Ушбу мақола турк ва инглиз тилларида кўрув феьлларини ўрганиш тарихи таҳлилига бағишланган. Туркча кўрув феьллари асосан сезги феьлларининг таркибида кўриб чиқилган. Бу барча сезги феьлларига хос бўлган бир қатор умумий хусусиятларни, шу жумладан кўрув феьлларини кашф этиш ва кўрув феьлларини ушбу тизим ичидаги бошқа семантик синфлар билан ўзаро боғлаш имконини берди. Тадқиқотчиларнинг саъй-харакатлари, асосан, сезги феьлларининг улар томонидан белгиланган идрок турига кўра ёки маьносига кўра таснифини яратишга қаратилган эди. Ушбу феьлларнинг семантикасида тадқиқотчилар интуитив равишда иккита жиҳатни ажратиб кўрсатишади: реал таҳлилда аралашган ёки фарқланмаган ёки мутлақо автоном мавжудотлар каби қарама-қарши бўлган ва алоҳида кўриб чиқиладиган перцептив ва ментал. Шу билан бирга, нуқтаи назарларнинг турлилига қарамай бу феьлларни перцептив ва ментал маьноларда таснифлашда умумий фикрлар мавжуд. Шу сабабли, муҳим аҳамиятга эга бўлган масалалар ҳал қилинмай қолмоқда, хусусан: сезги феъллари синфига тегишли бўлган феьллар рўйхати билан боғлиқ саволлар, шу жумладан кўрув феьллари, уларни бошқа феьлларнинг семантик синфларидан ажратиш мезонлари, тавсифлаш учун бирлаштирилган терминологик аппаратни аниқлаш кабилар. Инглиз тилидаги кўрув феълларини ўрганиш тарихи кенг ва кўп қиррали изланишларни ўз ичига олади. Ушбу феъллар Аке Вибергнинг монографиясида батафсилроқ кўриб чиқилган. Бу феълларга бағишланган ва турли тиллардаги материаллар устида олиб борилган кейинги барча илмий изланишлар маълум даражада А.Виберг томонидан ёзилган қоидалар асосланади. Илмий ишлар таҳлили ушбу феълларни ўрганишда қуйидаги ёндашувларни кўришимизга имкон беради: қиёсий, тизимли-тузилмавий, лингвистик-прагматик. Одатда, кўрув феъллари ва уларнинг бошқа тиллардаги тенгликларининг қиёсига бағишланган илмий тадқиқотларда инглиз тили эталон вазифасини ўтайди, бошқа тилларнинг материаллари эса унга қиёсан кўриб чиқилади ва баҳоланади. Шу билан бирга, ушбу ишларда тадқиқ қилинаётган феълларнинг тузилиши, семантик потенциали ва айрим матн турларида қўлланиши ўрганилади. Инглизча кўрув феълларининг тизимли-таркибий бағишланган ишлар шакл ва мазмун жиҳатдан тизимли боғлиқликни аниқлашга, шунингдек, уларнинг мувофиқлиги хусусиятини таҳлил қилишга бағишланган. Сўнгги даврдаги илмий тадқиқотларда бу феъллар турли хил матнларнинг материаллари асосида олиб борилган лингвопрагмати таҳлил доирасида кўриб чиқилади.
Маҳмуд Замахшарий асарларидаги сўз туркумлари таҳлилига бағишланган мазкур мақолада олимнинг “Муқаддамату-л-адаб” асарининг сўнгги “Тасрифу-л-афъол” деб номланган қисмидаги феълларнинг тусланиши масаласи кўриб чиқилади. Унда феълнинг араб тилида муҳим аҳамият
касб этувчи салмоқли сўз туркуми саналиши, унинг морфологик хусусиятларини билмай туриб, бошқа туркумларга хос кўпгина грамматик қоидаларни ўзлаштириш мумкин эмаслиги, бир қатор сўз туркумлари, хусусан, масдар, сифат даражалари айнан феъл ўзагидан ясалишига урғу берилади.
“Муқаддамату-л-адаб” асарида араб тилида феълларнинг уч ўзакли ҳамда тўрт ўзакли феълларга бўлиниши, улардан аксарияти уч ўзакдан ташкил топиши айтилади. Тўрт ўзакли феъллар ҳам худди уч ўзакли феъллар каби ўша суффикслар ва префикслар ёрдамида тусланади. Ҳозирги замон шакли, буйруқ майли, масдар, сифатдошларини ясашда ҳам худди ўша уч ўзакли феълларда мавжуд қоидалар асос қилиб олинади.
Маҳмуд Замахшарий иккиланган феълларни уч ўзакли феъллар туркумидаги иккиланган, иккинчи ва учинчи ўзаклари бир хил ҳарфдан иборат бўлган феъллар дея таърифлар экан, ҳамзанинг соғлом ҳарф бўлиб, у иллатли ҳисобланмаслиги, унинг талаффузи қийинроқ бўлгани сабабли гоҳида уни бошқа ҳарфга ўзгартириш ёки тушириб қолдириш орқали талаффузда енгиллик яратилишини таъкидлайди. Зеро, ҳамзанинг ёзилиш масаласи, яъни орфографияси ҳамма даврларда қийин муаммо бўлган. Замахшарий мазкур асарини араб бўлмаган халқларга араб тили ва грамматикасини тез ўргатиш мақсадида ёзганлиги учун ҳам наҳвнинг баъзи чигал масалаларида у қадар чуқурлашмаган.
Олим ўз асарида аниқ нисбатдаги феълларга шахс-сон қўшимчалари қуйидагича қўшилади деб,
тўғри феълларнинг ўтган замонда тусланиш намунасини берган ва барча тўғри ва тўғрига ўхшаш феъллар юқоридаги тартибда тусланади, деган.
Замахшарий феълнинг мажҳул нисбати ва уларга шахс-сон қўшимчаларининг қўшилишини тўғри феъллар, иккиланган феъллар, тўғрига ўхшаш феъллар, бўш феъллар, ноқис феъллар ва мана шу барча феъл турлари ҳосила бобларининг ҳам тусланиш намунасини берган. Фақат шунчаки тусланиш берилмасдан, балки истисноли ҳолатлар ҳам алоҳида қайд этилган. Араб тилидаги буйруқ майлининг изоҳига алоҳида боб ажратилган. Унда соф буйруқ майлининг ҳозирги келаси замон феълидан ясалиши ҳақида маълумот берилган. Мақолада таажжуб феълининг фақатгина уч ўзакли феълларнинг биринчи бобидан ясалиши, уларнинг жисмоний камчиликни билдирувчи феъллардан ясалмаслиги таъкидланади.
Иккиланган ва иллатли феъллардан таажжубни ифодалаш усули шарҳланади. Феълларнинг тусланиши қисмида масдарга бағишланган бобда ҳаракат номи, бўш феъллардан масдар ясалишига тўхталиб ўтилади, аниқ ва мажҳул даража сифатдошларига таъриф берилиб,
уларнинг ясалишига доир қоидалар ва турли ҳолатларга оид мисоллар келтирилади, ҳосила боблар ва тўрт ўзакли феъллардан аниқ ва мажҳул даража сифатдошларининг ясалишига оид маълумотлар ҳам шу бобда келтирилади, орттирма ва қиёсий даража сифатлари ҳам изоҳланади.
Ушбу мақолада араб ва ўзбек тилларида феъл сўз туркуми, унинг тилшунослар томонидан ўрганилиши, ҳар икки тилдаги ҳаракат феълларининг қиёсий лексик-семантик таҳлили қисқача тарзда ёритиб ўтилган. Араб тилидаги ҳаракат феълларининг лексик-семантик муноса-батларини ўрганишда, улар ўртасидаги синонимлик, антонимлик каби феъллар маъносига тааллуқли жиҳатларга алоҳида аҳамият бермоқ лозим. Араб тилидаги ҳаракат феъллари орасида полисемантик маъноларни англатувчи феъллар кўп учраб, улар баъзан ўзининг асл маъносида қўлланса, баъзан эса умуман бошқа маъноларда ҳам келади. Ушбу феълларнинг қандай мазмунни ифодалаши эса, уларнинг қандай воқеа ёки ҳолат билан боғланганлигига ҳам қарайди. Феълнинг дастлабки, асл маъноси асосан, субъектнинг оддий ҳолати билан алоқадор бўлса, бошқа маънолари эса унинг эмоционал ҳолатини ифодалашга хизмат қилади. Араб тилида ҳаракат феълларига тааллуқли лексик-семантик муносабатларни ўрганишда, ушбу феълларнинг қайси предлоглар билан бирга келаётганлигига ҳам алоҳида аҳамият бермоқ лозим, чунки муайян бир ҳаракат феъли иш-ҳаракат қаратилган объектнинг жонли ёки жонсиз эканлигига кўра ҳам турфа хил предлогни талаб қилиши мумкин. Синонимлик муносабатларида эса, ҳаракат феъллари иш-ҳаракатнинг қай даражада давом этганлигига, қандай мақсад билан амалга оширилганлигига ёки унинг қандай воситалар ёрдамида бажарилганлиги каби ҳолатларга кўра бир-биридан фарқланади. Ўзбек тилидаги “келмоқ” ҳаракат феълининг араб тилида ифодаланишида, ўхшаш ва фарқли жиҳатлар мавжуд эканлиги маълум бўлди. Ўзбек тилида ушбу ҳаракат феълининг бош семаси анчагина содда кўринишда бўлсада, мазмунан араб тилидаги “келмоқ” лексемасига деярли мос келади. Ўзбек тилида ушбу феъл ўзи қаратилган объектнинг, асосан, тушум, ўрин-пайт, чиқиш ва жўналиш келишикларида келишини талаб қилса, араб тилида улар тушум келишиги ёки муайян келишик маъносини берувчи предлог билан ифодаланади. Ўзбек тилидаги “келмоқ” феълига хос баъзи маъноларни ифодалашда, уларнинг айнан арабча муқобил вариантини қўллаш лозим бўлса, баъзи ҳолатларда эса ўзбек тилидаги ушбу ҳаракат феълининг англатган маънолари араб тилида ҳам, айнан “келмоқ” феъли билан ифодаланади, бироқ ушбу ҳолатда араб тилида “келмоқ” маъносини берувчи синоним феъллардан кутилган маънони ифодаловчи айнан бир феълни танлаш лозим.
Мазкур мақолада араб тилидаги “заиф” ҳарфли феълларнинг фонетик ўзгаришларга учраши, бу ҳодисанинг ёзма нутқда ифодаланиши таҳлил этилган. Шунингдек, “заиф” ҳарфли феъллар мавзусининг мумтоз ва замонавий араб ва ўзбек наҳвшунос олимлари илмий асарларида ёритилиши ўрганилган. Тил ўрганувчиларнинг “заиф” ҳарфли феълларни турли ўринларда тўғри қўллай олиш малакасини ҳосил қилиш асосий мақсадимиз ҳисобланади. Ишда тавсифлаш, қиёслаш, анализ, компонент таҳлил усулларидан фойдаланилди. Араб тили грамматикасида “алиф -ا ”, вав -و” ҳамда “йа -ي” ҳарфлари "
ُفوُرُح ةَّلِع " - заиф ҳарфлар, заиф ҳарфлар иштирок этган феъллар эса заиф феъллар деб
аталади. Мазкур 3 та ҳарфдан “و ” ва “
ي ” ҳарфлари ярим унли товушларни ҳам
ифодалайди. “ و ” ва “ ي ” ҳарфларининг кўп жойларда тушиб қолиши ёки бири
бошқасига (кўпинча алифга) алмашиб кетишига асосан уч хил ўзгариш сабаб бўлади:
қалб, таскин, ҳазф. “Заиф” ҳарфли феъллар араб тили лексикасида катта ўринга эга бўлиб, тил ўрганувчиларнинг бундай феълларни амалиётда ва луғат китобларидан фойдаланишда тўғри қўллай олиш кўникмаларини ҳосил қилишлари муҳим аҳамиятга эга эканлигини эътиборга олсак, бундай мураккаб тил ҳодисаларини шарқшунос олимларимиз, замондош араб наҳвшунос олимлар ва мумтоз тилшунос олимлар асарлари асосида, классик ва замонавий адабиёт намуналари мисолида чуқур ва атрофлича ўрганиш муҳим масала бўлиб қолмоқда.
Феъл семантикасини тасвирлаш анча қийин вазифа саналади. Чунки феъл мазмуни унинг дистрибуциясига кўп жиҳатдан боғлиқ. Шуни эътиборга олган ҳолда феъллар ўзаро билдирган маъно йўналиши ҳамда улар алоқага киришган субъект-объектлар бор-йўқлиги ва агар бор бўлса, уларнинг миқдорига қараб тасниф қилинади. Хитой тили тадқиқотчилари томонидан ҳаракат феъллари гуруҳи таркибида ҳаракат йўналиши феъллари ажратилади. Бу феъллар гапда мустақил феъл предикати вазифасида ҳам, модификатор ёки йўналиш морфемаси сифатида қўшимча гап бўлаги вазифасида ҳам кела олади. 来[lái] келмоқ va 去 [qù] кетмоқ ҳаракат йўналишини ифодаловчи содда феъллардир. Булар иштирокида айни маънодаги қўшма феъллар ҳосил қилинади. Ҳаракат сўзловчи (ёки объект)га йўналган бўлса, 来 (келмоқ), аксинча, сўзловчи (ёки объект)дан узоқлашиш маъноси ифодаланса, 去 (кетмоқ) феъли қўлланилади. Ориентир ўз навбатида объект ёки субъект томонидан белгиланиши мумкин: гапда ориентир аниқ кўрсатилганда – объект, кўрсатилмаган бўлса – субъект томонидан белгиланади. 来 [lái] феъли хитой тилида асосий содда ҳаракат йўналиши феъллари гуруҳига киритилган. 来[lái] кўп маъноли ва гапда мустақил феъл, кўмакчи феъл ҳамда ёрдамчи сўз вазифаларида қўлланила олади. 来[lái] келмоқ феъли семантикасидаги ўзига хос жиҳат шуки, бу феъл орқали ҳаракат ориентири ёки йўналишидан ташқари хабарнинг баён қилиниш нуқтаси, вазиятнинг ким (ёки нима) нуқтаи назаридан тавсифланаётгани ҳам белгиланади. Мақолада来 [lái] ҳаракат йўналиши феълининг семантик хусусиятлари ўрганилган ва таржима жараёнида ўзбек тилидаги эквивалентлари аниқланган. Люй Шусянгнинг «现代汉语八百词吕叔湘» (Ҳозирги хитой тилининг 800 та сўзи) китобидаги материаллар асосида来 [lái] феълининг мустақил ва кўмакчи феъл ҳамда ёрдамчи сўз вазифасидаги моделлари таҳлил қилинган. Хитой тилидаги 来 [lái] ва ўзбек тилидаги келмоқ феълларининг ўзаро ўхшаш ва фарқли хусусиятлари ёритилган.
Корейс тилшунослигида XX асрнинг 30 йилларида Чхве Хён Бе нинг анъанавий грамматикага асосланган тадқиқоти билан бошланган кўмакчи феъллар тадқиқи ҳозирги кунга қадар узлуксиз тадқиқот объекти бўлиб келмоқда. Ушбу мақола корейс тилшунослигида кўмакчи феъллар ва уларни фарқлашнинг мезонларига бағишланади. Бунда кўмакчи феъллар етакчи феълга бирикиш масалалари, кўмакчи феълларнинг етакчи феъл маъносига қўшимча маъно юклаши каби масалалар ўрганилади. Кўмакчи феълнинг етакчи феълга семантик ва синтактик жиҳатидан тобе бўлиши, аспект ва модал маъноларга эга бўлиши каби хусусиятлари тадқиқ қилинади. Бундан ташқари кўмакчи феълларнинг ўриндош шакллар билан муносабати ва ўхшаш шаклдаги асосий феъл билан бирга қўлланилиш масалаларига ойдинлик киритилади.
Ҳозирги пайтда хорижий тилларни ўрганиш ва ўргатишга юртимизда катта аҳамият берилмоқда. Чунки, жаҳон ҳамжамиятидан ўзига муносиб ўрин эгаллашга интилаётган мамлакатимиз дунёнинг кўпгина мамлакатлари билан иқтисодий, сиёсий, маданий, дипломатик, илмий-маърифий ҳамда бошқа жуда кўп соҳаларда алоқаларни ўрнатаяпти. Бу эса, ўз навбатида, чет тилларини, жумладан, араб тилини ва унинг тенгсиз гўзаллигини, тарихи ва грамматикасини, қолверса, ҳозирги замонда бу тилнинг дунё тилларидан бири сифатида чуқур ўзлаштирилиши муҳим вазифалардан бирига айланиб бораётганини кўрсатмоқда. Шунингдек, уни мукаммал ўзлаштириш учун грамматик қонун-қоидалари, терминларини таржима манбалардан эмас, балки асл манбалардан ҳам ўрганиш давр тақозосидир. Маълумки, она тилимизда мавжуд олтита келишик, араб тилида учта келишикда мужассамлашган ва улар бош, қаратқич ва тушум келишикларидир. Бош келишик олти ўринда, қаратқич келишиги икки ўринда, тушум келишиги эса ўн бир ўринда ишлатилади. Кўриниб турибдики, араб тилида энг кўп ишлатиладиган келишик, бу тушум келишиги бўлиб, гап бўлакларининг кўпгина қисми мана шу келишикда ифодаланади. Араб тили грамматикасида воситасиз тўлдирувчи тушум келишигида ифодаланади ҳамда гапнинг эга ва кесимидан кейин келади. Шу ўринда, машҳур тилшунос олим Мустафо Ғалайиний ўзининг “ َرَعلا ِسوُرُّدلا ُعِماَج ِةَّيِب” асарида бошқа наҳвшунос олимлардан фарқли равишда, воситасиз тўлдирувчини икки тур (аниқ ва яширин)га бўлгани ва ўз ўрнида уларни ҳам бир неча турларга бўлиниши ҳақида маълумотлар бериб ўтганини таъкидлаб ўтиш зарур. Шунингдек, олимнинг юқорида зикр қилинган асарида воситасиз тўлдирувчи ҳақида бошқа манбаларда учрамайдиган яна кўплаб маълумотларни учратиш мумкин. Улардан “масдари муъаввал” ёки “жумла муъаввал” билан ифодаланган воситасиз тўлдирувчилардир. Юқорида маълумот берилганидек, мафъулун биҳи, яъни воситасиз тўлдирувчининг келиши гапда ўтимли феълларнинг ишлатилши билан боғлиқ. Шу нуқтаи назарда тилшунос олимлар мана шу феълларни ҳам тўрт турга бўлганлар. Жумладан, Ўрта асрнинг машҳур тилшунос олими Саййид Шариф Журжоний ўзининг “Наҳви Мир” номли асарида уларни битта, иккита ва учта воситасиз тўлдирувчининг келишини талаб қилувчи ҳамда от-кесимли гапнинг эга ва кесимини воситасиз тўлдирувчига айлантирувчи феъллар, деб номлаган.
Мақолада ҳозирги араб тилида “иштиқоқ” усулида янги сўзларнинг ясалишининг ўзига хос айрим хусусиятлари ёритилиб, мазкур ҳодиса воситасида сўз ясалиш усуллари, “иштиқоқ”нинг тур ва гуруҳларига алоҳида аҳамият қаратилган. “Иштиқоқ” араб тилидаги лексик ҳодисалардан бири саналиб, у янги сўзларнинг ясалиши ва тилнинг бойишига хизмат қилади. “Иштиқоқ” атамаси ўзак сўз ва ҳосила сўзнинг ўртасидаги шакл ҳамда маъно жиҳатдан бўлувчи алоқаларни сақлаб қолган ҳолда янги сўзнинг ясалиш жараёнини англатади. Ушбу мавзу Ибн Манзур, Ҳалил Аҳмад ал-Фараҳидий, Ибн ас-Саййид, Абдуллоҳ Амийн, Муҳаммад Ҳасан ал-Жабал каби араб тилшунос олимлари томонидан ўрганилган. “Иштиқоқ”нинг шаклий иштиқоқ, маъновий иштиқоқ, товушли иштиқоқ ҳамда халқона иштиқоқ каби турлари, шунингдек, “ал-иштиқаақ ал-кабийр” – катта иштиқоқ, “ал-иштиқаақ ассоғийр” – кичик иштиқоқ, “ал-қалбу ал-луғавийю” – лексик метатеза ва “ан-наҳту” – икки ёки ундан ортиқ сўзлардан сўз ясаш сингари гуруҳлари мавжуд. “Иштиқоқ”нинг ҳар бир тур ва гуруҳи араб тилида янги сўзларнинг ҳосил бўлишига ўзига хос тарзда таъсир ўтказиб, улар сабаб сўз ёки шаклан, ёки маъно жиҳатдан ўзгариб боради. Тадқиқотда “иштиқоқ” доирасида сўзларнинг қандай ўзгаришларга учраши, бу ўзгаришларнинг ташқи ва ички омиллар билан боғлиқлиги масаласи ёритилган. Араб тилини ўрганувчиларга ушбу тилдан сабоқ беришда янги сўзларнинг ҳосил бўлишида ўзига хос жараёнлар ва тилдаги сўзларнинг шакл ва маъно жиҳатдан қандай ўзгаришларга учрашини аниқ илмий мисоллар тариқасида тушунтириш бу тилга бўлган қизиқишни ҳамда таълим самарасининг янада ошишига ёрдам беради.