Буюк озарбайжон шоири шайх Низомий Ганжавий жаҳон адабиётидаги ноёб поэтик ҳодиса – хамсачиликни бошлаб берди. Гарчи форсийда битган бўлса ҳам, улуғ шоирнинг “Панж ганж”ида туркий тафаккур, туркий руҳ акс этгани маълум . Улуғ ўзбек мутафаккири ҳазрат Алишер Навоий эса “Хамса”си билан Низомий Ганжавий бошлаган поэтик анъанани янгилаш баробарида юксак тараққиёт босқичига кўтарди. Озарбайжонўзбек адабий алоқаларига доир эътиборга молик илмий тадқиқотлар муаллифи профессор Алмаз Улвийнинг ёзишича, Алишер Навоий Низомий анъаналарини изчил давом эттириш билан чекланмай, туркий адабиётнинг тараққиёт даражасини янада юксалтирди . Зеро, буюк салафига бўлган эҳтиром, унинг поэтик тафаккур такомилидаги беназир хизматлари эътирофи ҳазрат Алишер Навоий “Хамса”сининг ҳар бир достонида яққол сезилиб туради. “Хамса” достонларининг алоҳида боблари унинг васфига бағишлангани ҳам буни тасдиқлайди.
Мақолада ўзбек миллий мақолларининг қўлланилиши, уларнинг илдизлари ва миллий қадриятларимиз билан узвий боғлиқлиги, ҳар бир сўзнинг маъно хилма-хиллиги, ибораларнинг турғунлиги, шаклий барқарорлигининг устунлик қилиши, қулланиш ўрнига қараб уларнинг маъно доираси доимий равишда кенгайиб бориши ва оиладаги,ёшлар тарбиясидаги ўрни қанчалик муҳим эканлиги бир неча мисоллар билан кўрсатилган
Тилак/олқиш/дуолар матнида намоён бўладиган поэтик ҳодисаларнинг моҳияти, уларнинг ўзаро маъно муносабатларини ўрганиш, лисоний бирликларнинг халқ эстетик тафаккурига таъсирини аниқлашда лингвопоэтик таҳлил усули бирламчи аҳамият касб этади. Тилак матнидаги ҳар бир сўз мақсад ва маҳоратга кўра маълум поэтик мавқега эга бўлади. Туркча тилак/олқиш/дуолар таркибидаги қарама-қарши лексемалар матнда контраст ҳосил қилинишида лексик бирликларнинг имкониятлари жуда кенг ва у антонимлар қаторида бадиий матнда контраст ҳосил қилувчи лисоний восита вазифасини бажаради. Қарама-қаршиликнинг бир туркум доирасида олиниши бадиий матн шароитида ҳам одатга айланиб қолган. Қилинган ишларнинг деярли барчасидаги матн таҳлилларида фақат бир туркум доирасидаги қаршилантиришлар эътиборга олинади, ваҳоланки, бадиий матнда бир туркумдаги сўзлар билан бир қаторда турли туркумга мансуб сўзлар ҳам контрастлар ҳосил қилувчи лексик воситалар сифатида фаол иштирок этади. Қарама-қаршилик воқеа-ҳодисаларни баҳолашда асосий мезонлардан ҳисобланади. Оламни англашда қарама-қаршилик категориясининг ўрни беқиёс. Ҳодисаларнинг моҳияти очилишида ҳеч нарса уларнинг қарама-қаршисидан фойдаланишдек аҳамиятли эмас. Қарама-қаршилик нафақат объектив борлиқ ҳодисалари инъикоси тарзида, балки тафаккур оламининг маҳсули сифатида ҳам юзага келади. Туркча тилак/олқиш/дуоларда ҳам қарама-қаршилик орқали улардаги бадииятни кўрсатиш имкони мавжуд. Қарама-қаршиликнинг тилдаги ифодаси «антонимия» номи билан талқин қилиб келинмоқда. Аммо антонимияни белгилашдаги ўлчовлар, хусусан, туркум асосидаги чеклов қарама-қаршилик моҳиятини етарлича қамраб олиш имкониятини бермайди. Зеро, сўзларнинг туркумланишига асос бўлувчи категориал сема сўз мазмуний структурасидаги нисбатан энг умумий характерли компонентдир. Улар на қарама-қаршилик муносабатини юзага келтиради, на унинг мавжудлигини инкор эта олади. Шунга кўра, қарама-қаршилик категориясини туркум доирасидан ташқари тадқиқ қилиш зарурий ҳолатдир.
Бадиий адабиёт ривожида ижодий анъаналарнинг урни алохида. Ижодий анъана, биринчид-». муайян даврга мансуб шоиру адибларнинг салафлар махоратидан сабок олишлари, иккинчидан, поэтик образ ва поэтик шаклларнинг янгиланиши, такомиллашувини таъмин этишига кура адабий-эсте- тик тафаккур такомилига хизмат килади. Хоразм адабий мухити намояндалари, жумладан, Мутрг шеъриятига Алишер Навоий анъаналарининг таъсирини урганиш ана шу жихатдан долзарбдир.
Мазкур мақолада Рашидиддин Ватвотнинг “Ҳадойиқ ус-сеҳр фи дақойиқ уш-шеър” асари мумтоз поэтик манба сифатида ўрганилган. Ушбу мавзу илмий мақолалар, рус тилидаги диссертациялар, форс тилидаги илмий адабиётлар асосида ёритиб берилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 майдаги ПҚ–2995-сонли «Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ҳали ўрганилмаган кўплаб қўлёзма манбаларимизни ўрганиш, уларни илмий муомалага киритиш учун катта имкониятлар эшигини очиб бермоқда. Мақолада Рашидиддин Ватвотнинг “Ҳадойиқ ус-сеҳр фи дақойиқ уш-шеър” асари ҳақида қизиқарли маълумотлар, асарнинг XII асрдан то ҳозирги кунга қадар бўлган аҳамияти, унда келтирилган адабий санъатлар ва мисоллар ҳақида сўз юритилган. Ушбу асар ўзидан кейин “илми бадеъ” билан машғул бўлган барча олимлар учун асосий манба сифатида хизмат қилган. Асар ҳозирги кунда ҳам ўзининг илмий-адабий қимматини йўқотмаган бўлиб, мазкур мақолада унинг кам сонли тошбосма нусхалари адабиётшунослик нуқтаи назаридан кўриб чиқилган. Асосий масала сифатида асарнинг манбашуносликдаги тутган ўрни ва аҳамияти, хусусан, мазкур асарнинг адабиётшунослик назариясига қўшган ҳиссаси ҳамда уларнинг турли таржималар ва тадқиқотларда қўлланилиши таҳлил этилган.
Мазкур мақолада ХХ асрнинг иккинчи ярми Миср, Сурия, Ливан, Ироқ, Фаластин, Иордания каби араб мамлакатлари адабиётидаги ҳикоя жанрининг эволюцияси қиёсий-типологик, қиёсий-тарихий жиҳатдан таҳлил этилиб, ҳикоя жанрининг ХХ аср давомидаги тараққиёт йўли ишлаб ёритилган. ХХ асрда ижод қилган араб ёзувчиларининг ҳикояларини таҳлил этиш асосида жаҳон адабий жараёнидаги замонавий йўналиш ва оқимларнинг таъсири ва мослашув жараёни очиб берилган. Замонавий араб ҳикоячилигида ўрта аср араб насрига хос поэтик анъаналарнинг янгича ифода тарзи, қадимги Шарқ халқлари ҳамда юнон мифларига ижодий ёндашув масаласи акс эттирилган. Шунингдек, қадимги диний манбаларда келтирилган қиссаларнинг мавзу ва образларининг янгича талқинда берилганлиги ёритилган. Мақолада замонавий араб ҳикоячилигида «қисқа ҳикоя», «узун ҳикоя», «энг қисқа ҳикоя» каби шаклларининг мавзу кўлами ва поэтикаси таҳлил қилинган.
Мазкур мақолада афғон ҳикоячилигининг забардаст ёзувчиси Раҳнавард Зарёб ижоди, хусусан унинг “Сураткаш муаллим” ҳикояси таҳлил қилинди. Адибни анъанавий афғон носирларидан фарқли ўлароқ кўпроқ инсон кўнглида кечаётган жараёнлар тасвири қизиқтиради. Воқеани эмас, воқеликка нисбатан ички психологик муносабатни ифодалаш устувор ўринда туради. Ёзувчининг бир қатор ҳикояларида инсон руҳиятининг ана шундай жиҳатларини очишга йўналтирилгани билан ажралиб туради. Шу билан бирга ёзувчи қаҳрамон руҳиятида кечаётган жараёнлар ифодасини турли лавҳалар тасвири билан бойитади. Ҳикояни кенгроқ тадқиқ этиш мақсадида ўзбек ёзувчиси Назар Эшонқулнинг “Маймун етаклаган одам” ҳикояси билан қиёсий ўрганилди.
Ҳазрат Алишер Навоий асарлари – миллат бадиий-эстетик тафаккурининг чўққиси. Наинки ўзбек ёки бошқа туркий халқлар адабиётида, ҳатто жаҳон адабиётида ҳам ижодий камолотнинг бунчалик юксак даражасига эришган мутафаккирни топиш қийин. Шунинг учун ҳам халафлари орасида бирор шоир ёки адиб йўқки, ҳазрат Навоий санъатхонасидан сабоқ олмаган бўлсин. Лекин буюк шоир назмий анъаналарини, муайян поэтик образ ёки рамзлар воситасида бўлса ҳам, такомилга етказган, ривожлантирган ижодкор кўп эмас. Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат лирикаси ана шундай ноёб ижод намуналари сирасига кириши билан алоҳида аҳамиятга эга.
Ушбу мақолада Афғонистонда давлат тилларидан бири бўлган пашту тилида яратилган халқ оғзаки ижодиётининг насрий турлари сирасига кирадиган ишқий-романтик эртак-қиссалар ҳақида сўз юритилади.
Адабиётнинг асл моҳияти миллий руҳнинг бадиий талқинига кўра белгиланиши, муайян ижодкор асарини баҳолашда миллий адабий-эстетик тафаккур асосий мезон эканлиги мақола илмий концепциясини ташкил этган. Қайси тилда яратилган бўлишидан қатъи назар, жаҳондаги ҳар бир халқ адабиётининг энг сара намуналари миллий руҳ ифодаси нуқтаи назаридан илмий таҳлил этилиши зарурияти долзарблик касб этади. Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи ХХ аср ўзбек адабиётида ана шу мезонга жавоб бера оладиган асар сифатида таҳлил этилган.
Муаллифнинг фикрича, “Ўткан кунлар” романида миллий руҳ қуйидаги уч тамой ил асосида намоён бўлган: 1) миллат руҳини мужассам этган ўзига хос урф-удумлар, анъаналар, қадриятлар, миллатнинг орзу-армонлари талқини; 2) миллатнинг ўз-ўзига танқидий руҳда қарай олиш салоҳияти ифодаси; 3) асарда миллий шахсиятларга хос собит эътиқоднинг поэтик сувратланиши. Ўз навбатида, бу тамойиллардан биринчиси – миллатнинг ахлоқи, иккинчиси – иродаси, учинчиси – эътиқодини тажассум этади ва бу учлик яхлит ҳолда миллий руҳни ташкил қилади.
Мақола сўнгида тадқиқот натижалари назарий умумлаштирилган.
Мақолада замонавий фольклоршуносликни ўрганишнинг энг самарали усули – қиёсий-типологик метод ҳақида фикр юритилади. Турли халқлар фольклори ўртасидаги алоқаларнинг типлари ҳақида ва уларнинг ҳар бири ўзига хос хусусиятларга эгалиги билан ажралиб туриши борасидаги фикр-мулоҳазалар тадқиқ этилади.
Табиат – бу, энг аввало, уйғунлик тимсоли, турғун дунёдир.У инсон ва жамиятга қарши қўйилган, яъни тартибсизлик, ўзгарувчан ҳаётга қарши қўйилган собит дунёдир. Ёзувчи табиатга мурожаат қилар экан, унинг асардаги тасвирини беришда табиатнинг инсонга таъсири, унинг поэтик тимсоли, у ҳақда шунчаки оний эслаш, жонзотларни инсон фазилатлари билан тасвирлаш, қаҳрамон истиқомат қиладиган жой, унинг қадрдон уйи, Ватанини тасвирлашда ўсимлик ва пейзаж лавҳалари кабилардан фойдаланади. Корейс халқи фольклорида табиатнинг мифологик кучи устунлик қилган, кичик бир пейзаж лавҳаси аниқ тасвирда берилган ва бу лавҳа ўқувчи онгига тез таъсир кўрсатган, унинг дунёқараши, ҳатто, ҳаёт йўлини тубдан ўзгартира олган. Инсон ва табиатнинг пайдо бўлиши, инсоннинг табиатга жонли муносабати предметлар қиёсида кузатилади. Корейс адабиётида табиат тасвирида анъанавий образлар: тоғ, қарағай, ой, йил фаслларидан фойдаланилади. Жумладан, қарағай ва тоғ ёлғизлик рамзи сифатида берилади. Шунингдек, вақтни тасвирлаш ҳам ўзига хос характерга эга. Рамзлар табиат ва инсон ўртасидаги бундай боғликликни кўрсатиб, уйғунликка асос бўлди. XVII–XVIII асрлар корейс насрида ёзувчилар табиатни энг майда деталларигача тасвирлай бошлади. Табиат динамикасининг тасвири барқарорлашди, яъни асарларда пейзаж тавсифига кенг ўрин берилди. Баъзи ҳолларда пейзаж қаҳрамонлар кайфиятини акс эттириш билан бирга образлар характеридаги ўзига хослик ёки ҳаётида рўй берадиган ўзгаришларга ишора вазифасиниўтади. Кўриб чиқилаётган давр адабиёти инсонни янгича тасвирлаш тамойиллари аввалгидан фарқли равишда табиатни энг майда деталларигача ҳисобга олишни тақозо этди. Баъзи ҳолларда пейзаж қаҳрамонлар кайфиятини акс эттирибгина қолмасдан, балки китобхонларга персонажларнинг характеридаги ўзига хосликлар ёки ҳаётида рўй берадиган ўзгаришларга ишора қиладиган бўлди. Натижада асардаги атроф-муҳит деталлаштирилди, уларнинг ифодасидаги муболаға йўқолди. Табиатни тасвирлашнинг бош тамойили бўлган «шартли гўзаллик» йўқолиб, табиат тасвири нисбатан моддийлашди. Шундай қилиб, образларни тавсифлаш ва тасвирлашда табиат манзараларидан кенг фойдаланиш инсоннинг табиатдаги ўрнини аниқлаш масаласини аниқ очиб берди. Умуман, XVII – XVIII асрлар корейс насри таркибида келган табиат ҳодисаларининг тасвири маълум даражада қаҳрамонни ҳам, китобхонни ҳам кейинги воқеаларга тайёрлаш учун хизмат қилган. XVII – XVIII асрлар корейс насри поэтикасида, хусусан, сюжет чизиғи учун космологик ғояларнинг табиатга алоқадорлиги хос эканлиги, унинг пайдо бўлиши ва алоҳида ҳиссиётлар, қонунлар ишонарли тарзда тасвирланганини кузатиш мумкин.