосларини такомиллаштириш заруриятининг вужудга келаётганлиги, демократик тараққиётда давлат институтининг роли янада ортиб бораётганлиги, демократик ислоҳотларнинг самарадорлиги бевосита давлат ва унинг институтларининг демократияни самарали моделларини ривожлантириш борасидаги салоҳиятига боғлиқ эканлиги тўғрисидаги таҳлилий фикрлар баён қилинган. Мақолада асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида илгари сурилган мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, демократия институтларининг самарадорлигини ошириш борасидаги ғоялар, концептуал хулосаларнинг улкан аҳамияти масаласига қаратилган. Жумладан, Президент Мурожаатномасида таъкидланган 2019 йилнинг декабрь ойида “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида бўлиб ўтган сайловлар натижасида мамлакатимизда демократик ислоҳотларни юқори босқичга олиб чиқиш учун зарур бўлган янги сиёсий имкониятларнинг вужудга келганлиги, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш жамиятимиз учун яккаю-ягона тўғри йўл эканлиги ҳар томонлама асосланганлиги, шу боис ҳам эндиликда демократия институтларини жамиятимиз миқёсида кўпайтириш, демократик тараққиёт учун ўта муҳим бўлган ҳар томонлама мукаммал ва самарали бошқарув тизимини яратиш билан боғлиқ масалалар ўрганилди. Хусусан, Давлатимиз раҳбари томонидан жамиятимиз сиёсий тизими ва уни амал қилинишини янада такомиллаштиришга қаратилган қуйидаги концептуал хулосалар тўғрисида мақолада таҳлилий фикрлар баён қилинди: жойларда ижро ва вакиллик органларининг давлат бошқарувидаги роли ва масъулиятини янада оширишнинг зарурлиги; вилоят ва туман ҳокимлари ўз дастурлари ва уларнинг ижроси тўғрисида вилоят кенгашларида ҳисобот берадиган тизимнинг жорий қилиниши; ижтимоий шерикликни янада кенгайтириш; жамоатчилик назоратини янада кучайтириш; давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик Палатаси ташкил этиш; жамиятимиз ҳаётининг энг долзарб эҳтиёжларидан келиб чиқиб кучли демократия институтларини шакллантириш билан боғлиқ жараёнларни ривожлантириш. Илмий мақолада мазкур жараёнларнинг амалга оширилишининг натижасида юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг самарадорлиги ниҳоятда ортиши ва бунинг натижасида мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий тараққиётининг демократик асослари янада мустаҳкамланиши тўғрисидаги хулосалар баён қилинган.