Инглиз ва ўзбек тиллари фольклор матнларида такрорнинг структур-семантик таснифи
Мазкур мақола такрор стилистик воситасининг турли тил сатҳларидаги структур-семантик таснифи ва уларнинг ўзига хос хусусиятларини аниқлашга бағишланган. Тил – маданият кўзгуси, унинг асосида нафақат инсон атрофидаги реал дунё, нафақат инсон ҳаётининг реал шарт-шароитлари, балки, бутун бир халқнинг ижтимоий ўз-ўзини англаши, унинг менталитети, миллий характери, ҳаёт тарзи, анъаналари, урф-одатлари, руҳияти, қадриятлар тизими, дунёни ҳис этиши, дунёқараши ўз аксини топади. Тил – маданият воситаси, қуроли. У тил соҳибининг лисон билан бевосита боғлиқлиги орқали унинг замиридаги дунёқарашни, менталитетни, инсонлар билан мулоқотни, яъни миллат маданияти орқали, шу бирга, алоқа бирлиги сифатида фойдаланилаётган мазкур тил воситасида инсон шахсиятини шакллантиради. Инсоний фаолиятнинг бир кўриниши сифатида тил маданиятнинг таркибий қисми ҳисобланиб, инсон ҳаётининг ишлаб чиқаришга оид, ижтимоий, маънавий каби жабҳаларидаги инсоний фаолиятнинг умумий натижаси сифатида аниқланади. Аммо тафаккур оламининг шакли сифатида, энг муҳими, муомала бирлиги сифатида тил маданият билан ёнма-ён туради. Айнан тилнинг ёрдами билан алоҳида шахслардан олинган билимлар бир-биридан фарқли бир неча тажриба ва билимларнинг турли-туманлигига қарамасдан, бир халқ ва бир маданият кишиларининг бир-бирларини тушунишлари имконини берадиган жамоа тажрибасига айланади. Инсон қадимдан атроф муҳитда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга ўз муносабатини билдирган. Бу муносабат, аввало, турли хатти-ҳаракатлар, овозлар, эҳтирослар воситасида амалга ошган. Кейинчалик ҳис-туйғуларни сўзлар, сўз йиғиндиси, рақслар ифодалаган. Яна кейинроқ одамлар ўзларича дунёнинг, табиатнинг, ҳайвонлар, ўсимликлар, тоғлар, сувларнинг пайдо бўлишини изоҳловчи тўқима ҳикоялар ўйлаб топадилар. Йигитлар, қизлар муҳаббат қўшиқларини тўқийдилар. Қабила-уруғнинг мард ва жасур йигитлари ҳақида, уларнинг ғаройиб қаҳрамонликлари ҳақида афсона ва ривоятлар пайдо бўлади. Буларнинг ҳаммаси ҳали ёзув маданияти вужудга келмасдан олдин жамоа-жамоа бўлиб яшаётган аҳоли ўртасида шуҳрат топади. Бугунги кунда биз уларни “халқ оғзаки ижоди” деб аташга одатланганмиз. Тил, маданият ва фольклорнинг уйғунлиги доимо изланувчилар эътиборини тортиб келган.