Кўпчиликка маълумки, мусиқий чолғуларнинг келиб чиқиши, фунциявийлиги, ўзаро муносабатларни ўрганувчи органология фани ўргатади. Асосий қоидалардан бири бу – санъаткорнинг таянч воситаси бу чолғу эканлиги қайд этилган. Бу эса қайсидир маънода ижрочининг ижодий жараёнида тўлдириб турувчи ва жўрнавози, бадиҳа услубида ижод этишнинг асосий унсури сифатида гавдаланади.
Оғзаки анъанада мусиқий чолғуларнинг нечоғлик асосий ва етакчилик вазифасида кўзга ташланади. Бу ерда мусиқий чолғулар оғзаки анъанавий мусиқага хос жиҳатларни акс эттирувчи омил бўлиб хизмат қилади.
Шарқ мусиқаси нота тизимини назарий тушунтириш учун бирор бир чолғу ишлатилгани бежиз эмас албатта. Масалан, XIII-XV асрларда уд чолғуси, XIX асрда хоразм танбур табулатураси. Мусиқий чолғулар асосида парда ва усуллар тизими тадқиқ этилган. Маълумки, Бухоро танбури ушбу ҳудуд мақомот тизимини, озарбайжон-эрон муғом ва дастгоғларини тор чолғуси билан, қашқар рубобида эса уйғур мукамларини англашда асосий ўрин эгаллагани бежизга эмас.
Чолғуларнинг шакллари ва тузилиши, тембр-акустик хусусиятлари ўзларига касб қилган созгар ва чолғучи усталарнинг кўп асрлик меҳнати самараси натижасидир. Мусиқа санъати тарихидаги мусиқий чолғуларнинг такомиллашиш жараёни инъкоси бўлмиш товушқаторлар тизими сайқал топди.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг давлат бошқарувида маданият соҳасидаги сиёсатини белгилаш ва амалга оширишда асосан миллийлик, тарихийлик ва халқ маънавий-ахлоқий тараққиётининг кўп асрлик анъаналари ҳисобга олиниб, миллий қадриятлар, миллий анъаналар, халқнинг миллий ўзига хослиги сақлаб қолиниши учун зарур шартшароитлар яратилиб, қўллаб-қувватланди. Ушбу миллий маданий меросни тиклаш, тарғиб қилиш маъсулиятини ўз зиммасига олган бадиий жамоалар фаолияти муҳим аҳамиятга эга бўлди.