Бугунги кунда ўзбек адабиёти дурдоналарини хорижий тилларга ва хорижий адабиёт намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш, таржима асарларини илмий ўрганиш бўйича қатор изланишлар амалга оширилмоқда. Ушбу мавзу доирасида бадиий таржимада сўз танлаш муаммосини тадқиқ этиш долзарб аҳамият касб этади. Гап бир тил оиласига мансуб, урф-одат, миллий анъаналари бир-бирига яқин ўзбек ва турк халқлари орасида амалга оширилган таржималар ҳақида борганда, вазият бирмунча ўзгаради. Чунки, бу икки тил орасида таржима қилишнинг афзалликлари билан бир қаторда ўзига яраша мураккабликлари борлигини ҳам эътироф этиш керак. Бу мавзуни ўрганишга бағишланган мақолада қўйилган илмий муаммо таниқли ўзбек адиби Ўткир Ҳошимов асарларининг турк тилига таржималари мисолида кўриб чиқилади. Тадқиқот мавзусини танлашда сўнгги йилларда ўзбекчадан туркчага бадиий таржиманинг долзарб муаммоларига бағишлаб ёзилган илмий ишларнинг камлиги, давр тақозоси билан бу борада амалга оширилиши керак бўлган ишлар анча кўплиги ҳисобга олинди. Таржимада сўз ва иборалар танлашнинг бадиий таржимадаги бирламчи аҳамияти, таржима жараёнида луғатнинг ўрни, таржимада “сохта эквивалентлар” муаммосига алоҳида эътибор қаратилади. Ўзбек тилидан турк тилига бадиий таржимада сўзнинг асар контексти ва таржимада бадиий талқин воситаси эканлиги, бадиий асар сарлавҳаларини ўгиришда дуч келинаётган жиддий муаммолар ҳам ёритишга ҳаракат қилинади. Тадқиқот асосини ташкил этувчи ўзбек ва турк тилларининг бир тил оиласига мансублигига қарамай кўпчилик лексик-фразеологик бирликларнинг келиб чиқиш нуқтаи назаридан фарқлилик касб этиши бадиий асарларни ўгиришда таржимондан ўта эҳтиёткор бўлишни қатъий талаб қилишига алоҳида эътибор берилади. Келинган хулосалар таниқли олимларнинг бу борадаги назарий фикрлари билан тасдиқлашга ҳаракат қилинади.
Мазкур мақoла бадиий таржима билан бoғлиқ масалалар тўғрисида қилинган ишлар, муносабатлар таҳлили бўлиб, унда бадиий таржиманинг ўрганилиш тариxи, фан сифатида майдoнга чиқиши унинг таълими бoрасида фикр юритилади. Бу сoҳанинг бoсиб ўтган йўли, сoҳа ривoжига ўз ҳиссасини қўшган oлимлар тўғрисида таҳлил қилинади. Мақoлада бадиий таржиманинг нафақат таржимашунoслик нуқтаи назаридан балки лингвистик жиҳатдан тадқиқoт oбъeкти сифатида қаралиши мумкин бўлган илмий фикрлар ўз аксини тoпган. Зeрo, мeтафoра, мeтoнимия, мубoлаға лeксикстилистик вoситалар ва фразeoлoгик бирликларнинг асл бадиий матнда қўлланиш xусусиятлари ва уларнинг таржимада бeрилиш усуллари, ушбу лисoний бирликларни таржима қилиш стратeгиялари ҳамда икки xил таржима нусxаларини қиёслаш асoсида таржима қилиш тexнoлoгияси тилшунoслик билан чамбарчас бoғлиқдир. Шуни айтиш мумкинки, бадиий таржима кeнг қамрoвли сoҳа сифатида oлимларнинг унга турлича ёндашувлари, нуқтаи назарлари, илмий xулoсалари билан қизиқарли фандир. Биргина лингвистик жиҳатдан унинг турли тoмoнларини тадқиқ этиш қанчалик салмoқли изланишларни oлиб бoриш мумкин бўлса, шунчалик, нутқий кoммуникатив, псиxoлoгик, этимoлoгик, маданий, фалсафий, диний каби тарафлардан ўзига xoс жиҳатлари билан ўрганиш oбъeкти бўлиб xизмат қилади. Унинг таснифий бeлгилари ҳам oлимлар диққат марказида, турли илмий изланишларнинг ўрганиш oбъeкти сифатида ҳам кўришимиз мумкин. Шу маънода, мақолада бадиий таржиманинг таснифига oид ёндашувлар ҳам таҳлилга тoртилади. Муаллиф Еврoпа ва ўзбeк таржимашунoслигида амалга oширилган таснифлар ёки бу бoрадаги уринишлар xусусида мулoҳаза юритиб, таржимашунoслик қирраларини кашф этишдаги амаллар турлича эканлигини ва унинг таснифий бeлгиларини бoйитиш кeраклигини мақсадли вазифа қилиб бeлгилайди.
Тадқиқот объекти: мулоқот шахсини вокелантирувчи бадиий диалог.
Тадқиқотнинг мақсади: мулоқот шахси намунасини унинг бадиий диалогда воқеланган когнитив дискурсив хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда шакллантириш.
Тадқиқот методлари: тавсифий метод, стилистик анализ, коммуникатив-прагматик метод, когнитив моделлаштириш методи, параметризация методи, инференция методи, маданиятлараро қиёслаш методи.
Олинган натижалар ва уларнинг янгилиги: 1) мулоқот шахсининг модели семантик-стилистик, коммуникатив-прагматик, лингвокогнитив ва лингвомаданий сатхлар йиғиндиси асосида аниқланди; 2) бадиий дискурсда «ажратилганлик» когнитив тамойилиини амалга оширувчи мулокот шахсининг семантик-стилистик ва прагматик кўрсаткичлари ўрганилди; 3) мулокот шахси унинг когнитив моделини белгиловчи концептуал белгилар асосида тадкик қилинди; 4) Мулокот шахси тадқиқ қилинаётган муаммолар доирасига бадиий диалогда маданий концептларнинг воқеланиши ва унинг миллий-маданий ўзига хослиги, алоҳида намаунавий турларини фарқлари масалаларини хам қамраб оладиган лингвокултурологик ёндашув асосида ўрганилди.
Амалий ахамияти: тадқикот иши натижаларидан матн интерпретацияси, когнитив лингвистика, стилистика, лингвокультурология фанлари бўйича маъруза ва семинар машғулот дарсларнини ўтказишда, диссертациялар, дарсликлар, ўкув қўлланмалар ёзишда фойдаланиш мумкин.
Татбиқ этиш даражаси ва унинг самарадорлигн: Тадқикот натижалари олий ўкув юртларининг инглиз филологияси факультетларида стилистика ва матн тахлили, қиёсий стилистика, матн лингвистикаси, когнитив тилшунослик фанлари бўйича маъруза ва амалий машғулот дарсларини олиб боришда қўлланилмоқда.
Қўлланиш соҳаси: умумий тилшунослик, когнитив лингвистика, матн интерпретацияси, лингвокультурология, гендер лингвистикаси.
Мазкур мақолада адабиётшуносликда долзарб бўлган баҳсли масалалардан бири – бадиий психологизм тушунчаси ҳамда ушбу масаланинг тарихи борасида фикр юритилган. Бадиий психологизмнинг адабиётшунослик илмига кириб келиши, бу соҳада амалга оширилган илк тадқиқотлар, рус ва ўзбек адабиётшунос олимларининг назарий қарашларига алоҳида тўхтаб ўтилган ҳамда бадиий психологизм ва психологик таҳлил терминларига муносабат билдирилган. Шунингдек, бадиий психологизмнинг аналитик, динамик ва типологик принсиплари ва уларнинг адабий турлар ҳамда жанрлар кесимидаги ўрни, хусусан замонавий араб ва ўзбек адабиётида психологик ҳикоя жанрининг хусусиятлари ва ривожи таҳлил этилган. Ҳар бир миллат адабиёти ўзининг тараққиёт босқичига эга. Шунингдек, ҳар бир мамлакат адабиётини тараққиёти босқичларини ўрганар эканмиз, унда бошқа қардош ва нисбатан узоқ мамлакатлар адабиёти таъсирини ҳар бир босқичларда муайян даражада кузатишимиз мумкин. Ўзбек адабиётининг араб адабиёти билан алоқалари, ўзаро таъсири узоқ ўтмишга бориб тақалади ва бу адабий алоқалар бугунги кунга қадар давом этиб келмоқда. Араб адабиётининг дунёга машҳур “Минг бир кеча” асари билан аждодлармиз қадим замонлардан таниш бўлса, илк ўрта асрлар ва ўрта асрларда яшаб, илмий ва адабий ижодининг асосий қисмини араб тилида насрий ва назмий жанрларда ёзган буюк ўзбек мутафаккирлари ва қомусий олимларнинг ижод маҳсуллари араб адабиётининг ва адабий жанрларинг ривожига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшган. Шунингдек, иккала миллат адабиётига ўз таъсирини ўтказган Ислом маданияти, диний урф-одатлар, Шарқ фалсафаси, ҳаёт тарзи ва анъаналари, Европа модернистларининг асарлари ва ғоялари – адабий асарлар муштараклигида намоён бўлади. Мазкур муштаракликлар икки миллат адабиётининг ўхшаш жиҳатлари, адабий жанрлар тадрижини, мавзу ва ғояда умумийликлар уларни қиёсий тадқиқ этишда муҳим аҳамиятга эга. Замонавий араб ва ўзбек адабиётидаги муштарак мавзулар, ўхшаш сюжет ва образлар, адабий услубдаги яқинлик, Шарқ адабиёти анъаналари ва адабий жараёнларни қиёсий-типологик ҳамда қиёсий-тарихий ўрганишни тақозо қилади. ХХ аср охири XXI аср бошида араб ва ўзбек ҳикоянавислигида бадиий психологизм ва психологик ҳикоя ўз ривожланиш жараёнида бошқа жанрларга нисбатан етакчилик қилди. Авваламбор, бундай психологик ҳикояларда бугунги кун жамиятининг муаммолари ва унда инсон тақдирининг мураккаб кўринишларини ўта таъсирчан тарзда тасвирланган бўлса, иккинчидан, мазкур ҳикоялар орқали ҳозирги кундаги жамиятимиз муаммолари, иллатлари инсон руҳиятига, руҳияти орқали эса унинг тақдирига қандай салбий таъсир кўрсатаётганлиги психологик тасвир воситалари ҳамда психологик таҳлил орқали очиб берилганлиги таҳлил этилган.
Мақолада Алишер Навоий асарларида “маъни” ва “аҳли маоний” истилоҳларининг қўлланиши ва бадиий талқини масаласи таҳлилга тортилган. Буюк мутафаккир ижодида ушбу тушунчалар талқини қуйидаги тасниф асосида тадқиқ қилинган: 1) “маъни”, “маоний” истилоҳларининг моҳиятини очувчи фикрлар ифодаси; 2) маоний аҳлининг даражаси баландлиги ва уларнинг қарашлари жамият ҳаёти ҳамда миллат бадиий-эстетик тафаккури учун мезон бўла олиши; 3) маоний аҳлига мансуб салафлар ва замондошлар васфи; 4) аҳли маъни ва аҳли сурат муносабати масаласи. Мазкур тушунчалар Алишер Навоий асарларининг ботиний моҳиятини, ирфоний-эстетик мазмунини теранроқ англаш имконини бериши жиҳатидан қимматлидир. Буюк мутафаккир лирик шеърлари ҳамда “Хамса” достонларини “маъни” ва “аҳли маоний” истилоҳлари контекстида текшириш уларнинг янги маъно қирраларини кашф этишда алоҳида аҳамиятга эга. Мақолада Навоий асарлари биринчи марта айни тушунчалар асосида таҳлилга тортилган. Ушбу мақолада илмий муаммо Алишер Навоийнинг “Бадойиъ ул-бидоя”девони, “Хазойину-л-маоний” куллиёти, “Хамса” достонлари, “Мажолису-н-нафоис” тазкираси, “Лисону-т-тайр”, “Муҳокамату-л-луғатайн”, “Маҳбубу-л-қулуб”, “Хамсату-л-мутаҳаййирин”, “Насойиму-л-муҳаббат”, “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер” каби асарлари мисолида ўрганилган. Зарур ўринларда Алишер Навоий қарашлари буюк салафи Низомий Ганжавий фикрлари билан қиёсий таҳлил этилган. Таҳлил жараёнида илмий қарашларни асослаш учун Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкирату-ш-шуаро”, Деҳхудонинг “Луғатнома”, Ғиёсиддин Хондамирнинг “Макориму-л-ахлоқ” асарларига мурожаат қилинган. Тадқиқот натижасида Алишер Навоий ижодида “маъни” истилоҳи “сурат”нинг зидди бўлиб, зоҳирий мазмунни эмас, ботиний моҳиятни ифода этиши, “маоний” тушунчаси эса фикрни бадиий ифодалаш асоси ҳисобланган маоний илмини англатиши аниқланган. “Аҳли маоний” бирикмаси янада кенгроқ моҳиятни ифодалаши, мажоз воситасида Ҳақни англагувчи ҳақиқат ва маърифат аҳли мазмунида талқин этилиб, буюк шоир ижод концепцияси билан боғлиқ тушунча экани ҳақидаги хулосага келинган.
Мазкур мақола замонавий Кувайт адабиётида ўзининг салмоқли ўрнига эга бўлмиш истеъдодли адиба Фотима Юсуф Али ижодида аёллар руҳияти масаласига бағишланган бўлиб, унда ёзувчининг “Та марбута” ҳикоялар тўпламидан ўрин олган баъзи ҳикояларини таҳлил этиш асносида адибанинг бадиий-услубий маҳорати талқин этилади. Адиба қандай мавзуни танламасин, унда асосан араб аёлининг жамиятда ва оилада тутган мавқеи ҳамда ижтимоий ҳолати орқали руҳий оламини очиб бериш марказий ўринни эгаллайди. Ҳикоялар билан танишиш жараёнида биз муаллифнинг аёл ҳаётига, аёл аҳволини яхшилашга қаратилган асосий мақсадини англаймиз. Аёл аслида нозик ҳилқат аммо шу билан бирга улкан сабр-бардош, матонат соҳибаси эканлиги нозик чизгилар орқали Фотима Юсуф Али ҳикояларида ўз инъикосини топади. Ҳикоялар бадиий жиҳатдан ўз маромига етқазилгани ҳолида, унда турфа бадиий-услубий воситалар, образлар тизими, баёнчилик маҳорати, аёл шахсиятидаги психологизм билан боғлиқ масалалар етакчилик қилади. Шунингдек, ҳикоялардаги асосий қаҳрамонларнинг моҳияти уларнинг нутқи, монологлари асосида, портрет характеристикаси орқали намоён бўлади. Персонаж нутқини индивидуаллаштириш орқали эса унинг шахсияти, дунёқараши, руҳияти ҳақида маълумот беради. Ҳикоячининг персонажга айланиши ёки ҳикоячи персонаж ва муаллиф нутқининг чатишиш ҳодисалари, диалогларнинг фусха, яъни араб адабий тилида берилиши, ажнабий сўзларнинг истифода қилиниши – буларнинг бари адиба маҳоратининг бир қиррасидир. Ёзувчи ҳикояларидаги воқеалар ҳаётий тус олишига, турмуш ҳақиқатига мос келишига алоҳида эътибор қаратади, миллий хусусиятларни, миллий калоритни айнан, кувайтликларга хос бўлган ўзига хосликларни синчковлик билан ҳаққоний тарзда акс эттиради. Фотима Юсуф Али ҳикоялари асосига олган ҳаётни образли ўзлаштирди, унинг оригинал бадиий манзарасини яратишда истеъдоди, ижодий мустақиллиги, ўзига хослиги билан ҳаётий факт ва ҳодисаларни, инсоний муносабатларни янгича талқин қилди ва бунинг натижасида Кувайт адабиётида ўз овози, ўз услуби, маҳоратини яратди.
Одил Ёқубовнинг аксарият асарлари ўзбек адабиётининг энг сара асарлари сифатида дунёнинг бир қанча тили, жумладан турк тилига ҳам таржима қилинган. Бугунги кунга қадар адиб асарларидан айримларининг таржималари илмий тадқиқ этилган ва асарларнинг илмий ўрганилиши долзарб аҳамият касб этади. Бир тил оиласига мансуб, урф-одати, миллий анъаналари бир-бирига яқин ўзбек ва турк тиллари орасида амалга оширилган таржималар ҳақида сўз юритилганда, вазият анча ўзгаради. Чунки, бу икки тил орасида таржима қилишнинг афзалликлари билан бир қаторда айрим ўнғайсизликлари, мураккабликлари ҳам борлиги сир эмас. Ўзаро яқин икки тил орасида амалга оширилган бадиий таржимада портрет тавсифларининг берилиши масаласини ўрганишга бағишланган мазкур мақолада қўйилган илмий муаммо таниқли сўз устаси, атоқли ўзбек адиби Одил Ёқубовнинг ўтган асрнинг 80-йилларида халқимиз бошига тушган “ўзбек иши” мавзусидаги “Адолат манзили” романининг турк тилига таржимаси мисолида кўриб чиқилади. Тадқиқот мавзусини танлашда сўнгги йилларда ўзбекчадан туркчага бадиий таржиманинг долзарб муаммоларига бағишлаб ёзилган илмий ишларнинг камлиги, давр тақозоси билан бу борада амалга оширилиши керак бўлган ишлар анча кўплиги инобатга олинди. Таржимада портрет тавсифининг қандай берилганлигини аниқлаш таржиманинг сифати, бадиий қиммати ва таржимон маҳорати қирраларини ўрганишда асосли хулосалар чиқаришга имкон беради. Ушбу мақолада чиқарилган хулосалар келажакда амалга ошириладиган амалий таржима ишлари учун услубий кўмак бўлади, деган умиддамиз.
Тилак/олқиш/дуолар матнида намоён бўладиган поэтик ҳодисаларнинг моҳияти, уларнинг ўзаро маъно муносабатларини ўрганиш, лисоний бирликларнинг халқ эстетик тафаккурига таъсирини аниқлашда лингвопоэтик таҳлил усули бирламчи аҳамият касб этади. Тилак матнидаги ҳар бир сўз мақсад ва маҳоратга кўра маълум поэтик мавқега эга бўлади. Туркча тилак/олқиш/дуолар таркибидаги қарама-қарши лексемалар матнда контраст ҳосил қилинишида лексик бирликларнинг имкониятлари жуда кенг ва у антонимлар қаторида бадиий матнда контраст ҳосил қилувчи лисоний восита вазифасини бажаради. Қарама-қаршиликнинг бир туркум доирасида олиниши бадиий матн шароитида ҳам одатга айланиб қолган. Қилинган ишларнинг деярли барчасидаги матн таҳлилларида фақат бир туркум доирасидаги қаршилантиришлар эътиборга олинади, ваҳоланки, бадиий матнда бир туркумдаги сўзлар билан бир қаторда турли туркумга мансуб сўзлар ҳам контрастлар ҳосил қилувчи лексик воситалар сифатида фаол иштирок этади. Қарама-қаршилик воқеа-ҳодисаларни баҳолашда асосий мезонлардан ҳисобланади. Оламни англашда қарама-қаршилик категориясининг ўрни беқиёс. Ҳодисаларнинг моҳияти очилишида ҳеч нарса уларнинг қарама-қаршисидан фойдаланишдек аҳамиятли эмас. Қарама-қаршилик нафақат объектив борлиқ ҳодисалари инъикоси тарзида, балки тафаккур оламининг маҳсули сифатида ҳам юзага келади. Туркча тилак/олқиш/дуоларда ҳам қарама-қаршилик орқали улардаги бадииятни кўрсатиш имкони мавжуд. Қарама-қаршиликнинг тилдаги ифодаси «антонимия» номи билан талқин қилиб келинмоқда. Аммо антонимияни белгилашдаги ўлчовлар, хусусан, туркум асосидаги чеклов қарама-қаршилик моҳиятини етарлича қамраб олиш имкониятини бермайди. Зеро, сўзларнинг туркумланишига асос бўлувчи категориал сема сўз мазмуний структурасидаги нисбатан энг умумий характерли компонентдир. Улар на қарама-қаршилик муносабатини юзага келтиради, на унинг мавжудлигини инкор эта олади. Шунга кўра, қарама-қаршилик категориясини туркум доирасидан ташқари тадқиқ қилиш зарурий ҳолатдир.
Сўз маъно англатишга хизмат қилади. Бир сўз асл маъносидан ташқари турли маъноларни англатиши мумкин. Бу маъноларнинг биринчиси асл луғавий маъно бўлса, қолганлари кўчма ёки қўшимча маънолардир. Бу ҳолат барча тилларда учрайди. Сўзнинг кўчма маъноси нутқнинг жозибадорлигини, таъсирчанлигини ошириш, воқеа-ҳодисалар моҳиятини ёритиш, унга бадиий уйғунлик бағишлаш учун хизмат қилади ва кўпроқ адабий матнлар, бадиий асарларда реаллашади. Предметнинг белги-хусусиятини билдирувчи лексемалар нутқда, айниқса, бадиий матнда кенг қўлланади ва халқнинг бой меросини, ижтимоий-маиший ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни авлодларга етказиб беришга хизмат қилади. Ранглар оламнинг бадиий манзарасини яратишда фаол иштирок этади. Пашту тилидаги ранг билдирувчи сифатлар ҳам семантик сермаънолик хусусиятига эга. Ранг-тусни ифодаловчи сифатлар орасида энг кўп маъно кўчиши ёки маъно йўқолиши каби ҳодисалар نیپس (оқ) ва روت (қора) сифатларида кузатилади ва булар кўпроқ адабий матнлар, бадиий асарларда ўз аксини топади. Мақолада ранг-тусни билдирувчи оқ ва қора сифатларининг мажозий маъно хусусиятлари келтирилиши билан бир қаторда мазкур сифатларнинг сўз бирикмалари, қўшма сўзлар ва турғун бирикмалар таркибида келиши манбалардан тўпланган мисоллар орқали лексик-семантик жиҳатдан таҳлилга тортилди. Оқ ва қора сифатлари жой, денгиз, тоғ, йўл каби атоқли отларни ясашда фаол иштирок этиши, шунингдек, мазкур сифатлар отлашиши ва булардан феъллар ясалиши мақолада ёритиб берилди. Хулоса қисмида оқ ва қора сифатларининг кўчма маъноларда келиши ва қўшма сўз ва фразеологик бирикмаларда иштирок этиши рақамларда кўрсатилди.
Илк туркий қўлёзма ҳисобланган Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” достонини ўрганиш мобайнида сўнгги бир аср ичида жуда катта амалий ишлар бажарилди. Ўзбекистонда профессор Қаюм Каримов ушбу асарни ўзбек тилига ўгириб, уни шу халқ китобхонлари учун тушунарли тилда тақдим этди, лекин ушбу достон жаҳоннинг бир неча тилларига таржима қилинган ва унинг устида кўплаб самарали ишлар олиб борилган. Шундай бўлса ҳам унинг туб моҳиятини етказиб беришда жузъий камчиликлар мавжуд. Бу камчиликлар турли хил тилларда амалга оширилган таржималарда қўлланилган баъзи бир бадиий тасвир воситаларининг таржимада йўқолиб қолиши орқали кўзга ташланади. Мазкур мақолада “Қутадғу билиг”даги бадиий тасвир воситаларини хорижий тиллардаги таржималари асосида қиёслаб таҳлил қилинган. Илмий мақола устида ишлашда учта версиядаги таржималар танлаб олинди ва ўрганилди. Улардаги байтлар бир-бири билан таққослаб чиқилди. Натижада ҳар бир таржимада баъзи бир фарқли томонлар кўзга ташланди. Лекин биз таржималардаги ўхшашликни, айниқса, Мей ва Иванов томонидан қилинган таржималарда кўришимиз мумкин. Чунки Валтер Май бу асарни рус олими Иванов томонидан қилинган табдилидан таржима қилган. Юқоридаги икки таржима ҳам шеърий усулда таржима қилинганлигини ҳисобга олиб, уларда баъзи ўринларда бадиий тасвир воситалари тушиб қолдирилганини кузатишимиз мумкин. Бундай жараён машҳур шарқшунос олим Роберт Денкофф томонидан қилинган таржимада яққол кўриниб туради. Бунинг асосий сабаби Денкофф бу асарни асл ҳолатдан фарқли равишда насрий усулда таржима қилган. Асарнинг маълум бир байтларидан мисоллар келтириб, унда қўлланган бадиий тасвир воситалари, хусусан, истиора, ташбиҳ ва эпитетларни, тўрт хил китобдан уч хил тилда амалга оширилган таржималар орқали атрофлича қиёслаб кўрсатилди. Ва сўнггида шу нарса маълум бўлдики, таржимонларнинг баъзи ўринларда қилган камчиликлари асарнинг умумий мазмунига жиддий таъсир кўрсатмасдан унинг асосий ғояси сақлаб қолинган.
Тадкикот объскти: олий таълим муассасаларида рус гили ва адабиёти ўқитувчиларини гайсрлаш жараёни.
Ишнинг мақсади: бадиий матнларни ўргатиш натижасида илмий асослаш ва талаба-филологларнинг касбий рус нутқига ўқитиш методикасини ишлаб ч и киш дир.
Тадкикот усуллари: умумфалсафий, ижтимоий-педагогик, киёсий, тажриба-синов, математик-статистик.
Олинган натижалар ва уларнинг янгилиги: рус тили ва адабиётини ўкитиш методикасида фанлараро алокаларини кўллаш эҳтиёжи назарий асосланиб бсрилган; тўпланган материалларнинг функционал-стилистик ва фанлараро йўналиши асосида касбий нуткка боскичма-боскич ўкитиш тизими ишлаб чикилди; бадиий матнлар билан ишлашда билингв-талабалар рус нуткида пайдо бўлаётган нутк интерфсренцияси сабаблари аниқланди; оғзаки ва ёзма фикрни билдиришда билим ва кўникмаларни шакллаштириш бўйича ўкув-тил вазифаларнинг янги типологияси яратилди; бадиий матнлар материали асосида рус касбий нуткка ўкитиш методикаси ишлаб чикилди ва илмий-назарий асослаб берилди; касбий нуткнинг билим ва кўникмаларини шакллантириш, жумлаларни тузиш ва кўллашни ташкил этиш тамойиллари бўйича педагогик технологиялар кашф этилди; ишлаб чикилган методикани амалга ошириш максадида ўкув-мстодик мажмуа яратилди.
Амалий ахамияти: назарий ва амалий материал дастурлар, дарсликлар, ўкув кўлланмалар ёзишда хамда рус тили ва адабиёти, ўзбск ва чет тиллар назарий ва амалий фанларини ўқитиш жараёнида кўлланилиши мумкин.
Татбиқ этиш даражаси ва иқтисодий самарадорлиги: олий таълим муассасалари ўкув жараёнига муаллифнинг яратилган 2 та дарслиги ва 3 та ўқув қўлланмасини тарғиб этиш орқали ижобий натижаларга эришилди.
Қўлланиш соҳаси: олий таълим тизими, педагогик кадрлар малакасини ошириш институтлари.
Булоқдан юзага келиб, тўлқинланган сувларини денгизга, сўнгра чексиз океанга етказиб берувчи дарё каби ҳақиқий ёзувчи ва шоирлар илҳом манбаисиз ижод қила олмайдилар. Шубҳасиз, нафақат ёзувчи томонидан ўрганилувчи унинг ўзи узвий боғлиқ бўлган халқ ва ҳудуднинг ўзига хос тажрибалари, балки воқеликнинг ўткир талаблари, муаллифнинг келажакка қаратилган фикр-мулоҳазалари ва ғоялари илҳом манбаи бўлиши мумкин. Умуминсоний фаолиятининг барча бошқа турлари каби адабиёт ҳам узоқ даврлар мобайнида барча халқ адабиётларининг классиклари томонидан ўзлаштирилиб ва тўлдириб борилган ўз қонуниятларига эгадир. Хусусан, анъаналарга таяниш, ўтмиш даврлар адабиёти тажрибаларидан фаол фойдаланиш, ўтмишни қайта англаш ҳамда воқеликка бўлган янгича нуқтаи назар япон адабиётига хос хусусиятдир. Мақолада XVII аср япон адабиётининг итеъдодли вакили Ихара Сайкаку ижодида бадиий анъаналарнинг роли, эски сюжетлар шакли ва мазмунининг трансформацияга учраши ҳамда уларнинг янги талқинининг прициплари каби масалалар ёритилган. Ушбу мақсадда, муаллифнинг янгича талқин қилинган асарлари танлаб олинган ва мумоз япон ҳамда хитой адабиётидаги асл манбалар билан қиёсий таҳлилга тортилган. Мазкур таҳлил орқали анъанавий жанр ва сюжетларнинг янги талқини, қайта англаниш принциплари ҳамда ўша давр япон халқининг бадиий тасав-вурлари тизимида юз берган силжишлар аниқланган
Адабиётнинг асл моҳияти миллий руҳнинг бадиий талқинига кўра белгиланиши, муайян ижодкор асарини баҳолашда миллий адабий-эстетик тафаккур асосий мезон эканлиги мақола илмий концепциясини ташкил этган. Қайси тилда яратилган бўлишидан қатъи назар, жаҳондаги ҳар бир халқ адабиётининг энг сара намуналари миллий руҳ ифодаси нуқтаи назаридан илмий таҳлил этилиши зарурияти долзарблик касб этади. Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи ХХ аср ўзбек адабиётида ана шу мезонга жавоб бера оладиган асар сифатида таҳлил этилган.
Муаллифнинг фикрича, “Ўткан кунлар” романида миллий руҳ қуйидаги уч тамой ил асосида намоён бўлган: 1) миллат руҳини мужассам этган ўзига хос урф-удумлар, анъаналар, қадриятлар, миллатнинг орзу-армонлари талқини; 2) миллатнинг ўз-ўзига танқидий руҳда қарай олиш салоҳияти ифодаси; 3) асарда миллий шахсиятларга хос собит эътиқоднинг поэтик сувратланиши. Ўз навбатида, бу тамойиллардан биринчиси – миллатнинг ахлоқи, иккинчиси – иродаси, учинчиси – эътиқодини тажассум этади ва бу учлик яхлит ҳолда миллий руҳни ташкил қилади.
Мақола сўнгида тадқиқот натижалари назарий умумлаштирилган.
Мазкур мақола XVII аср япон адабиётида “Замонавий адабиётнинг реалистик мактаби” (“укиёзоши”) асосчиси сифатида шуҳрат қозонган адиб Ихара Сайкаку ва унинг “Нихон эйтайгура” (“Япониянинг боқий хазинаси”) новеллалар тўпламининг бадиий таҳлилига бағишланган.“Нихон эйтайгура” тўплами ёзувчининг “чёнинмоно”, яъни шаҳарликлар учун тарбиявий новеллалар жанридаги бадиий жиҳатдан энг етук асари ҳисобланади. Ихара Сайкакунинг ёзувчи сифатидаги ўзига хос услуби айнан мазкур тўпламда ўзининг юқори чўққисига етганлиги яққол намоён бўлади. “Нихон эйтайгура” новеллалар тўпламнинг бадиий хусусиятлари ва унинг адабий манба сифатида ўрта аср япон адабиётидаги аҳамиятини таҳлил қилиш ишнинг мақсади ҳисобланади. Тўпламнинг мавзулар кўлами, ёзувчи томонидан илгари сурилган асосий ғояни ёритиш ҳамда ундан жой олган новеллалар мисолида асарнинг сюжет, композицион тузилиши, образлар тизимини аниқлаш ва шу орқали адибнинг ўзига хос услубини таҳлил қилиш эса тадқиқоднинг вазифаси ҳисобланади. Ушбу мақсад ва вазифаларнинг бажарилишида маданий – тарихий, қиёсий – тарихий таҳлил методларидан фойдаланилди. Мақолада дастлаб, XVII аср япон насрининг йирик намояндаси Ихара Сайкаку ижодининг ўрганилиш ҳолати ва адиб қаламига мансуб “Нихон эйтайгура” новеллалар тўпламининг яратилиш шароити ҳақида сўз боради. Тўпламнинг таркибий тузилиши ва мавзулар кўлами ундаги новеллаларни мисол қилиб келтириш орқали ёритилади. Сўнг, адибнинг шаҳарликлар учун бағишланган ушбу тарбиявий новеллаларида мавжуд бўлган образларнинг тизими ва унинг ўзига хос жиҳатлари таҳлиллар ёрдамида аниқланади. “Нихон эйтайгура”дан танлаб олинган новеллаларга таянилган ҳолда адиб илгари сурган ғоя, у интилган ҳақиқат ва идеаллари ҳақида фикр юритилади. Шу билан бирга, мақолада санъаткор сифатида ўрта аср ҳаёти, ўз даври одамларининг турмуш тарзи ва урф-одатларини маҳорат билан кўрсатиб бера олган ҳамда шаҳарликларнинг инсоний қадр-қимматлари ҳақида қалам тебратган адибнинг услуби ва унинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида ҳам таҳлилий мулоҳазалар келтирилади.
Ушбу мақолада ўзбек адиби ва шоири Асқад Мухтор “Тундаликлар” асарининг фалсафий-эстетик жиҳатлари таҳлил этилган. Ёзувчининг бадиий адабиѐт, бадиий ижоднинг моҳиятини ўзига хос афоризмлар орқали баѐн этгани
кўрсатиб ўтилган. Шарқ ва ғарб мутафаккирларининг бадиий ижодга доир фалсафий қарашларига Асқад Мухторнинг ѐндошуви тадқиқ этилган.
Ушбу мақола япон тилидан ўзбек тилига бадиий таржимада фразеологизмларнинг берилиши муаммоларини ўрганишга бағишланган бўлиб, унда япон тилидаги фразеологик бирликларнинг таржима қилишда қандай усуллар қўлланилгани хусусида сўз боради. Қиёс нуқтаи назаридан айрим ўринларда фразеологик бирликларнинг русча ва туркча муқобилларига ҳам мурожаат қилинади. Ибораларнинг маъно нозикликлари, япон халқининг маданияти, миллий ўзига хосликларини қанчалик ўзида акс эттириши ва айнан шу жиҳати билан фразеологизмлар таржимаси айрим ҳолларда таржимон учун қийинчиликлар туғдириши эҳтимоллари таъкидланади. Мақолада илгари сурилган айрим асосли таклиф ва мулоҳазалар, чиқарилган илмий хулосалар истиқболда амалга оширилажак таржима жараёнларида ижодкорларга қўл келиши мумкин. Маълумки, ҳар қандай бадиий асарда миллий ўзгачаликни намоён этувчи унсурлар талайгина ва уларни таржимада бериш кўпинча бир қатор муаммолар юзага келишига сабаб бўлади. Уларни бартараф этиш эса таржимондан муаллифга тенг қобилият ва истеъдод талаб қилганлиги боис бунга эришиш йўли осон кечмайди. Буни, асосан, миллийликни ўзида мужассам этган, халқнинг моддий ва ижтимоий турмуши, урфодат ва анъаналари, дунёқарашини акс эттирувчи фразеологик бирликлар таржимаси мисолида кўриш мумкин. Чунки фразеологизмларнинг ишончли қайта яратилиши таржимондан алоҳида ёндашув талаб этиш билан бирга уларни асардаги мингларча сўз орасидан ажратиб олиш ва оддий йўл билан бошқа тилга ўгириш мумкин эмас. Ўзбек ва япон тилларининг турли тил оиласига мансублиги, кўпчилик фразеологик бирликларнинг келиб чиқиш нуқтаи назаридан фарқлилик касб этиши бадиий асарларни ўгиришда таржимондан ўта эҳтиёткор бўлиш, фразеологик бирликларнинг этимологияси, асл манбаини чуқур ўрганишни талаб қилади. Ушбу мақолада муаллифлар қўйилган масаланинг айнан шу жиҳатларига алоҳида эътибор қаратадилар.